frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Дин ҳукмларини тартиблашда гўзал санъатлар

07.04.2018   10156   8 min.
Дин ҳукмларини тартиблашда гўзал санъатлар

Ғусл сўзи фуқаҳолар тилида баданни ювиш маъносидадир. Агар бутун баданга сув оқизилмаса, бадан ювилган ҳисобланмайди. Намлаш ёки ҳўллаш ювиш дегани эмас, ювишда сув бутун бадан бўйлаб оқиши керак. Ғуслнинг рукни сувни баданнинг ҳамма тарафига оқизиб етказишдир. Сувнинг бир марта етиши фарздир. Агар баданнинг озгина жойига, масалан, бирор тук тагига сув етмай қолса ҳам, ғусл қилинмаган бўлади. Демак, бутун баданга сув етказиб ювиш ғуслдир. Аллоҳ таоло: “Агар жунуб бўлсаларингиз, пок­ланингиз – чўмилингиз!” яъни, баданларингизни поклангиз, деган (Моида сураси, 6). “Баданларингизни поклангиз” буйруғи зоҳиру ботинни қамраб олади. Яъни, “бадан”нинг устини ҳам, ичини ҳам, хуллас, “қийналмай тозалаш мумкин бўлган ҳамма жойини тозалаш керак”, деганидир. 

ҒУСЛ   ҲУКМЛАРИ   ҲАҚИДА

Ғуслда баданнинг ичкарисидан ҳисоб­ланган оғиз‑бурунни чайқаш фарз. Демак, бутун баданга сув етказиш ва оғизни чайиш, бурунни ачиштириб чайқаш фарз бўлди. Агар оғиз ва бурун чайқалмаса, бутун бадан неча марта ювилса ҳам, ғусл адо бўлмайди. Оғиз ва бурунни чайқаш таҳоратда фарз эмас, суннат эди. Бунинг сабаби, оғиз ва бурунга сув етказиш қийинлигидан эмас, балки таҳоратда юзни ювиш фарз бўлгани учундир. Оғиз ва буруннинг кўз тушадиган ташқи томони юз ҳисобланса ҳам, ичи юз ҳисобланмайди. Аллоҳ таоло “ғусл қилишда бутун баданларингизни тозаланглар” деб буюрган, баданнинг ичию ташқарисини – қийналмай ювиш мумкин бўлган ҳамма жойи­ни ювиш ғусл ҳисобланади.

Ғуслда соқолнинг тагига сув етказиш шарт бўлгани каби унинг ораларига ҳам сув етказиш шарт. Демак, соқолни ҳам тўлиқ ювиш керак. Шунингдек, сочи ўрилмаган, балки ­ёйилган аёл ҳам ғуслда сочини тўлиқ ювиши ва ораларига тўлиқ сув етказиши шарт. Фақиҳ Абу Жоҳир Бандовий ҳам шундай деганлар. Чунки соч-соқолга шу ҳолатда қийналмасдан сув етказиш мумкин. Аммо аёл кишининг сочи ўрилган бўлса, уни ёйиб ювиш керакми? Бу тўғрида уламоларда икки хил ҳукм бўлди. Баъзилари агар сочи ўрилган бўлса ҳам, сочини ёйиб унинг ораларига сув етказиш керак, дедилар. Пайғамбаримиздан :  “Ҳар бир тук остида жунублик бордир. Огоҳ бўлинглар, сочнинг ҳар бир тукини ҳўлланглар ва туксиз баданни покланглар” мазмунли ҳадис ҳам ривоят қилинган. Яъни, тук бўлмаган жойларини тўлиқ ювганингиз каби бадандаги тукларни ҳам ювинглар, соч-соқол каби тукларга ҳам сув етсин, деб буюрдилар. Демак, агар аёл кишининг сочи ўрилган бўлса, уни ёзиб, ораларига сув етказиб ювиши шарт, дейдилар айрим уламолар. Баъзи уламолар, соч ўрилган бўлса, уни ­ёйиб, ҳар бир соч орасига сув етказиш вожиб эмас, дейишади. Мазҳабимизнинг улуғларидан шайх имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Бухорий ҳам шу ҳукмни ихтиёр қилганлар. Шу ҳукм тўғридир. Бунга далил шуки, Умму Салама  онамиз: “Мен бошимдаги кокилимни қаттиқ боғлаб ўраман, ғусл қилганимда шуни ечиб ғусл қилишим керакми?”  деб сўраганларида Расулуллоҳ : “Бошингдан ва бутун баданингдан сув қуйгин ва ўша қуйган сувинг сочинг тагига етиб борса,  кифоя қилади”,  дейиш билан мана шу енгилликни берганлар. Чунки шариат аёл кишига ўриб боғланган сочини ечишга буюрса, унга танглик-қийинчилик бўларди. Аммо ўрилмаган сочга нисбатан айтиладиган “ҳар бир соч орасига сув етсин” деган гапда ҳеч қандай қийинчилик йўқ. Ҳадисдан шу маъно чиқади.

Юқорида келтирилган “ҳар бир тук тагида жунублик бор, ҳар бир тукни ювинглар, ҳар бир тукка сув етсин” ҳадисидан: агар соч ёйилган бўлса, шундай қилинглар, деган маъно келиб чиқади. Умму Салама  онамиздан ривоят қилинган кейинги ҳадис эса ўрилган сочни ғуслда ёйиш шарт эмаслигига далил бўляпти. Демак, ғусл вақтида сочни ёйиш шарт эмас, лекин ҳар бир тола соч тагига сув етмаса, ғусл бўлмайди.

Киндикнинг ичига ҳам сув етказиш вожибдир. Киндикнинг ичи ҳам баданнинг ташқариси ҳисобланади ва ғусл вақтида у ҳам ювилган бўлиши керак. Чунки киндикка қийналмай сув етказиш имкони бор. Демак, киндик ичига намланган ҳўл бармоқ киритилса, тоза бўлади ва ундаги бир дона тук тагига ҳам сув етмай қолмайди. Аёл киши ғусл қилганда ташқи жинсий аъзосини ювиши лозим. Чунки уни ҳам қийналмай ювиш мумкин.

Динимиз ғусл вожиб бўлмаган баъзи ҳолларда ҳам ювинишга буюради. Масалан, жума намозига чиқишдан олдин ғусл қилинади. Зеро, жамоат жойида, хусусан, руҳий поклик маскани – масжидда кишидан бадбўй ҳид келиб туриши суннатга хилофдир. Айниқса, бу ҳолат ёз ойларида жуда сезилади. Динимиз барча соҳада покликка буюриб турсаю, мусулмон одам қандай унга зид иш қилиши мумкин? Ислом уммати ўзининг сўзи билан ҳам, амали билан ҳам, ҳатто баданидан чиқадиган ҳид билан ҳам бировга озор етказмаслиги керак. Бировга озор тегишини истамаган киши ўзига қараши, сўнгра буни бошқаларга ҳам насиҳат қилиб, тушунтириши лозим. Чунки поклик дини бўлган бизнинг динимизда бутун вужуд ва қалб поклиги ҳар бир киши учун катта аҳамият касб этади.

Ювиниб олиш жуда осон бўлиб қолган ҳозир­ги замонда пок ва тоза юриш ҳамма учун, айниқса, мусулмон учун оддий ҳол бўлиши керак. Ҳолбуки, бизга покликни ўргатаётган бу дин бир минг тўрт юз йил аввал жазирама араб саҳросида ҳар томчи сув олтиндан юксак қадрланадиган, ҳеч қандай қулайликлар бўлмаган шароитда ҳам бутун баданни уч мартадан ювишга буюрган. Пайғамбаримизнинг  таҳорат ва ғусл бобида ўзлари бажариб кўрсатган амалларини покликнинг умматга ибрат бўлиб қолган андозаси деса бўлади. Шунингдек, Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) масжидга кириш одоблари бобида кўплаб ўгитлар берарканлар, айниқса, хом саримсоқ ё пиёз еган одамларнинг у ерга йўламаслигини буюрганлар. Бунга сабаб шуки, ўша ҳид билан ёнидагига озор беради. Терлаб ювинмаган одамнинг ҳиди эса саримсоқ еган одам ҳидидан ёмонроқ бўлади. Динимиз мана шунга ҳам қарши бўлиб, тоза бўлиш кераклигини уқтиради.

Ислом поклик дини экан, энг кичик нарсада ҳам поклик бўлиши керак. Масалан, ўнг қўлда овқат ейиш суннат. Таом учун қўл ювилдими, энди уни фақат таомни ушлашга ишлатиш керак. Бирор нарсага ҳожат бўлса, иккинчи – чап қўлни ишлатса бўлади. Тозалик талабларига чинакам риоя қилиб яшайдиган мусулмон кишининг бутун вужудидан эса поклик балқиб туради. Шунинг учун мусулмон одам тозаликнинг энг юқори мақомида бўлиши керак. Кўзимизга жуда арзимас  бўлиб кўринган ишда ҳам пок бўлиш лозим.

Бу ҳолатларда ғусл қилиш фарздир: жунуб[1], ҳайз ва нифосдан сўнг. Аллоҳ таоло жунуб ҳолатда ғусл қилиш фарзлигини ояти каримада билдирган: ,,Агар жунуб бўлсаларингиз, пок­ланингиз, чўмилингиз” (Моида сураси, 6). Яна бир ояти каримада: “Эй мўминлар то гапираётган гапингизни билмагунингизча маст ҳолингизда намозга яқин келманглар ва яна сафарда бўлмасангиз то чўмилмагунингизча жунуб ҳолингизда (намозга яқин келманглар) (Нисо сураси, 43) дейилган. Демак, жунуб киши ғусл қилмасдан пок ҳисобланмайди ва масжидга кирмайди, қилган ибодати ҳам мақбул бўлмайди.

 

Шайх Алоуддин МАНСУР

таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

 

[1] Бу ўринда эҳтилом ва жинсий яқинлик назарда тутилган.

 

Фиқҳ
Бошқа мақолалар

Офтобда ўтирманг!

23.06.2025   11723   4 min.
Офтобда ўтирманг!

Ер юзига энг яқин бўлган юлдуз — Қуёш барча мавжудотлар, жумладан, инсонлар учун ҳаётий муҳим сайёрадир. Қуёш барча органик молекулалар ҳосил бўлишида иштирок этиб, инсонлар ҳам қуёш нурисиз яшай олмайди.

Қуёш нури триптофан аминокислотасининг серотонин гормонига айланишида ёрдам беради. У бизга қувонч ва ўзимизга ишонч туйғусини беради, кайфиятимизни кўтаради. Серотонин кучли антидепрессант бўлиб, мия, мушаклар ва ички органлар фаолиятини яхшилайди.

Қуёш нури орқали турли касалликларга даво топиш мумкин, жумладан, иммунитети пасайган, уйқусизлик, гормонал касалликлар ва мавсумий аффектив касалликларга чалинган одамлар учун қуёшда тобланиш фойдали бўлади.

Бундан ташқари, қуёш ултрабинафша нурларининг яна бир муҳим хусусияти мавжуд: у тери ҳужайраларида D витамини ишлаб чиқаришда фаол иштирок этади.

D витамини организмга калцийнинг сўрилиши учун зарур элемент ҳисобланади. У остеопороз ривожланишининг олдини олади, суяк тўқималарининг тикланишига ёрдам беради ва болаларда суяклар деформацияси ва ўсиш билан муаммоларнинг олдини олади.

Қуёш нури депрессиядан қутқаради, ундан ҳосил бўладиган D витамини нафас олиш ва гормонал касалликларнинг олдини олади ва кексайганда деменция ва атеросклероз ривожланишидан ҳимоя қилади.


Аммо узоқ муддатга қуёш нурлари остида қолиш танага зарар етказади.

Қуёш нурлари биринчи навбатда тери ва кўзларга таъсир қилади. Хусусан, ёз фаслидаги ўта иссиқ ҳаво шароитида терининг қуёш нурига сезгирлиги ошади ва фотодерматит касаллиги юзага келади.

Ортиқча қуёш нури иммунитетни заифлаштиради ва тери ҳужайраларида мутацияга сабаб бўлади. Бу эса ўз навбатида тери саратони — меланома, ретинобластомага олиб келади.

Қуёш остида узоқ қолиш ҳомиладор аёллар учун хавфлидир. Чунки ортиқча нурланиш ҳомила ривожланиши учун муҳим бўлган B9 витамини, яъни фолий кислотаси миқдорини камайтиради.

Офтоб нурларининг салбий таъсирларидан яна бири, томирларни кенгайтириши ва оёқларда варикоз, юзда эса ингичка томирларнинг ёрилишидан келиб чиқувчи қизил доғлар пайдо бўлишига сабаб бўлишидир.


Қуёш нурлари кейинчалик терининг барвақт қаришини келтириб чикаради. Чунки бу нурлар теридаги тўқималарни бўшаштиради ва у тезда қуришиб-буриша бошлайди.

Ҳар йили қуёшнинг ультрабинафша нурлари таъсиридан тери саратони касалига учраб минглаб инсонлар ҳаётдан кўз юммоқда.

Ёш болалар учун қуёшда юриш янада хавфлидир. Болалик ва ёшлик чоғида кўп қуёшда қорайганларда ёши ўтгандан кейин тери саратони касалига учраш эҳтимоли ортади.

Айниқса, қорайишни “соғлик аломати” деб билувчилар, болалик чоғидаёқ кейинги йилларда тери саратони бўлишига кифоя қиладиган миқдорда қуёшнинг салбий таъсирини олишга улгурган бўладилар. Ёз мавсуми тугаши билан тана ранги очилишига қарамай, ультрабинафша нурлари таъсири кетмайди.


Қуёшнинг зарарлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини 14 аср аввал бундай огоҳлантирганлар: “Офтобда ўтирманг. Офтобда ўтириш киши танасини бузиб, куритади. Яъни, намлигини тортиб олади, терисини бузади. Териси қуриб, кийими ҳам эскиради. У инсон баданидаги яширинган касалликларни юзага чиқаради”.


Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир”, деганлар.

Шунинг учун, жазирама иссиқ кунларда офтоб остида кўп қолишдан сақланинг ҳамда кўпроқ “Аллоҳумма, ажирний минан-наар” (Аллоҳим, мени дўзахдан сақлагин) деб дуо қилишни унутманг!

 

Даврон НУРМУҲАММАД