Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Май, 2025   |   9 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:42
Қуёш
05:13
Пешин
12:25
Аср
17:20
Шом
19:30
Хуфтон
20:55
Bismillah
07 Май, 2025, 9 Зулқаъда, 1446

Дунёни ўзгартирган ихтиролар

22.03.2018   12702   6 min.
Дунёни ўзгартирган ихтиролар

Аввало, кашфиёт деб ўрганганларимизни ихтиро деб ёзганимиз сабаби ҳақида икки оғиз сўз. Кашфиёт сўзининг маъноси билганингиздек кашф этмоқдир. Масалан, Колумб Америка қитъасини кашф этди деганда Колумб Америка қитъасини бир нарсани бир нарсага қориштириб ясагани эмас, уни излаб топгани тушунилади. Ньютоннинг бутун олам тортишиш қонуни ва Эйништейннинг нисбийлик назарияси ҳам шунга ўхшаш ҳодиса. Демак, кашфиёт – табиатда олдиндан мавжуд бўлган ҳодисанинг сирини очишдир. Инсон ақли билан яратилган янги бир нарсага эса ихтиро деб аталади. Масалан, компьютер  ясаш учун мавжуд бўлган ашёларнинг ҳар бири бир кашфиёт бўлиши мумкин, компьютернинг ўзи эса ўша нарсалар мажмуаси бўлиб инсон закоси туҳфасидир. 

Алифбо

Инсоният тарихидаги энг машҳур ихтиролар ҳақида турли  миллатлар орасида сўров ўтказилганда сайёрамиз аҳолисидан бирор киши бутун дунёни “ларзага” солган ихтиро қайси эканини қатъиятла айтиб бера олмаган. Лекин кўпчилик алифбонинг яратилиши дунё цивилизациясига туртки бўлганини эътироф этган ва худди ана шу ихтиро дунёда биринчи ўринни эгаллаган. Улардан ҳарфлар ва сўзлар ташкил топган. Агар ҳарфлар, белгилар, сўзлар, тиллар бўлмаганда ҳеч қандай ихтиро ва технологиялар бўлмас эди.

Китоб

Яна бир сўровда инсон зотининг энг муҳим ихтироси деб ракета, чироқ, телевидение, радио, интернет ва ҳаттоки iрhone эмас, китоб тан олинган. Чунки электр ёки атом энергияси ёрдамида ҳаракатланадиган космик кемалар, самолётлар ва шунга ўхшаш оламшумул кашфиётлар ва ихтироларнинг асл сабабчиси бу – китобдир. Барчамиз гувоҳмиз, ҳаттоки компьютер, телевидения ва бошқа энг таъсирчан технологиялар ҳам китоб ўрнини боса олмади. У қадимги билимларнинг энг ишончли ташувчиси ва унга ҳеч қандай энергиянинг ҳам кераги йўқ. У ҳали ҳам инсонларни билим ва маърифат томон етаклашда пешқадамлик қилмоқда.

Ғилдирак

 
Эҳтимол, ғилдиракнинг ихтиро қилиниши анча шов-шувли ноу-хау бўлгандир. Баъзи ғилдиракли техникалар ҳақиқатан ҳайратланарлидир. Масалан, энг тез юрар мотоцикл 2.5 сония ичида 100 километр соат тезлик олади.

Компьютер

 Appleнинг биринчи компьютери

Дунёни ўзгартирган ихтиролардан бири бу – компьютер. Олимлар ўтган асрнинг 50 йилларида яратган, дастлабки кезларда баҳайбат машинага ўхшаш бўлган “компьютер”нинг асосий вазифаси космик учиш траекториясини аниқ ҳисоблаб бориш эди. Бу ихтирони дастлаб ҳисоблаш машинаси деб аташди. Ахборот технологиялари бўйича 230 дан ортиқ ихтирога патент олган Стив Жобс компьютер даҳоси, афсонавий одам деган ном олди. Унинг даҳоси туфайли фақат портатив компьютерлар эмас,  iPod плеери мобильные iPhone мобиль телефонлари ҳам яратилди.

Космик корабллар ва сунъий йўлдошларнинг учиш траекториясини,  уларнинг космосга кўтарилиш тезлигини тўғри ҳисоблаш, ер қаъридаги долғаларни ўрганиш, табиий фалокатлар содир бўлишини олдиндан аниқлаш ва табиатда содир бўладиган ўзгаришларни кузатиб бориш, фойдали конларни излаб топиш, атом станциялари ишини назорат қилиб бориш – ана инсон компьютерни ихтиро қилгандан сўнг қўлга киритган ютуқларнинг арзимаган қисми. 

Автомобиль

Атиги иккисида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган инженерлар жамоаси яратган автомобиль

1937 йил Швецияда ташкил топган SAAB компанияси даставвал фақат жанговор самолётлар ишлаб  чиқарган.  Иккинчи жаҳон урушидан кейин компания бозор талабига мос  автомобиль чиқаришга қарор қилади. Улардан биринчиси – Ursaab эди. Бу автомобилни ўн олти нафар инженер яратган. Энг қизиғи, улар илгари мутлақо автомобиль йиғмаган ва уларнинг атиги иккисида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган холос.

Шапка – будильник

 

 Метродаги шапкача    –   уйқу ичида бекатдан ўтиб кетмасликнинг ажойиб усули

Японияда патент олган бу шапкачани бошга кийиб олинг, кўзни юминг-да, поездда тебраниб бемалол ухлаб кетаверинг. Уйқу ичида бекатдан ўтиб кетиб қолмаслик учун унинг керак бекатни белгилаб қўядиган махсус табличкаси бор. Шапка кийган киши қаттиқ ухлаб қолган тақдирда ҳам будильник бонг уриб уни уйғотади. Бу ишга кечикиб юрадиган кишилар учун роса асқатади.

Игнали будильник

 Игнали будильник инсон зотининг бемаъни ихтироларидан бири

Унинг қиёфаси одатдаги будильниклардан сира ҳам фарқ қилмайди. Аммо унинг тепасига ғужум қилиб гугурт чўпидек кичкина игналар қадаб чиқилган. Ҳатто уйғоқ ва сергак одам ҳам уни бехос босиб олиши ҳеч гап эмас.

Анестезия

 Анестезиясиз оддий жарроҳлик амалиётини ўтказишни тасаввур қилиб бўлмайди

«Анестезия» атамаси аслида милодий I асрда яшаган қадимги рим фармакологларидан бирига тегишли бўлган. У меҳригиёҳдан оғриқ қолдирувчи таъсирга эга бўлган экстрактни ажратиб олишга мувофиқ бўлган. Унинг бу ихтироси унут бўлиб кетганми, орадан бир неча аср ўтиб, оғриқни қолдирувчи дорини инглиз химиги Хэмфри Дэви  ихтиро қилган. Диэтил эфири ёрдамида оғриқ сезиш қобилиятини йўқотиш эса  доктор Мортон ихтиросидир. Айнан шу кундан бошлаб хирурглар оғриқни назорат қилишни ўзлаштириб олган.

Антибиотик

 Антибиотиклар ҳам тиббиёт тараққиётида  муҳим роль ўйнади. Антибиотиклар инсониятни эпидемиялар ва ўлимга олиб борувчи касалликлардан ҳимоя қилди. Биринчи антибиотик ҳисобланган пенциллинни Александр Флеминг яратди ва ана шу мўъжизавий дорисига 1928 йил патент олди.

                                                                                       Абдумалик ЖЎРАҚУЛ тайёрлади.

 

 


 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзликни англаш, маънавият асосидир

05.05.2025   4965   7 min.
Ўзликни англаш, маънавият асосидир

Жонажон ватанимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт тобора янгидан янги босқичларга қадам қўйишда давом этмоқда. Бу, шубҳасиз, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланган ўзига хос бир қатор ислоҳотларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари ўртасида ўзаро диний бағрикенгликни тарғиб этиш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрел куни эълон қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПФ 68-сонли Фармонида ҳам айни шу масалалар назарда тутилган. Мазкур фармонда таъкидланишича, жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин тутган, умумбашарий тараққиёт омили бўлган илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимиз қолдирган улкан илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат туйғуларини тарбиялашда улардан унумли фойдаланиш бу ислоҳотларнинг асосий негизини ташкил этади.

Фармонга асосида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, унда “...буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш” ҳам қайд этиб ўтилган. Албатта, бу вазифани бажариш нафақат олимлар, балки бугун диний соҳада халққа хизмат қилаётган барча ходимлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, соҳанинг ҳар бир ходими тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини теран англаши, юртимизда яшаб, ижод қилган улуғ алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини халққа етказиши, кенг тарғиб қилиши замон талабидир.

Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати ҳақида сўз кетганда, энг аввало, турли манбаларда бу улуғ аллома ҳақида айтилган фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтиш ўринлидир. Ана шундай манбалардан бири, сўзсиз, улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг қатор асарларидир. Шоир ижодида нақшбандийлик тариқати асосий ўрин тутади. Ҳар бир асарининг ғоявий мазмуни, уларда илгари сурилган тасаввуфий қарашлар бевосита унинг Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқатига катта эътибор берганлигидан дарак беради. “Лисон ут-тайр” достони ҳам бундан мустасно эмас.

Асарнинг “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзи фанойи комил мақомида” бобида шоир улуғ алломага шундай таъриф беради:

Хожаи олий сифоти аржманд,
Шаҳ Баҳо ул Ҳақ вад-дин Нақшбанд.

Чун бу иқлим уза бўлди тахтгир,
Тузди йўқлук кишвари узра сарир.

Навоий таъкидлашича, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд олий ахлоқий сифатларга эга зотдир. Чунончи, у зот бу иқлим тахтига ўтиргач, яъни дунёга келган кунидан бошлаб, ўзини йўқлик тахтида кўрди. Демак, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг улуғ инсоний фазилатларидан ўзлигини англаб, худбинликдан кечишдир. Шоир фикрини давом эттирар экан ёзади:

Ўз вужудин пок сайри ҳақшунос,
Ҳар не бирлаким қилур эрди қиёс.

Ондин ўзни кам топар эрди басе,
Сарву гулдин ўйлаким хору хасе.

Ҳақшунос – Аллоҳни таниган аллома ўзини нимага қиёс қилса, ундан паст кўрар, яъни оддий хас сарв билан гулнинг наздида қанчалик кўримсиз бўлса, у зот ҳам ўз вужудини ҳеч қачон бирор нарсадан ортиқ кўрмас ва бутун ҳаёти давомида шундай камтарликка амал қилиб яшаган. Агар инсонлар ўз ҳаётларини инсонпарварлик ва бағрикенглик асосида қурсалар, дунёда рўй бераётган ўзаро низолар, қирғинбарот урушлар, ўткинчи мол-дунё учун қилинаётган пасткашликларга барҳам берилган, инсонлар бир-бири билан тинч-тотув ҳаёт кечирган, она замин бағрида бегуноҳ гўдакларнинг қонлари дарё бўлиб оқмаган бўлар эди. Аммо афсуски, бугун дунёнинг турли мамлакатларида бундай мислсиз фожиаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Тасаввуф аҳли орасида Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг: “Мусибатлар жуда кўпдир. Фақат энг буюк мусибат эса вақтнинг фойдасиз, бекорга кетишидир”, – деган панду насиҳати машҳурдир. Шунга кўра ҳикоятда нақшбандийликнинг яна бир тамойили бозгаштга ҳам тўхталиб ўтилади. Унга кўра ўзининг ҳар бир нафасини назорат қилган ориф унинг бирор лаҳзаси, ҳаттоки, нафас олиш ва чиқаришнинг орасидаги онлардан бири ҳам, ғафлат билан беҳуда ўтган бўлса бозгашт қилиши, яъни ғафлатда кечган ҳар бир ишини қайтадан бажариши лозимлигини таъкидлайди.

Зеро, аҳли Ҳақ – Аллоҳнинг ошиқлари шу тариқа ўз вужудини инкор этиб, шу сабаб билан будини – борлигини набуд – йўқликка алмаштирадики, шоир бу ўринда китобхонларни нақшбандийликнинг яна бир рашҳаси “вуқуфи қалбий” – “қалбдан огоҳ бўлиш”га қаратади. Бу раҳшага кўра солик ҳамиша ўз қалбидан огоҳ бўлиши, унда кечаётган ҳар бир ўй-фикрларни тартибга солиб, ҳатто хаёлан бўлса-да, кибру ҳавога, манманликка йўл қўймаслиги керак.

Алишер Навоий Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари умрларининг охиригача ўзларида мужассам бўлган фазилатларни тарк этмаганлиги ва шу тариқа фано бўлганликларини айтиб, шундай якунлайди:

Бўйла ошом эттилар жоми фано,
Қолмоғондин сўнг асар ўздин яно.

Ҳақ вужудидин бақое топмайин,
Жоми ваҳдатда лиқое топмайин,

Чун фано хайлига дохил бўлдилар,
Боқийи мутлаққа восил бўлдилар.

Шоир таъкидлашича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўзлигидан, яъни “мен”ликнинг кибру ҳаволаридан кечган ҳолатда вафот этдилар. У кишининг назарида Ҳақ вужудидан бошқа боқий бўлмади, ўзининг Ҳақ наздида ҳечлигини англаб етди ва фано хайли – аҳлига қўшилиб, боқийи мутлақ – Аллоҳ висолига эришди.

Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидан олинган ҳикоятлар гарчи ҳажман кичик бўлса ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари таълимотининг энг асосий тамойилларини ўзида акс эттирганлиги билан қадрлидир. Ўйлаймизки, муштарийлар бу асар таҳлилини Президентимиз фармонларида айтилган “тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш” йўлидаги арзимас уринишларимиздан бири сифатида қабул қиладилар ва йўл қўйган нуқсон-хатоларимизни кечирадилар. Албатта, умид қиламизки, бу борада янада теранроқ қарашлар билан бойитилган мақолалар билан бизни хурсанд этадилар.

Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

 

МАҚОЛА