Исломнинг илк даврида маккалик мушриклар мусулмонларнинг бошига кўпдан кўп оғир савдоларни солди. Уларнинг зулми ҳаддан ошиб кетди. Шундан кейин асҳоблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Эй Аллоҳнинг Расули, биз Аллоҳнинг йўлида бўла туриб бошимизга бундай оғир кунларнинг келишининг бирор ҳикмати борми?” деб сўрашди.
Уларнинг бу саволларига жавобан қуйидаги ояти карималар нозил бўлди:
أَحَسِبَ النَّاسُ أَن يُتْرَكُوا أَن يَقُولُوا آمَنَّا وَهُمْ لَا يُفْتَنُونَ
“Одамлар “иймон келтирдик” дейишлари ила имтиҳон қилинмай, тарк этилишларини ўйладиларми? (Иймон калимасини оғизда айтиш осон. Ҳар ким ҳам иймон келтирдим, деб айтавериши мумкин. Аммо тил билан айтилган калима дилдан чиққанми ёки йўқми, буни аниқлаш учун банда синов-имтиҳондан ўтиши керак);
وَلَقَدْ فَتَنَّا الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ فَلَيَعْلَمَنَّ اللَّهُ الَّذِينَ صَدَقُوا وَلَيَعْلَمَنَّ الْكَاذِبِينَ
Ва, батаҳқиқ, Биз улардан олдингиларни ҳам имтиҳондан ўтказганмиз. Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак. (Анкабут, 2,3)
Ушбу ояти каримадаги “фатанна” имтиҳон этдик калимаси айни замонда олтинни софлаштирмоқ учун бажарилган синов ишларидир. Олтинни тозалаб олиш учун у жуда катта иссиқликда куйдирилади. Иссиқлик 1064 даражага чиққанидан сўнг олтин эрий бошлайди ва унинг ичидаги бегона моддалар кўпириб юқорига чиқиб қолади. Ана ўша кўпик олиб ташланганидан сўнг бағри куйган олтин соф бир жисмга айланади. Ана шу олтин 99.9. нав (проба) олтиндир.
Шиддатли имтиҳоннинг маъноси шу. Олтин устидан бир-икки сув қўйиш ёки бир-икки болға уриш билан тозаланмайди. Чунки нопокликлар, бегона моддалар унинг ичкарисига уннаб кетган. у қадар ичкарига эса олтинни жуда катта иссиқликда эритмасдан етишиб бўлмайди.
Ушбу ояти карималар имон ҳақида бўлгани сабабли имон ҳам инсоннинг ботинида экани эътиборга олинади. Инсон ботинидаги энг муҳим жавҳарни шубҳалардан, гумонлардан, васвасалардан, поклаб олиш учун эса уни эритиш керак. Бунинг учун куйдирувчи оташ керак бўлади.
Ана шу оташнинг тафти 1064 даражага етгунга қадар қалбаки олтинлар эриб кетади, соф олтиннинг таркибига кириб олган бегона жисмлар куйиб кулга айланади. фақат соф олтингина тобига келади. Ичимизга жойлашиб олиб кўнглимизни роҳатсиз этадиган, ҳатто ўзимиз билмаган нарсалардан васвасага соладиган нарсалардан биз қандай қутулиб оламиз? Албатта, бунинг учун олтин каби катта иссиқликка, машаққатларга сабр этсак, синовларга бардош бера олсак, имонимизни поклаб олишга эришамиз, яъни соф олтинга айланамиз.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бугун, 1 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокида Андижон вилоятидаги туман-шаҳар бош имом-хатибларининг масжидларда хавфсизлик техникасига риоя қилишга бағишланган навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда масжид мўмин-мусулмонлар ибодат қиладиган жамоат жойи бўлгани туфайли унинг хавфсизлигини таъминлаш доимо долзарб вазифа экани таъкидланди. Жумладан, масжид хонақоҳлари, қўшимча бинолари, таҳоратхоналари ва буларга туташ ҳудудларда техник жиҳатдан осойишталикни таъминлаш устувор масала эканига алоҳида урғу қаратилди.
Муфтий ҳазратлари ҳудудлардаги барча масжидларнинг техник ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги, жумладан, иссиқ сув ҳамда иссиқлик энергияси билан таъминлаш тизимлари ва қозонхоналарни тўлиқ назоратдан ўтказишни тегишли масъулларга топширдилар. Шунингдек, янгидан бунёд этилаётган ва жорий таъмирланаётган жомеларда қурилиш-архитектура меъёрларига эътибор қаратиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари келгyсида Избоскан туманидаги масжид таҳоратхонасида бўлгани каби бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, масжид маъмуриятининг масъулиятини ошириш, ҳар бир объект ва техник хизмат кўрсатиш қурилмаларига алоҳида жавобгар шахс тайинлаш юзасидан кўрсатмалар бердилар. Шунингдек, мутасадди ташкилотларнинг мунтазам назоратидан ўтказиб туриш муҳимлигини билдирдилар.
Мамлакатимизда жойлашган масжидларда хавфсиз шароит яратиш, иссиқ сув ҳамда иссиқлик энергияси билан таъминлаш талабларини назорат қилишга оид Диний идора бўйруғини бажариш алоҳида таъкидланди.
Баён этилган топшириқ ва кўрсатмалар республиканинг барча худудларидаги имом-хатибларга ҳам етказилиб, ижроси назоратга олингани маълум қилинди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати