Қувайтнинг Тижорат ва саноат вазирлиги муқаддас Рамазон ойида савдо расталаридаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари мунтазам кузатув остида бўлишини маълум қилган.
Вазирлик кеча, 11 апрель куни тарқатган баёнотига кўра, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти Рамазон ойида кооператив жамиятлари ва бозорларда турли озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини кузатиб бориш масаласида йиғилиш ўтказди.
"KUNA" ахборот агентлиги хабарига кўра, идиши шикастланган ёки муддати ўтган маҳсулотлар сотувга чиқарилишининг олдини олиш мақсадида вазирлик ҳузурида мамлакат бўйлаб назорат олиб борадиган махсус гуруҳлар тузишга кўрсатма берилган. Қонунни бузган дўконларга жарима солиш ёки уларни ёпиб қўйишга буйруқ берилган.
Махсус гуруҳлар зиммасига рўза бошлангунича ҳамма дўконларда керакли озиқ-овқат маҳсулотлари бўлишини ва савдога чиқарилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.
Айни пайтда вазирлик истеъмолчиларнинг ҳар қандай шикоятларини қабул қилиш учун махсус телефон линияси очилишини билдирган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Муборак Рамазон кунларида эҳтиёжманд инсонларга ёрдам бериш, уларни хурсанд этиш Ислом динида буюк фазилат саналади. Шу муносабат билан Фарғона шаҳрида кам таъминланган, ёрдамга муҳтож инсонлар учун ифторлик дастурхони ёзилди.
Меҳрибонлик ва саховат муҳити ҳукм сурган тадбирда Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ҳам иштирок этиб, йиғилганларни муборак ой билан табриклади.
Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи экани, бу ойда мўмин-мусулмонлар ибодатларини зиёда қилиб, мустаҳкам биродарлик ва бағрикенглик билан яшашга даъват этилгани, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш инсон учун икки дунё саодатига элтадиган фазилат экани таъкидланди.
Тадбир давомида меҳмонларга таом тортилиб, дуолар қилинди ва хайрли амалларга тарғиб этилди. Тадбир иштирокчилари хайрия ифторлиги ташкилотчиларига ва саховатли инсонларга ўз миннатдорликларини изҳор қилдилар. Мана шундай хайрли тадбирлар орқали юртимизда меҳр-мурувват, ўзаро қўллаб-қувватлаш фазилатлари янада мустаҳкамланиши қайд этилди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати