Рус йигити "Исломобод" масжидида мусулмон бўлди
Бугун, 13 апрель куни жума намози вақтида аввал ғайридин бўлган йигит "Исломобод" жоме масжиди имомига муқаддас ислом динини қабул қилишида ёрдам сўраб келган.
Масжид имоми ҳам ўз навбатида ушбу йигитнинг сўровига жавоб берган ҳолда, динимизнинг асосларини тушунтириб ўтган. Бир ғайридиннинг исломни қабул қилишига кўпчилик гувоҳ бўлишини истаган ҳолда бугунги жума намозидан олдин жамоат олдида уни таништирган.
Рус миллатига мансуб йигит ўз исмини Исломдаги энг гўзал исм Абдуллоҳга ўзгартирган. Имомнинг сўзларига кўра, Абдуллоҳ ўз хоҳиши билан, кўриб-билиб муқаддас динимизни қабул қилмоқчилигини билдирган.
Абдуллоҳ жамоа олдида ҳам “Шаҳодат” калимасини айтиб, гўзал Исломни қабул қилганини кўрсатди.
Қуйидаги видеолавҳада Абдуллоҳнинг масжидда, жамоа олдида туриб калима қайтаргани акс эттирилган. Марҳамат, кўриб кўзингизни қувнтинг. Мусулмонлик муборак бўлсин, эй Абдуллоҳ!
ЎМИ Матбуот хизмати
Бир неча кундан буён Қўқон ва Марғилон шаҳарларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар томонидан кенг халқ оммаси билан учрашув, аҳоли вакиллари билан мулоқот, жоме масжидларда мавъизалар ва савол-жавоблар амалга оширилмоқда.
Суҳбатларда динимиз бир жамиятда яшаётган инсонларни ўзаро тинч-тотув, ҳамжиҳатликда яшашга буюриши, улар ўртасида меҳр-оқибат, бир-бирига нисбатан ҳурмат бўлишни талаб этиши, охирги вақтларда ана шу меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат ришталарини пайдо қиладиган, уларни янада мустаҳкам бўлишига сабаб бўладиган фазилатларни кенг ёйиш жуда ҳам зарур бўлаётгани ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилмоқда.
Муфтий ҳазратлари кишилар мусулмон уммати сифатларига муносиб бўлиши, ҳадиси шарифларда баён этилган комил мўмин фазилатлари билан зийнатланиши, ҳар ишда мўътадиллик, одамлар орасида саломни кенг ёйиш кабиларни сўзлаш баробарида буларнинг зидди бўлмиш риёкорлик, такаббурлик, кўр-кўрона тақлид, ғулуга кетиш, ота-онага оқ бўлиш, зулм ва зўравонлик каби гуноҳ ишлардан сақланишга чақирдилар.
Уламолар билан юзма-юз мулоқот ва тўғридан-тўғри савол-жавоблардан аҳоли ўз миннатдорликларини изҳор этмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати