Аввало, кашфиёт деб ўрганганларимизни ихтиро деб ёзганимиз сабаби ҳақида икки оғиз сўз. Кашфиёт сўзининг маъноси билганингиздек кашф этмоқдир. Масалан, Колумб Америка қитъасини кашф этди деганда Колумб Америка қитъасини бир нарсани бир нарсага қориштириб ясагани эмас, уни излаб топгани тушунилади. Ньютоннинг бутун олам тортишиш қонуни ва Эйништейннинг нисбийлик назарияси ҳам шунга ўхшаш ҳодиса. Демак, кашфиёт – табиатда олдиндан мавжуд бўлган ҳодисанинг сирини очишдир. Инсон ақли билан яратилган янги бир нарсага эса ихтиро деб аталади. Масалан, компьютер ясаш учун мавжуд бўлган ашёларнинг ҳар бири бир кашфиёт бўлиши мумкин, компьютернинг ўзи эса ўша нарсалар мажмуаси бўлиб инсон закоси туҳфасидир.
Алифбо
Инсоният тарихидаги энг машҳур ихтиролар ҳақида турли миллатлар орасида сўров ўтказилганда сайёрамиз аҳолисидан бирор киши бутун дунёни “ларзага” солган ихтиро қайси эканини қатъиятла айтиб бера олмаган. Лекин кўпчилик алифбонинг яратилиши дунё цивилизациясига туртки бўлганини эътироф этган ва худди ана шу ихтиро дунёда биринчи ўринни эгаллаган. Улардан ҳарфлар ва сўзлар ташкил топган. Агар ҳарфлар, белгилар, сўзлар, тиллар бўлмаганда ҳеч қандай ихтиро ва технологиялар бўлмас эди.
Китоб
Яна бир сўровда инсон зотининг энг муҳим ихтироси деб ракета, чироқ, телевидение, радио, интернет ва ҳаттоки iрhone эмас, китоб тан олинган. Чунки электр ёки атом энергияси ёрдамида ҳаракатланадиган космик кемалар, самолётлар ва шунга ўхшаш оламшумул кашфиётлар ва ихтироларнинг асл сабабчиси бу – китобдир. Барчамиз гувоҳмиз, ҳаттоки компьютер, телевидения ва бошқа энг таъсирчан технологиялар ҳам китоб ўрнини боса олмади. У қадимги билимларнинг энг ишончли ташувчиси ва унга ҳеч қандай энергиянинг ҳам кераги йўқ. У ҳали ҳам инсонларни билим ва маърифат томон етаклашда пешқадамлик қилмоқда.
Ғилдирак
Эҳтимол, ғилдиракнинг ихтиро қилиниши анча шов-шувли ноу-хау бўлгандир. Баъзи ғилдиракли техникалар ҳақиқатан ҳайратланарлидир. Масалан, энг тез юрар мотоцикл 2.5 сония ичида 100 километр соат тезлик олади.
Компьютер
Appleнинг биринчи компьютери
Дунёни ўзгартирган ихтиролардан бири бу – компьютер. Олимлар ўтган асрнинг 50 йилларида яратган, дастлабки кезларда баҳайбат машинага ўхшаш бўлган “компьютер”нинг асосий вазифаси космик учиш траекториясини аниқ ҳисоблаб бориш эди. Бу ихтирони дастлаб ҳисоблаш машинаси деб аташди. Ахборот технологиялари бўйича 230 дан ортиқ ихтирога патент олган Стив Жобс компьютер даҳоси, афсонавий одам деган ном олди. Унинг даҳоси туфайли фақат портатив компьютерлар эмас, iPod плеери мобильные iPhone мобиль телефонлари ҳам яратилди.
Космик корабллар ва сунъий йўлдошларнинг учиш траекториясини, уларнинг космосга кўтарилиш тезлигини тўғри ҳисоблаш, ер қаъридаги долғаларни ўрганиш, табиий фалокатлар содир бўлишини олдиндан аниқлаш ва табиатда содир бўладиган ўзгаришларни кузатиб бориш, фойдали конларни излаб топиш, атом станциялари ишини назорат қилиб бориш – ана инсон компьютерни ихтиро қилгандан сўнг қўлга киритган ютуқларнинг арзимаган қисми.
Автомобиль
Атиги иккисида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган инженерлар жамоаси яратган автомобиль
1937 йил Швецияда ташкил топган SAAB компанияси даставвал фақат жанговор самолётлар ишлаб чиқарган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин компания бозор талабига мос автомобиль чиқаришга қарор қилади. Улардан биринчиси – Ursaab эди. Бу автомобилни ўн олти нафар инженер яратган. Энг қизиғи, улар илгари мутлақо автомобиль йиғмаган ва уларнинг атиги иккисида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган холос.
Шапка – будильник
Метродаги шапкача – уйқу ичида бекатдан ўтиб кетмасликнинг ажойиб усули
Японияда патент олган бу шапкачани бошга кийиб олинг, кўзни юминг-да, поездда тебраниб бемалол ухлаб кетаверинг. Уйқу ичида бекатдан ўтиб кетиб қолмаслик учун унинг керак бекатни белгилаб қўядиган махсус табличкаси бор. Шапка кийган киши қаттиқ ухлаб қолган тақдирда ҳам будильник бонг уриб уни уйғотади. Бу ишга кечикиб юрадиган кишилар учун роса асқатади.
Игнали будильник
Игнали будильник – инсон зотининг бемаъни ихтироларидан бири
Унинг қиёфаси одатдаги будильниклардан сира ҳам фарқ қилмайди. Аммо унинг тепасига ғужум қилиб гугурт чўпидек кичкина игналар қадаб чиқилган. Ҳатто уйғоқ ва сергак одам ҳам уни бехос босиб олиши ҳеч гап эмас.
Анестезия
Анестезиясиз оддий жарроҳлик амалиётини ўтказишни тасаввур қилиб бўлмайди
«Анестезия» атамаси аслида милодий I асрда яшаган қадимги рим фармакологларидан бирига тегишли бўлган. У меҳригиёҳдан оғриқ қолдирувчи таъсирга эга бўлган экстрактни ажратиб олишга мувофиқ бўлган. Унинг бу ихтироси унут бўлиб кетганми, орадан бир неча аср ўтиб, оғриқни қолдирувчи дорини инглиз химиги Хэмфри Дэви ихтиро қилган. Диэтил эфири ёрдамида оғриқ сезиш қобилиятини йўқотиш эса доктор Мортон ихтиросидир. Айнан шу кундан бошлаб хирурглар оғриқни назорат қилишни ўзлаштириб олган.
Антибиотик
Антибиотиклар ҳам тиббиёт тараққиётида муҳим роль ўйнади. Антибиотиклар инсониятни эпидемиялар ва ўлимга олиб борувчи касалликлардан ҳимоя қилди. Биринчи антибиотик ҳисобланган пенциллинни Александр Флеминг яратди ва ана шу мўъжизавий дорисига 1928 йил патент олди.
Абдумалик ЖЎРАҚУЛ тайёрлади.
Куни кеча С.Мирзиёева ҳамда Мусулмон донишмандлар кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдусалом ўртасида учрашув бўлиб ўтди. (https://t.me/SShMirziyoyeva/2834) Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси ислом дини асосида ётган умуминсоний ва маънавий қадриятларни қўллаб-қувватлаётгани учун мазкур халқаро ташкилотга миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, Саида Мирзиёева ҳар йили ўтказиладиган Шайх Зоид номидаги «Инсоний биродарлик» мукофотининг 2026 йилги ҳакамлар ҳайъати таркибига киритилганидан бениҳоя мамнун эканини изҳор этди.
«Фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан биз бу дунёни янада яхшироқ қила оламиз», — дея таъкидлади С.Мирзиёева.
Шайх Зоид номидаги «Инсоний биродарлик» мукофоти — дунё тараққиётига катта ҳисса қўшаётган, инсон ҳуқуқлари, тинчлик ва адолат учун курашаётган шахсларга бериладиган, халқаро даражада энг юқори баҳоланадиган юксак эътирофлардан биридир.
Ушбу мукофот 2019 йилда Рим папаси Франциск ва Ал-Азҳар университети бош имоми Аҳмад Ат-Тойиб ўртасида Абу-Дабида бўлиб ўтган тарихий учрашув шарафига таъсис этилган бўлиб, улар биргаликда инсоний биродарлик ҳақидаги ҳужжатни имзолаган эди.
БАА асосчиси марҳум Шайх Зоид ибн Султон Ал-Наҳаён номи билан аталадиган ушбу мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлиб, соврин пули ижтимоий муаммоларга ечим топаётган, тинчлик ва бирдамликка ҳисса қўшаётган шахслар ва ташкилотлар ўртасида тақсимланади.
Ҳакамлар ҳайъати таркибига турли йилларда олий мартабали ва нуфузли шахслар киритилган, жумладан:
Доктор Уидед Бушамауи, Жаноб Кайлаш Сатяртхи — тинчлик бўйича Нобел мукофоти соҳиблари; Катерин Самба-Панза — Марказий Африка Республикасининг собиқ президенти; Мегавати Сукарнопутри — Индонезиянинг собиқ президенти; Ирина Бокова — ЮНЕСКОнинг собиқ бош директори; Ребека Гринспан Майуфис хоним — БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD) бош котиби; Авраам Купер — АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси раиси.
2025 йилдаги ҳакамлар ҳайъати қуйидагилардан иборат:
Макки Салл — Сенегал ва Африка Иттифоқининг собиқ президенти;
Хосе Луис Родригес Сапатеро — Испаниянинг собиқ бош вазири;
Нгози Оконжо-Ивеала — Жаҳон савдо ташкилоти бош директори;
Кардинал Питер Кудво Аппиаҳ Турксон — Понтифик Фанлар академияси ва Понтифик Ижтимоий фанлар академиясининг маслаҳатчиси;
Патрисия Скотланд — Миллатлар ҳамдўстлиги бош котиби;
Муҳаммад Абдусалом — «Инсоний биродарлик» мукофоти бош котиби.