Айрим ижтимоий йўналишдаги босма оммавий ахборот воситаларида берилган уринотерапияга бағишланган мақолаларда пешобнинг кўп касалликларга даво экани ҳақида ёзилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Сўраган эдингиз” номли китобларида ушбу масала юзасидан юборилган саволга қуйидагича жавоб берилган:
“Аллоҳ таоло Ўзи ҳаром қилган нарсаларни бандаларига шифо қилмаган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сийдикдан сақланинглар, чунки у қабр азобига сабабчи бўлади”, деганлар.
Ўзини кўрсатиш билан фахрланадиган, табибликни даъво қиладиган айримларнинг уринотерапия орқали даволайман, деб жар солиши яхши эмас. Ҳолбуки, инсон табиатига мутлақо зид, ҳаром нарсада қандай даво ёки шифо бўлиши мумкин?
Шамсиддин ибн Жавзиянинг “Тиббун набавий” номли асари Ислом оламида жуда машҳур. Шу асарнинг бирон жойида пешоб билан даволаш ҳақида гап йўқ. Ёки Ибн Сино бобомизнинг “Тиб қонунлари” номли асари ҳам бундай “шифо”лардан буткул йироқ. Шунча покиза неъматлар, қанчадан-қанча соф доривор гиёҳлар турганида пешоб билан даволаш деган сўзнинг ўзи уят. Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин”.
ЎМИ Матбуот хизмати
Муҳйиддин ибн Арабий айтадилар: “Кимнинг қандай ҳожати бўлса, шом намозининг фарз ва суннатини ўқиб бўлганидан кейин ўрнидан турмасдан Фотиҳа сурасини 40 марта ўқисин. Шундан кейин, Аллоҳдан ҳожатини сўрасин, албатта сўраган нарсасини беради. Биз буни тажриба қилиб кўрдик ва фойдасини топдик. Фотиҳа сурасини ўқиб бўлганидан сўнг ушбу дуони ўқийди: “Аллоҳим! Сенинг илмингни ўзи Сендан сўрамасликка кифоя. Фотиҳа сурасининг ҳаққи ҳурматидан Ўзинг сўровимга кифоя қил. Сенинг карамингни ўзи Сенга сўзламасликка кифоя. Фотиҳа сурасининг ҳаққи ҳурматидан сўзимга кифоя қил ва қалбимдаги тилагимни ҳосил қил”.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