Закот – Ислом динининг беш асосий рукнидан бири (иймон ва намоздан кейинги учинчиси). Шу билан бирга у Исломнинг ижтимоий рукнлари сирасига киради. Чунки Аллоҳ Таоло Тавба сурасининг 11-оятида шундай марҳамат қилади:
فَإِنْ تَابُوا وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَآَتَوُا الزَّكَاةَ فَإِخْوَانُكُمْ فِي الدِّينِ
Яъни, “Агар тавба қилсалар, намозни қоим қилсалар ва закот берсалар, бас улар диндаги биродарларингиздир”. Ушбу оятдан келиб чиқиб, илк Ислом даврида киши закот бериш билан жамият ҳаётига кириб келган. У орқали биродарлик ҳуқуқига, ана шу жамиятга тегишлилик ҳуқуқига ҳақли бўлган.
Закот – Аллоҳдан бўлган фарз. Лекин у жамоаларга умумий тарзда фарз қилинмаган. Закотни ана шу жамоалардан Аллоҳ ва Охират кунидан умид қилувчиси адо этади. Охиратга ишончи заиф, қалбида молга бўлган муҳаббати Аллоҳга бўлган муҳаббатдан устун кимсалар уни ташлаб қўядилар, бефарқ муносабатда бўладилар. Шундай бўлсада, Араб халифалигида инсонлар молидан закот олишни давлат ўз зиммасига олган.
Давлат нега инсонларга фарз қилинган ибодатга масъул бўлиши керак, ахир мол уларники-ку, нима учун закотга ажратилган молларини ўзлари беришмаган? Сабаби Аллоҳ Таоло закот бериладиган тоифаларни зикр эта туриб, улар сафига “садақа ишида ишловчиларга” деб, закот йиғувчиларга ҳам закотдан тайин қилди. Яъни Аллоҳ Таоло махсус шахсларни муайян вазифага – инсонлар молидан закот беришга тайинлади ва уларни “والعاملين عليها” (“унинг ишида ишловчилар”) деб атади.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам даврида закот Қуръонда келтирилган кўрсатмаларга амал қилиниб олинган. У зот соллоллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётганларида: “Сен уларга Аллоҳ бойларининг молларидан олиниб, камбағалларига қайтадиган садақа фарз қилганини ўргат. Молларининг яхшисини олишдан ҳазир бўл. Мазлумнинг дуосидан қўрқ, чунки унинг ва Аллоҳнинг орасида ҳижоб – парда бўлмайди”, деб айтганлар. Шайхулислом Ҳофиз ибн Ҳижр ҳазратлари: “Бу ҳадис шунга далолат қиладики, имом, яъни бошлиқ – закотни ё ўзи ё ноиби йиғувчи ва уни сарфловчи шахс. Улардан ким буни маън қилса, ундан қаҳр етади”, деганлар.
Ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг закот йиғиш, уни ёзиб бориш, сарфлаш ишларига кўмаклашган саҳобаи киромлар зикр этилган:
– Саҳиҳайнда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ҳадисда Умар розияллоҳу анҳу;
– Абу Довуд ривоятида Абу Масъуд розияллоҳу анҳу элчи қилиб юборилганлиги келтирилган;
– Аҳмад ривоятида Ҳузайфа розияллоҳу анҳу;
– Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Бани Мусталақ қабиласига – Валид ибн Уқба юборилгани айтилган;
– Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу – Фазорага;
– Заҳҳок ибн Суфён Килоний – Бани Килобга;
Бундан ташқари Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам араб оролларидан бошқа иқлимларга ҳам элчиларини жўнатганлар:
– Муҳожир ибн Умайя – Санога;
– Зиёд ибн Лабид – Ҳазромавтга;
– Аъло ибн Ҳазрамий – Баҳрайнга;
– Али розияллоҳу анҳу – Нажронга боришган.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг закотдаги котиблари – Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу эди. Агар у киши йўқ бўлсалар ёки узрли сабаблари бўлса, Жаҳм ибн Султ ва Ҳузайфа ибн Яман розияллоҳу анҳумалар ёзишган.
Келган мактубларни баъзи саҳобалар таржима қилишган. Бу вазифани Ҳузайфа ибн Яман, Арқам ибн Абуларқам, Холид ибн Саъд розияллоҳу анҳумлар бажарганликлари ривоят қилинади. Табарий ривоятида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳуни вафот этган йиллари Ҳавозин қабиласига жўнатиб, уларнинг мактубини таржима қилдирганликлари айтилган.
Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам закот йиғувчиларга молларнинг эгалари билан муомала қилишни, доимо уларга юмшоқ бўлишни, Аллоҳнинг ҳаққида эътиборсизлик қилмасдан уларга енгиллик қилишни ўргатар эдилар.
Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Аъробийлардан бўлган кишилар гуруҳи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: “Закот йиғувчилар бизларга келиб зулм қилишяпти,” дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уларга: “Закот йиғувчингиздан рози бўлинг”, дедилар”.
Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: “Агар мен закотни сизнинг элчингизга берсам, Аллоҳ ва Унинг Расулига беришдан халос бўламанми? (Яъни, шу кифоя қиладими?)”, деди. Улар: “Ҳа, Аллоҳ ва Унинг Расулига уни беришдан халос бўласан, сенга ажр бўлади, уни ўзгартирганга эса гуноҳ бўлади”, дедилар.
Бу ҳолат Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам даврларида ўзгармай келди. Ҳулофаи рошидинлар даврида ҳам бу анъана давом этди. Имом Байҳақий Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумалар закот йиғиш учун одам юборганликларини ривоят қилган. Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам юқоридаги ҳадисни ривоят қиларканлар, улар ҳеч қайси йили буни кечиктирмаганларини зиёда қилганлар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўз даврларида “Муҳаммад ўлди, энди закот бермаймиз!” деганларга қарши кураш очганлар.
Умар розияллоҳу даврига келиб Ислом сарҳадлари анча кенгайган, мусулмонлар ортган. Улар ҳам юқоридаги анъанани давом этганлар ҳамда закот ва ўлжалар йиғиш учун махсус давлат хазинасини – Байтул молни ташкил этганлар. У зот фақатгина Рамода йили (Мадинада қурғоқчилик ва очлик бўлган йил) ҳолат тақозосига кўра закот олишни кечиктирганликлари ривоят қилинган.
Аллоҳ ва Унинг Расули инсонларга закотларини уларга бошлиқ кишига топширишни буюрган. Ибн Умар розияллоҳу анҳума: “Закотларингизни Аллоҳ сизга бошлиқ қилган кишига топширинг, гарчи у хамр ичса ҳам. Ким яхшилик қилса ўзига яхши, ким гуноҳ қилса, ўзига зарар”, деб айтганлар.
Саҳл ибн Абу Солиҳ отасидан ривоят қилади: “Менинг молим закот нисобига етган эди. Саъд ибн Абу Ваққос, Ибн Умар, Абу Ҳурайра, Абу Саид Ҳудрий розияллоҳу анҳумлардан уларни тақсимлайми ёки султонга берайми, деб сўрадим. Уларнинг барчалари менга султона беришимни буюришди. Мен “Бу султоннинг нима қилаётганини кўряпсизку,” дедим. (У вақтда ҳокимият Умавийларда эди). Уларнинг барчалари: “Ҳа, уни султонга беравер”, дейишди ва ҳеч бирлари ихтилоф қилишмади”.
Шундай қилиб, Аллоҳ Таолонинг бандаларига фарз этиб жорий этган закотни йиғишни Ислом дини қай даражада тартибга солгани ҳақида қисман маълумотга эга бўлдик. Қодир Аллоҳ барчамизни закот берувчи ва шу орқали нажот топувчи бандаларидан бўлишимизни муяссар айласин!
Юсуф Қарзовийнинг “Закот фиқҳи” китоби асосида
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом билим юрти
мударрисаси Кенжабой ГУЛРУХ
тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Афв – ўч олишга қодир бўла туриб, тойилиш ва хатолардан ўтиб кечириб юбориш демакдир. Бунинг яна бир маъноси адоват ва нафрат каби иллатларни қалбдан кетказиш бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада: “Қиёмат кунида жарчи нидо қилиб: “Аллоҳнинг зиммасида савоби борлар турсин ва жаннатга кирсин”, дейилади, дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар кимлар?” – деб сўрашди. Набий алайҳиссалом: “Одамларни афв қилиб юборувчилар” [1], деб жавоб бердилар.
Агарда сиз ҳам Аллоҳнинг зиммасида ажри борлар қаторида бўлишни истасангиз сизга ёмонлик қилган, сизнинг ҳаққингиз борасида хато қилган кишининг хато ва камчиликларини кечириб юборинг. Ахир Аллоҳ таоло: «...Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас»[2], дейди.
Сизга нисбатан хато қилган кишиларга юмшоқ муносабатда ва сабрли бўлиш, сизни улушингиздан маҳрум қилганларга ҳам зиқналик қилмаслик, сиз билан алоқани узмоқчи бўлганлар билан ҳам алоқани ушлаб қолиш, узилганларини тезлик билан қайта йўлга қўйиш – буларнинг бари қандайин ахлоқ эканини кўрингки, улар ўз соҳибини қиёмат кунида юксак мартаба ва мақомларга эриштиради.
Ривоятларда келишича, бир аъробийни туҳмат қилгани сабабли султоннинг ҳузурига келтиришибди. У йўл-йўлакай «Мана менинг китобимни ўқинглар» деган ояти каримани тиловат қилиб борибди. Атрофдагилардан бири унга қарата: “Бу қиёмат куни айтилади, бугун эмас”, дебди. Аъробий жавоб бериб: “Худо ҳаққи, бу кун қиёмат кунидан-да ёмонроқ. Чунки қиёмат кунида менинг ёмонликларим билан бирга яхшиликларим ҳам кўрсатилади ва ҳисобга олинади. Бугун менинг ёмонликларимни эътиборга оляпсизлар-у, яхшиликларимни инобатга олармидингиз?!” – дебди.
Сиз отасиз! Фарзандингиз бир маротаба хатога йўл қўйдими, бундай вазиятда унинг барча яхшиликларини унутиб юборманг.
Мабодо дўстингиз сизга нисбатан бир гал хато иш қилиб қўйса, сиз у билан бирга елкама-елка туриб ўтказган яхши кунларингиз ва унинг чиройли дўстлиги ва садоқатини эсдан чиқарманг.
Муҳаммад ибн Абу Бакр раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейдилар: “Эй инсон! Сен ва Роббинг ўртасида Ўзидан бошқаси билмайдиган хато ва камчиликларинг бор. Аллоҳ уларни кечириб юборишини хоҳлайсан. Агар ростдан ҳам шу гуноҳларинг афв этилиши иштиёқида бўлсанг, у ҳолда У Зотнинг бандаларидан ўтган хатоларни кечир ва афв эт. Аллоҳ сенинг хатоларингдан кечишини истасанг, сен ҳам бандаларининг хатоларини ўтиб юбор”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган.
[2] Шуро сураси, 40-оят.