Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Декабр, 2024   |   22 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:21
Bismillah
23 Декабр, 2024, 22 Жумадул сони, 1446

Қийинчилик ва синовларга дуч келяпсизми? Унда...

27.03.2018   4701   6 min.
Қийинчилик ва синовларга дуч келяпсизми? Унда...

Ҳаётимиз ўзгарувчан эканлиги, ютуқ ва мағлубиятлардан, қийинчилик ва енгилликлардан иборатлиги ҳаммамизга маълум. Улар худди кун тунга, тун кунга алмашгани каби ўзгариб туради. Кеча қувончдан бошимиз осмонга етаёзган бўлиши мумкин, лекин бугун эса қайғудан кўзларимиз олди қоронғуликка бурканиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Ҳаётнинг ушбу чархпалагида қандай қилиб оёқда қола оламиз? Қандай қилиб синовли дунёнинг гирдобига ғарқ бўлмаслик мумкин?

Синовларга дош бериш мушкул, инсон табиатига кўра заиф, шу сабабли ҳам қийинчиликларни енгиш унга имконсиздай туюлаверади. Ҳар ким ўзи учун турлича тиргак қидиради, Яратганни таниганлар эса Унга таянади, ўзига юборилган синовларни сабр билан қабул қилади. Имон эгаси бу дунёда ҳеч нарса Аллоҳнинг изнисиз содир бўлмаслигини билади, шунинг учун барча тақдир беқарорликларини босиқлик билан қабул қилади. Аллоҳ таолонинг марҳамати ҳар қандай мусибату қайғудан устун эканлигини англаган банда Яратгандан таскин излайди ва Унгагина умид қилади. Аллоҳ таоло ҳар биримизга мурожаат қилган Муқаддас Қуръон оятларини ўқир экан инсон хотиржамликка эришади ва унда келажакка ишонч пайдо бўлади.

Қуръони Карим, сўзсиз, инсонларга кўрсатма, нур, эслатма, саодат калити этиб юборилган. Қуйидаги оятлар киши ҳаётининг мушкул паллаларида ёрдам беради ва синовларни сабот билан енгишига, чиройли сабр қилишига кўмаклашади:

 

1-оят:

إِنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا

Яъни, “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси 6-оят).

2-оят:

قَالَ لَا تَخَافَا إِنَّنِي مَعَكُمَا أَسْمَعُ وَأَرَى

Яъни, (Аллоҳ) айтди: «Қўрқмангиз! Албатта, Мен сизлар билан биргаман – эшитаман ва кўраман” (Тоҳо сураси 46-оят).

3-оят:

اللَّهُ وَلِيُّ الَّذِينَ آَمَنُوا يُخْرِجُهُمْ مِنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ وَالَّذِينَ كَفَرُوا أَوْلِيَاؤُهُمُ الطَّاغُوتُ يُخْرِجُونَهُمْ مِنَ النُّورِ إِلَى الظُّلُمَاتِ أُولَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ

Яъни, “Аллоҳ имон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматдан нур сари чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлар (бутлар)дир. Уларни (кофирларни) нурдан зулмат сари чиқарадилар. Ана ўшалар дўзах аҳлидирлар ва улар унда мангу қолувчилардир” (Бақара сураси 257-оят).

4-оят:

أَحَسِبَ النَّاسُ أَنْ يُتْرَكُوا أَنْ يَقُولُوا آَمَنَّا وَهُمْ لَا يُفْتَنُونَ

Яъни, “Одамлар: “Имон келтирдик”, – дейишлари билангина, синалмаган ҳолларида қолдириладилар, деб ўйладиларми?! (Анкабут сураси 2-оят).

5-оят:

الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ

«(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир” (Мулк сураси 2-оят).

6-оят:

كُلُّ نَفْسٍ ذَائِقَةُ الْمَوْتِ وَنَبْلُوكُمْ بِالشَّرِّ وَالْخَيْرِ فِتْنَةً وَإِلَيْنَا تُرْجَعُونَ

Яъни, “Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир. Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин) Бизнинг ҳузуримизгагина қайтарилурсиз» (Анбиё сураси 35-оят).

7-оят:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اصْبِرُوا وَصَابِرُوا وَرَابِطُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

Яъни, “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!” (Оли Имрон сураси 200-оят)

8-оят:

سَلَامٌ عَلَيْكُمْ بِمَا صَبَرْتُمْ فَنِعْمَ عُقْبَى الدَّارِ

Яъни,(Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай. Дунё оқибати (жаннат) нақадар яхши!” (Раъд сураси 24-оят)

9-10-оятлар:

اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ لَا تَأْخُذُهُ سِنَةٌ وَلَا نَوْمٌ لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ مَنْ ذَا الَّذِي يَشْفَعُ عِنْدَهُ إِلَّا بِإِذْنِهِ يَعْلَمُ مَا بَيْنَ أَيْدِيهِمْ وَمَا خَلْفَهُمْ وَلَا يُحِيطُونَ بِشَيْءٍ مِنْ عِلْمِهِ إِلَّا بِمَا شَاءَ وَسِعَ كُرْسِيُّهُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَلَا يَئُودُهُ حِفْظُهُمَا وَهُوَ الْعَلِيُّ الْعَظِيمُ

لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ قَدْ تَبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ فَمَنْ يَكْفُرْ بِالطَّاغُوتِ وَيُؤْمِنْ بِاللَّهِ فَقَدِ اسْتَمْسَكَ بِالْعُرْوَةِ الْوُثْقَى لَا انْفِصَامَ لَهَا وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ

Яъни, “Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) ҳамиша Барҳаёт ва абадий Турувчидир. Уни на мудроқ тутар ва на уйқу. Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Уникидир. (Қиёмат куни)  Унинг ҳузурида  ким ҳам (гуноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди?! (У) улардан (одамлардан) олдинги ва кейинги  нарсаларни билур. (Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаган миқдорича ўзлаштирурлар. Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур. У иккисини муҳофаза этиш Уни толиқтирмас. У Олий ва Буюкдир”.

“Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. Бас, ким шайтонни (ёхуд бутларни) инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, демак, у бузилмас, ишончли ҳалқани тутибди. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир” (Бақара сураси 255-256-оятлар).

Аллоҳ таоло барчамизни синов ва қийинчиликларни сабр билан енгувчи, ҳар қандай ҳолатда Ўзидан нажот топгувчи ва Каломига муҳаббатли бандаларидан қилсин!

А.САИДЖАХОНОВ,

Бекобод тумани “Амиров Дадахон” жоме масжиди имом-хатиби тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

 “ЖУМАДАН ЖУМАГАЧА” (20.12.2024)

22.12.2024   11581   1 min.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати