Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Июл, 2025   |   22 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:25
Қуёш
05:05
Пешин
12:34
Аср
17:39
Шом
19:58
Хуфтон
21:30
Bismillah
17 Июл, 2025, 22 Муҳаррам, 1447

Тиловат: билишимиз керак бўлган одоблар

29.03.2018   52573   9 min.
Тиловат: билишимиз керак бўлган одоблар

Қуръон ўқувчи қори холис ният қилиши, тиловат одобларига амал қилиши лозим. У тиловат чоғида ўзини Аллоҳ таолога муножот қилаётгандек тутиши, Аллоҳни кўриб тургандек ҳолатда бўлиши керак. Гарчи у кўрмаса ҳам, Аллоҳ таоло бандани кўриб туради.

Қуръон тиловати ва қориларнинг одоблари:

– Қироатдан олдин оғиз мисвок ёки бошқа воситалар билан тозаланади. Мисвокнинг энг афзали арок дарахтидан олинганидир. Аммо тишларни тозалашда бошқа воситаларни ҳам ишлатса бўлади.

Агар оғизда қон ёки бошқа нарсалар бўлса, уни ювиб ташламай Қуръон тиловат қилиш макруҳ саналади;

– Қуръон таҳоратли ҳолда ўқилади. Агар сув топилмаса, таяммум қилинади. Жунуб ва ҳайз кўраётган аёл бир оят ёки ундан кам миқдорда бўлса ҳам ўқиши ҳаром. Аммо ҳарфларни талаффуз қилмасдан, қалбдан ўтказса бўлади. Шунингдек, бундай ҳолда Мусҳафга назар солиш ҳам жоиз.

Жунуб ва ҳайз кўрган аёл тасбеҳ, таҳлил, таҳмид, такбир айтиши ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот йўллаши мумкин. Бу тоифадагилар мусибат етганда Қуръон оятини ният қилмаган ҳолда “иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун”, дейиш жоизлигига уламолар иттифоқ қилишган. Шунингдек, улар уловга минишда “субҳааналлазий саххоро ланаа ҳаазаа ва маа куннаа лаҳув муқринийн”, деб айтишлари ва фақат дуо нияти билан “роббанаа аатинаа фид-дунйаа ҳасанатав-ва фил-аахирати ҳасанатав-ва қинаа азаабан-наар”, дейишлари ҳам жоиз;

– Қироат қилинадиган жой пок ва озода бўлиши лозим. Шунинг учун кўп уламолар масжидда Қуръон ўқиш мустаҳаб деганлар. Чунки масжид доимо озода бўлади. Бунда масжиднинг ҳурмати ва шарафи ҳам эътиборга олинади;

– Қуръон ўқувчи қироатни бошлашдан аввал “аъузу биллааҳи минаш-шайтонир рожийм”, дейди. Бу фикр жумҳур уламоларнинг сўзларидир.

Аллоҳ таоло айтади:

فَاسْتَعِذْ بِاللّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ  فَإِذَا قَرَأْتَ الْقُرْآنَ

“Қачон Қуръон ўқисанг, малъун шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрагин!”  (Наҳл, 98).

Кўпчилик салаф уламолар тааввузни “аъузу биллааҳис-самийъил ъалийми минаш-шайтонир рожийм” тарзида айтишарди. Ушбу сийға (шакл) ҳам мақбул, лекин энг афзали биринчисидир (яъни, “аъузу биллааҳи минаш-шайтонир рожийм”).

Хоҳ намозда ёки бошқа ҳолатда бўлсин қироат аввалида таъаввузни айтиш мустаҳаб, вожиб эмас. Шунингдек, Тавба сурасидан бошқа ҳамма суралар аввалида “بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ” яъни, “бисмиллааҳир-роҳмаанир-роҳийм”ни айтиш лозим. Агар басмалани тарк қилса, кўпчилик уламоларнинг фикрича, Қуръоннинг одобини бузган ҳисобланади;

– Агар қори адашиб кетмаса, Қуръонни йўлда ёки сафарга кетаётганида қироат қилиши жоиз. Агар қироатда хаёли чалғиса ёки янглишса, у ҳолда йўлда тиловат қилиш макруҳ

وَعَنْ حُمَيْدٍ الأَعْرَجِ عَنْ مُجَاهِدٍ قَالَ: إِذَا تَثَاوَبْتَ وَأَنْتَ تَقْرَأُ فَأَمْسِكْ عَنْ الْقِرَاءَةِ حَتَّى يَذْهَبَ عَنْكَ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ.

Ҳумайд Аърож Мужоҳиддан ривоят қилади: “Ўқиётганингда эснасанг, эснаш тўхтагунича қироат қилмай тур” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да ривоят қилган).

Демак, эснаётганда Қуръон ўқиш мумкин эмас. Бунда тиловатни тўхтатиб туриб, оғизни ўнг қўл билан ёпиш керак. Бу ҳам одобдандир;

– Намоздан ташқари ҳолатда ҳам қиблага юзланиб тиловат қилиш мустаҳаб.

– Қуръон ўқувчи қори сокин ва виқор билан, бошини қуйи солиб, ўзини худди устози олдида ўтиргандек тутиши лозим.

Аллоҳ таоло айтади:

لِّأُوْلِي الألْبَابِ  خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَاخْتِلاَفِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لآيَاتٍ  إِنَّ فِي

الَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللّهَ قِيَاماً وَقُعُودا وَعَلَىَ جُنُوبِهِمْ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ

رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَذا بَاطِلاً سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّار

Албатта, осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб тургувчи Зот мавжуд эканига) оят-аломатлар бордир. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни зикр қиладилар ҳамда осмонлар ва Ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): “Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилишдан)поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагин!” (Оли-Имрон, 190-191).

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу: “Мен Қуръонни намозда ҳам, ётоғимда ҳам ўқийман”, деган.

Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни унга қалбларингиз улфат бўлиб турганда қироат қилинг. Қачон ихтилоф қилсангиз туриб кетинг”, дедилар” (Икки шайх ривоят қилган).

Ушбу ҳадиси шарифни уламоларимиз икки хил таъвил қилганлар.

Биринчи таъвил: Қуръоннинг маънолари ҳақида иттифоқ бўлиб турганингизда қироат қилинг. Агар ихтилоф қилиб қолсангиз, талашиб-тортишиб жанжаллашмасдан ўрнингиздан туриб кетинг.

Иккинчи таъвил: Қуръонни қалбингиз унга иштиёқ қилиб, ошиқ бўлиб турганда ўқинг. Қачон малол кўришни сезсангиз ўрнингиздан туриб кетинг.

Албатта, бу икки маънога ҳам амал қилмоқ керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ чиройли овозли набийнинг овоз чиқариб Қуръонни оҳангли қилиб ўқиганига қулоқ солганчалик ҳеч бир нарсага қулоқ солмаган”, дедилар” (Учовлари ривоят қилган).

Ушбу ҳадиси шариф Қуръони каримни қоидаси билан чиройли қилиб қироат қилиш жуда ҳам марғуб амал эканига далилдир.

Абу Довуд ва Бухорийнинг ривоятида:

“Қуръонни овозларингиз ила зийнатланглар. Ким Қуръонни оҳанг билан ўқимаса биздан эмас”, дейилган.

Қуръони каримни қоидага мувофиқ қилиб оҳанг билин ўқимоқ даркор. Ким тажвид қоидаларига ва оҳанг билан қироат қилишга амал қилмаса макруҳ ишни қилган бўлади. Баъзи уламолар бу ишни ҳаром, ўшани қилган одам гуноҳкор, деганлар.

Қуръони каримни қоидага риоя қилмай ўқиётганларни кўрган кишилар уларга бу иш нотўғри эканини тушунтирмоғи лозим.

Аллоҳ таоло:

وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلاً

“Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил” (Муззаммил, 4), деган.

Шарҳ: Қуръонни тартил билан ўқиш деб уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.

Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган фармони илоҳий барча мўмин- мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссалом умматларига тартил билан ўқиб берганлар.

Мусулмон уммати эса авлоддан авлодга ўз Пайғамбаридан қандоқ қилиб олган бўлса, шундоқ ўтказиб келмоқда. Қориларимиз Қуръон қироати қоидаларини тартибга солиб китоблар қилишган. Бу қоидаларни билиш ҳар бир мусулмон учун зарур. Шунинг учун ҳар бир мусулмон тажвид қоидалари бўйича бир китоб ўқимоғи, Қуръон тиловатини тажвид илмига эга бўлган қорилардан ўрганмоғи лозим.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У кишидан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари қандоқ бўлган, деб сўралганда, чўзиб ўқиш бўлган, деди ва Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, деб бисмиллаҳни чўзиб, ар-Роҳманни чўзиб, ар-Роҳиймни чўзиб қироат қилди» (Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган).

Шарҳ: Албатта, Аллоҳ таоло Қуръони каримни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали нозил қилган. У зот Қуръони каримни қандоқ қилиб қабул қилиб олган бўлсалар, худди шундоқ қилиб ўз саҳобаларига ўргатганлар. Саҳобаи киромлар эса худди ушбу ривоятда Анас розияллоҳу анҳу ўргатаётганларидек тобеинларга ўргатганлар. Ана шу тарзда Қуръони карим ва унинг қироати авлоддан авлодга омонат ила ўтиб келмоқда.

Хулоса килиб айтганда, Қуръони карим тиловати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиловатларига ўхшаши керак. Бунинг учун эса Қуръони карим ва унинг қироатини силсиласи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган устоздан ҳар бир ҳарфни, ҳар бир сўзни, ҳар бир оятни ўрганиш лозим бўлади. 

Азизахон МЎМИНОВА,

Хадичаи Кубро ўрта-махсус ислом билим юрти талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Жаннатга биринчи кирадиганлар

19.12.2024   21135   5 min.
Жаннатга биринчи кирадиганлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Муборак айтади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдларига келди ва: «Эй Расулуллоҳ, қиёмат кунида Аллоҳ таоло билан ҳамсуҳбат бўлувчилар ҳақида хабар беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улар Аллоҳдан қўрқувчилар, Аллоҳга бўйсунувчилар, ўзларини камтар олувчилар, Аллоҳ таолони кўп зикр қилувчилар», дедилар. У киши: «Эй Расулуллоҳ, жаннатга биринчи кирувчилар ҳам ўшаларми?» деб сўради. У зот: «Йўқ», дедилар. У кейин: «Унда, жаннатга биринчи кирадиганлар кимлар?» дея сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар жаннатга киришда бошқалардан ўзиб кетади. Шунда уларнинг олдидан фаришталар чиқиб: «Ҳисоб-китобга қайтинглар!» дейди. Фақирлар: «Нимамизга ҳисоб-китоб қилинамиз? Аллоҳга қасамки, бизларда мол-давлат бўлмаган бўлса, уни баъзилардан қизғаниб, баъзиларга исрофларча сарф қилмаган бўлсак. Шунингдек, бизлар амир ҳам эмасдик, баъзиларга адолат қилиб, баъзиларга зулм этган бўлсак. Бироқ бизларга Аллоҳнинг амри келди, биз Унга ибодат қилдик ва то ҳузурига келгунимизга қадар Унга тоатда бўлдик», дейди. Шунда уларга: «Жаннатга киринглар, амал қилувчиларнинг ажр-мукофоти нақадар яхши!» дейилади».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар ҳақида Аллоҳ таолодан қўрқинглар! Чунки Аллоҳ таоло қиёмат кунида: «Бандаларим ичидан танлаганларим қани?» дейди. Фаришталар: «Эй Парвардигор, улар кимлар?» деб сўрайди. Шунда Аллоҳ таоло айтади: «Улар қадаримга рози бўлган, сабр қилган фақирлардир, уларни жаннатга киргизинглар!» Бас, улар жаннатга киритилади. Фақирлар еб-ичиб турганида, бойлар ҳали ҳисоб қилинаётган бўлади».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фақирлар жаннатга бойлардан беш юз йил олдин кирадилар, у ярим кундир». Ровийларнинг бошқа силсиласидан келган ҳадисда: «Мусулмонларнинг фақирлари жаннатга бойлардан ярим кун, яъни, беш юз йил олдин киради», дейилган (Ҳасан саҳиҳ).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мусулмонларнинг фақирлари жаннатга бойларидан ярим кун олдин киради», деганларини эшитдим. Шунда: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим кун қанча?» деб сўрашди. У зот: «Беш юз йил», дедилар. «Бир йили неча ой?» дейишди. «Беш юз ой», дедилар: «Бир ой неча кун?» дейишди сўнг: «Беш юз кун», дедилар. «Бир куни қанча?» деб сўрашган эди, «Сизлар санайдиган кундан беш юзтаси», дедилар Расулуллоҳ».

Абу Али Даққоқдан: «Қайси сифат афзал: бой-беҳожатликми ёки фақирлик?» деб сўрашди. У киши: «Бой-беҳожатлик, чунки у Аллоҳнинг сифати, фақирлик эса, банданинг. Аллоҳнинг сифати банданинг сифатидан афзал, Аллоҳ таоло: «Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтождирсизлар. Аллоҳнинг Ўзи (барча оламлардан) беҳожат ва (барча) мақтовга лойиқ зотдир» (Фотир, 15), деган», деди.

Банданинг шарафи Аллоҳга муҳтожлиги, Уни улуғлаши, Унга бўйсуниши биландир. Агар бўйин Аллоҳга тавозеъ билан эгилса, шу эгилиш унинг азизлигидир.

Бойлик ҳам, фақирлик ҳам мол-давлатнинг кўп ёки камлигида эмас. Бу ерда энг олий учинчи даража ҳам бор. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган «каффоф», яъни, инсонларга муҳтож бўлмайдиган даражадаги ўртача ризкдир. У зот: «Эй Аллоҳим, Муҳаммад оиласининг ризқини етарли қил», деб сўраганлар. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша ҳолатларнинг афзалини, даража ва амалларнинг олийини сўраганлар.

Шунингдек, ҳамма олимлар ўта фақирлик ҳам, туғёнга олиб борувчи бойликнинг ҳам ёмонлигига иттифоқ қилишган.

Ибн Можанинг «Сунан»ида Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат куни фақир ҳам, бой ҳам, дунёда менга етарли даражада ризқ берилганида эди, деб орзу қилиб қолади».

Етарли ризқ эса, ночорлик билан беҳожатликнинг ўртасидир.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», деганлар. Чунки ўртаҳоллик туғёнга олиб борувчи бойлик офатидан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраган ўта ночорликдан ҳам саломат бўлишдир.

Соҳиби каффоф – ўртаҳол одам дунё неъматлари-ю шодликларида дабдаба қилмайди. Унинг ҳолати фақирникига яқин. Унга ҳам сабри учун фақирга бериладиган савоб берилади. Шунга кўра ўрта ҳол кишилар ҳам, иншааллоҳ, жаннатга фақирлар қаторида бойлардан беш юз йил олдин киради. Чунки улар ўртача ҳаёт кечирадилар, бой эмаслар. Ўртачалик эса, айни адолатдир. Аллоҳ таоло:

«Шунингдек, сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара, 143), деган.

Имом Қуртубийнинг «Тазкира»сидан

Мақолалар