Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
31 Январ, 2025   |   1 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:14
Қуёш
07:35
Пешин
12:41
Аср
15:56
Шом
17:41
Хуфтон
18:57
Bismillah
31 Январ, 2025, 1 Шаъбон, 1446

Ота-онага ҳурмат кўрсатиш ва итоат қилишнинг мукофоти нима?

2.04.2018   6799   15 min.
Ота-онага ҳурмат кўрсатиш ва итоат қилишнинг мукофоти нима?

Ота-онага хизмат ва итоатнинг мукофоти Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъда берганларидек, фақат, Жаннатдир. Аллоҳ таоло солиҳ, Ўзининг розлигини топган бандаларига ҳар бирининг даражасига қараб мукофотларини ваъда қилади. Мўмин учун энг олий мукофот бу Аллоҳнинг жамоли. Аллоҳ жамолини эса жаннатийларга кўрсатади. Бу ҳақда Ўзи хабар беради.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам она-ота ҳақида сўралганида: “У иккови сенинг жаннатинг ва ё жаҳаннамингдир” (Ибни Можа), деб марҳамат қилганлар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида Жаннатни ҳали охиратга кўчмасдан туриб қўлга киритиш мумкинлиги ҳақида хабар бермоқдалар. Кўпчилигимиз ушбу ҳадиси шарифни кўп бора эшитган бўлсак-да, унинг моҳиятини чуқур англаб етмаганмиз. Нима учун?

Ислом уламолари: “Аллоҳ савобли амалларни бажарган бандаларини Жаннтига киритиши ҳақида ваъдалар берган, лекин аксарият инсонлар Жаннатнинг васфи ҳақида мукаммал тушунчага эга бўлмаганликлари туфайли унга интилиш борасида ҳам етрали даражада шижаот кўрсата олмайдилар”, дейдилар.

Ҳақиқатдан ҳам агар биз охир замон Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар бераётган ушбу ваъданинг мазмун-моҳиятини чин юракдан тушуниб, қабул қилиб, идрок қилганимизда эди, эрталабдан кечгача ота-оналаримизнинг олдиларидан жилмасдан, нима хизматлари бўлса жону дилдан бажариб ўтирган бўлар эдик. “Аллоҳнинг энг буюк мукофоти Жаннатга киришнинг битта йўли ота-онамнинг розилигини олиш экан, буни албатта қўлга киритишим керак, бу фурсат мен учун ғанимат, буларнинг ўзлари ҳам ғанимат”, деб ҳаракатимизни шунга яраша қилардик. Лекин ҳаётда ҳаммада ҳам бундай шижоатни кўриш мумкин бўлмайди. Сабаби бундай савобли амаллар ҳақида биз ўзларимиз ҳам етарли билим ва савияга эга эмаслигимиздадир. Шунинг учун ҳам Ислом уламолари диний билимларни олишда дин йўлида ҳаёт кечириб ўтиб кетган азиз авлиёлар, солиҳ бандаларнинг ҳаёт-фаолиятларини ҳам ўрганиб боришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайдилар. Чунки айнан шу азизларнинг ҳаётларидан кўплаб китоблардан ўқиб тушуна олмаган, ақлимиз қабул қилмаган нодир жиҳатларни билиб оламиз. Агар бу азиз зотларнинг ҳаётларини ўрганиб, тадқиқ қилиб, кундалик серташвиш ҳаётимиз орасидан улар учун ҳам жой ажратадиган бўлсак нур устига нур бўларди. 

