﴿اعْلَمُوا أَنَّمَا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا لَعِبٌ وَلَهْوٌ وَزِينَةٌ وَتَفَاخُرٌ بَيْنَكُمْ وَتَكَاثُرٌ فِي الْأَمْوَالِ وَالْأَوْلَادِ كَمَثَلِ غَيْثٍ أَعْجَبَ الْكُفَّارَ نَبَاتُهُ ثُمَّ يَهِيجُ فَتَرَاهُ مُصْفَرّاً ثُمَّ يَكُونُ حُطَاماً وَفِي الْآَخِرَةِ عَذَابٌ شَدِيدٌ وَمَغْفِرَةٌ مِنَ اللَّهِ وَرِضْوَانٌ وَمَا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلَّا مَتَاعُ الْغُرُورِ * سَابِقُوا إِلَى مَغْفِرَةٍ مِنْ رَبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا كَعَرْضِ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ أُعِدَّتْ لِلَّذِينَ آَمَنُوا بِاللَّهِ وَرُسُلِهِ ذَلِكَ فَضْلُ اللَّهِ يُؤْتِيهِ مَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظِيمِ ﴾
“Билингизки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, беҳудалик, зийнат, ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдан иборатдир. (У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур. Сўнгра у қуригач, уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра у ўтин бўлиб қолур. Охиратда эса (қай бирларингиз учун) қаттиқ азоб (қай бирларингиз учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Дунё ҳаёти фақат алдов матоҳидир” (Ҳадид сураси, 20-оят).
Муҳаммад Нуруллоҳ Сайдо Жазарий: «Дунёнинг ичига кир, сайр қил, аммо эҳтиёт бўл, дунё сенинг ичингга кирмасин», деб огоҳ этади.
«Дунёни ямадик, йиртиб олиб динимиздан,/дин ҳам кетди, дунё ҳам кетди қўлимиздан», дея фиғон чекди улуғ шайх Иброҳим Адҳам.
Яна бир тасаввуф шайхи ва улуғ олим Ҳасан Басрий: «Дунё кезиб охиратини топганни кўрмадик, лекин охиратини қидириб, дунёсини топганларни кўрдик. Аллоҳга онт ичиб айтаманки, пул азиз қилган ҳар инсонни Аллоҳ хор айлагай», деди афсусланиб…
Шу зотнинг айтишича, «Одамзот уч нарсага афсусланиб бу дунёдан кўчади: тўплаган моли ва бойлиги билан тўймайди, орзуларига эришолмайди, охират учун ҳозирлигини қилолмайди».
«Бас, дунё ва дунё ҳаётидан баҳслашиб, уни ёмонламанг! Агар қалбингизда дунё севгиси бўлмасайди, уни ёдга олмасдингиз. Зеро, ким бир нарсани севса, ўшани кўп зикр этади», дейди атоқли сўфия Робия ал-Адавийя.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Дунё билан нима ишим бор. Дарҳақиқат, мен билан дунёнинг мисоли дарахт остига келиб қайлула (тушдаги ором уйқуси) қилган кишига ўхшайди. Сўнг у одам кетади, дарахт эса қолади».
Молик ибн Динорда шундай ҳикмат бор: «Ҳар ким дунёга (бойликка) «уйланиш» истагида бўлса, дунё маҳр бадали учун инсондаги тамоми дин-диёнатни ундан тортиб олади». Яна шу зот бундай деган эканлар: «Одамлар мени зоҳид деб ўйлашади. Ҳолбуки ҳақиқий зоҳид Умар ибн Абдулазиздир. Зеро, дунё бутун дабдабаси билан унга келди, у эса дунёдан юз ўгирди».
Мўмин доим Аллоҳнинг ибодати ила банд бўлиши, Унинг раҳматидан умидворлик ва азобидан хавфда яшамоғи лозим.
قَالَ صَلى الله عليه وسلم «قالَ اللهُ تعالى: يا دُنْيَا مَنْ خَدَمَني فَاخْدُميهِ وَمَنْ خَدَمَكِ فَأَتْعِبيهِ»
Ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло деди: “Эй дунё, Менга хизмат қилганга сен ҳам хизмат қил, сенинг орқангдан чопганни чарчатиб ҳолдан тойдир”.
Ким дунё билан банд бўлиб, охиратдан чалғиб қолса, унинг ортидан зир югуриб, охир-оқибат ҳолдан тойиб чарчайди. Кимки Аллоҳнинг тоати билан машғул бўлса, тақвони лозим тутса, вафотидан кейин унга тайёрлаб қўйилган мукофотларни кўриб мамнун бўлади.
«وَمَنْ يَتَّقِ الله يَجْعَلْ لَهُ مَخْرَجًا وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لا يَحْتَسِب»
«Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур» (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).
وَقَالَ صَلَّى اللهُ عليهِ وسلم «قالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: يا ابْنَ ءادَمَ تَفَرَّغْ لِعِبَادَتي أَمْلأْ صِدْرَكَ غِنًى وَأَسُدَّ فَقْرَكَ وَإِلا تَفْعَلْ مَلَأتُ يَدَكَ شُغْلاً وَلَمْ أَسُدَّ فَقْرَكَ» فَمَنِ اشْتَغَلَ بِطَاعَةِ اللهِ مَلَأَ اللهُ قَلْبَهُ غِنًى مَعْنَوِيًّا وَإِنْ كَانَ فَقِيرًا مِنْ حَيْثُ الْمَالُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам боласи, ибодатимга фориғ бўл. Шунда қалбингни бойликка тўлдираман ва фақирлигингни кетказаман. Акс ҳолда қўлингни иш билан банд қилиб қўяман ва фақирлигингни кетказмайман!” (Имом Термизий, Ибн Можа, имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Байҳақий, имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ҳоким ҳадис санадини саҳиҳ деган).
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳу алайҳ айтадилар: “Дунё севгисини кабира гуноҳлар қатори кўрмаган кишидан ҳайрон бўлганимчалик бошқалардан ҳайрон бўлмаганман, Аллоҳга қасамки, дунё севгиси гуноҳи кабираларнинг ҳам каттароғидандир. Ахир барча катта гуноҳлар дунёга муҳаббат туфайли эмасми?! Бутларга топиниш, Раҳмонга осий бўлиш булар ҳам аслида дунёга муҳаббат ортидан эмасми?!”
Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа БАҲРОМОВ тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Cавол: Шаъбон ойида рўза тутишни ният қилиб турибмиз. Оғиз очиш ва ёпиш вақтлари ва дуоларини айтиб юборсангиз, илтимос.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Дарҳақиқат, кўплаб ҳадиси шарифларда шаъбон ойида нафл рўза тутишга тарғиб қилинган. Жумладан, Оиша разияллоҳу анҳодан қуйидагича ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбон ойини жуда ҳам кам (ҳолатларда) рўзасиз ўтказардилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Бир куни мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай савол бердим: “Ё Расулуллоҳ, мен (Рамазондан ташқари) бирор ойда шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бу шундай ойки, одамлар ражаб билан рамазон ўртасида вақт – шаъбондан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар Роббил оламийнга кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман", дедилар (Имом Насоий ривояти).
Нафл рўза тонг отгандан қуёш ботгунга қадар тутилади. Ҳаво булутли бўлмаганда кўзимиз билан ҳам тонг отиши ва қуёш ботишини била оламиз. Булутли кунларда эса тонг отиши ёки қуёш ботишини аниқлаш қийин бўлса, намоз вақтларини кўрсатувчи тақвимдан фойдаланса ҳам бўлади. Тақвимда “Тонг” деб кўрсатилган вақт оғиз ёпишнинг охирги вақти саналади. Ўша вақтдан кейин еб-ичилса, рўза дуруст бўлмайди. Лекин саҳарликда ухлаб қолган одам ҳеч нарса еб-ичмасдан ҳам нафл рўзани ният қилиб, рўза тутиши мумкин. “Шом” деб кўрсатилган вақт эса оғиз очиш вақтидир. Ундан аввал оғиз очиб юборилса, куни бўйи тутилган рўза бузилган саналади.
Нафл рўзанинг аксар ҳукмлари фарз рўзаникига ўхшайди, фақат ниятда “Тонг отгандан токи қуёш ботгунга қадар нафл рўза тутишни ният қилдим”, дейилади. Оғиз ёпишда махсус дуо йўқ, у пайтда юқорида айтилгандек, ўзбек тилида ҳам ният қилса, бўлади. Ифторлик (оғиз очиш) дуоси қуйидагича:
اَللَّهُمَّ لَكَ صُمْتُ وَبِكَ آمَنْتُ وَعَلَيْكَ تَوَكَّلْتُ وَعَلَى رِزْقِكَ أَفْطَرْتُ، فَاغْفِرْلِى مَا قَدَّمْتُ وَمَا أَخَّرْتُ
Ўқилиши: “Аллоҳумма лака сумту ва бика аманту ва аълайка таваккалту ва аълаа ризқика афторту, фағфирлий ма қоддамту ва маа аххорту”.
Маъноси: Аллоҳим, ушбу рўзамни Сен учун тутдим, Сенга иймон келтирдим, Сенга таваккал қилдим ва берган ризқинг билан ифтор қилдим. Менинг аввалги ва кейинги гуноҳларимни мағфират қилгил. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази