Нигериянинг Кадуна штатида яшовчи муслима Рамату ҳожи Тижоний яқинлашиб келаётган Пасха байрами муносабати билан насроний ҳамюртларига қувонч улашди. Бу ҳақда “IslamNews” нашрига таяниб “info.islom.uz” хабар берди.
У 50 та камбағал насроний беваларга товуқ гўшти ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини эҳсон қилган ҳамда бу ишини динлараро уйғунликка ҳисса қўшиш истаги билан амалга оширганини изоҳлаган.
Vanguard Nigeria нашри Рамату ҳожининг сўзларини келтириб, “бутун дунёдаги насронийлар шу ҳафта 40 кунлик рўза ва ибодатларини якунлайдилар, шундай кунларда беваларга товуқ гўшти ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан мадад беришга аҳд қилдим, токи улар диний байрамни дунёдаги бошқа насронийлар қатори хуш кайфиятда ўтказсинлар”, деганини маълум қилган.
Сахий Рамату ҳожи насронийларнинг Пасха байрамида савоб қилишни одатга айлантириб олган. Ўтган йили муслима тергов давомида қўлга олинган 10 нафар ёш насроний учун гаров пулини тўлаб, уларнинг байрамни озодликда, ўз оиласи даврасида нишонлашига имкон яратиб берган эди. “Бу тинчлик ва динлараро бағрикенгликка ҳисса қўшишнинг бир усулидир”, дейди у.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўтган солиҳлардан қоида ва мерос бўлган сўз бор:
من رام العلم جملة ذهب عنه جملة
."Кимки илмнинг ҳаммасини бирданига ўрганишни истаса, илмнинг ҳаммасидан қуруқ қолади"
Оз вақтда илмнинг ҳаммасини ўрганиб оламан, дея хомтама бўлган талаба, илмнинг ҳаммасидан бебаҳра қолади. Ҳеч нарсага эришмайди.
Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида нозил бўлган...
Имом Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳ "Ҳидоя" асарини 13 йил мобайнида рўзадор ҳолда ёзганлар...
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ "Саҳиҳул Бухорий"ни 16 йилда, таҳорат олган ҳолда ва икки ракат нафл намоз ўқиб, ёзганлар...
Илм китоблари ҳарфма-ҳарф ва калима-калима изоҳлаб ўрганилади. Игна билан қудуқ қазишга сабр-тоқат, олий ҳиммат, интизом ва узоқ вақт зарур. Шошқалоқлик ва пухталик бир-бирига зид – ҳеч қачон жамланмайди.
Муҳтарам толиби илм! Илмнинг боши сабрдир: китобга сабр қиласиз, устозга сабр қиласиз, яшаётган шаҳрингизга сабр қиласиз, ҳамдарсларингизга сабр қиласиз ва ҳоказо.
Илм олиш лаззатига эришгач, сабр мақомидан розилик ва муҳаббат мақомига ўтиб олгач ҳаётингиз мазмуни китоб ва устозлар суҳбатига айланади.