Ибрат. Ислом дунёсининг машҳур олим ва фақиҳларининг ҳаёт тарзи билан танишадиган бўлсангиз, уларнинг Аллоҳ таоло ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан буюрилган бирорта амрга, кўрсатмага беэътибор бўлмаганликларини, аксинча ҳар бир буйруқ ва тавсияларга юксак ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлганликларини кўриш мумкин. Жумладан, мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам ота-оналари хизматларига қаттиқ киришган, уларга кўп яхшилик қилувчи инсон бўлган эканлар. Имом ота-оналари ҳаққига дуолар қилиб, истиғфор айтар, доимо улар номидан садақалар қилиб турган эканлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ оналари ёнида кечирган ҳаётларини ҳикоя қилиб берар эканлар, уларнинг оналарига кўрсатган ғамхўрликлари ва эҳтиромлари ҳар қандай одамни сергакликка тортиб, мулоҳаза билан иш юритишга даъват этади. Савобу гуноҳ масаласида хизматнинг катта-ю кичиги бўлмаслигига яна бир бор амин бўласиз. Бу муборак зот ўзлари ҳақида қуйидагиларни айтадилар: “Баъзан онамни Умар ибн Заррнинг мажлисига олиб борардим. Баъзан онам менга у кишига бориб, бирор масаланинг жавобини сўраб келишимни буюрарди. Мен бориб, у зотга ўша масалани зикр қилардим. У зотга: “Онам мени сиздан фалон-фалон нарсаларни сўрашимни буюрди” дердим. Шунда у киши: “Сендек бир одам мендан бу масалани сўрайдими?!” дердилар. Мен: “Онам шунга амр қилди” дердим. Шунда у зот: “Унинг жавоби қандай бўлади? Сен ўзинг менга айт, кейин мен сенга айтаман” дердилар. Мен у кишига жавобни айтардим. Кейин у киши ўша жавобни ўзимга қайтариб айтардилар. Мен онамга келиб, у жавобни айтардим. Бир сафар онам мендан бир нарсани сўради. Мен жавоб бердим. У киши жавобимни қабул қилмади ва: “Заръа воизнинг сўзинигина қабул қиламан” деди. Мен онамни Заръа воизнинг олдига олиб бориб: “Онам сиздан шу-шу нарсаларнинг жавобини сўраяпти” дедим. Шунда у киши: “Сен мендан билимдонроқ ва фақиҳроқсан-ку! Ўзинг фатво бер!” дедилар. Мен: “Шундай деб фатво бераман” дедим. У киши: “Жавоб Абу Ҳанифа айтган сўздир” дедилар. Онам рози бўлиб, ортига қайтди”. 

Демак, ҳадисга қайтадиган бўлсак унинг давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онани норизо қилиш бу дўзах учун дастхат эканини ҳам хабар бермоқдалар. Беҳад меҳрибон Аллоҳимиз бандаларини бир қатор амалларни бажармасликка, акс ҳолда дўзахга кириб қолишлари ҳақида огоҳлантириш беради. Ана шу тақиқланган амаллар қаторидан ота-онани норизо қилишлик ҳам ўрин олган. Аллоҳ таоло ва Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга “жаҳаннамдан ўзингизни сақланг, виқоя қилинг” деб такрор ва такрор огоҳлантириш беради. Бу ерда ҳам биз бандалар дўзахнинг нақадар мудҳиш ва аламли азоблар макони эканини чуқур англаб етмаганимиз туфайли бу нарсага ҳам бефарқ муносабатда бўламиз. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Заққумнинг бир томчиси дунё денгизларига томиб кетса, ер аҳлининг ҳаётини бузиб юборган бўлар эди”, (Термизий, Ҳоким) деганлар. 

Аллоҳ таоло айтади:

“Уларга тикан (зорийъ)дан бошқа таом йўқ.” (“Ғошия” сураси, 6-оят) 

 “Албатта, Заққум дарахти. Гуноҳкорлар таомидир. У худди эритилган маъдандек қоринларда қайнайдир. Қайноқ сувнинг қайнашига ўхшайдир.” (“Духон” сураси, 43-46-оятлар) 

“Ва ғислийн (йиринг)дан ўзга таом ҳам йўқ. У(таом)ни хатокорлардан бошқа ҳеч ким емас.” (“Ҳааққаҳ” сураси, 35-36-оятлар) 

Шунингдек, тафсирларда дўзахнинг табақа-табақа экани, дўзахийларнинг бир қисми заққум, бир қисми тикон ва бир қисми ғислийн (йиринг) ейишлари баён этилган. Қуръони каримда дзахнинг етти эшиги борлиги хабар берилади:

“Унинг етти эшиги бордир. Ҳар бир эшик учун улардан тақсимланган бўлаги бордир” деди. (“Хижр” сураси, 44-оят) 

Ояти карималарда дўзахийларнинг нима ейишларини баён этилишидан мақсад, уларнинг тортадиган азоб-уқубатларини, оғир ва қийин аҳволларини дунё аҳлларига билдиришдан иборат. 

“Дўзахийлар қоринлари очса, нима ейишади? Уларга қоринлари очганида таом учун Заққум дарахтининг меваси берилади. Заққум аччиқлиги ва заҳарлилиги билан оғизларда зарбулмасал бўлиб кетган. Ана ўша заҳар гуноҳкорларга таом бўлади, қоринларида эритилган маъдан, темир ёки мисдек ёхуд доғ қилинаётган ёғдек қайнаб туради. У худди сувдек қайнайди. Ояти карима ва ҳадиси шарифларда келтирилишича, жаҳаннам етти қаватдан иборат бўлиб, ҳар қаватининг алоҳида эшиги бўлар экан. Ҳар қавати бир-биридан ашаддийроқ бўлар экан. Чунки гумроҳлик, хатокорлик ҳам ҳар хил бўлади. Қилган гуноҳи даражасига қараб кофирлар турли қаватларга киритилади. Шайтонга эргашган гумроҳлар тақсимлаб, бўлиб-бўлиб, гуруҳларга ажратиб қўйилган бўлади. Ўша мазкур етти эшикдан гуноҳининг кўп-озлигига қараб бирин-кетин киритилаверадилар”, деб ёзилади “Тафсири Ҳилол”да.        

Заққум дўзахдаги жуда аччиқ, бадбўй, хунук дарахтнинг номи. Дўзах аҳли заққум, самум, қайноқ сув ва олов билан азобланади, уларнинг емиши фақат заққум, ичимлиги қайноқ сув бўлади. Зарийъ Арабистон ярим оролида ўсадиган бир турли тиканак, ғислийн эса дўзах аҳлининг қусуқ ва йиринглари демакдир. Дўзахиларнинг таоми шудир. 

Жаннатдаги ейиладиган ва ичиладиган нарсалар дунё неъматларига ўхшамаганидек, жаҳаннамнинг азобли еб-ичиладиганлари ҳам дунё азобларига ўхшамайди. Аллоҳ таоло жаннатини васф этиб унга киришга сабаб бўладиган ишларни бажаришга буюрганидек, дўзахнинг ҳам таърифларга сиғмайдиган даражадаги фожеали, мудҳиш ва қўрқинчли азобларини тушунтириш билан унга кирмасликка ташвиқ этади. Кўзимизга арзимаган бўлиб кўринган амалларни қилиб қўйиб, дўзахга тушиб қолмаслик чораларини кўришга чақириб, огоҳлантиради. Бу эса Унинг чексиз раҳмати жилваларининг фақатгина биттасидир. Бу раҳмат тажаллийсига ноил бўлиш учун оламларга раҳмат этиб юборилган ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишимиз лозим, шундагина бизларнинг қалбларимизга ҳам у раҳматлар тажалли қилади. 

Ҳадис. Абу Ҳурайра ва Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилади: “Кунлардан бир куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) минбарга кўтарилдилар-да, “Омин”, дедилар. Кейин иккинчисига кўтарилдилар-да, “Омин”, дедилар. Сўнг тик турдилар-да, “Омин”, дедилар. Бу ҳолатдан таажжубланган саҳобалар: “Нима учун “Омин”, дедингиз, ё Расулуллоҳ?” деб сўрашди”.

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳозир ҳузуримга Жаброил (алайҳиссалом) келиб, менга: “Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)! Сизнинг исмингиз зикр қилинганда, ким сизга салавот ва салом айтмаса, унинг бурни ерга ишқалансин”, деди, мен “Омин”, дедим.

“Ким ота-онасининг ёки улардан бирининг кексаликларида хизматларини қилмай, жаннатга кирмаса, унинг ҳам бурни ерга ишқалансин”, деди, мен “Омин”, дедим.

“Ким рамазон ойига етса-ю, гуноҳлари мағфират қилинмаса, унинг ҳам бурни ерга ишқалансин”, деб дуо қилди, мен “Омин”, деб жавоб қилдим, деб айтдилар (Имом Бухорий ва Имом Термизий).

“Бурни ерга ишқалансин”, деб таржима қилинган бирикма “хор бўлсин, юзтубан бўлсин” деган маънода ишлатилади. 

Ушбу ҳадиси шарифда учта муҳим вазифанинг бажарилиши мутлақо шартлиги ҳақида огоҳлантириш берилмоқда.

Биринчиси, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва салом айтиш. Аллоҳ тао­ло бундай марҳамат қилади:        

“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг.” (“Аҳзоб” сураси, 56-оят) 

“Араб тилида “саловот” сўзи “салот”нинг жами бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам “салот” дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо “салот” Аллоҳ таоло томонидан бўлганида “дуо” маъносини йўқотади. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримизга (с. а. в.) саловот айтишининг маъноси у зотга (с. а. в.) ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўрсатиши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.” (“Тафсири ҳилол”) 

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади”, дедилар” (Бухорий).

Ушбу кўрсатмаларга мувофиқ ҳар бир мўмин Пайғамбаримизнинг исмларини эшитганида: “Соллаллоҳу алайҳи ва саллам” деб айтиши шариатимизда мустаҳаб амаллардан ҳисобланади. 

Иккинчиси, ота-она хизматини қилиш. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота-онага яхшилик қилиш ҳақида бир неча ояти карималарида буюрганини, жумладан, “Исро” сурасининг 23-оятида “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди...” билиб олдик. 

Учинчиси, энг муҳим эслатма бу рамазон ойининг рўзасини тутишликдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги(уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли)тақволи бўлсангиз (Бақара, 183). Бу оятдан маълум бўладики, рўза тутиш Одам (алайҳиссалом)дан то Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларигача яшаб ўтган барча пайғамбар ва улар орқали жамики башарият аҳлига фарз қилинган.

Рамазон ойи мўминлар учун раҳмат ва мағфират ойидир. Унинг чексиз фазилатларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Ҳадисларда бу ой келиши билан унинг ҳурматидан Аллоҳ таоло жаҳаннам эшикларини ёпиб, бандаларига чексиз раҳматини ёғдириши, иккинчи ўн кунлигида гуноҳлар кечирилиб охирида эса онадан янги тўғилган гўдакдек гуноҳлардан пок бўлиб, дўзах оловидан сақланишидек улкан имкониятлар палласи экани маълум қилинган. Бундай имкониятдан фойдаланмаган инсон ҳам Жаброил алайҳиссаломнинг дуои бадига гирифтор бўлиши муқаррар экани ҳадисда эслатилмоқда. 

Демак, Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онани рози қилинглар, жаннатга кирасизлар, Жаннат оналарнинг оёғи остида”,  дедиларми бу даъватга ҳеч иккиланмасдан бош эгишимиз, белни маҳкам бойлаб ишга киришишимиз шарт бўлади. Жаброил алайҳисаломнинг дуои бадига гирифтор бўлмаслик учун, агар уларнинг бирорталари ҳаёт бўлса ҳам ҳурматларини қозониб жаннатни қўлга киритишга ҳаракат қиламиз. 

Иёс ибн Муовиянинг онаси вафот этганда, у киши роса йиғлайди. Одамлар ундан: “Сизни нима йиғлатди?” деб сўрашади. Шунда у: “Менинг жаннат сари очилган иккита эшигим бор эди. Улардан бири беркилди” деб жавоб берган экан. 

Имоми Ғаззолий ўзининг “Иҳёу улумиддин” асарида “Онага қилинган яхшиликнинг савоби фарзандга икки марта қилиб берилади” дейди. Кейин қуйидаги ривоятни келтиради:

– Ҳазрати Мусо алайҳиссалом Аллоҳ билан гаплашаётган вақтида Парвардигор ҳузурига жуда ҳам тез борган, аршнинг соясида турган бир одамни кўриб қолади ва унинг мақомини ҳавас қилади. Кейин “Бу одам ҳарҳолда жуда ҳам карамли бўлса керак” деб ўйлайди. Аллоҳдан бу одамнинг исмини сўрайди. Бироқ Аллоҳ таоло унинг исмини айтмайди  ва:

– Лекин сенга унинг учта амалини айтаман, – деб уларни санаб ўтади:

– Аллоҳ лутф қилган одамларга ҳасад қилмасди, ота-онасига қарши бормасди, чақимчилик қилмас эди. 

