Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Январ, 2025   |   18 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:45
Пешин
12:38
Аср
15:41
Шом
17:25
Хуфтон
18:43
Bismillah
18 Январ, 2025, 18 Ражаб, 1446

73 фирқанинг чиқишига асос бўлган 6 фирқа

23.05.2023   854   1 min.
73 фирқанинг чиқишига асос бўлган 6 фирқа

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Насоролар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади”, дедилар.

Бошқа бир ривоятда: “Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда. У – жамоатдир” ибораси зиёда қилинган (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадисда ва шу маънодаги бошқа ҳадисларда зикр қилинган фирқалардан мурод ақийдавий фирқалардир, бу ерда фиқҳий мазҳаблар назарда тутилмаган.

Фиқҳдаги ихтилоф, сиртдан хилоф бўлиб кўринган нарса аслида бир нарсани адо этишнинг турли кўринишларидир. Эътиқоддаги бўлиниш эса фирқачилик деб номланади. Баъзи фирқалар бошқасини кофирга чиқаради. Фирқаларнинг келишмовчиликлари тавҳид асослари, қазои қадар, Пайғамбарлик шартлари каби масалаларда бўлади. Ақийда китобларида ана ўша фирқаларнинг асосини қуйидаги олти фирқа ташкил этиши айтилган:

  1. Рофизийлар – шиалар ва уларга тобеълар.
  2. Жаҳмия – Жаҳм ибн Сафвоннинг ақийдавий фирқасига эргашганлар. Улар асосан Аллоҳ таолонинг сифатларини йўққа чиқариш, амалдан қолдириш билан машҳур бўлганлар.
  3. Ҳарурия – Хаворижлардан бўлиб, Куфа яқинидаги Ҳаруро деган жойда турганлар. Улар гуноҳкор мўмин дўзахда абадий қолади, гуноҳи кабира қилган мўмин эса кофирдир, дейдилар.
  4. Муржиъалар – “Калимаи тавҳидни тил билан айтиб, дил билан тасдиқласа бўлди, амалнинг кераги йўқ”, деганлар.
  5. Қадария – қазои қадарни инкор қиладиганлар.
  6. Жабариялар – “Инсон ҳамма ишларини мажбур ҳолда қилади, унинг ихтиёри йўқ”, деганлар.

Мансуржон БОБОЕВ,

Навоий вилояти “Мирхалил Майдон ота” жоме масжиди имом-хатиби.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Қуръонни ёдлай олмаяпман

17.01.2025   2115   2 min.
Қуръонни ёдлай олмаяпман

Ал-Кисоий ал-Куфий 119/737 йил Куфада дунёга келган.

Тўлиқ исми: Али ибн Ҳамза ибн Абдуллоҳ ибн Баҳман ибн Файрузм ал-Кисоий ал-Куфий. Имом ал-Кисоий ёшлигида илм ўрганишга жуда интиларди, лекин бошланғич даврда муваффақият қозона олмасди. Бир сафар Қуръонни ёд олишда қийналгач, устозига: “Мен ҳеч нарсани ёдлай олмаяпман, чарчадим”, деди.
Устоз унга сабр қилишни ва Қуръоннинг баракасига ишонишни тавсия қилди. Шундан сўнг, Имом ал-Кисоий сабр билан ҳаракат қилиб, Қуръонни мукаммал ёд олди ва кейинчалик машҳур қироат имомларидан бири бўлди. Бу воқеа сабр ва меҳнатнинг самарасини эслатади.

Ҳаёти: Ал-Кисоий Куфада туғилган ва тилшуносликда ҳам, қироатда ҳам юқори мақомга эга бўлган. Ундан нега «Кисоий» деб ном олганлиги ҳақида сўрашганида у, – "чунки мен ҳажда кисода (кийимда) эҳром боғлаганман", деб жавоб берган экан. У асли форс бўлиб, Бани Асад қабиласининг қулларидан эди.  

Илмий фаолияти: Унинг асосий устозлари Ҳамза ал-Куфий ва бошқа йирик қироатчилар бўлган. Бундан ташқари Куфа мактабини асосчиси ҳисобланади.
Муоз ал-Ҳарро ва Абу Жаъфар Руасийларда наҳвдан таҳсил олди. Улар-даги илмларни олиб бўлиб, улардан қониқмай қолгач, Басрага келиб Исо ибн Умар, Абу Амр ибн ал-Ало ва Ал-Халил ибн Аҳмаддан илм ўрганган. Қироатни эса Шўба ибн Ҳажжождан таълим олган. 

У зот жуда кўп асарлар ҳам ёзган: "Китаб мухтасар фи ан-наҳв" (Наҳвга оид қисқа бўлган китоб), "Китаб ал-ҳудуд фи ан-наҳв"  (Наҳвдаги ҳадлар оид китоб), "Китоб ал-қироат (Қироатга доир китоб)", "Китаб ал-адад (Сонларга доир китоб)", "Китаб ихтилаф ал-адад (Сонларнинг ихтилофига оид китоб)", "Китаб ал-ҳуруф (Ҳарфларга оид китоб)", "Китаб маоний ал-Қуръан (Қуръон маънолари ҳақидаги китоб)" каби кўплаб китоблар ёзган. 
Наҳвдан Фарро унинг хос шогирдларидан ҳисобланади. 

Кисоий 189/805 йил Рой шаҳрида вафот этган.

Маткаримов Нурмуҳаммад,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.