Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Март, 2025   |   5 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:33
Қуёш
06:51
Пешин
12:39
Аср
16:33
Шом
18:21
Хуфтон
19:34
Bismillah
05 Март, 2025, 5 Рамазон, 1446

Ота-она меҳмондир

7.04.2018   4490   3 min.
Ота-она  меҳмондир

Aллоҳ таолога энг суюкли ишлардан бири ота-онага итоат этиш, уларга меҳр-шафқатли бўлишдир.

«Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга  шукр килгин! Қайтиш Менинг ҳузуримгадир» (Луқмон, 14).

Ота-она олдида секин, паст овозда, одоб билан сўзлаш керак. Заруратдан ортиқча гап айтилмайди. Уларнинг исмларини айтиб чақириш мумкин эмас. Қўполлик билан кўнгилларини оғритиш, назарларидан қолиш катта гуноҳлардан саналади. Кўча-кўйда ота-онадан илгари юриш, овқатга улардан олдин қўл узатиш, олдиларида ёнбошлаб олиш одобсизликдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода): “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” де» (Исро, 23–24).

Демак, ота-она қарилик ёшига етганида уларга янада шафқатли бўлиш зарур. Кексаларнинг кўнгли худди боланикидай бўлиб қолади. Бундай ҳолатларда имкон борича уларнинг кўнглини оғритмасдан хоҳишлари­ни бажариш, панд-насиҳат қилишса, асло малол олмаслик керак.

Қайси хонадонда ота-она ёки улардан бири тирик бўлса, ўша оиладаги фарзандлар бахтлидир. Чунки уларда кўпроқ савобга эришиб қолиш имконияти бор. Ота-онани тирик­лигида қадрига етиб, иззат-ҳурматини жойига қўйганга нима етсин.

Умуман, кексаларимиз борлиги бизнинг катта давлатимиз. Улар гўё уйларимизнинг фаришталари. Кўпни кўрган бува-бувилар ёш оилалар учун ибрат мактаби. Улар набираларининг таълим-тарбиясини, одоб-аҳлоқини назорат қилиб, ҳаётий тажрибалари асосида тўғри йўл кўрсатади.

Ота-она вафот этганидан кейин ҳам уларнинг фарзандлар устидаги ҳақлари тугамайди. Васиятларини адо этиш, ҳақларига доим дуода бўлиш фарзандлар бурчидир. Уларнинг қариндошлик алоқаларини давом эттириш, таниган-билган тенгқурларини йўқлаш, меҳмонга чақириш нур устига нур бўлади.

Расулуллоҳ  ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ вафотларидан ке­йин ҳам ота-онамга яхшилик қила оламанми?” деб сўради. У зот : “Ҳа, тўрт иш бор, уларни бажарсанг, ота-онангга яхшилик қилган бўласан: улар ҳаққига дуо қилиш, гуноҳларини кечишини Аллоҳдан сўраш, уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини бажариш, дўст-биродарларини иззат-икром қилиш ва ота-она тарафидан бўладиган қариндошликни давом эттириш”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).

Халқ орасида, ота-она меҳмондир, деган ибратли сўз бор. Вақт ғанимат, азиз меҳмонларингизнинг яхши дуоларини олиб қолишга улгуринг. Уларга нима қилсангиз, эртага фарзандингиздан қайтади. Бу ҳақиқатга ҳаётда кўп гувоҳ бўлганмиз...

 

Фазлиддин МУСАХОВ,

Оҳангарон туманидаги “Қурайш” жоме

масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Рамазонда Қуръон хатмини қаерда эшитаман?

17.10.2024   9860   2 min.
Рамазонда Қуръон хатмини қаерда эшитаман?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хиндистоннинг буюк уламоларидан Маҳмуд Девбандий ва у кишининг шогирди Ҳусайн Аҳмад Маданий ҳинд диёрини инглиз мустамлакачиларидан озод қилиб, яна мусулмонларга ўтказишга ҳаракат қилишганини сезган Англия ҳукумати бу икки забардаст олимни Ўрта Ер денгизидаги Малта оролига сургун қилиб, шу ерда ҳибс қилган.

Қамоқхонага кираётган пайтда Маҳмуд Девбандий йиғлаб юборган эканлар. Шунда шогирдлари Ҳусайн Аҳмад Маданий нега йиғлаётганларини сўраганида «Энди Рамазонда Қуръон хатмини қаерда эшитаман?» деган эканлар. Икковлари ҳам олим бўлишган эканлар-у, лекин мураттаб қори эмас эканлар. Рамазонга тўққиз ой қолган пайтда Ҳусайн Аҳмад Маданий бир Мусҳаф топтириб, 9 ой ичида Қуръонни ёд олиб, Рамазонда хатмга ўтиб берган эканлар. Шунда устозлари: «То қиёматга қадар авлодингдан қори узилмасин!» деб дуо қилган эканлар.

Ҳусайн Аҳмад Маданийдан учта ўғил қолган. Улар Асъад Маданий, Аршад Маданий, Асжад Маданий. Бир қизларининг уйида 40 та мураттаб қори бор экан. Аршад Маданийнинг 10 та фарзанди (7 ўғил, 3 қиз) бор, ҳаммаси мураттаб қори экан.

Буюк устозни зиёрат қилиш мақсадида одамлар Ҳиндистондан кемага чиқиб, Малтага боришар экан. Инглизлар эса уларни қамоқхонага қўймагач, ҳеч бўлмаса, шу ерда устоз бор-ку, бизга зиёрат савобини берар дея, қамоқхона атрофини айланиб, дуо қилиб кетишавераркан.

Шунда Ҳусайн Аҳмад Маданий устозларига: «Устоз, бизни зиёрат қилгани келаётган одамларнинг кети узилмайди, лекин уларни бизга кўрсатишмаяпти, шу ерни айланиб-айланиб қайтишаётган экан» деса, Маҳмуд Девбандий айтган эканлар: «Қараб тургин, буларнинг ихлоси сабаб Аллоҳ таоло уларнинг болаларини қори қилади!».

Девбанд қишлоғининг нарироғида Амроҳа деган кичкина қишлоқ бор. У ерда 5000 та мураттаб қори бор. Ундан ҳам нарида Кандеҳла деган қишлоқ бор. Унда эса биронта ҳам мураттаб қори бўлмаган аёл йўқ!

Устоз Ёрқинжон қори раҳимаҳуллоҳ