Ислом динида дастлаб қабрларни зиёрат қилиш ман қилинган эди. Негаки, жоҳилият даврида араблар мусибат етганида Аллоҳнинг тақдиридан норози бўлиб ғазабланишар, қабр тепасига бориб оҳу-воҳ қилишарди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини фитнадан сақлаш учун қабр зиёратидан қайтарган эдилар. Кейинчалик саҳобаларнинг қалбларига иймон чуқур ўрнашиб, эътиқодлари мустаҳкам бўлгач, уларга қабрларни зиёрат қилишга рухсат бердилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди уларни зиёрат қилинглар”, — дедилар.
Қабрларни зиёрат қилиш одамларни ёмонликлардан узоқ бўлишга, диёнатли бўлишга, ўзини ислоҳ қилишга, қилаётган амаллари тўғрисида бир кун келиб яратганнинг олдида жавоб бериши ҳақида ўйлашга ундайди. Ривоят қилинишича Умар розияллоҳу анҳунинг узукларига ҳам “Ўлим ваъз насиҳат олишга кифоя қилади, эй Умар”, деб ёзилган экан.
Ҳар бир ишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари, одоби бўлгани каби қабр зиёратида ҳам ўзига хос тартиб-қоидалари, одоби мавжуд:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишдан олдинги бетобликларида: “Аллоҳ таоло пайғамбарларининг қабрларини саждагоҳ қилиб олган яҳудий ва насороларни лаънатлади”, дедилар.
Қабристонга зиёратга келган киши ўтганларнинг ҳақларига Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қилмоғи лозим. Қабр ичида ётганларнинг ҳолати ва вақти келиб ўзининг ҳам олдида турган охират сафари борасида тафаккур қилмоғи даркор. Аллоҳ таоло ўтганларимизни ўз раҳматига олсин!
Абдурауф ЁРБЕКОВ,
Ховос тумани «Абу Ҳанифа»
жоме масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Савол: Биринчи ракат тугаб, саждадан иккинчи ракатга тураётганда бир-икки сония ўтириб, кейин туриш суннат деб эшитдим. Бу қанчалик тўғри?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Буни фиқҳий китобларимизда "Жалсаи истироҳа" яъни, "ором олиб ўтириш" деб номланади. Бундан биринчи ва учинчи ракатлар охирида саждадан кейин қиёмга туришдан олдин бир оз ўтириб олиш тушунилади ва бу амал ҳанафий мазҳабида макруҳ амал саналади ("Ал-Лубоб шарҳул китоб").
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Пайғамбаримиз алайҳиссалом намозда бевосита қадамларининг олд қисмига таянган ҳоллларида (яъни, ерга суянмай ва ўтирмаган ҳолда) туришлари ривоят қилган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.