Нафс нима?
Инсонни имтиҳон қилиш учун яратилган нафс мусулмон бўлмаганларда аммора, мусулмонларда лаввома, ва мулҳима, ишончи камолга етгандан сўнг мутмаинна, Аллоҳдан рози бўлганда розия, Аллоҳ бандадан рози бўлганда марзия ва софия даражаларига юксалади.
Нафс – инсонга унинг камолга етишмоғи учун берилган восита. Агар нафс берилмаганида эди, инсон фариштага ўхшаб бир мақомда қолар, унда юксалиш ёки қуйига тушиш ҳодисалари бўлмас эди. Шу сабабдан Аллоҳ таоло Зарийат сурасининг 56-оятида:
وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ
“Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим”, деб хитоб қилган.
Ушбу ояти каримада фаришталар ва ҳайвонларнинг тилга олинмагани уларнинг имтиҳон этилмаслигини билдиради.
Энди нафснинг етти даражасини ўрганишга ҳаракат қилиб кўрамиз:
1. Нафси аммора: Нафси бу мақомда бўлган кимса Ҳақни инкор этади, ҳар доим ёмон ишларни қилишни режалаштириб юради. Нафси аммора – кофирлар ва мунофиқларнинг нафси. Аммора босқичи нафснинг зулматдаги босқичидирки, у босқич фақат тубан ахлоқ манбаидир. Юсуф сурасининг 53-оятида:
وَمَا أُبَرِّئُ نَفْسِي إِنَّ النَّفْسَ لأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ إِلاَّ مَا رَحِمَ رَبِّيَ إِنَّ رَبِّي غَفُورٌ رَّحِيمٌ
“Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Раббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Албатта, Раббим мағфиратли ва билгувчидир», деди”, дейилади.
Бу босқичда бўлган кимсаларда васваса бўлмайди, улар жаҳаннамдан қўрқмайди. Бу тоифа Аллоҳ таолодан бошқа ҳамма нарсадан қўрқади. Энг қаттиқ қўрқадигани ва нафратланадигани ўлимдир. Уларнинг севгилари ҳам нафслари учундир. 2. Нафси лавомма: Пушаймон бўлиб ўзини маломат қилган нафс демакдир. У нур ва зулмат юзма-юз бўлган нафсдирки, Қуръони каримда:
وَلَا أُقْسِمُ بِالنَّفْسِ اللَّوَّامَةِ
“Ва маломатчи нафс билан қасам” дейилган (Қиёмат, 2).
Нафси бу ҳолатда бўлган кишиларда оз бўлса-да, охиротда ҳисоб бериш ваҳимаси бор. Бундай одамлар гоҳ мусулмоннинг, гоҳ мункирнинг ишини қилиб юради. Бу – мусулмонларнинг катта гуноҳ қилганларининг нафси. Уларда ҳам ўлимдан қўрқиш кўп, ҳисоб беришдан қўрқиш туйғуси жуда оздир.
فَأَلْهَمَهَا فُجُورَهَا وَتَقْوَاهَا
“Бас, у(нафс)га фужурини ва тақвосини билдирди”, дейилган (Шамс, 8).
Нафси бу мақомда бўлганлар солиҳлардир. Улар ўлимдан қўрқади, ҳисоб беришнинг оғирлигидан янада қаттиқроқ қўрқади. Улар ҳалол ва ҳаромга диққатли бўлган кишилардир.
يَا أَيَّتُهَا النَّفْسُ الْمُطْمَئِنَّةُ
“Эй хотиржам нафс!” дейди (Фажр, 27).
ارْجِعِي إِلَى رَبِّكِ رَاضِيَةً مَّرْضِيَّةً
“Раббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолингда қайт!” деб амр қилинади (Фажр, 28).
Бу мақомда ҳали Аллоҳ таоло нафсдан рози бўлгани йўқ, фақат нафс Аллоҳдан рози бўлгандир.
يَا أَيَّتُهَا النَّفْسُ الْمُطْمَئِنَّةُ
ارْجِعِي إِلَى رَبِّكِ رَاضِيَةً مَّرْضِيَّةً
“Эй хотиржам нафс! Роббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолингда қайт!” деб амр қилган (Фажр, 27-28).
Ана шу мақом бандалар етиша оладиган энг юксак мартаба, бу даражага етган қуллар фақат пайғамбарлик рутбасига ета олмайдилар, холос. Бу мақом илоҳий исм ва сифат нурларининг тажаллийси чақмоқ каби чақнаб ғойиб бўлиб турадиган мақомдир. Бу мартабада нафс Аллоҳ таолоданг рози, Аллоҳ таоло ҳам нафсдан розидир.
Бу мартабанинг буюкларига ўлим йўқлик эмас, вуслат, шаби аруз-никоҳ кечасидир.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло:
وَلَا تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَى وَإِن تَدْعُ مُثْقَلَةٌ إِلَى حِمْلِهَا لَا يُحْمَلْ مِنْهُ شَيْءٌ وَلَوْ كَانَ ذَا قُرْبَى إِنَّمَا تُنذِرُ الَّذِينَ يَخْشَوْنَ رَبَّهُم بِالغَيْبِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَمَن تَزَكَّى فَإِنَّمَا يَتَزَكَّى لِنَفْسِهِ وَإِلَى اللَّهِ الْمَصِيرُ
“Ўзи юкли жон ўзга жоннинг юкини кўтара олмас. Юки оғир жон ўз юкига (бошқани) чақирса-да, ундан ҳеч бир нарса кўтарилмас. Гарчи (чақирилган) қариндош бўлса ҳам. Сен фақат ғайбдаги Раббиларидан қўрқадиган ва намозни тўкис адо этганларни огоҳлантирурсан. Ким покланса, Ўзи учун покланур. Қайтиш Аллоҳгадир. (Қиёмат кунида гуноҳи кўп жон уни енгиллатиш мақсадида энг яқин қариндошини ёрдамга чақирса ҳам, унинг гуноҳидан бирор нарса кўтарилмайди. Чунки яқин қариндошнинг ўзи юкини кўтара олмай хуноб бўлаётган бўлади. Кофир ҳам, мўмин ҳам фақат Аллоҳга қайтади. Бошқага эмас. Ана ўшанда Аллоҳ таоло ўзи билиб ҳисоб-китоб қилади. Кофир ва осий жазосини, мўмин-мусулмон мукофотини олади)”, деб амр қилган (Фотир, 18).
Нафснинг тарбияси
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида айтиладики, Аллоҳ таоло нафсни яратганидан сўнг нафсдан:
– Мен кимман? – деб сўради.
– Мен кимман? – деб жавоб берди. Бу жавобни эшитган Аллоҳ таоло фаришталарга амр қилди, улар нафсга бир йил азоб бердилар. Нафс шундан кейин ҳам айни саволга айни жавобни берганидан кейин Аллоҳ таоло нафсни бир йил оч қўйди. Ундан сўнг нафсдан:
– Мен кимман? – деб сўраганда нафс:
– Сен Сендан бошқа илоҳ бўлмаган зотсан, – деб жавоб берди. Шундай қилиб, нафс очликка чидай олмаганидан Раббини таниди.
Буюк мутасаввуф имом Раббоний ҳазратлариги кўра, бу ерда айтилган очликдан мурод баъзи жоҳил мутасаввуфлар тушунтирганидек фақат емак-ичмоқдан қисиб қўйиш эмас, зотан, ҳинду ва буддавий роҳиблари ҳам узоқ муддат сувсиз ва очликка тоқат қила олади, Аммо улар бундан фақат нафсининг сафосига эриша олади, холос. Ҳазрати Имом “Мактубот”ида нафсни оч қўймоқ нима эканини қуйидагича тушунтиради: “Нафснинг истаганларини қилмаслик, истамаганларини қилиш, нафсни мағлуб этишнинг энг қулай йўли эса суннатга уйғун яшамоқ ва қалбни мосуводан (махлуқот севгисидан) пок тутмоқдир”.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бошқаларга қалбингиз, ақлингиз, молингиз ила ёрдам беринг. Ёрдамингиз, амалингиз фақат Аллоҳ таолонинг ризолиги учун бўлсин. Қилган яхшилигингизни эслаб юришдан сақланинг. Аксинча, биров сизга яхшилик қилса, уни доим ёдингизда тутинг. Зеро, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 264-ояти каримасида: «Эй иймон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!..» деб марҳамат қилди.
Қаршингиздан чиқадиган ҳар қандай кўнгилсизликни муваффақият келтирадиган ҳаёт тажрибаларидан бири деб билинг. Зеро, тун нақадар узун бўлмасин, албатта, қуёш чиқиши бордир. Айтишади-ку, муваффақият нарвондир, икки қўлинг чўнтакда бўла туриб, унга кўтарила олмайсан, деб.
Бир бурда нонга ҳам Аллоҳга ҳамд айтинг, шукр қилинг. Доим ҳам тўкин-сочинлик бўлавермайди. Ўтаётган кунингиздан нолийверманг, қаноатли бўлинг. Ҳасад қилишдан сақланинг. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи сийлаган неъматлар билан хослаб қўйган. Бошқаларнинг ўша неъматлардан маҳрум бўлишларига орзуманд бўлманг, аксинча, Аллоҳ сизни ҳам неъматлантиришини, баракотини сўранг.
Ҳар куни Аллоҳ азза ва жалладан афв ва офият сўрашни унутманг. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан афв ва офият сўранглар. Чунки бирор кишига иймондан кейин офиятдан-да яхшироғи берилмаган”[1], дея марҳамат қилганлар.
Аллоҳ таолодан фойдали илм ва кенг ризқ сўранг. Боиси, илм ўзгалар тортиб ололмайдиган хазинадир. Жоҳилнинг қўлидаги минг динор бир ҳовуч тупроққа айланади, илм талабидаги кимсанинг қўлидаги бир сиқим тупроқ эса, минг динорга.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу илмнинг фазли борасида: “Эй Кумайл, илм мол-дунёдан яхшироқдир. Илм сени муҳофаза қилади, молни эса сен қўриқлайсан. Илм – ҳоким, мол эса маҳкумдир. Молни берганинг сари камаяверади. Илм эса тарқатиш орқали кўпайиб боради”, деганлар.
Илм мағрурликни сўндиради. Ғурур гўё бананнинг пўстлоғига ўхшайди. Муваффақият чўққисига кўтарилаётганингизда, у сабаб тойиб кетасиз. Фойдали илм сўраш борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолодан манфаатли илм сўранглар ва фойда бермайдиган илмдан паноҳ тиланглар”, деганлар.
Ўзингиз ва атрофингиздагилар бирдек бахтли бўлиши учун уларнинг ҳар бирини бахтиёр қилишга ҳаракат қилинг. Йиғи орасида кула олмаганингиздек, атрофингиздагилар зулмат қаърида бўлган бир ҳолда, сиз тонг ёғдуси ичра тура олмайсиз. Ахир, инсоннинг бахти унинг кўмаги сабаб муваффақиятга эришганларнинг адади билан белгиланади. Ўзига тўқ кишилардан бўлсангиз давлатингиздан озроқ бериш ила бошқаларнинг саодатига ҳиссангизни қўшинг. Борди-ю, қўлингиз калталик қилса, бир оғиз ширин сўз билан бўлса-да, бу жараёнда иштирок этинг.
Қора кунингизда сизга ёрдам қўлини чўзган, дунё тўнини тескари кийганида сиз билан бирга елкадош бўлган, баъзан яқинларингиз ташлаб кетиб ёлғиз қолганингизда сизни жарликдан олиб чиққан кишиларни унутманг...
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам миннатдорчилик билдириш мўминларнинг сифати эканини таъкидлаб: “Одамларга ташаккур айтмаган киши, Аллоҳ азза ва жаллага ҳам шукр қилмайди”, деганлар ва яна бошқа бир ҳадисларида яхшиликни мукофотлашни ўргатиб, шундай дея марҳамат қилганлар: “Ким сизларга бир яхшилик қилса, уни мукофотлаб қўйинглар. Тақдирлашга арзирли бирор нарса топа олмасангиз, ҳаққи адо бўлди деб ўйлагунингизгача унинг ҳаққига дуо қилиб қўйинг” (Имом Абу Довуд ривояти).
Сиз билмай хафа қилган инсонларингизни исмини ёдингизда тутинг ва, албатта, узрингизни айтинг. Одамларни ҳисоб-китоб қилманг, одамларни муҳокама қилиш вақтни беҳуда кетказишдан бошқа нарса эмас.
Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ривояти.