Азиз юртимизга мавсумлар келинчаги баҳор келди.
Замин уйғонмоқца. Барча-барчамиз интиқиб кутган Наврўз айёми – яшнаш ва яшариш палласи кириб келмоқда.
Шамсий йил ҳисобида йилнинг биринчи куни – наврўз (янги кун) деҳқончилик ишларининг бошланиши, янги мавсумга кириш вақти саналади. Азалдан Наврўз байрамида янги униб чиққан кўкатлардан кўксомса, кўкчучвара каби тансиқ таомлар пиширилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, биз нишонлайдиган Наврўз байрами оташпарастлар нишонлайдиган наврўз эмас, балки қиш фаслидан чиқиб, баҳор айёмига саломат етганимиз, ерга уруғ қадайдиган фурсат етгани муносабати билан деҳқонларнинг баҳор байрами сифатида нишонлайдиган мавсумий тадбири ҳисобланади.
Мир Алишер Навоий ҳазратлари ҳам ўз асарларида: "Ҳар тунинг "Қадр" ўлубон, ҳар кунинг ўлсун "Наврўз", деб бу кунни алоҳида ёд этганлар.
Бинобарин, барча миллий байрамлар қатори Наврўз байрамини ҳам кўтаринки руҳда билан, фасли навбаҳор айёмига соғ-саломат етказгани учун Яратганга шукроналаримизни адо этган ҳолда ўтказишимиз лозим бўлади.
Наврўз байрами мамлакатимизда умумхалқ байрамларидан бири сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Ҳар йили мамлакатимиздаги барча шаҳар ва қишлоқларда ушбу байрам муносабати билан турли сайиллар, томошалар, байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Байрам куни меҳрибонлик уйлари уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар, ногиронлар, меҳрга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиниб, уларни байрам билан қутлаб, турли совғалар, хайр-эҳсонлар тақдим этиш халқимизнинг гўзал анъаналаридандир.
Бобо деҳқонларимиз, миришкор боғбонларимиз орзиқиб кутган дамлар етиб келди. Улар ерга барака уруғини сочади, мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазади. Динимизда деҳқончилик, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Зеро, ерга меҳнат билан қанчалик ишлов берилса, деҳқончилик, зироат ҳам шунга қараб баракали бўлади. Рўзғоримиз бутун, ҳаётимиз фаровон бўлиб бораверади. Шаҳар ва қишлоқларда яшовчи барча инсонлар бу муборак фаслни ғанимат билиб, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, турмушимиз равнақи йўлида астойдил бел боғлаб, фидокорона меҳнат қилиш билан ўзларининг ҳиссаларини қўшишга харакат қиладилар.
Шунингдек, ҳар йили баҳор келиши билан атроф-муҳит, ўқув даргоҳлари ҳамда маҳаллаларни саранжом-саришта қилиш бўйича кўплаб оммавий ҳашарларни уюштириш ҳам миллатимизга хос одатлардандир. Бунда дарахтлар оқланиб, ҳар хил чиқиндилар тозаланади, янги-янги мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилади. Атрофни ўзгача файзу шукуҳ, поклик қамраб олади, Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "...Ҳовли ва уй-жойларингизни озода тутинглар"; "Поклик имондандир" дея умматларини покликка чорлаганлар.
Наврўз байрами кеча билан кундузнинг тенглашган чоғи, баҳор фаслининг 21-22 март кунларидан бошлаб, бир ҳафта, ўн кун давомида ўтказилган. Бу байрам, аввало, табиатнинг жонланиши, янгиланиши билан юртимизга гўзал баҳор фасли кириб келиб, ям-яшил сепини ёйиши билан бошланган.
Аждодларимиз бу байрамни нишонлаб, турли-туман, ранг-баранг удум ва маросимларни ўтказишган. Далаларда баҳорги экин-текин ишлари бошланиб кетган. Жамоа-жамоа бўлиб ҳашарлар уюштирилган. Ўтган аждодлар руҳи ёд қилинган, қабристонлар ободонлаштирилган,
Наврўз байрамига атаб аждодларимиз махсус кийимлар тайёрлашган ва уларни кийиб байрам қилишган. Наврўз таомлари ўзига хос бўлган. Улар орасида, айниқса, сумалак, ҳалим тайёрлаш анъанавий одат тусига кирган.
Тинч ва осойишта юртимизнинг янада тараққий этиши ҳамда зироат ишларида мўл-кўл ҳосил олиш йўлида меҳнат қилаётган дехқонларимиз, барча миришкорларимизга Яратганнинг файзу-баракотини ато этишини сўраб қоламиз.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл шаҳар «Жоме» масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Дўстона ва самимий руҳда ўтган учрашувда Марказ раҳбари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида жумладан, Марказ доирасида амалга оширилаётган тадбирлар, барча илмий ва ташкилий ишлар ҳақида маълумот берди.
– Ўзбекистон Ислом илми, фиқҳ ва ҳадис соҳасида юксак меросга эга. Бу заминда машҳур уламолар, буюк фақиҳлар, муҳаддислар, мутафаккирлар ва санъатшунослар етишиб чиққан, – деди Ислом уюшмаси бош котиби. – Ушбу мероснинг Ислом оламидаги аҳамияти ва долзарблигини кўрсатишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази муҳим ўрин тутади. Бу юртнинг таниқли ва машҳур алломалари туфайли Ислом цивилизациясининг асл моҳияти хусусан, инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятлари бугунги кунга қадар сақланиб қолган. Мазкур мегалойиҳа бу бой меросни жаҳон ҳамжамиятига танитишда асосий аҳамиятга эга. Биз Бутунжаҳон Ислом уюшмаси номидан ушбу саъй-ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистон Президентининг маданият ва маърифатга қаратган эътибори барча мусулмон мамлакатлар учун намуна бўлади. Марказ билан ҳамкорлик қилишдан бениҳоят мамнунмиз! – дея таъкидлади Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса.
Учрашув давомида Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусан, Ислом цивилизацияси марказининг барча тадбирлари, режалаштирилган турли анжуманларга қизиқиш билдириб, бу борада олиб борилаётган ишларни юксак баҳолади ва мамнуният билан эътироф этди. Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросими қанчалик аҳамиятли эканлигига эса алоҳида тўхталди. Шу ўринда Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқидан қуйидаги иқтибосларни келтирди: “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади. Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”. Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ минбаридан туриб илгари сурилган мазкур улкан ташаббус Бутунжаҳон Ислом уюшмаси номидан қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтди.
Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Марказ таркибида Араб-ислом хаттотлик мактабини очиш йўлга қўйилганини маълум қилди. Шайх Муҳаммад Абдулкарим Ал-Исса ушбу лойиҳани тўла-тўкис қўллаб-қувватлади:
– Янги Ўзбекистон лойиҳаси бўлмиш бу хаттотлик мактаби орқали Қуръони каримнинг ҳар бир сурасини махсус араб хатида, безаклар билан бойитилган тарзда қўлда кўчириш мақсадга мувофиқ, – дея таклиф қилди Бош котиб, – Ўзбекистондаги бўлажак Араб-ислом хаттотлик мактаби фаолиятини йўлга қўйишда, шунингдек, жаҳон миқёсида машҳур бўлган катта тажрибага эга хаттотларни ушбу марказга жалб этиш, хаттотларнинг иш фаолияти самарали бўлиши учун уларни рағбатлантириш ва умуман мактаб фаолиятини ривожлантиришда астойдил ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.
Делегация аъзолари Макка шаҳрида жойлашган Ҳиро маданият даҳаси, Ваҳий музейи, “Бурж ас-саъа” минорасида жойлашган шу номдаги музей, Каъба кисваси учун қирол Абдулазиз мажмуаси ва Мадина шаҳридаги “Бўстон” музейи, Пайғамбаримиз (с.а.в) сийратлари ва Ислом цивилизацияси музейи, Жидда шаҳридаги Ислом санъати музейи ва кутубхонасига ташриф буюрди ва ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борди.
Бундан ташқари, Ислом цивилизацияси маркази делегацияси аъзолари музей ва кутубхоналарга қилган ташрифлари жараёнида Пайғамбаримизнинг фаолият ва турмуш тарзларини ифодаловчи видеолавҳалар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига тақдим этилиши масаласини ҳам кўриб чиқишди.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Самарқандда янгидан бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуаси зиёратчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласида ҳам фикр алмашилди. Бу борада Саудия Арабистони тажрибасидан фойдаланиш мақсадида Бутунжаҳон Ислом уюшмаси Тадбирлар ва конференциялар бўлими бошлиғи Шокир Салоҳ ал-Адваний билан мулоқот ўтказилди. Мулоқот давомида Ислом уюшмаси вакили бу масалада Саудия Арабистонининг етакчи ташкилотларидан бири “Илм” компанияси кўмак беришини билдирди. Кейинги муҳокамалар видеоконференция шаклида давом эттирилишига келишиб олинди.