Марҳум онамиз доим зикрда юрардилар. Тиллари ҳар вақт “Алҳамдулиллаҳ”, “Лаа илааҳа иллаллоҳ”, “Субҳааналлоҳ” каби зикрлар ила намланиб турарди. Ўзлари зикрга муҳаббатли бўлиш билан биргаликда бизга ҳам доим зикр қилишимизни эслатиб турар эдилар.
Ҳамма ҳам зикр қилишга, зикрга одатланишга ҳаракат қилади. Лекин бир кун, икки кун, узоғи бир ҳафта зикр қилиб кейин ташлаб қўяди. Кўпинча зикрлар қолиб кетишига ишларимиз, дарсларимиз кўплиги, доим шулар ҳақида ўйлаб юришимиз сабаб бўлади.
Шу эътибордан онам зикрни унутиб қўймаслигимиз учун ажойиб бир тадбирни йўлга қўйган эдилар. Ҳар куни юрадиган кўчаларимизнинг номларини ўз номлари билан номламасдан айтадиган зикрларимиз номи билан номлаб қўярдилар. Масалан, “Субҳаналлоҳ” кўчаси, бошқа кўчани “Алҳамдулиллаҳ” кўчаси, яна бошқа бирини эса, “Лаа илааҳа иллаллоҳ” кўчаси ва ҳоказо.
Кейин биз қачон шу кўчалардан ўтадиган бўлсак, кўча номига мувофиқ зикрни айтиб кетар эдик. Бу жуда ажойиб тадбир эди. Чунки кўпинча тилимиз бекорчи гапларни гапириш билан банд бўлади. Унинг ўрнига қайси кўчада юрган бўлсак, ўша кўчага аталган зикрни айтишимиз тилимизни доимо зикр билан банд қиларди. Сабаби биз ҳар доим у ёки бу кўчада юрган бўламиз.
Биз бу зикрларга шу даражада ўрганган эдикки, ўша кўчаларнинг асл номларини ҳам эсимиздан чиқариб юборган эдик. Бирор жойни тушунтириш керак бўлганда ҳам, ҳаттоки, ўша ўзимиз номлаб олган зикрлар номи билан атар эдик.
Онам бу тадбирни бизга ўттиз йил мобайнида қўллаб келдилар. Мана ҳозир ёшим қирққа чиққан бўлса-да, ҳали-ҳануз ушбу одатимни тарк қилганим йўқ. Ҳар сафар ўша кўчалардан ўтсам, ўша маълум зикрларни айтиб ўтаман.
Демак, биз ҳам фарзандаларимизга ушбу усулни қўллаган ҳолда Аллоҳнинг зикрида бардавом бўлишни ўргатсак бўлади. Бу услуб нафақат фарзандларимизга, балки ўзимизга ҳам фойдали бўлиши шубҳасиз.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
“Фарзанд тарбиясидан 700 та сабоқ” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Бир қишлоқда жаҳли тез чиқадиган, ўзини бошқа олмайдиган ўспирин йигит бор экан. Кунлардан бирида отаси унга ҳар гал жаҳли чиққанида бир мих олиб, уйнинг олдидаги дарахтга қоқишини айтди.
Ўғил шундай қила бошлади. Бир неча мих қоқилган дарахтни кўриб, йигитнинг унга раҳми келди. Ўзини бошқаришни, сабрли бўлишни ўрганди. Дарахтга мих қоқмай қўйди. Буни кўрган ота энди ўғлига қоқилган михларни суғуриб ташлашни буюрди. Ўғил отасининг айтганини бажарди.
Дарахтнинг яралари битиб, ўрнида чандиқлар пайдо бўлди. Ота ўғлига:
– Қара, ўғлим! Қоқилган ҳар бир мих бу дарахтни яралаган эди. Уларни суғуриб ташлаган тақдирингда ҳам, ўрни, чандиқлари қолди. Энди дарахтнинг ана шу жойлари мўртлашиб, қурт тушади ва уни емиради.
Ўғил бошини эгиб қолди. Ота сўзида давом этди:
– Бу-ку бир дарахт экан, Аллоҳ таоло азизу мукаррам қилиб яратган инсон зотининг қалб аталмиш дарахтига ҳам баъзан тил аталмиш болға билан сўз аталмиш михлар қоқилади. Гарчи кейин хатолар тан олиниб, узр сўралиб, у “мих”лар суғуриб олинса-да, ўрнида чандиғи, доғи қолади... Сен ўшандай михларни қоқишдан сақлан. Ўзингни идора қилишни, жаҳлингни жиловлашни ўрган!..
Дарҳақиқат, инсон қалби гўё нафис бир ойнага ўхшайди. У дарз кетса, кейин ҳеч қачон аслидагидек тикланмайди. Шундай экан, ҳар доим Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб муомила қилишни ўрганайлик ҳеч бўлмаса ҳаракат қилайлик. Аллоҳ ҳаммамизни тўғри йўлдан адаштирмасин! Зеро, кўнгил – Яратганнинг назаргоҳидир.
Қудсий ҳадислардан бирида Аллоҳ таоло: “Мен сизларнинг на суратингизга ва на чиройларингизга қарайман. Балки қалбларингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”, деган.
Акбаршоҳ Расулов