Бугунги кунда илму зиё тарқатиш, халқимизни, хусусан, беғубор ёшларимизни китоб ўқишга қизиқтириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Узоқ қишлоқдаги ёшларнинг ҳам мутолаага бўлган муҳаббатини зиёда қилиш, уларга бунинг учун шароит яратиш мақсадида бутун бошли кутубхона барпо этиш эса нақадар гўзал амал. Шундай масканлардан бири куни кеча Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги Варганза қишлоғида ташкил этилди.
Китоб туманидаги “Ваҳдат” масжиди имоми Неъматуллоҳ Мухторов ва унинг акаси Раҳматуллоҳ Мухторовлар ўзлари истиқомат қиладиган қишлоқ аҳолиси учун кутубхона совға қилдилар.
Ушбу кутубхона замонавий ахборот воситалари ва интернет тармоғига улангани унинг имкониятларини янада кенгайтиради. Бу сингари эзгу ишлар ёшларнинг илмини ошириши, бўш вақтидан унумли фойдаланишига қулай шароит яратади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 6 май куни Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида навбатдаги маърифий учрашув ташкил этилди.
Унда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Д.Махсудов томонидан муассаса ўқитувчилари, ходимлари ҳамда талабаларига "Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъмилаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати Концепцияси"нинг мазмун-моҳиятини ифода этувчи махсус курс машғулоти ўтиб берилди.
Тадбир давомида Концепцияда мустаҳкамланган виждон эркинлиги тамойиллари, диний эътиқод эркинлигини таъминлашга қаратилган қонунчилик асослари ва фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш масалалари кенг ёритилди. Диний-маърифий соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Манба: Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати