Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Май, 2025   |   19 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:27
Қуёш
05:03
Пешин
12:24
Аср
17:26
Шом
19:40
Хуфтон
21:10
Bismillah
17 Май, 2025, 19 Зулқаъда, 1446

Миссионерлар домига тушган 50 га яқин шахс иймонга қайтди

28.03.2018   3198   2 min.
Миссионерлар домига тушган 50 га яқин шахс иймонга қайтди

Бугун, 28 март куни Тошкент шаҳридаги "Шайх Зайниддин" масжидида имконияти чекланган шахслар иштирокида тадбир ўтказилди. Тадбирнинг ўзига хос жиҳати шундаки ушбу тадбирда ногиронлиги ва эътиборнинг сустлиги сабабли миссионерлик гуруҳлари домига тушиб қолган имконияти чекланган шахслар иштирок этдилар. Уларга муқаддас Ислом дини ҳақида сурда таржимонлар ёрдамида маълумотлар берилди.

“Мен дин йўлида қаттиқ адашганлигимни билдим, иймон келтириб ҳақ динга қайтиш ниятим бор!”- дея кўзларига ёш олган бу йигитнинг сўзлари қалб тубидан чиққан эди. Қўлини юраги устига қўйиб, имо-ишора билан “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” калимасини келтирар экан, кўзларида ёш билан ўз миннатдорчилигини билдирди.

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсинки, 2 ойдан бери имконияти чекланганлар (кар, соқов) билан олиб борилаётган тадбирларда 50 яқин аёл-эркаклар миссионерликдан ислом динига қайтишди.

2018 йил 28 мартда ўтказилган тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шуҳрат Турдиқулов имконияти чекланганлар билан уларни қийнаётган муаммолар ҳақида суҳбат олиб борилди. Муаммолар борасида ёшларни иш билан таъминлаш, араб тили грамматикасини ўрганишни ҳохловчиларга курслар очиш, тиббий операциялар учун моддий ёрдам бериш каби масалалар кўрилди.

Имконияти чекланганлар орасидан сўзга чиққанлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Аёллар маслаҳат марказ”ларига, Тошкент шаҳар вакиллигига ўз миннатдорчиликларини билдиришди. Олиб борилаётган тадбирларда уларга ҳам бошқа инсонларга ўхшаб эътибор берилаётгани, суҳбатлар натижасида оилавий низоларнинг барҳам топаётгани, асосийси ислом дини ҳақида етарли илм олаётганликларини изҳор қилишди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Аллоҳнинг ёрдами яқин

16.05.2025   1142   3 min.
Аллоҳнинг ёрдами яқин

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир ажойиб ҳолат ҳақида фикр юритдим: баъзида мўминнинг бошига бир иш тушса, у астойдил дуо қилади, аммо дуоларининг ижобати кўринмайди. Умидсизликка тушай деганда, унинг қалбига қаралади. Агарда у Аллоҳнинг фазлидан умидини узмагани ҳолда тақдирига рози бўлса, дуонинг ижобати тезлашади. Бу маънолар Аллоҳ таоло нозил қилган ояти каримада ўз ифодасини топган: «...Ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: “Аллоҳнинг ёрдами қачон (келар экан)?» деган эдилар. Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг ёрдами (ҳамиша) яқиндир”»[1].

Шундай ҳолат Яъқуб алайҳиссалом билан ҳам бўлган. У зотнинг ўғиллари Юсуф алайҳиссалом дом-дараксиз йўқолиб қолганида, кушойиш келишидан ноумид бўлмаганлар. Кейинги ўғиллари ҳам тортиб олинганида, у зот Аллоҳнинг фазлидан умидларини узмаганлари ҳолда: «...Шоядки, Аллоҳ уларнинг (Юсуф, Бинямин ва Мисрда қолган ўғлимнинг) барчаларини (бағримга) қайтарса...»[2], деганлар.

“Дуойимнинг ижобат бўлиш муддати узайиб кетди”, деб қайғурманг. Аллоҳ таоло сизнинг тазарруингиз, ялиниб-ёлворишларингизни кўришни ирода қилмоқда. Сизни қилган сабрингизга ажр ила мукофотламоқчи. Сиз шайтон билан жанг қилишингиз учун ҳам дуойингизнинг ижобатини кечиктириш ила сизни синаяпти.

Гоҳида Аллоҳ таоло сизнинг азиймат, қатъиятингиз нақадар қувватли экани ва балога қанчалик сабрли эканингизни кўриш учун ҳам дард бериб имтиҳон қилади. Агар сабр қила олсангиз, демак, сиз итоаткор бандалар сафидасиз. Борди-ю, иродасизлик қилсангиз, зиёнкорлардан бўласиз. Сабрдан кейин фақат ва фақат ечим, ёруғ кунлар бор.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу  анҳу: “Сабр қилсанг, ажрга эга бўласан, барибир ёзилгани бўлади. Сабрсизлик қилсанг, гуноҳкор бўлиб қоласан, барибир ёзилгани бўлади”, деганлар.

Шоир айтади:

Балою имтиҳон келса, аларга ҳар он ризо кўрсат,
Синов берган сиҳатни ҳам Ўзи бергай аниқ, албат.
Бандасига не ҳукм этса, ҳикмати бор, итоат қил,
Битганидан қутулмоқлик чорасиздир, бил, эй ғофил!
Ноумидлик ханжарини кўкрагингга урма аммо,
Ки Аллоҳнинг қудратила ечилгайдир ҳар муаммо.

 Аллоҳдан умидингизни узманг. Синовларга сабр қилинг, шундагина улкан ажрларни қўлга киритасиз. Фазл ибн Саҳл айтади: “Касалликларда неъматлар бор”. Бу борада қуйидагиларга эътиборли бўлинг:

– гуноҳлардан тозалаш;
– савобни қўлга киритиш;
– ғафлатдан уйғониш;
– соғлик неъматини эслаб қўйиш;
– тавбага шошилиш.

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Бақара сураси, 214-оят.
[2]  Юсуф сураси, 83-оят.