Мамлакатимизда 18-19 март кунлари Наврўз байрамига бағишланган умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтди.
Азалдан халқимизда байрамларга катта тайёргарлик кўрилиб, кўча-кўйлар, маҳаллаларни обод қилишга, ён-атрофни озода, покиза, тартибли, саранжом ҳолда сақлашга жиддий эътибор қаратилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 23 февралда қабул қилинган "2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорида барча шаҳар ва қишлоқларда Наврўзнинг тарихи, мазмуни ва фалсафасини, ушбу байрамни ўтказиш билан боғлиқ урф-одатлар, қадрият ва анъаналарнинг моҳиятини акс эттирган оммавий сайиллар ўтказиш, ёрдамга муҳтож инсонлар, кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз кўмак бериш, жамиятда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилган савоб ишлар, хайрия тадбирлари ва оммавий ҳашарларни амалга ошириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.
ЎзА хабарига кўра, бўлиб ўтган ҳашар тадбирида ёши, миллати, диний эътиқодидан қатъи назар, барча фуқаролар фаол иштирок этди. Юртимизни янада обод, файзли, тоза ва озода бўлиши таъминланиши билан бирга ёш авлодда миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат, ўзаро меҳр-оқибат, меҳнатсеварлик, фидойилик, эзгуликка хайрихоҳлик сингари фазилатларининг мустаҳкам қарор топтиришда умумхалқ хайрия ҳашарининг ўрни ва аҳамияти беқиёс бўлди.
Шу кунларда юртимиздаги барча маҳаллалардаги турар жойлар, хиёбонлар, боғлар, йўл ва йўлаклар, муқаддас қадамжолар ҳашарчилар саъй-ҳаракати билан тартибга келтирилди. Кўплаб мевали дарахт, гул кўчатлари ўтқазилди. Болалар майдончалари, спорт билан шуғулланиш учун мўъжаз масканлар, маҳалла гузарлари, кутубхоналар, савдо, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилди.
— Умумхалқ ҳашари тадбирлари вилоятимизда ҳам жуда кўтаринки руҳда бўлиб ўтди, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қашқадарё вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Дўстмурод Султонов. – Энг аввало, кексалар, фахрийлар, кўнгли ярим фуқаролар, ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олишга жиддий эътибор қаратилди. Уларнинг турар жойларини таъмирлаб берилди. Янги маҳалла гузарлари, болалар спорт майдончалари бунёд этилди.
Пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги Учтепа маҳалла фуқаролар йиғини биноси ҳашар кунлари қайтадан тўлиқ таъмирланди. Янада кўркам кўриниш касб этган бинонинг аввалгиларидан афзаллик жиҳати — бу ерда нуронийлар учун дам олиш хонаси, фуқароларни қабул қилиш учун зарур барча шароит ва имкониятлар яратилди.
— Шу ернинг ўзида маҳаллада истиқомат этаётган оилаларнинг фарзандлари учун мўъжаз кутубхонанинг ташкил этилгани ўғил-қизлар учун ўзига хос Наврўз туҳфаси бўлди, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мухтор Илҳомов. - Зиё маскани учун бадиий, маърифий китоблар, болалар адабиётидан намуналар фаоллар, маҳалла жонкуярлари томонидан келтирилди.
Юртимизнинг барча маҳаллаларида бўлгани каби мазкур масканда ҳам беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга совға-саломлар топширилди. Мевали, манзарали дарахтлар, арча, гул кўчатлари ўтқазилди.
Бир сўз билан айтганда, кўтаринки ва юксак савияда ўтказилган умумхалқ ҳашарида ҳамюртларимиз фаол иштирок этди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Ота-оналар ўғилларига Муҳаммад деб исм қўйишни афзал кўрадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари саҳобалар давридан бошлаб ҳозиргача У зот алайҳиссаломга муҳаббат юзасидан фарзандларга қўйиб келинади. Қолаверса, бир қанча ҳадиси шарифларда, уламоларнинг сўзларида бу муборак исмни фарзандларга қўйиш тавсия қилинган ва мақталган. Жумладан Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Исмимни қўйинглар, аммо куням билан куняланманглар”, деганлар.
Имом Молик разияллоҳу анҳу айтадилар: “Мадина аҳли шундай дер эди: “Муҳаммад исмли кишиси бор ҳеч бир оила йўқки, унга кўплаб яхшиликлар берилмаган бўлса”.
Аммо, “қасамки, кимки сенинг исминг Муҳаммад билан аталса, ҳеч қачон дўзах ўти унга тегмайди”, “Қиёмат куни, эй исми Муҳаммад бўлган банда, жаннатга кириш учун ўрнингда тур, деб нидо қилинади” каби уйдирма ҳадислар кўплаб учрайди. Мазкур муборак исмга оид бир қанча уйдирма ҳадислар китобларга кириб қолганини уламолар аниқлаган ва мусулмонларни огоҳ этиш учун уйдирма ҳадисларга оид ёзган китобларига киритганлар.
Муҳаммад исми дўзахдан асраши, қиёматда фойда бериши каби фазилатлар баён қилинган юқорида зикр этилган ҳадислар ҳақида Имом Шомий асарида бундай деган: “Муҳаммад исми бандага фойда келтириши ҳақида биронта саҳиҳ ҳадис йўқ”.
Бакр Абу Зайд айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Муҳаммад ёки Аҳмад исмли кишини мақтагани ёки бировни бу икки исм билан чақиришни ман қилгани ҳақидаги ҳар қандай ҳадис саҳиҳ эмас” (“Тасмиятул мавлуд”, 17-бет).
Яна бир муҳим жиҳат, бу исм шарафли исмлардан, аммо исм инсонга одамлар орасида афзаллик бермайди. Агар бу исмни бирор инсонга қўйилса, ўша инсоннинг исми ҳисобланади. Бу инсонни чақирилса ёки исми айтилса, унга саловат айтиш каби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга оид ҳукмлар қилинмайди.
Асосий ва муҳим жиҳат Муҳаммад деб номланиш эмас, балки У зотга эргашиш эканлигини уламолар таъкидлаганлар. Инсонга солиҳ амаллари ва Аллоҳдан қўрқиши дунё ва охиратда фойда беради.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси.