Тараққиётнинг янги даврида Ўзбекистонда рўй бераётган янгиланишлар нафақат юртимиз аҳолиси, балки дунё ҳамжамиятини ҳам ҳайратга солмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан жамиятнинг барча соҳалари қатори дин йўналишида ҳам улкан савобли ишлар қилинмоқда-ки, бундан барча мамнун бўлмоқда. Ўтган бир ярим йил давомида халқимизга берилган эркинликлар ва яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳаммамизни беҳад қувонтирмоқда. Хусусан, диний соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни алоҳида таъкидлаш керак. Ўтиб бораётган қисқа муддатни асрга татигулик йил бўлди, десак сира муболаға бўлмайди. Шу вақт ичида бир қанча ҳайратга сазовор ўзгаришлар содир бўлди. Келинг шулардан айримларини келтириб ўтамиз:
– мамлакатимиз пойтахтидан тортиб, энг олис ҳудудларида ҳам янги жоме масжидлар очилмоқда, азон товушлари баралла янграб, халқимизни жомелар бағрига чорламоқда;
– исломий таълим муассасалари сони 11 тага етди. Бухорода Олий мадраса иш бошлади. Халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва илмий мактаблар очилгани илмий изланишларни яна бир поғона кўтарган бўлса, ўтган йил охирида Ислом академияси ташкил этилиши бундай ишларни энг юқори даражага олиб чиқиш учун катта асос бўлади, иншоаллоҳ;
– телевиденияда ҳар куни диний кўрсатувлар эфирга кетмоқда, айниқса, “Сўраган эдингиз”, “Қуръони каримни ўрганамиз”, “Олтин силсила”, “Битиклар мутолааси” каби кўрсатувлар дастлабки сониданоқ мўмин-мусулмонлар қалбидан жой олди;
– яна бир хурсандчилик, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Ҳилол нашр” нашриёти билан ҳамкорликда Қуръони карим чоп этилиши мўмин-мусулмонлар кўпдан бери кутган қувончли воқеа бўлди.
Мана шундай ишлардан одамларнинг шоду хуррамлиги ниҳоятда чексиз. Уларнинг руҳониятида рўй бераётган ўзгаришлар ва ҳаяжонларини ифодалаш жуда қийин. Бутун республикамиз бўйлаб давом этаётган қорилар мусобақаси ҳаммасидан ҳам файзли бўлмоқда. Чунки бу бир мусобақа дегани билан унинг таровати, файзу баракаси ҳеч кимни четлаб ўтмаяпти. Қуръони карим ўқилган, тиловат қилинган жойга раҳмат фаришталари тушади, балою қазолар даф бўлади, одамлар орасида меҳр-муҳаббат зиёда бўлади. Буларни кўриб қувониш ҳам, Аллоҳга ҳамду сано айтиш ҳам чин мўминлик сифатидир.
Ҳақиқатан, Аллоҳ таъолонинг фазлу карами билан мана шундай савобли ишларнинг ташаббускори давлатимиз Раҳбари экани ва ҳукуматимизнинг барча ташкилотлари ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётганини сира унутмаслигимиз керак. Дин соҳасида янгидан-янги хайрли ислоҳотлар давом этмоқда. Соҳани тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни замон талабига мослаштириш борасида ҳам саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Шу ўринда афсус билан айтиш керакки, айрим шахслар ёки кучларнинг таъсири остида баъзи диний ходимлар томонидан оқибатини ўйламай эълон қилинаётган мақолалар, ҳақиқий воқеликка зид бўлган хабарлар кўпчиликни ранжитмоқда. Тарқатилган материаллар масжид очиш бўлсин, Қуръон курслари ташкил этиш бўлсин ёки ҳамкор ташкилотлар тўғрисида бўлсин, уларнинг бирортаси ҳақиқий ҳолатни ифода этмайди. Тўғри камчиликларимиз ҳам бор, лекин камчилик ёки тушунмовчилик қайси соҳада йўқ? Бугун жамиятимиздаги ҳамма соҳада иқтисоддан тортиб, ижтимоий, маърифий, маданий соҳаларнинг барчасида тубдан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Нима учун? Чунки бугунги замон, тезкор ахборот асри шуни талаб этмоқда. Бундай ҳолатда агар муносабат билдириладиган бўлса, ё масалага объектив ёндашиш керак ёки умуман муносабат билдирмаган мақул бўлади. Зеро, бўлиб турган жараёнлардан тўғри хулоса чиқармай асоссиз важлар билан Ҳукумат идораларига, юқори ташкилотларга тош отишлар бу ўта маданиятсизликдан бошқа нарса эмасдир.
Мўмин-мусулмонларга берилаётган имкониятлар, барпо этилаётган масжидлар, йўл ёқаларидаги очиладиган намозхоналар, илмий мактаблар, халқаро марказлар, дунёнинг эътиборини тортаётган қорилар мусобақаси, баралла айтилаётган азонлар, намозхонларнинг тўп-тўп бўлиб ибодат қилаётганини эътироф этиш ўрнига айрим ҳал этилаётган муаммолар ҳақида шошқалоклик қилиб ноўрин гап-сўзларни айтишлик ҳақиқий мўминлик сифатига тўғри келмайди.
Бошқа қатор ишларда бўлгани каби дин соҳасидаги ишларнинг бош ташаббускори ҳам муҳтарам Президентимиз эканини сира ҳам ёддан чиқармаслигимиз лозим.
Юртимизда бўлаётган бундай улкан ижобий ўзгариш ва янгиланишларни тушуниб етмаган кишилар оқибатини ўйламай қилган ишлари натижасида турли фитналарга сабабчи бўлиб қолишдан сақланишларини тавсия этамиз.
Ғарбдаги айрим бузғунчи кучлар тараққиётимизга, миллий маънавиятимиз, муборак динимизга болта уриш пайида бўлаётган бир пайтда, ўзаро ихтилоф қилиш билан оввора бўлсак бу жуда ҳам оғир мусибат бўлади. Атрофга теран кўз билан боқиш керак, ҳар бир нарсанинг ҳақиқати, ҳикмати, моҳияти ва оқибатини ўйлаш керак. Ҳар бир ишимизда Аллоҳнинг розилиги бўлиши керак, акс ҳолда ҳаммаси бефойда.
Давлатимиз раҳбарининг дину диёнатимиз йўлида олиб бораётган тинимсиз саъй-ҳаракатлари Аллоҳ таолонинг буюк марҳамати эканини ҳар доим ёдимизда тутишимиз лозим. Шу билан бирга бу неъматларнинг шукрини ҳар лаҳзада адо этишга, олдимизга қуйилаётган вазифаларни чин юракдан, ихлос билан бажариб, Президентимизга камарбаста бўлишда энг аввало бирдамлик ва ғайрат кўрсатишимиз даркор.
Мамлакатимизда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиланишлардан қўлга киритилаётган муваффақиятларнинг барчаси диёримиз мўмин-мусулмонларининг ҳуқуқ-манфаатларини ўзида ифода этади ва уларни тўла таъминлашга қаратилгандир. Шу боис, соҳадаги тараққиёт тадрижийлигига назар ташлайдиган бўлсак, ҳар бир ўзгариш аввалгисидан мазмунан ва моҳиятан тубдан фарқланиб, юқорига қараб ҳаракатланаётганига гувоҳ бўлади киши.
Биргина мисол, Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратлари хотирасига эҳтиром кўрсатиб, масжид, мажмуа ва музей ташкил этилиши Ўзбекистон мўмин-мусулмонларининг хоҳиш-истакларининг ёрқин ифодаси эмасми?
Умуман олганда Ўзбекистонда бугун диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар Алҳамдулиллоҳ барча мўмин-мусулмонларимизнинг узоқ йиллик асрий орзуларининг амалий ифодасидир. Энг муҳими бу ўзгаришлар, ислоҳотлар ҳали давом этмоқда. Парвардигоримиздан олдимизда турган барча масалаларни ҳал этилишида Ўзи мададкор бўлишини сўраб қоламиз. Шунингдек, сўзимиз охирида, мўмин-мусулмонларимизнинг қизиқтирган ҳар қандай масъала-масоиллар, савол-жавоблар ва таклиф-мулоҳазалар бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг эшиклари доимо очиқ эканини маълум қилиб қоламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
- 56وَتُعْطَى الْكُتْبُ بَعْضًا نَحْوَ يُمْنَى وَبَعْضًا نَحْوَ ظَهْرٍ وَالشِّمَالِ
Маънолар таржимаси: Номаи аъмоллар баъзиларга ўнг томондан берилади, баъзиларга орқа ва чап томондан (берилади).
Назмий баёни:
Айримларга номалар келар ўнг қўлдан
Баъзиларга берилар орқа ва сўлдан.
Луғатлар изоҳи:
تُعْطَى – икки мафъулли феъл.
الْكُتْبُ – ноиб фоил, биринчи мафъул. كُتْبُ калимаси كِتَابٌ нинг кўплиги бўлиб, аслида, كُتُبٌ дир. Бу ерда назм заруратига кўра كُتْبُ қилиб келтирилган.
بَعْضًا – иккинчи мафъул.
نَحْوَ – наҳв калимасининг бир қанча маънолари бўлиб, бу ерда “томон” маъносида келган. Зарфликка кўра насб бўлиб турибди. Қуйидаги байтларда نَحْو калимасининг беш хил маъноси баён қилинган: 1. “қасд”; 2. “жиҳат”; 3. “миқдор”; 4. “мисл”; 5. “қисм”.
نَحَوْنَا نَحْوَ دَارِكَ يَا حَبِيبِي
لَقِينَا نَحْوَ أَلْفٍ مِنْ رَقِيبِ
وَجَدْنَاهُمْ جِيَاعاً نَحْوَ كَلْبٍ
تَمَنَّوْا مِنْكَ نَحْوًا مِنْ شَرِيبِ
Эй дўстим, йўл олдик ҳовлинга томон,
Йўлиқдик минг қадар рақибга ҳамон.
Уларнинг ит мисол очлигин билдик,
Бирор қисм ютиминг кутишар ҳар он.
يُمْنَى – “ўнг” маъносида бўлиб, тараф ва аъзога нисбатан ишлатилади.
وَبَعْضًا – олдин ўтган بَعْضًا га атф қилинган.
ظَهْر – орқа тараф маъносини билдиради. Масалан, ظَهْرُ الاِنْسَان деганда инсон елкаси ортидан белигача бўлган қисми тушунилади.
الشِّمَالِ – чап тараф маъносини англатади.
Матн шарҳи:
Қиёмат кунида ҳамма маҳшар майдонига тўпланади. Барчага бу дунёда қилган ишлари ёзиб қўйилган китоб – номаи аъмол тарқатилади. Ушбу номаи аъмоллар инсонларнинг ҳаётлари давомида қилган барча ҳатти-ҳаракатлари давомида ёзилган бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:
“Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар”[1].
Яъни инсонларнинг қилаётган амалларини кузатиб, ёзиб турувчи фаришталар бор. Улар Аллоҳ таоло ҳузурида энг ҳурматли фаришталар бўлиб, инсонларнинг талаффуз қилган барча сўзларини ва қилган барча амалларини ёзиб турадилар. Қуртубий ушбу оят ҳақида: “Устиларингизда кузатиб турувчи фаришталар бордир” маъносини англатади, – деган. Ушбу ҳурматли фаришталар инсонлар тарафидан содир бўлган барча яхшию ёмон ишларни билиб турадилар ҳамда қиёмат кунида қилмишларига яраша жазо ё мукофот олишлари учун номаи аъмолларига ёзиб турадилар.
Қиёмат кунида фаришталар барча инсонларни бир жойга тўплаганларидан сўнг ҳар бири билан алоҳида ҳисоб-китоб бошланади. Ҳисоб-китобдан олдин уларга бу дунёда қилган барча ишлари ёзиб қўйилган номаи аъмоллари берилади. Ашаддий кофирларга номаи аъмоллари орқа томондан берилади ва улар уни чап қўллари билан оладилар. Баъзи кофирларга чап томондан берилади.
Тақводор мўминларга ўнг томондан берилади. Тавба қилишга улгурмасдан ўлган фосиқ мўминга номаи аъмоли қайси тарафдан берилиши ҳақида уламолар икки хил қарашда бўлганлар:
– Ўнг тарафдан берилади;
– Бу ҳақида гапирмасликни афзал кўришган.
Ўнг тарафдан берилади, деганлар ҳам қачон берилиши ҳақида ўзаро икки хил гапни айтганлар:
1. Дўзахга киришидан олдин берилади ва бу унинг дўзахда абадий қолмаслиги аломати бўлади;
2. Дўзахдан чиққандан кейин берилади.
Номаи аъмоллари ўнг тарафларидан берилганлар осонгина ҳисоб китобдан сўнг жаннатдаги аҳллари олдига хурсанд ҳолда қайтадилар:
“Бас, кимнинг номаи аъмоли (қиёмат куни) ўнг томонидан берилса, бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак ва (жанннатга тушган) ўз аҳли (оиласи)га шоду хуррам ҳолда қайтажак”[2].
Сўфи Оллоҳёр бобомиз ушбу масала тўғрисида қандай эътиқодда бўлиш лозимлиги ҳақида бундай ёзган:
Билур гарчи жамиъи ҳолимизни,
Юборур номайи аъмолимизни.
* * *
Юборса номани раҳмат йўлидин,
Келур нома у қулни ўнг қўлидин.
* * *
Қизил юзлик бўлуб ул ҳам сарафроз
Суюнганидин қилур ул банда овоз.
* * *
Ўқунг номамни эй турғон халойиқ
Келубдур нома ихлосимға лойиқ.
Яъни Аллоҳ таолога барча ҳолатларимиз маълум бўлса-да, амалларимиз ёзилган саҳифаларни юборади. У зотнинг буйруқларини бажариб, раҳматига сазовор бўлганларга амаллари ёзилган саҳифаларни ўнг тарафидан юборади.
Бундай бахтли инсонлар китоблари ўнг томондан берилиши биланоқ ўзларининг абадий бахт-саодатга эришганларини биладилар ва мислсиз хурсандчиликдан қувонч кўз-ёшлари билан энтикишиб:“Мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар! Албатта, мен ҳисоб-китобимга йўлиқишимга ишонардим”, – дейдилар:
“Бас, ўз китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилган киши айтур: “Мана, менинг китобимни ўқингиз! Дарҳақиқат, мен ҳисоботимга рўбарў бўлишимни билар эдим”, – дер”[3].
Аммо кимки Аллоҳга иймон келтирмай, Унинг буйруқларини бажармасдан ўзига берилган фурсатни фақат айшу ишратда яшашга эришиш, гўё дунё лаззатларининг охиригача етиш йўлида сарф қилиб юборган бўлса, унга китоби орқа тарафидан берилади. Китоби орқа тарафидан берилганлар қизиб турган дўзахга кирадилар:
“Аммо кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса, бас, (ўзига) ўлим тилаб қолажак ва дўзахда куяжак”[4].
Баъзиларга китоби чап тарафидан берилади. Бундай кимсалар китоби чап тарафдан берилганнинг ўзидаёқ шарманда бўлганларини биладилар. Олдиндаги даҳшатли азоб-уқубатларни ҳис этганларидан титраб-қақшаб: “Вой шўрим, кошки менга китобим берилмаса эди”, – деб қоладилар.
“Энди, китоби чап томонидан берилган кимса эса дер: “Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса ва ҳисоб-китобим қандай бўлишини билмасам! Эҳ, қанийди, ўша (биринчи ўлимим ҳамма ишни) якунловчи бўлса! Менга мол-мулким ҳам асқотмади. Салтанатим ҳам ҳалок бўлиб мендан кетди”[5].
Хулоса қилиб айтганда, барчанинг қилган қилмишлари ва ҳолатлари маълум бўлса-да, Аллоҳ таоло уларга номаи аъмолларининг ҳам берилишини ирода қилган. Ушбу номаи аъмолларнинг қандай берилишининг ўзидаёқ яхши амал қилганларни тақдирлаш кўриниши бор.
Кейинги мавзу:
Амалларнинг ўлчаниши ва сирот ҳақидаги эътиқодимиз