Маълумки, кўҳна Насаф диёридан етишиб чиққан аллома Абул Мўъийн ан-Насафий калом илмининг мустақил фан сифатида ривожланиши, ислом дунёсида мотуридия таълимотининг кенг тарқалиши йўлида олиб борган улкан ишлари билан ажралиб туради. Аллома қолдирган илмий-маънавий мерос нафақат ўз замонаси, балки турли хил оқимлар, фирқалар ўз бузғунчи ғоя ва мақсадларини давом эттираётган ҳозирги давр учун ҳам долзарб ҳисобланади. У кези келганда Ироқда аҳли сунна доирасида мотуридия билан бир вақтда вужудга келиб, у билан айрим қарашларида жузъий ихтилофларга борган ашъарийларга ҳам асосли раддиялар берган.
Шунингдек, аллома асарларида ўрта асрларда кенг ёйилган қадария, хорижия, жаҳмия, қирмития, шиа, мушаббиҳа, муътазилия ва карромия каби адашган оқимларга қарши курашилган. Эътиборли жиҳати, ушбу ғоялар ИШИД, сохта салафийлик, Ҳизбут-таҳрир сингари адашган замонавий тўдаларга ҳам қарши курашиш йўлларини кўрсатиб беради. «Қашқадарё» нашрининг билдиришича, бу борада алломанинг яқинда ўзбек тилига таржима қилиниб, кенг китобхонлар эътиборига ҳавола этилган “Ат-тамҳид ли қавоиди-т-тавҳид” китоби муҳим аҳамиятга эгадир.
Тадқиқотларга кўра, жаҳон кутубхоналарида мазкур асарнинг 7 нусхаси бўлиб, улар Араб давлатлари университетига қарашли арабий қўлёзмалар институтида, Миср китоблар уйи ҳамда Истанбул университетида сақланади.
Аввало, шуни таъкидлаш жоиз, Абул Мўъийн ан-Насафий аксар ақидавий ихтилофлар сабаб вужудга келган хунрезликлар барҳам топиб, барча ишлар аҳли сунна ақидасига кўра қарор топган, турли нотинчликлар, фитна ва курашлардан холи бир даврда яшаган.
Абул Мўъийн ан-Насафий китоб муқаддимасида келтиришича, ҳокимлардан бири аҳли сунна вал-жамоат ақидасини ёзиб беришни илтимос қилган. Муаллиф ҳокимнинг кимлигини айтмасдан, уни улуғ сифатлар билан тавсифлайди. Айни пайтда ҳар бир масаланинг кўз юмиб бўлмайдиган асосий жиҳатларини ва улардан энг муҳимлари, ҳужжатларнинг энг тўғрисини келтиришни таъкидлайди.
Умуман, Насафий асарларига хос хусусият шуки, уларда мухолиф фирқа ва мазҳабларнинг ноҳақлигини исботлашда кичик – аҳамиятсиз далиллардан воз кечилган, иборалар ўқувчига малол келувчи узундан узоқ ҳам эмас, тушунишга қийин бўладиган жуда қисқа ҳам эмас, балки барчага бирдек англашиладиган ўртача йўл танланган.
“Тамҳид” барча замонларда долзарблик касб этган ақидавий масалаларни ўз ичига олган бўлиб, унда таквин, калом сифатлари, пайғамбарлик исботи, амаллар хусусида батафсил баён қилинган.
Китобнинг номидан кўринадики, у фақат тамҳид, яъни муқаддима. Шунинг учун унда тавҳиднинг умумий қоидалари баён қилинган. Муаллиф асарни қисм – бобларга ажратиб, фасллар тартиб беради. Шунга кўра, китоб нарсаларнинг ҳақиқатлари ва илмлар ҳақидаги фасл билан бошланади. Бу бўлимда нарсаларнинг ҳақиқатини инкор қилувчи сафсатачилар билан мунозара қилинади. Токи бу инкор уларга фойда бермаслиги, аксинча, шу инкорларнинг ўзи бир ҳақиқатни эътироф этиш эканини англасинлар.
Биламизки, инсон зоти илму ҳикматни қабул қилишга тайёр, ўсиш ва камолот даражаларига кўтарилишга лаёқатли қилиб яратилган. Бироқ у турли жоҳиллик ва нодонликлардан ҳам четда эмас, шунинг учун инсоният орасига элчи, яъни пайғамбарлар жўнатилади. Бироқ айрим адашган фирқалар пайғамбарликни рад этишган.
Абул Мўъийн ан-Насафий оламни яратишдан мақсад инсон экани, пайғамбарларни юбориш йўли билан халқ учун чиройли оқибат ҳосил бўлиши ва одамлар орасида бекорчилик ва бузғунчиликка чек қўйилишини таъкидлайди.
Аҳли сунна ва муътазилийлар орасида ихтилофли масалалардан бири ризқ бўлиб, бунда қуйидаги саволлар туғилади: “Ҳаром ҳам ризқми?”, “Киши бошқа бировнинг ризқини ейиши мумкинми?”
“Ризқ” сўзи “мулк” маъносида шарҳланса, ҳаром ризқ бўлмайди ва киши бошқа бировнинг ҳам ризқини ейиши мумкин бўлади. Бу – муътазилия эътиқоди.
Абул Мўъийн ан-Насафий бу тушунчани ботил ҳисоблаб, “ризқ” сўзини фойдаланиладиган (ейиладиган ва ичиладиган) нарса, деб тафсир қилади. Шунга биноан ҳаром ҳам ризқдирки, ҳар ким ўз ризқини – ҳалолми, ҳаромми – тўла қилиб тугатади. Ҳеч ким бошқанинг ризқини еёлмайди.
Насафий рофизийларнинг “Имомлик фақат Ҳошим авлодларига хос ёки фақат Али ва унинг авлодларига хос” деган фикрларини рад этади. Мисол учун, ўз даврида барча Абу Бакрнинг имомлигига иқтидо қилган, ваҳоланки у ҳошимий бўлмаган. Насафий Абу Бакр Сиддиқ қурайший бўлиши билан бирга имомга керак бўлган диндорлик, илм ва парҳезкорлик каби сифатларни ўзида жам қилганини айтади. Ўз навбатида аллома рофизийларнинг “Абу Бакр Алидан имомлик ҳаққини тортиб олган”, деган даъволари асоссиз эканини қайд этади. Чунки Абу Бакр бировнинг ҳаққини тортиб олмас ва ўз ўрнида, Али ҳам зулмга рози бўлиб, жим турмас эди. Яхшиликка буюриш ва 92 ёмонликдан қайтариш билан сифатланган саҳобалар ҳам Абу Бакр зўравонлик қилаётган бўлса, Алига ёрдам беришдан тийилиб турмас эдилар.
Абул Мўъийн ан-Насафий ўз китоби ва унинг фасллари, масалаларини жойлаштиришга эътибор билан ёндашган, такрорлар учрамайди. Бир-бирига ўхшаш масалалар чиқиб қолса, гап чўзилишидан қочиб ва мавзудан чиқиб кетмаслик учун бу масалани олдин зикр қилганини айтади. Агар тафсилотга эҳтиёж сезса, “Табсирату-л-адилла” китобига ёки шу мавзуга тегишли бошқа асарларга ҳавола қилади. Мухолифлар билан мунозара қилишда ақлга таянса-да, баъзан луғат билан ҳам далиллар келтиради.
Муътазилийлар ўлим бошқа, ўлдириш бошқа, дейди. Каъбийнинг: “Ўлим – Аллоҳнинг феъли, қатл (ўлдириш) эса банданинг ишидир” деган гапи ҳам нотўғри, дейди Насафий. Аллома фикрича, қатл қилинган киши ҳам ўз ажали билан ўлган. Яъни Аллоҳ банданинг ўлдирилишини ўз илми азалийси билан билиб, шу ўлдирилиш вақтини унга ажал муҳлати қилиб белгилаган.
Муаллиф маърифат – билиш йўли билан бўлган илм сабабларини баён қилиб, уларни учга бўлади: беш сезги, тўғри хабар, ақл. Беш сезги (таъм, кўриш, эшитиш, ҳид, сезиш)дан ҳар бирининг ўз вазифаси бўлиб, бошқа вазифага ўтолмайди. Бу сезгилар билан илм ҳосил бўлиши шу даражада аниқки, уни инкор қилувчи ўз қайсарлигини очиқ баён қилувчи мутакаббирдир.
Муаллиф тўғри хабарни иккига бўлади: биринчиси – тасдиқланган, кетма-кет келувчи хабар. Унга кўра, ахборот шундай одамлар томонидан етказиладики, аввало, уни етказувчилар сон жиҳатдан кўпчиликни ташкил қилади. Сўнг уларнинг бир вақтда бир маконда тўпланиши мумкин бўлмагани боис бирор ёлғон маълумотни тарқатиш имкони бўлмайди.
Иккинчиси – мўъжиза билан қувватланган пайғамбарнинг хабари. Тўғри хабарнинг бу тури далилларга қараб ҳосил бўладиган илмни ҳосил қилади.
Насафий золимлик ҳам, нодонлик ҳам одамларнинг ўзи томонидан содир бўлиши, ҳар қандай одам зарур бўлганида, ўзининг нималарга мажбур ва нималарда ихтиёрий эканини ажрата олишини таъкидлайди. Демак, бу масалада жабарийлар билан баҳслашиб ўтиришнинг маъноси йўқ. Чунки уларнинг эътиқодига кўра, баҳслашувчи, сўровчи ва жавоб берувчи яратганнинг ўзи бўлиб қолади, бу эса ақлан ботил. Абул Мўъийн ан-Насафий бу фирқа инқирозга учраб, унинг бирорта ҳам тарафдори қолмаганини айтади.
Умуман олганда, буюк ватандошимиз Абул Мўъийн ан-Насафий томонидан адашган фирқаларга берилган асосли раддиялар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганки, алломанинг “Ат-тамҳид ли қавоиди-т-тавҳид” китобини ўқиган киши бунга яққол ишонч ҳосил қилиши мумкин.
Дилафрўз Муқимова, Қарши давлат университети ўқитувчиси
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг барча сифатлари ҳам камолот сифатларига дахлдор эканига шубҳа бўлиши мумкин эмас. У кишининг буюк ҳаётларини диққат билан ўрганган уламолар Оиша онамиз розияллоҳу анҳода бошқаларда бўлмаган қирқта комилалик сифатлари бор эканини таъкидлайдилар. Ана шунинг учун ҳам бу ҳақда бир-икки оғиз сўз айтмоқни раво кўрдик.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканмиз, бу сифатлар рўйхатининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадиси шарифлар туришини айтиб ўтмоғимиз лозим. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида ажойиб мадҳларни айтганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша! Мана бу Жаброил, у сенга салом айтмоқда», дедилар.
«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим».
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа кимга салом айтганлар?
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа биргина инсонга – Оиша онамиз розияллоҳу анҳога салом айтганлар.
Мана шу улуғ мақомнинг ўзи бир оламга татийди.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади.
Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир», дедилар».
Иккисини Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда аслида аёлларнинг, хусусан, Марям онамиз, Осиё онамиз ва Оиша онамизнинг бошқа аёллардан устун бўлган фазллари ҳақида сўз боради.
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар».
Эркаклардан баркамол бўлганлар рўйхатининг аввалида Пайғамбар алайҳиссаломлар турадилар. Улардан бошқа баркамол эркаклар ҳам бор. Бу ҳақиқат ҳаммага маълум.
«Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади».
Бу икки улуғ зотнинг баркамол бўлганликлари Қуръони каримда уларнинг биргаликда, хос зикр қилинишларидан ҳам билиб олинади.
Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:
«Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: «Роббим! Менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва менга золим қавмдан нажот бергин», деб айтди», деган (11-оят).
Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин эди. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан, у кофир ва золим эрига ҳамда қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини сўради. Бу ҳол эса дунё ҳою ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.
Мўминларнинг иккинчи мисоли Марям бинти Имрондир.
«Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни (мисол келтирди). Бас, унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва У Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди» (12-оят).
Имроннинг қизи Марям Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ана шу пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган.
«Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир».
Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари – Оиша онамизнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бошқа аёллардан фазлларини сарийд деб номланадиган таомнинг ўша вақтдаги бошқа таомлардан устунлигига ўхшатмоқдалар.
Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар яшаб турган жамиятнинг шароити ва таомилига кўра, сарийд бошқа таомлардан афзал таом ҳисобланар эди.
Худди шунга ўхшаб, Оиша онамиз ҳам бошқа аёллардан афзал эдилар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?!
Ушбу мақомга бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлдилар.
Термизий ва Бухорий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиниси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.
«Оиша», дедилар.
«Эркаклардан-чи?» дедим.
«Унинг отаси», дедилар.
«Сўнгра ким?» дедим.
«Сўнгра Умар», дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирларида қилиб қўймасинлар, деб, сукут сақладим».
Аллоҳнинг Расули учун одамларнинг қайсиниси энг маҳбуб экан?
Аллоҳнинг Расули учун одамлар ичида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо энг маҳбуб эканлар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?
Ушбу мақомга бу дунёда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлибдилар.
Имом Абу Яъло «Муснад»ларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Менга ҳеч бир аёлга берилмаган тўққиз нарса берилган:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланишга амр қилинганларида Жаброил алайҳиссалом суратимни олиб тушиб, у зотга кўрсатган.
– У зот менга бокира ҳолимда уйланганлар. Мендан бошқага бокира ҳолида уйланмаганлар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлари менинг қучоғимда турган ҳолда вафот этдилар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда дафн қилиндилар.
– Фаришталар менинг уйимни ўраб олган эдилар. У зотга мен у кишининг кўрпаларида турганимда ваҳий нозил бўлар эди. У зот мени ўзларидан узоқлаштирмас эдилар.
– Мен у зотнинг халифалари ва сиддиқларининг қизиман.
– Менинг оқловим осмондан нозил бўлган.
– Мен покнинг ҳузурида пок яратилганман.
– Менга мағфират ва карамли ризқ ваъда қилинган».
Имом Қуртубий ўз тафсирларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканлар, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:
«Баъзи аҳли таҳқиқлар айтурлар:
«Юсуф алайҳиссалом фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини бешикдаги гўдакнинг тили билан оқлади.
Марям фоҳишаликда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини ўғиллари Ийсо алайҳиссаломнинг тили билан оқлади.
Оиша фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини Қуръон билан оқлади. Аллоҳ у киши учун гўдакнинг оқлашини ёки набийнинг оқлашини раво кўрмади. Аллоҳ у кишини туҳматдан Ўз каломи ила оқлади».
Аллоҳ таоло бу дунёда кимни туҳматдан Ўз каломи ила оқлабди?
Аллоҳ таоло бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони туҳматдан Ўз каломи ила оқлаган.
"Нубувват хонадони хонимлари" китобидан.