Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Феврал, 2025   |   12 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:04
Қуёш
07:23
Пешин
12:42
Аср
16:10
Шом
17:55
Хуфтон
19:09
Bismillah
11 Феврал, 2025, 12 Шаъбон, 1446

Ким дунёни севса, уни кўп зикр этади

26.03.2018   4583   5 min.
Ким дунёни севса, уни кўп зикр этади

﴿اعْلَمُوا أَنَّمَا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا لَعِبٌ وَلَهْوٌ وَزِينَةٌ وَتَفَاخُرٌ بَيْنَكُمْ وَتَكَاثُرٌ فِي الْأَمْوَالِ وَالْأَوْلَادِ كَمَثَلِ غَيْثٍ أَعْجَبَ الْكُفَّارَ نَبَاتُهُ ثُمَّ يَهِيجُ فَتَرَاهُ مُصْفَرّاً ثُمَّ يَكُونُ حُطَاماً وَفِي الْآَخِرَةِ عَذَابٌ شَدِيدٌ وَمَغْفِرَةٌ مِنَ اللَّهِ وَرِضْوَانٌ وَمَا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلَّا مَتَاعُ الْغُرُورِ * سَابِقُوا إِلَى مَغْفِرَةٍ مِنْ رَبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا كَعَرْضِ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ أُعِدَّتْ لِلَّذِينَ آَمَنُوا بِاللَّهِ وَرُسُلِهِ ذَلِكَ فَضْلُ اللَّهِ يُؤْتِيهِ مَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظِيمِ ﴾

“Билингизки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, беҳудалик, зийнат, ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдан иборатдир. (У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур. Сўнгра у қуригач, уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра у ўтин бўлиб қолур. Охиратда эса (қай бирларингиз учун) қаттиқ азоб (қай бирларингиз учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Дунё ҳаёти фақат алдов матоҳидир” (Ҳадид сураси, 20-оят). 

Муҳаммад Нуруллоҳ Сайдо Жазарий: «Дунёнинг ичига кир, сайр қил, аммо эҳтиёт бўл, дунё сенинг ичингга кирмасин», деб огоҳ этади.

«Дунёни ямадик, йиртиб олиб динимиздан,/дин ҳам кетди, дунё ҳам кетди қўлимиздан», дея фиғон чекди улуғ шайх Иброҳим Адҳам.

Яна бир тасаввуф шайхи ва улуғ олим Ҳасан Басрий: «Дунё кезиб охиратини топганни кўрмадик, лекин охиратини қидириб, дунёсини топганларни кўрдик. Аллоҳга онт ичиб айтаманки, пул азиз қилган ҳар инсонни Аллоҳ хор айлагай», деди афсусланиб…

Шу зотнинг айтишича, «Одамзот уч нарсага афсусланиб бу дунёдан кўчади: тўплаган моли ва бойлиги билан тўймайди, орзуларига эришолмайди, охират учун ҳозирлигини қилолмайди».

«Бас, дунё ва дунё ҳаётидан баҳслашиб, уни ёмонламанг! Агар қалбингизда дунё севгиси бўлмасайди, уни ёдга олмасдингиз. Зеро, ким бир нарсани севса, ўшани кўп зикр этади», дейди атоқли сўфия Робия ал-Адавийя.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Дунё билан нима ишим бор. Дарҳақиқат, мен билан дунёнинг мисоли дарахт остига келиб қайлула (тушдаги ором уйқуси) қилган кишига ўхшайди. Сўнг у одам кетади, дарахт эса қолади».

Молик ибн Динорда шундай ҳикмат бор: «Ҳар ким дунёга (бойликка) «уйланиш» истагида бўлса, дунё маҳр бадали учун инсондаги тамоми дин-диёнатни ундан тортиб олади». Яна шу зот бундай деган эканлар: «Одамлар мени зоҳид деб ўйлашади. Ҳолбуки ҳақиқий зоҳид Умар ибн Абдулазиздир. Зеро, дунё бутун дабдабаси билан унга келди, у эса дунёдан юз ўгирди».

Мўмин доим Аллоҳнинг ибодати ила банд бўлиши, Унинг раҳматидан умидворлик ва азобидан хавфда яшамоғи лозим.

قَالَ صَلى الله عليه وسلم «قالَ اللهُ تعالى: يا دُنْيَا مَنْ خَدَمَني فَاخْدُميهِ وَمَنْ خَدَمَكِ فَأَتْعِبيهِ»

Ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Аллоҳ таоло деди: “Эй дунё, Менга хизмат қилганга сен ҳам хизмат қил, сенинг орқангдан чопганни чарчатиб ҳолдан тойдир”.

Ким дунё билан банд бўлиб, охиратдан чалғиб қолса, унинг ортидан зир югуриб, охир-оқибат ҳолдан тойиб чарчайди. Кимки Аллоҳнинг тоати билан машғул бўлса, тақвони лозим тутса, вафотидан кейин унга тайёрлаб қўйилган мукофотларни кўриб мамнун бўлади.

«وَمَنْ يَتَّقِ الله يَجْعَلْ لَهُ مَخْرَجًا وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لا يَحْتَسِب»

«Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур» (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).

 وَقَالَ صَلَّى اللهُ عليهِ وسلم «قالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: يا ابْنَ ءادَمَ تَفَرَّغْ لِعِبَادَتي أَمْلأْ صِدْرَكَ غِنًى وَأَسُدَّ فَقْرَكَ وَإِلا تَفْعَلْ مَلَأتُ يَدَكَ شُغْلاً وَلَمْ أَسُدَّ فَقْرَكَ» فَمَنِ اشْتَغَلَ بِطَاعَةِ اللهِ مَلَأَ اللهُ قَلْبَهُ غِنًى مَعْنَوِيًّا وَإِنْ كَانَ فَقِيرًا مِنْ حَيْثُ الْمَالُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий  соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: Аллоҳ таоло айтади: Эй Одам боласи, ибодатимга фориғ бўл. Шунда қалбингни бойликка тўлдираман ва фақирлигингни кетказаман. Акс ҳолда қўлингни иш билан банд қилиб қўяман ва фақирлигингни кетказмайман!” (Имом Термизий, Ибн Можа, имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Байҳақий, имом Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ҳоким ҳадис санадини саҳиҳ деган).

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳу алайҳ айтадилар: “Дунё севгисини кабира гуноҳлар қатори кўрмаган кишидан ҳайрон бўлганимчалик бошқалардан ҳайрон бўлмаганман, Аллоҳга қасамки, дунё севгиси гуноҳи кабираларнинг ҳам каттароғидандир. Ахир барча катта гуноҳлар дунёга муҳаббат туфайли эмасми?! Бутларга топиниш, Раҳмонга осий бўлиш булар ҳам аслида дунёга муҳаббат ортидан эмасми?!”

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа БАҲРОМОВ
тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Қўл билан таом ейиш суннати

7.02.2025   5384   2 min.
Қўл билан таом ейиш суннати

Бугунги кунда таомланиш маданиятимиз тобора ғарб маданиятига мослашиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Ресторанларда вилкалар ва пичоқлардан фойдаланиш одатий ҳолга айланган, ҳатто ўзимизнинг миллий таомларимизни ҳам қўл билан ейишдан уяладиганлар топилади. Аслида эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таомланиш одобларига назар ташласак, гўштни пичоқ билан эмас, тишлаб ейиш тавсия қилинганини кўрамиз.

Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: "Гўштни пиоқ билан кесиб еманглар, чунки бу ажам (мусулмон бўлмаган)ларнинг иши. Уни тишлаб енглар, шунда ейиш осонроқ ва мазаси ёқимлироқ бўлади" (Абу Довуд, 3778-ҳадис).

Яна бир ҳадиси шарифда Софван ибн Умайя розияллоҳу анҳу бундай дейдилар:  "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга таомланаётиб, гўштни суягидан қўлим билан ажратиб едим. Шунда у зот: Суякни оғзингга яқин олиб келиб егин, ана шунда мазали ва ёқимли бўлади”, дедилар (Абу Довуд, 3779-ҳадис).

Бу ҳадислар бизга нимани ўргатади? Энг аввало, таомланиш маданияти ғарбга эргашиш билан ўлчанмаслигини англатади. Бугунги кунда баъзи кишилар қўл билан овқат ейишни маданиятсизлик деб билишади. Аслида эса, бу айнан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан биридир. Суннатга мос келган нарса ҳеч қачон ор ва уят бўлиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, қўлда ейишда мия овқатга тайёргарлик кўради ва ҳазм жараёни яхшироқ кечади. Қўллар билан овқатни ушлаганда мия ошқозонга ҳазм жараёнини бошлаш ҳақида сигнал юборади. Қўллар теридаги микробиота (фойдали бактериялар) туфайли организмнинг иммунитетини кучайтиради. Қўл билан ейишда киши овқатнинг тузилиши ва ҳароратини ҳис қилиб, шунга мувофиқ иш кўради. Қўл билан овқат еганда одам секинроқ ейди ва танасига етарлича тўйинганлик сигналини беришга имконият беради. Бу эса ортиқча овқат ейишнинг олдини олади. Болалар учун қўл билан овқат ейиш моторика (майда қўл ҳаракатлари) ва мустақилликни ривожлантиради.
Демак, таомланишда ҳам биз суннатни унутмаслигимиз, ўз маданиятимиз ва исломий қадриятларимизга содиқ қолишимиз керак. Ғарб қадриятлари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган бир пайтда, биз суннат йўлидан узоқлашмайлик!