Қуйидаги ҳадиси шарифларда ота-онани ризо қилиш йўлида ҳаракат қилган киши яна қандай мукофотлар билан тақдирланиши ҳақида хушхабарлар берилади.

 

Улуғбек Султоновнинг 
"Ота-онага хизмат қилиш 
одоблари" китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Роббим, Ўзинг мени уйғотгин

31.01.2025   620   9 min.
Роббим, Ўзинг мени уйғотгин

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Асли Бангладешлик ёш олимлардан бири, ҳозирда Буюк Британияда истиқомат қилувчи Аҳмад Маҳфуз ёзади:

2024 йилнинг 25-31 декабрь кунлари Истанбулга илмий сафар қилдим. Бу менинг қадимий Қустантиния(Византия)га бўлган бешинчи сафарим эди. Сафардан кўзланган мақсад улуғ, муҳаққиқ олим, йирик муҳаддис, шайх Муҳамммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ билан учрашиб, у кишининг фойдали суҳбатларидан баҳраманд бўлиш эди. Сабаби, Муҳаммад Аввомадек олимларнинг суҳбатлари бағоят манфаатли. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳнинг: “Соҳасини мукаммал билувчи олимнинг суҳбатида бўлиш, соатлаб, ҳатто кунлаб китоб ўқишдан кўра фойдалидир” деган сўзлари ҳам бунинг яққол далилидир.

Сафарни режалаштиришдан олдин, Шайхимизнинг ўғиллари,  Муҳйиддин Аввома ҳафизаҳуллоҳ билан боғландим.  У  киши менга, оталарининг илмий фаолиятлари ва турли китобларининг таҳқиқи билан банд эканликлари, қолаверса соғлиқларидаги ўзгаришлар сабабли фақат қисқа муддатга кўришишимиз мумкинлигини маълум қилдилар.

Меҳмонхонамиз Шайхимизнинг Истанбулдаги дарсхоналарига яқин эди. Шайх Муҳйиддин бизни тушликка таклиф қилиб, олиб кетиш учун машина жўнатдилар. Бу шайх Муҳйиддин ҳафизаҳуллоҳнинг юксак саховат ва гўзал хулқларидан далолатдир, Аллоҳ у кишини яхшилик ила мукофотласин.

Шайхимиз билан биринчи учрашувимиз 2024 йил 26 декабрь, пайшанба куни туш пайтида бўлди. Ушбу қисқа суҳбатда, шайхимиз аввало Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирийнинг "آثار السنن" китобига ёзган таълиқларининг нашр ишлари ҳақида сўрадилар. Мен шундай жавоб бердим: "Мен 2023 йил октябрда Карачи шаҳридаги илмий сафаримда Аллома Муҳаммад Юсуф Баннурийнинг ўғли Шайх Муҳаммад  Ҳабибуллоҳдан: “Аллома Кашмирийнинг ушбу таълиқлари устидаги ишлар ниҳоясига етган, тез орада бир неча мужаллад қилиб нашр қилинади» деб эшитган эдим. Шайхимиз: “Бундай хабарларни узоқ вақтдан буён эшитиб келяпмиз, лекин китоб ҳали чоп этилмаган”, – дедилар.

Шайхимизнинг иккинчи саволлари: “Аллома Юсуф Баннурий ўзининг устози Аллома Кашмирийни неча йил лозим тутиб, у кишидан дарс олган?” –  деб сўраганлари бўлди. Мен аниқ жавобни билмасдим,  “унчалик кўп эмас, тахминан беш йил атрофида бўлиши мумкин” дедим. Шайхимиз: “Ҳа, мен шу масалани узоқ вақтдан бери қидиряпман”, дедилар.

Охирида шайхимиз: “Янги нашр қилинган асарларинг борми?” –  деб сўрадилар.

Ўтган йили каминанинг таҳқиқи билан “الآمالي على سنن أبي داود” китоби икки жилдда нашр қилингани, ўтган йили охирги учрашувимизда , ундан шайхимизга ҳам ҳадия қилганим эсимда эди. Ўшандан кейин бошқа янги нашрларим бўлмаганини, магистратура дисертациям ва бошқа инглиз тилидаги тадқиқотларим билан банд бўлганимни билдирдим.

Шайхимизнинг алоҳида эътибори мени жуда илҳомлантиради. 2019 йил октябрь ойида

 “الفوائد المنتقاة من آمالي إمام العصر محمد أنوار شاه الكشميري”  номли китобимни  шайхимизга тақдим қилгандим. Шундан буён, ҳар сафар учрашганимизда, шайхимиз Кашмирийнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида гапирадилар ёки менга бу мавзуда саволлар берадилар. Шайхимиз мени, бу катта олимни ҳаддан ташқари яхши кўрувчи ва у кишининг ходимларидан бири деб ўйлашларини ҳис қиламан. Бу шунчаки  ички ҳиссиёт бўлиши мумкин, лекин бу ҳолат мени жуда илҳомлантиради.  Айнан шу илҳом имом Кашмирий ва бошқа имомларимизнинг илмий меросларини чуқурроқ ўрганишга туртки беради. Шайхимизнинг бу ишлари камина ҳақида яхши фикрда эканликларидан  деб ўйлайман ва Аллоҳ таолодан бу кичик, камтарона хизматимизни қабул қилишини сўрайман.

Шайхимиз билан 27 декабрь, шанба куни яна бир бор учрашишга муяссар бўлдим. Мен у кишига  Аллома Баннурий имом Кашмирийни қанча вақт лозим тутгани ҳақида қидирганимизни,  Урду тилидаги мақолада Аллома  Баннурийнинг ўзи: “Мен олий диний таълимни Дебанддаги “Дорул Улум”да ҳижрий 1345-1347 йилларда олдим. Сўнг шайхимиз аллома, имом Анвар Шоҳ Кашмирийни кечасию кундузи лозим тутдим. Бу тўлиқ бир йилдан зиёдроқ давом этди”,  деган гапларини топганимиз хабарини бердим. Бу мақола Карачидаги ислом илмлари университетининг кам сонли чиқадиган “Баййинот” журналида чоп этилган бўлиб, уни Шайх Муҳаммад Ҳабибуллоҳ Мухтор араб тилидан урду тилига таржима қилган ва чоп эттирганди. Мақоланинг асли араб тилида аллома Баннурийнинг ўзи томонидан ёзилган экан.

Шайхимиз бу маълумотдан жуда хурсанд бўлдилар, ва аллома Баннурий имом Кашмирийнинг шогирдлари ичида ажралиб турганини зикр қилдилар.

Шундан кейин шайхимиз Имом Анвар Шоҳ Кашмирийнинг шогирдларидан яна бири, Бадр Олам Миртаҳий ҳақида қизиқ бир воқеани ҳикоя қилиб бердилар. Бу зот Имом Кашмирийнинг “Саҳиҳи-Бухорий”га ёзган шарҳларини машҳур “Файзул Борий” китобига жамлаганлар.

“Бир куни  Бадр Олам Мадинада, равзаи-шариф олдида чиройли, оқ либосда юрганида, бир киши унга яқинлашиб, ким эканини сўраган. Бадр Олам ўзини таништириб: “Мен Бадр Оламман”, деганида, ҳалиги киши: “Йўқ, сен Бадр Олам эмассан, Бадр Олам бу қабрнинг эгаси!” – деб қабрга ишора қилган экан.(бу ердаги Бадр Олам исм бўлиб, у луғатда бутун дунёнинг ёрқин, тўлин ойи маъносини билдиради). Шайхимиз бу қизиқарли ҳикояни айтиб бўлиб, одатларига мувофиқ табассум қилдилар.

Менинг одатим шуки, катта олимларнинг оила аъзолари билан учрашиб қолсам, бу олимнинг шахсий ва оилавий ҳаётидан ўрнак олиш мақсадида баъзи саволларни бераман. Истанбулдаги охирги кечамизда, Шайхимизнинг ўғиллари Муҳйиддин Авомма бизни меҳмонхонадан уйларига олиб кетиш учун иккинчи ўғиллари Муҳаммадни юборди. Муҳаммад инглиз тилида атеистларга қарши жуда яхши китоб ёзган киши. У машинани бошқариб, бизни олиб кетаётганда, мен гап бошлаб: “Аллоҳ сизнинг оилангизни илмда бизларга етакчи бўлишингиз учун танлади, энди сиз машинада ҳам бизнинг етакчимизсиз!” дедим. Биродаримиз Муҳаммад табассум қилди,  сўнгра мен унга: “Биз ҳар доим бобонгизнинг илмий китобларини ўқиб, ундан кўплаб фойдалар оламиз. Лекин сиз шайхимизни яқиндан биласиз, шахсий ҳаётларидан бирон-бир фойдали маълумотни биз билан бўлишсангиз” дедим. У: “Сизларга иккита нарсани айтишим мумкин. Биринчиси, бобом дунё ишлари ҳақида ҳеч қачон гапирмайди, сўзлари фақат илм ҳақида бўлади. Ҳатто сув сўраганда ҳам, гапириш ўрнига қўллари  билан ишора қиладилар. Иккинчиси, у киши жуда кучли ирода соҳиби, ҳимматлари жуда олий. Ёшлари катта бўлишига қарамасдан, ҳеч қандай дангасалик аломатларини кўрмайсиз.

Етиб борганимизда, бошқа бир ўринда, Муҳйиддин Авоммага шу саволни бердим. Аллоҳга ҳамд бўлсин, у киши бизга отасининг кундалик жадвали ҳақида кўплаб муҳим маълумотларни айтиб берди. Бу суҳбат биздек илм толибларига жуда фойдали бўлди. Қуйида у кишининг гапларининг қисқача мазмунини келтираман. Ушбу жадвални биродаримиз Абдуллоҳ Фаҳем суҳбат ёзилган тўлиқ тасмадан ажратиб бердилар.

Шайхимизнинг ўғиллари, доктор  Муҳйиддин Авомма айтадилар:

“Мен отамни умридан бир дақиқани ҳам беҳуда сарфлаганини кўрган эмасман. У кишининг вақт сонияма-сония режалаштирилган. Бу отамнинг  икки асосий устозлари: Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда ва Шайх Абдуллоҳ Сирожуддинларнинг йўналишларини ўзларида мужассам қилганликлари сабаблидир. Отам ўзларини илм ва ибодат орасида қаттиқ ушлайдилар. Шайх Абдулфаттоҳ илм ва таҳқиққа қаттиқ эътибор беришлари билан машҳур бўлса, Шайх Абдуллоҳ илмга қўшиб тасаввуф, кечаси намоз ўқиш кабиларни жамлаганлари билан машҳур.

Отам иккала жиҳатни – илмга бўлган катта эътибор, ҳар бир сонияни қадрлаш ҳамда  тасаввуф орасини бирлаштирган. Албатта, бу жисмоний ҳолатлари ва соғликларига бевосита боғлиқ.

Отам шу ёшларида ҳам кеч соат 12:00да ухлашга ётадилар. Нимага бунча кеч ухлашларини сал кейин тушунтираман. Лекин ҳар куни бомдоддан  уч ярим соат олдин уйғонадилар. Бу ёз кунлари кечаси ухлашга улгурмайдилар, дегани. Чунки соат 4:00 да бомдодга азон айтилади,  ундан уч ярим соат олдин эса, 12:30 бўлади ва фақат ярим соат вақт қолгани учун ухламасдан, тунларини кундузига улаб юборадилар. Қиш кунлари кечалари узун бўлганда ҳам, ҳеч қачон керакли пайтда уйғотиш учун “уйғотгич” (будильник) қўймайдилар. Отам менга: “Мен Роббимга дуо қилиб,  “Роббим, менинг қачон уйғонишимни истасанг – шунда уйғот” деб айтаман, у доим бомдоддан уч ярим соат олдин уйғотади” дегандилар.


Ҳадис илми мактаби талабаси
Саидмаҳмудхон Урватиллаев таржимаси

Мақолалар