Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Апрел, 2025   |   1 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:55
Қуёш
05:23
Пешин
12:25
Аср
17:15
Шом
19:21
Хуфтон
20:44
Bismillah
29 Апрел, 2025, 1 Зулқаъда, 1446

Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф хотирасига эҳтиром

23.03.2018   4688   3 min.
Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф хотирасига эҳтиром

23 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида шу йил 9 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри Чилонзор туманига ташрифлари давомида берган топшириқлари юзасидан, Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўзга чиқиб, Шайх ҳазратлари динимиз ривожи йўлида бор куч-қувватларини сарфлагани, 1990 йилда диёримиздан беш юз нафар кишини ҳаж зиёратига олиб боргани, 120 дан зиёд номдаги диний-маърифий китоблари нашр этилгани ҳақида билдирдилар.
Жорий йилнинг 9 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Чилонзор туманига ташрифлари асносида ушбу ҳудудда барпо этилаётган масжидга Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф номини бериш ташаббуси эл қалбидаги айни муддао бўлди. Ушбу масжидни ҳашаматли қилиб бунёд қилиш, унинг ёнида музей ташкил этиш, масжид ёнида анжуманлар зали барпо этиш, уламолар, олимлар ва дин арбобларини жамлаб, халқаро анжуман ўтказиш каби вазифалар ҳақида муфтий ҳазратлари алоҳида таъкидладилар.
Сўзга чиққан Шайх ҳазратларининг қадрдонлари Зоҳиджон Қодиров, Имом Термизий халқаро маркази директори Убайдулла Уватов, укалари Муҳаммад Амин домла Муҳаммад Юсуф Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратлари энг оғир даврда Ўзбекистон халқи, унинг тинчлиги, одамларнинг диний соҳада тўғри йўлдан боришлари учун жуда катта хизмат қилганлари тўғрисида сўз юритишди. Шайх ҳазратларининг дунё мусулмонлари ўртасидаги обрў-эътибори жуда баланд экани, ўзларининг кучли илмлари, ҳикматли сўзлари ва ибратли амаллари билан динимиз равнақига чин дилдан ҳалол хизмат қилиш бўйича катта бир мактаб ташкил этганлари эътироф қилинди.
Ушбу тадбирга ҳамоҳанг равишда “Ҳилол нашр” нашриёти ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида юртимизда илк бор чоп этилган Қуръони каримнинг ўзига хос нусхасининг тақдимот маросими ҳам ўтказилди. Ушбу Мусҳафи шариф нашри юқори илмий савияда, жаҳон андозаларига жавоб берадиган шаклда “Ҳилол нашр” нашриётида чоп этилгани ва ушбу Мусҳаф Миср Араб Республикасидаги “Дорус-салом” нашриёти билан келишувга биноан, Азҳари шариф ҳузуридаги илмий академия хулосаси асосида Диний идора ҳамкорлигида нашр этилгани алоҳида қайд этилди.
Тадбирда Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган фильм намойиш этилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Фотолавҳалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сиз Билол розияллоҳу анҳу қилган шу ишни қилганмисиз?

11.12.2024   19368   1 min.
Сиз Билол розияллоҳу анҳу қилган шу ишни қилганмисиз?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга: “Эй Билол, Исломга кирганингдан кейин савобини энг умид қиладиган амалингни менга гапириб бер. Чунки мен жаннатда олд томонимдан кавушинг овозини эшитдим”, дедилар.

Шунда Билол розияллоҳу анҳу: “Амалларим ичида савоби умид қилинадиган энг яхши амалим – агар кечаси ёки кундузи (таҳорат, ғусл ёки таяммум қилиб) покланадиган бўлсам, ана шу поклик билан насиб қилганича намоз ўқир эдим”, дедилар (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).

Таҳорат қилиб бўлгандан сўнг ўқиладиган намоз – “Шукри вузуъ” (таҳоратнинг шукри) дейилади. Бу намозни таҳоратдан кейиноқ ўқиш мустаҳаб саналади. Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтларда ўқиб бўлмайди.

Сиз Билол ибн Рабоҳ каби таҳорат олиб бўлишингиз биланоқ икки ракат бўлсада нафл намоз ўқиганмисиз?

Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир одам яхшилаб таҳорат қилсаю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Бошқа ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар