Ғусл сўзи фуқаҳолар тилида баданни ювиш маъносидадир. Агар бутун баданга сув оқизилмаса, бадан ювилган ҳисобланмайди. Намлаш ёки ҳўллаш ювиш дегани эмас, ювишда сув бутун бадан бўйлаб оқиши керак. Ғуслнинг рукни сувни баданнинг ҳамма тарафига оқизиб етказишдир. Сувнинг бир марта етиши фарздир. Агар баданнинг озгина жойига, масалан, бирор тук тагига сув етмай қолса ҳам, ғусл қилинмаган бўлади. Демак, бутун баданга сув етказиб ювиш ғуслдир. Аллоҳ таоло: “Агар жунуб бўлсаларингиз, покланингиз – чўмилингиз!” яъни, баданларингизни поклангиз, деган (Моида сураси, 6). “Баданларингизни поклангиз” буйруғи зоҳиру ботинни қамраб олади. Яъни, “бадан”нинг устини ҳам, ичини ҳам, хуллас, “қийналмай тозалаш мумкин бўлган ҳамма жойини тозалаш керак”, деганидир.
ҒУСЛ ҲУКМЛАРИ ҲАҚИДА
Ғуслда баданнинг ичкарисидан ҳисобланган оғиз‑бурунни чайқаш фарз. Демак, бутун баданга сув етказиш ва оғизни чайиш, бурунни ачиштириб чайқаш фарз бўлди. Агар оғиз ва бурун чайқалмаса, бутун бадан неча марта ювилса ҳам, ғусл адо бўлмайди. Оғиз ва бурунни чайқаш таҳоратда фарз эмас, суннат эди. Бунинг сабаби, оғиз ва бурунга сув етказиш қийинлигидан эмас, балки таҳоратда юзни ювиш фарз бўлгани учундир. Оғиз ва буруннинг кўз тушадиган ташқи томони юз ҳисобланса ҳам, ичи юз ҳисобланмайди. Аллоҳ таоло “ғусл қилишда бутун баданларингизни тозаланглар” деб буюрган, баданнинг ичию ташқарисини – қийналмай ювиш мумкин бўлган ҳамма жойини ювиш ғусл ҳисобланади.
Ғуслда соқолнинг тагига сув етказиш шарт бўлгани каби унинг ораларига ҳам сув етказиш шарт. Демак, соқолни ҳам тўлиқ ювиш керак. Шунингдек, сочи ўрилмаган, балки ёйилган аёл ҳам ғуслда сочини тўлиқ ювиши ва ораларига тўлиқ сув етказиши шарт. Фақиҳ Абу Жоҳир Бандовий ҳам шундай деганлар. Чунки соч-соқолга шу ҳолатда қийналмасдан сув етказиш мумкин. Аммо аёл кишининг сочи ўрилган бўлса, уни ёйиб ювиш керакми? Бу тўғрида уламоларда икки хил ҳукм бўлди. Баъзилари агар сочи ўрилган бўлса ҳам, сочини ёйиб унинг ораларига сув етказиш керак, дедилар. Пайғамбаримиздан : “Ҳар бир тук остида жунублик бордир. Огоҳ бўлинглар, сочнинг ҳар бир тукини ҳўлланглар ва туксиз баданни покланглар” мазмунли ҳадис ҳам ривоят қилинган. Яъни, тук бўлмаган жойларини тўлиқ ювганингиз каби бадандаги тукларни ҳам ювинглар, соч-соқол каби тукларга ҳам сув етсин, деб буюрдилар. Демак, агар аёл кишининг сочи ўрилган бўлса, уни ёзиб, ораларига сув етказиб ювиши шарт, дейдилар айрим уламолар. Баъзи уламолар, соч ўрилган бўлса, уни ёйиб, ҳар бир соч орасига сув етказиш вожиб эмас, дейишади. Мазҳабимизнинг улуғларидан шайх имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Бухорий ҳам шу ҳукмни ихтиёр қилганлар. Шу ҳукм тўғридир. Бунга далил шуки, Умму Салама онамиз: “Мен бошимдаги кокилимни қаттиқ боғлаб ўраман, ғусл қилганимда шуни ечиб ғусл қилишим керакми?” деб сўраганларида Расулуллоҳ : “Бошингдан ва бутун баданингдан сув қуйгин ва ўша қуйган сувинг сочинг тагига етиб борса, кифоя қилади”, дейиш билан мана шу енгилликни берганлар. Чунки шариат аёл кишига ўриб боғланган сочини ечишга буюрса, унга танглик-қийинчилик бўларди. Аммо ўрилмаган сочга нисбатан айтиладиган “ҳар бир соч орасига сув етсин” деган гапда ҳеч қандай қийинчилик йўқ. Ҳадисдан шу маъно чиқади.
Юқорида келтирилган “ҳар бир тук тагида жунублик бор, ҳар бир тукни ювинглар, ҳар бир тукка сув етсин” ҳадисидан: агар соч ёйилган бўлса, шундай қилинглар, деган маъно келиб чиқади. Умму Салама онамиздан ривоят қилинган кейинги ҳадис эса ўрилган сочни ғуслда ёйиш шарт эмаслигига далил бўляпти. Демак, ғусл вақтида сочни ёйиш шарт эмас, лекин ҳар бир тола соч тагига сув етмаса, ғусл бўлмайди.
Киндикнинг ичига ҳам сув етказиш вожибдир. Киндикнинг ичи ҳам баданнинг ташқариси ҳисобланади ва ғусл вақтида у ҳам ювилган бўлиши керак. Чунки киндикка қийналмай сув етказиш имкони бор. Демак, киндик ичига намланган ҳўл бармоқ киритилса, тоза бўлади ва ундаги бир дона тук тагига ҳам сув етмай қолмайди. Аёл киши ғусл қилганда ташқи жинсий аъзосини ювиши лозим. Чунки уни ҳам қийналмай ювиш мумкин.
Динимиз ғусл вожиб бўлмаган баъзи ҳолларда ҳам ювинишга буюради. Масалан, жума намозига чиқишдан олдин ғусл қилинади. Зеро, жамоат жойида, хусусан, руҳий поклик маскани – масжидда кишидан бадбўй ҳид келиб туриши суннатга хилофдир. Айниқса, бу ҳолат ёз ойларида жуда сезилади. Динимиз барча соҳада покликка буюриб турсаю, мусулмон одам қандай унга зид иш қилиши мумкин? Ислом уммати ўзининг сўзи билан ҳам, амали билан ҳам, ҳатто баданидан чиқадиган ҳид билан ҳам бировга озор етказмаслиги керак. Бировга озор тегишини истамаган киши ўзига қараши, сўнгра буни бошқаларга ҳам насиҳат қилиб, тушунтириши лозим. Чунки поклик дини бўлган бизнинг динимизда бутун вужуд ва қалб поклиги ҳар бир киши учун катта аҳамият касб этади.
Ювиниб олиш жуда осон бўлиб қолган ҳозирги замонда пок ва тоза юриш ҳамма учун, айниқса, мусулмон учун оддий ҳол бўлиши керак. Ҳолбуки, бизга покликни ўргатаётган бу дин бир минг тўрт юз йил аввал жазирама араб саҳросида ҳар томчи сув олтиндан юксак қадрланадиган, ҳеч қандай қулайликлар бўлмаган шароитда ҳам бутун баданни уч мартадан ювишга буюрган. Пайғамбаримизнинг таҳорат ва ғусл бобида ўзлари бажариб кўрсатган амалларини покликнинг умматга ибрат бўлиб қолган андозаси деса бўлади. Шунингдек, Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) масжидга кириш одоблари бобида кўплаб ўгитлар берарканлар, айниқса, хом саримсоқ ё пиёз еган одамларнинг у ерга йўламаслигини буюрганлар. Бунга сабаб шуки, ўша ҳид билан ёнидагига озор беради. Терлаб ювинмаган одамнинг ҳиди эса саримсоқ еган одам ҳидидан ёмонроқ бўлади. Динимиз мана шунга ҳам қарши бўлиб, тоза бўлиш кераклигини уқтиради.
Ислом поклик дини экан, энг кичик нарсада ҳам поклик бўлиши керак. Масалан, ўнг қўлда овқат ейиш суннат. Таом учун қўл ювилдими, энди уни фақат таомни ушлашга ишлатиш керак. Бирор нарсага ҳожат бўлса, иккинчи – чап қўлни ишлатса бўлади. Тозалик талабларига чинакам риоя қилиб яшайдиган мусулмон кишининг бутун вужудидан эса поклик балқиб туради. Шунинг учун мусулмон одам тозаликнинг энг юқори мақомида бўлиши керак. Кўзимизга жуда арзимас бўлиб кўринган ишда ҳам пок бўлиш лозим.
Бу ҳолатларда ғусл қилиш фарздир: жунуб[1], ҳайз ва нифосдан сўнг. Аллоҳ таоло жунуб ҳолатда ғусл қилиш фарзлигини ояти каримада билдирган: ,,Агар жунуб бўлсаларингиз, покланингиз, чўмилингиз” (Моида сураси, 6). Яна бир ояти каримада: “Эй мўминлар то гапираётган гапингизни билмагунингизча маст ҳолингизда намозга яқин келманглар ва яна сафарда бўлмасангиз то чўмилмагунингизча жунуб ҳолингизда (намозга яқин келманглар)” (Нисо сураси, 43) дейилган. Демак, жунуб киши ғусл қилмасдан пок ҳисобланмайди ва масжидга кирмайди, қилган ибодати ҳам мақбул бўлмайди.
Шайх Алоуддин МАНСУР
таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
[1] Бу ўринда эҳтилом ва жинсий яқинлик назарда тутилган.
“Ҳозир ким ҳам китоб ўқирди?”. Бугунги кунда китоб мутолаасини унутган одамлар жамият номидан ана шу гапни гапиришга ўрганиб қолган.
Ростдан ҳам китоб ўқишдан юз ўгирдикми ёки ўқишга тўсиқлар борми? Балки муаммо ўқимасликда эмас, мутолаа маданияти ва тарғиботнинг пасайганидадир?
Одамлар китоб мутолааси ҳақида қандай фикрда?
Бу ҳақда мақола ёзишдан аввал ижтимоий тармоқда ва аҳоли ўртасида “Нега китоб ўқишга одатланмай қўйдик?” саволи билан сўровнома ўтказдик.
Сўровнома натижасига кўра, иштирокчиларнинг энг катта улуши — 29 фоизи “Мунтазам китоб ўқиб бораман” жавобини танлаган. Бу яхши, аммо 26 фоиз иштирокчи китоб ўқишга вақти йўқлиги, 25 фоиз қатнашчи китобдан кўра телефон қулайлиги, 2 фоизи китоб ўқиш зерикарли эканини билдирди. 13 фоиз респондентлар эса китоб ўқишга сабри етмаслигини таъкидлади. Шунингдек, айрим фуқаролар эринчоқ бўлиб кетгани, китоб ўқимасликка турли баҳоналар топилиши, қизиқарли китоблар камлиги, аудио ва электрон китоблар қулайлигини қайд этди.
Бундан ташқари, кузатувчиларнинг асосий қисми илгари метро ва автобусларда ҳам китоб ўқилиши, ҳозир эса нафақат уйда, балки овқатланганда, йўлда юрганда, чорраҳада, ишхонада, хуллас, аксарият ҳолларда энг кўп вақтимиз телефонга тикилиш билан ўтаётгани, айниқса, ёшлар телефондан бўшамаслигини кам китоб ўқилишининг асосий сабаби сифатида айтишди.
Сўровнома натижасидан кўриш мумкинки, жамиятда китоб ўқишга бўлган қизиқиш сақланиб қолган. Бироқ кўпчилик вақтини телефон, интернет ёки бошқа технология ва юмушларга сарфлаётгани ёмон. Бу китоб ўқиш маданиятини шакллантириш зарурлиги, қулай муҳит яратиш ва оммавий тарғибот ишларини кучайтириш, шунингдек, мутолаа фақат шахсий истак эмас, балки муҳит ва ҳаёт тарзига боғлиқ эканини англатади.
Китобхонликни ривожлантиришга берилаётган эътибор натижа беряпти(ми)?
Маълумотларга кўра, энг тараққий этган мамлакатлар эмас, сўнгги йилларда тез ривожланаётган давлатлар аҳолиси кўпроқ китоб ўқир экан. Хусусан, ҳиндистонликлар фақат қўшиқ куйлайди ёки кино кўради, десак адашамиз. Улар дунёда энг кўп китоб ўқийдиган халқ. Ҳиндлар ҳафтасига 10,7 соат вақтини китоб ўқишга сарфлайди. Умуман, энг кўп китоб ўқийдиган давлатлар ўнталигига эътибор берадиган бўлсак, кейинги ўринларда Таиланд - ҳафтасига 9,4 соат, Хитой - ҳафтасига 8 соат, Филиппин - ҳафтасига 7,6 соат, Миср - 7,5 соат, Чехия - 7,4 соат, Россия - 7,1 соат, Швеция – ҳафтасига 6,9 соат, Франция - 6,9 соат, Венгрия аҳолиси эса ҳафтасига 6,8 соат китоб ўқир экан.
Хўш, юртмизда китобхонлик маданиятни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар қандай самара беряпти?
Ахборот оқимининг тезлашиши ва рақамлашувнинг кенгайиши натижасида китобхонлик маданиятини юксалтириш нафақат ижтимоий, балки маънавий тараққиёт учун ҳам муҳим вазифага айланмоқда. Юртимизда ҳам ушбу йўналишда бир қанча қарорлар, фармонлар ва дастурлар қабул қилиниб, самарали ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшлар орасида китобхонликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган “Ёш китобхон” танлови орқали китоб ўқиётган ёшлар сезиларли ошди. Ёшлар ишлари агентлиги маълумотларига кўра, 2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ёш китобхон” танлови орқали қарийб 5 миллионга яқин ёшлар қамраб олинган. Китоб дўконлари ва кутубхоналарда энг кўп изланаётган китоблар ҳам “Ёш китобхон” танловида эълон қилинган 140 номдаги адабиётлар экан. Бу ўз ўрнида китоб бозорида талаб ва таклифнинг ортишига ҳам хизмат қилмоқда.
2017-2024 йилларда 280 нафар ёшлар “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида иштирок этган бўлса, шундан 20 нафари ғолибликни қўлга киритиб, Президент совғаси совриндори бўлган. Эътиборлиси, танловда ғолиб бўлган 17 нафар қизнинг 7 нафари кейинчалик Ўзбекистон Президенти томонидан давлат мукофотлари билан тақдирланган. Демак, китоб ёшларнинг кейинги тақдирига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, китоб ўқиб, ота-онасига автомобиль совға қилаётган ёшлар сафи кенгаймоқда. Мисол учун, ўтган йил ушбу танловнинг республика босқичида 10-14 ёш тоифасида қирқдан ортиқ бадиий-оммабоп китобларни ўқиган Жомбой туманидаги 12-умумтаълим мактаби ўқувчиси Наргиза Муҳаммадиева биринчи ўринни эгаллади. Унга Президент совғаси – “Cobalt” автомашинаси совға қилинди.
Албатта, китобхонликни тарғиб қилиш ишлари шу билан тўхтаб қолгани йўқ. Давлат дастурлари, маҳаллий ва халқаро лойиҳалар орқали китобга бўлган қизиқишни ошириш, ёш авлодни маънавий жиҳатдан бойитиш учун кенг кўламли ишлар давом этмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг “2020 — 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий мақсадларидан бири ёшлар орасида китобхонликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш вазифаси сифатида белгилангани ҳам ушбу масалага жиддий эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Ёшлар китоб ўқияпти, сиз ҳам ўқинг
Бугун ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқиши камайгандек туюлса-да, аслида улар турли хил форматларда ва платформаларда китоб ўқияпти. Ёшларнинг китоб ўқишга қизиқиши камайганини таъкидлашдан олдин, уларнинг китоб ўқиш учун имкониятларини ва китоб ўқишга одатланмасликка нима сабаб бўлаётганини эътиборга олиш лозим. Бу ҳақда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари доктори, профессор Суюн Каримовнинг мулоҳазаларини келтирамиз.
- “Ёшлар китоб ўқимай қўйди”. Кейинги пайтда бу гапни мунтазам китоб мутолаа қиладиганлар ҳам, ўқимайдиганлар ҳам айтадиган бўлди, - дейди С.Каримов. - Тўғри, халқимиз маънавияти учун куйиниб гапирадиганлар бор. Аммо мен бу гапга қўшилмайман. Албатта, ёшлар доим китоб ўқияпти, дейишдан йироқман, лекин улар китоб ўқимай қўйгани йўқ, ўқияпти. Электрон китоблар, аудиокитоблар ва онлайн платформалар ёшлар учун китоб ўқишни осонлаштиряпти. Ёшларни кўряпмиз, халқаро фан олимпиадаларида ғолиб ва совриндор бўляпти, хориждаги нуфузли университетларда таҳсил оляпти, ихтиролар қиляпти, жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтаряпти, давлат мукофотларига сазовор бўляпти. Агар ёшлар китоб ўқимаётган бўлса, бундай натижаларга қандай эришяпти? Балки кимнингдир фарзанди китоб ўқимаётгандир ёки тарбияси “бузилиб” тўғри йўлдан адашгандир, лекин ҳамманинг ҳам эмас. Бунинг сабаби битта - оиладаги муҳит ва ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги эътиборсизлиги.
Дейлик, бир оилада 4 фарзанд туғилиб, вояга етди. Уларнинг ҳаммасини ҳам китобга, илмга қизиқтириш мушкул. Биттаси спортчи бўлишни хоҳласа, бошқаси уста, шифокорликни танлайди. Албатта, бу жараёнда бола, аввало, ота-онасидан кейин ён-атрофидагилардан ўрнак олиб, ўрганганларини амалиётда қўллайди. Ўшанда биз, ота-оналар ҳар бир ишнинг самарали ва натижадор бўлиши учун фарзандларимизга ўрнак бўлишимиз, уларда ижобий таассурот қолдириб, маърифатга ундашимиз керак бўлади.
Масаланинг иккинчи томонини ҳам бор. Баъзилар «Ёшлар китоб ўқимай қўйди”, деб кўпинча бадиий адабиётни назарда тутади. Бадиий адабиёт ҳам ахборот манбаи. Айни пайтда, инсонга бадиий-эстетик завқ бағишловчи, руҳиятига ижобий таъсир ўтказувчи ноёб манба. Интернет тармоқларида медиа оламнинг ахборот таъминоти ғоятда кучайиб кетган, бутун инсоният ундан фойдаланишни афзал деб билаётган бир пайтда ёшларни китоб ўқишга қизиқтириш осон иш эмас. Фақат тарғибот-ташвиқот билан бу муддаога эришиб ҳам бўлмайди. Бадиий китоб ўқиш кўнгил иши, ёш қалбни тарбиялаш эса аввало ота-онанинг, кейин эса устозлар ва жамиятнинг зиммасида бўлади. Шундай экан, ўзгаришни ҳар биримиз ўзимиздан бошлайлик.
“Тирик китоб” нега танқидга учради? Ёхуд маънавиятли инсонларга эргашиш керак
Ахборот технологиялари ривожланиб, электрон қурилмалар ҳаётимизнинг асосий ажралмас қисмига айланиб қолди ва китоб мутолаасига жуда кам вақт ажратадиган бўлдик. Аммо шундай инсонлар борки, улар китобнинг қадрини эслатиб, жамиятни маърифатга чорламоқда. Улардан бири ижтимоий тармоқларда “Тирик китоб” номи билан машҳур бўлган китоб сотувчиси Хайрулла Асадов. У китобга даъват этувчи чиқишлари, ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги ва маънавият ҳақидаги нутқлари орқали минглаб инсонларни, айниқса, ёшларни кўпроқ китоб ўқишга ундамоқда.
Бироқ у ҳам ҳар бир оммавий шахс сингари танқидларга дуч келди. Албатта, танқидлар табиий ҳол, айниқса, жамоатчилик диққат марказида бўлган инсон учун. Хайрулла Асадов китобга бўлган муҳаббатни кенг оммага етказишда замонавий, халқона ва таъсирли усулларни қўлламоқда. У олим эмас, маърифат йўлида фидойилик қилувчи шахс. Кўпчилик унинг қарашларида илмий ёндашув ва исботлар йўқлигини таъкидламоқда. Бу бир томондан тўғри. Лекин у ўз ҳаёт тажрибаси ва ўқиган китоблари орқали хулоса чиқаряпти, мисоллар келтиряпти. Бу амалиётга асосланган, халққа яқин услуб.
Ижтимоий тармоқларда китоб сотувчиси машҳур бўлиш билан бирга, китобни эмас, ўзини ва фаолиятини тарғиб қилаётгани ҳақида ҳам танқидий фикрлар билдирилди. Бугунги ахборот технологиялари асрида рақамли тўлқинда ажралиб туриш учун ҳар қандай шахснинг аудиторияга мос визуал ва муҳокамабоп форматда чиқиши талаб этилади. Чунки бу замон талаби. Шунингдек, Хайрулла Асадовнинг шахси китобга бўлган садоқат билан танилган. Агар шахс орқали китобга муҳаббат уйғонса, бу маърифат улашишда энг самарали усул.”Тирик китоб” ўзини эмас, шахсий намунаси орқали китобни ҳаёт тарзи сифатида ҳамда китобларни шунчаки ўқиш эмас, балки ўқилган ғояларни ҳаётда татбиқ қилишни тарғиб қилмоқда.
Албатта, танқидлар ривожланиш ва холислик учун керак. Бироқ китоб ўқиш, уни тарғиб қилиш, жамиятни маърифатга етакловчи, илмли инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга эргашиш ва тўғри хулоса чиқариш керак. Зеро, китоб инсон онгини уйғотади, маънавий дунёсига нур олиб киради.
Фазлиддин Рўзибоев.