Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Иброҳим алайҳиссаломни мақтаб шундай деган:
إِذْ جَاء رَبَّهُ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ
“Ўшанда у ўз Роббига соғлом қалб ила келмишди” (Соффат сураси, 84-оят).
Шу ўринда савол туғилади. Хўш, салим қалб нима?
Салим қалб ҳақида айтилган энг мос таъриф қуйидагичадир: “Аллоҳнинг амрига ва наҳийсига тескари бўлган шаҳватлардан, Унинг берган хабарига зид бўлган шубҳалардан саломат бўлган қалбдир. Бундай қалб Аллоҳдан бошқага бандалик қилишдан саломат бўлган бўлади. Аллоҳни яхши кўрган, Расулининг ҳукмига рози бўлган, бўйинсунган, Унинг Ўзидан қўрққан, Ўзидан умидвор бўлган, Ўзига таваккул қилган, Ўзига суянган, Ўзига бўйинсунган, ҳар қандай ҳолатда ҳам Унинг розилигини устун қўйган, Унинг ғазабига олиб борадиган ҳар қандай нарсадан узоқ бўлган қалбдир”.
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни имом, етакчи қилди, ички дунёлари пок, қалблари салим эди. Аллоҳ таоло бунга Ўзи гувоҳлик бериб шундай деган:
“Ўшанда у ўз Роббига соғлом қалб ила келмишди”.
Шубҳа йўқки, Иброҳим алайҳиссаломнинг баъзи сифатларини, у кишига келган синовларни Қуръонда ўқиб билганмиз. У кишининг қилган тасарруфларидан маълум бўладики, шубҳасиз у зот салим қалб эгаси бўлганлар.
Ривоят қилинишича, Иброҳим алайҳиссалом бирор марта душманлари ҳаққига, гарчи улар кўп озор берган бўлсалар ҳам, дуоибад қилмаган эканлар.
Қуръонда душманлари ҳаққига қилган дуолари мана бундай келган:
وَمَنْ عَصَانِي فَإِنَّكَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ
“Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг мағфират қилгувчи ва раҳмлисан” (Иброҳим, 36).
Аммо мўминларнинг ҳаққига қилган дуолари эса Қуръонда ҳам, ҳадисда ҳам кўп келган. Макка аҳлига барака сўраб дуо қилганлари машҳурдир. Ҳатто биз бугунги кунда бу дуонинг ижобатини кўриб турибмиз.
У кишининг қалблари салим эканини кўрсатадиган ишлардан яна бири оталари ҳақига қилган дуоларидир. Оталарининг Аллоҳнинг душмани экани маълум бўлгач, ундан узоқлашганлар.
Иброҳим алайҳиссаломнинг суҳбатларидан, муноқашаларидан у кишининг сийратлари нақадар пок бўлгани, қалблари салим бўлгани, ўз нафсларининг истакларидан узоқ бўлганлари яққол кўринади. У киши нафақат салим қалб бўлишга сабаб бўладиган ишларни қилардилар, балки асосий ғамлари қалбларининг саломатлигига эришиш эди. Шунинг учун ҳам у киши мана бундай дуо қилганлар. Буни Аллоҳ таоло Қуръонда келтирган:
وَلَا تُخْزِنِي يَوْمَ يُبْعَثُونَ
“Ва қайта тирилтириладиган кунда мени шарманда қилмагин”.
يَوْمَ لَا يَنفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ
“У кунда на мол манфаат берар ва на болалар”.
إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ
“Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келар, (ўша манфаат топар)” (Шуаро сураси, 87-89-оятлар).
Барчамиз ушбу дуога қанчалар муҳтожмиз. Чунки, барчамиз ўша кунда Роббимиз ҳузурига салим қалб билан боришни истаймиз.
Ҳар бир ота-она, ҳар бир муаллим, мураббий фарзандларини, шогирдларини қалби пок, ахлоқи гўзал этиб тарбия қилишлари лозим. Фарзандларимизни Иброҳим алайҳиссалом душманлари билан қандай муомалада қилган бўлсалар, шундай муомала қилувчи этиб тарбия қилмоғимиз керак. Иброҳим алайҳиссалом душманларга Аллоҳдан ҳидоят, истиқоматга рағбат сўраб дуо қилганлар. Тиллари иффатли, ҳикматли эди.
Энди ўзимизнинг қалбимизга назар солайлик! Одамларни қўя турайлик. Қалбимизга ким назар солиб турибди?!
Одамлар бизнинг ташқи кўринишимизга, амалимизга, тасарруфларимизга, хатти-ҳаракатларимизга қарайдилар. Лекин улар қалбимизда яширин бўлган нарсаларни билмайдилар. Қалбимизга Аллоҳнинг Ўзи назар солади. Шундай экан, қалбимизни тафтиш қилайлик. Унда ҳасад, кибр, нафс истакларига мойиллик, кўролмаслик, гина, адоват борми? Агар бор бўлса, дарҳол ислоҳ қилиб, мазкур иллатларни илдизи билан йўқотайлик. Роббимиз ҳузурига боришимиздан олдин қалбимизни салим қалб қилишга эришайлик!
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
يَوْمَ تُبْلَى السَّرَائِرُ
“Сирлар фош бўладиган кундадир” (Ториқ сураси, 9-оят).
Яна бир оятда бундай деган:
وَحُصِّلَ مَا فِي الصُّدُورِ
“Ва кўкракларидаги ошкор бўлганда” (Адият сураси, 10-оят).
Билингки, қалбнинг саломатлиги дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда келтиради.
Баъзи одамларни кўрамиз, кишилар билан муомала қилганларида мулойим, кечиримли бўлишади. Ўша инсонлар ҳаётлари давомида тинч, хотиржам, бахтли яшаётганларига гувоҳ бўламиз.
Келинг, қалбимизга назар солайлик! Унда бирон касаллик бўлса, тузатишга уринайлик!
Агар қалбингиз салим бўлмаса, касалликларга мубтало бўлган бўлса, дунёда бир илож қилиб яшарсиз, аммо охиратда нима қиласиз?! Ахир охиратда фақатгина салим қалб билан келган кишигина нажот топади-ку!
Аллоҳ таоло қалбларимизнинг саломат бўлишини, охиратда нажот топувчилардан бўлишимизни насиб этсин!
Носир ибн Сулаймоннинг
“Ўшанда у ўз Роббига соғлом қалб ила келмишди”
номли мақоласидан Нозимжон ИМИНЖОНОВ таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” бўйлаб жойлаштириладиган миниатюраларнинг тайёрланиш жараёни билан танишиш учун олимлар, мутахассислар иштирокида оммавий ахборот воситалари вакилларига пресс тур ташкил этилди.
Иккинчи Ренессанс даври миниатюраларини ўз ичига олган “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” узунлиги қарийб 52 метр, бўйи бир метрли ганчкор безак билан ҳисоблаганда 5 метрни ташкил этади.
Девор бўйлаб жами 10 дан ортиқ миниатюра ўрин олади. Деворий суратнинг ҳажмини ҳисобга олган ҳолда миниатюраларни 50 га яқин рассомлар икки ойдан буён тиним билмай меҳнат қилмоқда.
Санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори, рассом Беҳзод Ҳожиметовнинг маълум қилишича, девор учун Ҳирот Бухоро, Самарқанд ва қисман ҳинд миниатюра мактаблари асосида ишланган миниатюралар саралаб олинган.
“50 га яқин миниатюралар орасида Шероз, Исфаҳон, Табриз миниатюра мактаблари услубида ишланганлари ҳам бор эди, аммо ўзимизнинг алломалар, тарихий воқеликлар акс этган расмлар танлаб олинди. Бундан ташқари ов, жанг каби манзаралардан воз кечилди. Сабаби деворий суратлар концепцияси биринчи ўринда цивилизациялар, шахслар ҳамда кашфиётлар мавзуларини ўз ичига олади. Миниатюралар ҳам шу мавзулардан четлаб ўтилмаган ҳолда сараланган. 10 дан ортиқ миниатюра чизиш ишларининг 80 фоизини бажариб бўлдик. Музей деворининг баландлиги 8 метрни ташкил қилиб, унинг 3 метрдан юқори қисмига айнан ушбу миниатюралар девори жойлаштириши кўзда тутилган. Mиниатюралар ҳажмини инобатга оладиган бўлсак, уни Гиннесс рекордлар китобига ҳам киритишимиз мумкин. Композицияларимиз юқори сифатли матога, сифатли бўёқлар билан чизилди ҳамда Италиядан келтирилган тилла суви билан ишлов берилди. Эндиликда устахонада ишланган барча ишларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг қурилиши якунига етган биносига олиб бориб, махсус елимлар билан деворга жойлаштириш ишлари қолган. Миниатюраларни танлашда экспозицияда жойлаштирилган факсимеллар, экспонатлар ва қўлёзмаларни такрорламасликка эътибор қаратилди. Шунингдек, бош ғоя сифатида кашфиётлар ва цивилизациялар мавзусига эътибор берилди.
Миниатюраларнинг айримлари бизгача тўлиқ етиб келмаган, уларни девор ҳажмига мослаштириб, ўз услубидан чиқмаган ҳолда композицияни тўлиқ тикладик. Шунингдек, ҳар бир миниатюралар орасига ўша даврда ишлатилган нақшлар билан ҳошиялар чизилди. Ушбу нақшларни икки хил – Бухоро ҳамда Ҳирот мактаби услубида чиздик. Нақшлардан айнан биттаси илмий кенгаш аъзолари томонидан танланиб, барча миниатюралар орасига жойлаштирилади” – деди рассом Беҳзод Ҳожиметов.
Қайд этилишича, девордаги миниатюралардан Амир Темурнинг Мовароуннаҳр ҳукмдори деб эълон қилиниши ва унинг илм-фан, маданият ва меъморчилик ривожига қўшган ҳиссасига алоҳида эътибор қаратилади. Бу тарихий жараённи ифодалашда Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарининг Лондонда, Британия кутубхонасида сақланаётган нусхасидаги миниатюралардан фойдаланилган. Девор марказида Амир Темурнинг тож кийиш маросими акс этган “Балх қурултойи” миниатюраси жойлаштирган. Асосий эътибор Амир Темурнинг маърифатпарвар ҳукмдор сифатидаги сиймосини кўрсатиб беришга қаратилади. Жумладан, ушбу йирик тасвирий санъат асарида Амир Темур даврида қурилган иморатлар тасвирланади. Шу билан бирга Самарқандда Беҳзод томонидан акс эттирилган Бибихоним масжидининг қурилиш жараёни ҳам алоҳида кўрсатилади. Мирзо Улуғбек ва унинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссасига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Улуғбекнинг ҳаётлигида чизилган иккита миниатюра – улардан бири Низомий “Хамса”сидан олинган миниатюра, иккинчиси Ас-Суфийнинг “Китаби сиварил-кавакиб ас-сабита” китобидаги Цефей юлдуз туркуми суратидир. Мирзо Улуғбекнинг асл қиёфасини тиклашда бу суратлар катта ўрин тутади. Шу боис рангтасвир асарида ушбу миниатюраларни ҳам акс эттириш назарда тутилади.
Хуросондаги Темурийлар даври Ренессансида Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоийнинг ҳиссаси алоҳида кўрсатилади. Бунда қадимий миниатюралар орқали Ҳирот манзаралари, Навоий, Ҳусайн Бойқаро, уларнинг даврасида турган Абдураҳмон Жомий, Камолиддин Беҳзод, Хондамир сингари Ҳирот маданий муҳити намояндалари кўрсатиб берилади. Шунингдек, Ҳусайн Бойқаронинг илм ва маданият ҳомийси сифатидаги ролини ҳам кўрсатиб бериш мақсад қилинган. Бунда ҳам турли қўлёзмаларда акс этган ана шундай миниатюралардан фойдаланилади.
Мазкур экспозицияда Бобур ва Бобурийлар меросига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бобурга бағишланган қисмда унинг тарихий қўлёзмалардаги миниатюраларидан кенг фойдаланилади. Айниқса, Амир Темурнинг Бобур ва ва унинг авлодлари қуршовида яратилган миниатюраси алоҳида ўрин тутади.
Шунингдек, Марказий Осиёда Темурийлардан сўнг давлатни узоқ вақт идора қилган Шайбонийлар ва Аштархонийлар давридаги илм-фан, таълим ва маданий ҳаёт ўша даврда чизилган тарихий суратларда ўз аксини топади.
Ўтказилган тақдимотда бир қатор тарихчи ва санъатшунос олимлар, ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда рассомлар иштирок этиб, “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди. Айрим кўзга ташланган камчиликларни тузатиш бўйича таклифлар берилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов ҳам миниатюралар деворини шакллантиришда рассомлар билан биргаликда фикр алмашиб, ўзининг тавсияларини берган.
“Марказнинг музей экспозицияси ички контентини бойитиш, марказ деворларини ўз даврига хос миниатюра ҳамда суратлар билан безатиш юзасидан қизғин жараён давом этмоқда. Марказнинг кенгайтирилган йиғилишлари муҳокамасида олимлар ва мутахассислар томонидан айнан “Иккинчи Ренессанс даври” бўлимини миниатюралардан иборат композиция билан бойитиш таклифи берилган эди. Иккинчи Ренессанс даври Амир Темур тахтга ўтирган пайтдан бошланишини инобатга оладиган бўлсак, ушбу деворда айнан шу мавзуга мос миниатюра ҳам жойлаштирилади. 1450 йилга оид Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асаридаги миниатюра бугунги кунда Британия кутубхонасида сақланади. Эндиликда биз ушбу миниатюрани Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида кўришимиз мумкин бўлади. 35 ёшли навқирон Амир Темур беклар, саркардалар, сарой амалдорлари ҳамда устозлари қуршовида тасвирланган сурат қўш саҳифада чизилган. Уни рассомларимиз девор ҳажмига мослаштирган ҳолда яхлит композиция сифатида тиклаган. Ушбу миниатюраларнинг ҳар бирининг асоси мавжуд. Ўйлашимча, Марказга ташриф буюрадиган томошабин "Иккинчи Ренессанс даври" залида айнан ўша пайтдаги муҳитни ҳис қилади. Сабаби айни шу даврда миниатюра санъати тараққий этган. Ўша даврнинг энг буюк рассомларидан Камолиддин Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб сингари мусаввирлар ижод қилишган. Девор учун танланган миниатюралар ҳам айнан шу мусаввирлар ҳамда уларнинг шогирдлари томонидан ишланган. Бу миниатюраларда ўша пайтдаги давлатчилик, халқ ҳаёти, ижтимоий ҳимоя, аёллар, ёшлар каби масалалар акс эттирилган”, – дейди Рустам Жабборов.
Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази музейида Иккинчи Ренессанс даври миниатюраларини ўз ичига олган “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” ташриф буюрувчилар кўз ўнгида тарихни жонлантирса, ажабмас.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати