Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Январ, 2025   |   19 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:45
Пешин
12:39
Аср
15:42
Шом
17:26
Хуфтон
18:44
Bismillah
19 Январ, 2025, 19 Ражаб, 1446

73 фирқанинг чиқишига асос бўлган 6 фирқа

23.05.2023   886   1 min.
73 фирқанинг чиқишига асос бўлган 6 фирқа

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Насоролар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади”, дедилар.

Бошқа бир ривоятда: “Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда. У – жамоатдир” ибораси зиёда қилинган (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадисда ва шу маънодаги бошқа ҳадисларда зикр қилинган фирқалардан мурод ақийдавий фирқалардир, бу ерда фиқҳий мазҳаблар назарда тутилмаган.

Фиқҳдаги ихтилоф, сиртдан хилоф бўлиб кўринган нарса аслида бир нарсани адо этишнинг турли кўринишларидир. Эътиқоддаги бўлиниш эса фирқачилик деб номланади. Баъзи фирқалар бошқасини кофирга чиқаради. Фирқаларнинг келишмовчиликлари тавҳид асослари, қазои қадар, Пайғамбарлик шартлари каби масалаларда бўлади. Ақийда китобларида ана ўша фирқаларнинг асосини қуйидаги олти фирқа ташкил этиши айтилган:

  1. Рофизийлар – шиалар ва уларга тобеълар.
  2. Жаҳмия – Жаҳм ибн Сафвоннинг ақийдавий фирқасига эргашганлар. Улар асосан Аллоҳ таолонинг сифатларини йўққа чиқариш, амалдан қолдириш билан машҳур бўлганлар.
  3. Ҳарурия – Хаворижлардан бўлиб, Куфа яқинидаги Ҳаруро деган жойда турганлар. Улар гуноҳкор мўмин дўзахда абадий қолади, гуноҳи кабира қилган мўмин эса кофирдир, дейдилар.
  4. Муржиъалар – “Калимаи тавҳидни тил билан айтиб, дил билан тасдиқласа бўлди, амалнинг кераги йўқ”, деганлар.
  5. Қадария – қазои қадарни инкор қиладиганлар.
  6. Жабариялар – “Инсон ҳамма ишларини мажбур ҳолда қилади, унинг ихтиёри йўқ”, деганлар.

Мансуржон БОБОЕВ,

Навоий вилояти “Мирхалил Майдон ота” жоме масжиди имом-хатиби.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Сизга отилган тошлардан уй қуринг!

17.01.2025   3862   4 min.
Сизга отилган тошлардан уй қуринг!

Одамларга аслий ҳолатингиздан-да гўзал муомалада бўлинг. Зеро, зулм умрни қисқартиради. Биз атрофимиздагиларга зулм қилиб, ҳақларига риоя қилмаганимиз учун ҳам уларни йўқотамиз. Ўз ҳисоб-китобларимизни уларнинг камчиликлари устига қурамиз, лекин улардаги олийжаноб фазилатларни унутамиз. Уларни батамом айбсиз бўлишларига талабгормиз, шунингдек, “одам боласи хатодан холи бўлмайди” деган гапни далил қилиб ўзимизни оқлаймиз.

Мабодо одамлар сизни тошбўрон қилсалар ҳам, бу тошларни тўплаб, бирор-бир уйни таъмирлаш учун ишлатинг. Агар сизни гуллар билан қарши олсалар, гулдасталарни сизга таълим берган ва ночор пайтингизда қўлингиздан тутганларга улашинг.

Аввал Аллоҳга ишонинг, кейин эса ўзингизга. Айбларингизни тан олинг. Ишонинг, агар сиз ўша айбларингиздан халос бўлсангиз, орзуларингизнинг рўёбга чиқишига бир қадам қолади... Ўз хатоларингизни ёдингизда тутинг, дўстларингиз, яқин қариндош-уруғларингизни атрофингизда сақлаб қолишни истасангиз, уларнинг хатоларини эсингиздан чиқаринг. Билингки, ҳақиқий саодат киши бошқаларнинг айбини қўйиб, ўз айблари билан овора бўлишидадир.

Борди-ю, бирорта ишда муваффақиятни қўлга киритсангиз, ғурурланиб кетманг! Зеро, Аллоҳ азза ва жалла бу борада Нажм сурасининг 32-ояти каримасида: “...Шундай экан ўзингизни оқламанг, У ким тақводорлигини яхши биладир”, дея марҳамат қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам камтарликка тарғиб қилиб: “Аллоҳ таоло менга сизларнинг камтар бўлишингизни ваҳий қилди. Тоингки, бирорта одам бошқанинг олдида фахрланмасин ҳам, зулм ҳам қилмасин”,[1] дедилар.

Йиқилганингизда “одамлар атайлаб чоҳ қазиб қўйган” деган номаъқул хаёлни миянгиздан чиқариб ташланг. Аксинча, қайта туришга ҳаракат қилинг. Қаддингизни ростлаб олсангиз-да, ўзингиз каби йиқилганларга ёрдам қўлини чўзинг, ўзларини тиклаб олишларига кўмаклашинг. Ҳаёт йўлларининг пасту баландларига, машаққатларига сабрли бўлинг, кўзингизни каттароқ очинг ва ақлингизни йиғинг.

Душманингиз устидан ғалаба қозонсангиз-да, унинг омадсизлигидан қувонманг. Киши бошига мусибат келса, ҳеч бўлмаса дуо билан ҳамдард бўлинг. Аллоҳ таоло Шуро сурасининг 43-оятида бундай марҳамат қилади: «Шубҳасиз, ким сабр қилиб кечирса, албатта, бу мардлик ишларидандир». Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бундай деб дуо қилардилар: “...Аллоҳ, ҳасадгўй душманни менинг мағлубиятим сабаб қувонтирма”.

Қаноат ҳамда дангасалик, иззат ҳамда ғурур ва тавозеъ билан хорлик орасини жамлай олмайсиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ учун тавозеъли бўлса, Аллоҳ унинг мартабасини кўтаради, охир бориб иллийиннинг энг чўққисига олиб чиқади”, дея камтар бўлишга тарғиб қилганлар.

Ўзингиз учун бир солиҳ кишини дўст тутинг ва уни  асраб-авайланг. Бу борада Расулуллоҳ соллаллҳу алайҳи васаллам: “Киши ўз қадрдон дўстининг динида бўлади, шундай экан ҳар бирингиз ким билан дўст тутинганига бир назар ташласин!” дедилар. Солиҳ дўстингизни майда-чуйда нарсалар билан итоб қилаверманг, унинг янглишишларига аҳамият берманг, ахир, тамоми камолот сифатига эга бўлиш фақат Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзигагина хосдир.

Одамлар билан хусуматлашманг. Чунки беҳуда тортишувлар дўстлик арқонини узиб, руҳиятлар орасида тўсиқ пайдо қилади. Солиҳ кишиларнинг ичи тор бўлмайди, аксинча, улар кўнглини кенг қиладилар ва бошқаларнинг айбларини кўтарадилар. Одамларнинг ёмонликларини хотирангиздан ўчириб ташланг ва уларнинг яхшиликларини ёдингизда тутинг.

Сизга тааллуқли ишларда хато қилганларга ҳам бағрикенг бўлинг, уларни “бир узри бордир” дея оқлашни ўрганинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Бирортангиз Абу Замзамдай бўлишга кучи етмайдими?! У қачон уйидан чиқса, мен ўз обрўйимни одамларга садақа қилдим, дер эди”, деган сўзлари ҳам одамларнинг бир-бирларига айтган баъзи гаплари ёки хатолари борасида кенгфеълли бўлишга тарғибдир.


Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.

 


[1]  Имом Муслим ривояти.