Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Январ, 2025   |   23 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:42
Пешин
12:40
Аср
15:47
Шом
17:31
Хуфтон
18:48
Bismillah
23 Январ, 2025, 23 Ражаб, 1446

Умумхалқ ҳашари кўтаринки руҳда ўтди

20.03.2018   3809   3 min.
Умумхалқ ҳашари кўтаринки руҳда ўтди

Мамлакатимизда 18-19 март кунлари Наврўз байрамига бағишланган умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтди.

Азалдан халқимизда байрамларга катта тайёргарлик кўрилиб, кўча-кўйлар, маҳаллаларни обод қилишга, ён-атрофни озода, покиза, тартибли, саранжом ҳолда сақлашга жиддий эътибор қаратилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 23 февралда қабул қилинган "2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорида барча шаҳар ва қишлоқларда Наврўзнинг тарихи, мазмуни ва фалсафасини, ушбу байрамни ўтказиш билан боғлиқ урф-одатлар, қадрият ва анъаналарнинг моҳиятини акс эттирган оммавий сайиллар ўтказиш, ёрдамга муҳтож инсонлар, кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз кўмак бериш, жамиятда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилган савоб ишлар, хайрия тадбирлари ва оммавий ҳашарларни амалга ошириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.

ЎзА хабарига кўра, бўлиб ўтган ҳашар тадбирида ёши, миллати, диний эътиқодидан қатъи назар, барча фуқаролар фаол иштирок этди. Юртимизни янада обод, файзли, тоза ва озода бўлиши таъминланиши билан бирга ёш авлодда миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат, ўзаро меҳр-оқибат, меҳнатсеварлик, фидойилик, эзгуликка хайрихоҳлик сингари фазилатларининг мустаҳкам қарор топтиришда умумхалқ хайрия ҳашарининг ўрни ва аҳамияти беқиёс бўлди.

Шу кунларда юртимиздаги барча маҳаллалардаги турар жойлар, хиёбонлар, боғлар, йўл ва йўлаклар, муқаддас қадамжолар ҳашарчилар саъй-ҳаракати билан тартибга келтирилди. Кўплаб мевали дарахт, гул кўчатлари ўтқазилди. Болалар майдончалари, спорт билан шуғулланиш учун мўъжаз масканлар, маҳалла гузарлари, кутубхоналар, савдо, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилди.

— Умумхалқ ҳашари тадбирлари вилоятимизда ҳам жуда кўтаринки руҳда бўлиб ўтди, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қашқадарё вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Дўстмурод Султонов. – Энг аввало, кексалар, фахрийлар, кўнгли ярим фуқаролар, ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олишга жиддий эътибор қаратилди. Уларнинг турар жойларини таъмирлаб берилди. Янги маҳалла гузарлари, болалар спорт майдончалари бунёд этилди.

Пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги Учтепа маҳалла фуқаролар йиғини биноси ҳашар кунлари қайтадан тўлиқ таъмирланди. Янада кўркам кўриниш касб этган бинонинг аввалгиларидан афзаллик жиҳати — бу ерда нуронийлар учун дам олиш хонаси, фуқароларни қабул қилиш учун зарур барча шароит ва имкониятлар яратилди.

— Шу ернинг ўзида маҳаллада истиқомат этаётган оилаларнинг фарзандлари учун мўъжаз кутубхонанинг ташкил этилгани ўғил-қизлар учун ўзига хос Наврўз туҳфаси бўлди, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мухтор Илҳомов. - Зиё маскани учун бадиий, маърифий китоблар, болалар адабиётидан намуналар фаоллар, маҳалла жонкуярлари томонидан келтирилди.

Юртимизнинг барча маҳаллаларида бўлгани каби мазкур масканда ҳам беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга совға-саломлар топширилди. Мевали, манзарали дарахтлар, арча, гул кўчатлари ўтқазилди.

Бир сўз билан айтганда, кўтаринки ва юксак савияда ўтказилган умумхалқ ҳашарида ҳамюртларимиз фаол иштирок этди.

 

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Илмнинг устоз билан олинишига 33 далил

21.01.2025   2277   12 min.
Илмнинг устоз билан олинишига 33 далил

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Билим ҳар бир инсон учун бирдек зарурдир. Бироқ у тўғри ва тартибли олинмаса, кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Кейинги вақтда ҳар ким ўзига керакли маълумотларни интернет ва ижтимоий тармоқлардан олган ҳолда ўзи билганича илм ўрганиш, тасдиқланмаган хулосаларга риоя қилиш ҳолатлари кўпайиб кетди. Бу иллатлар эса ўз навбатида ҳақиқий билимлар қадр-қийматига путур етказиб қўймоқда. Қуйида илмни устоздан олиш ҳақиқатига оид баъзи далилларни келтириб ўтдик.


Қуръоний далиллар

1. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда билмайдиганларга биладиганлардан сўрашни буюрди: «Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар» (Анбиё сураси, 7-оят).

2. Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан умматнинг ҳидояти ва илми учун нозил қилинган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушунтиришларисиз Қуръон маъноларини тўлиқ ва бехато англаб бўлмас эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай марҳамат қилади: «(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик» (Наҳл сураси, 44-оят).


Ҳадисий далиллар

3. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).

«Саҳиҳу Бухорий»га шарҳ ёзган машҳур муҳаддис Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисни бундай изоҳлайди: «Демак, ишончли илм фақат пайғамбарлар (анбиё) ва уларнинг ворисларидан (уламолардан) олинган илмдир». Аллома Айний раҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу ҳадисни шундай шарҳлаган.

4. Аллома Шотибий раҳимаҳуллоҳ бу фикрга урғу бериб ёзади: «Бунинг далили яна бир ҳадисдир: «Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, Аллоҳ таоло бандаларидан илмни бирданига суғуриб олмайди. Балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан тортиб олади. Ниҳоят, бирорта олим қолмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўралганларида, жоҳилларга хос равишда фатво беришади. Натижада улар адашадилар ва адаштирадилар», деганларини эшитдим» (Бухорий ривояти).

Яна бундай ёзади: «Шундай экан, илм калити – унинг кўтариб юрувчилари эканига шубҳа йўқ» («Адаб ал-ихтилаф», 174-бет).

5. Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг шарҳида Имом Аҳмаднинг «Муснади»дан бир парча келтиради, унда бундай дейилади: «Албатта, илм аҳлининг тарк этиши – айнан илмнинг кетишидир» («Фатҳул-борий»).


Пайғамбарлар алайҳимуссаломдан мисолар

6. Айтилишича, Довуд алайҳиссалом пайғамбар бўлгунларига қадар Луқмон Ҳакимдан кўп илмлар ўрганганлар («Тафсир ал-Қуртубий»).

7. Луқмон Ҳаким ўғлига бундай насиҳат берган: «Ўғлим, олимларга яқин ва доимо улар билан бирга бўл. Албатта, Аллоҳ таоло ерни ёмғир билан тирилтирганидек, қалбларни ҳикмат билан тирилтиради» («Жомиъу баёнил илм»; «Маъолим иршодия», 164-бет).

8. Мусо алайҳиссаломнинг Ҳизр алайҳиссаломдан илм олганлари маълум.

9. Юшаъ ибн Нун алайҳиссалом пайғамбарлик келишидан олдин узоқ вақт Мусо алайҳиссаломнинг ёрдамчиси вазифасини бажарганлар, уларнинг хизматида бўлганлар.


Салафи солиҳларнинг сўзлари

10. Шунингдек, тобеинлар даврида ким бирор илми борлигини даъво қилса, ундан бу илмни кимдан олгани сўралган (Муслимнинг «Саҳиҳ» асари кириш қисми).

11. Машҳур муҳаддис Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ «Тақйидул илм» асарида бундай ёзади: «Кўплаб олимлар вафот этишларидан олдин ўзларининг айрим китобларини йўқ қилишди ва бошқаларга ҳам шундай қилишни буюришди. Улар бу китоблар ҳукмларни тушунмайдиган ва китобдан фақат ташқи маъноларни оладиган жоҳиллар қўлига тушиб қолишидан қўрқиб шундай қилдилар».

Кейин бу ишни Имом Обид Салмоний, Имом Шўъба ибн Ҳажжож, Имом Абу Қилоба ва Имом Исо ибн Юнус раҳимаҳуллоҳ кабилар қилганини айтиб ўтди (61–62 бетлар).

12. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга масжидда илм мажлисида ўтириб, фиқҳий масалалар ҳақида баҳслашаётган бир гуруҳ одамлар ҳақида хабар берилганида, у киши: «Уларнинг устози борми?» деган саволларига «йўқ» деган жавоб бўлганда: «Бу одамлар ҳеч қачон фиқҳни эгалламайдилар» деганлар (Шайх Муҳаммад Аввома. «Адаб ал-ихтилаф», 164-бет ва «Маъолим иршодия», 163-бет; «Ал-Фақиҳ вал Мутафаққиҳ», 2-жилд, 83-бет).

13. Бир куни Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан «Киши илм олишда олимлар билан суҳбатлашмасдан, фақат китоб ўқиб қаноатланса илм олади-ми?» деб сўрашди. Имом Молик рад жавоб берди ва бундай деди: «Илм фақат уни ёд олган, олимларга ҳамроҳ бўлган, ўз илмига амал қилган ва тўғрисўз ҳалол кишидангина олинади» («Адаб ал-ихтилаф», 165-бет; «Маъолим Иршодия», 163-бет).

14. Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Қадим замонларда билим одамларнинг қалбида бўлган. Кейин у китобларга ўтказилди, аммо калитлар ҳали ҳамон одамларнинг қалбида қолмоқда. Шу сабабли, талаба, албатта, унга мунозаралар ва тушуниш йўлларини очадиган мураббийга муҳтож» («Адаб ал-ихтилоф», 174-бет; «Маъолим иршодия», 174-бет).

15. Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Ҳар бир талабанинг қийин саволларга жавоб олиш учун мурожаат қилиши мумкин бўлган устози бўлиши керак» («Ал-Фақиҳ вал-мутафаккиҳ», 2-жилд, 83-бет; «Ан-Насиҳа ёки Аҳлил-Ҳадис», 259-бет).

16. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Агар ўқувчига илм сирларини очиб (тушунтириб) берадиган олим бўлмаса, китобларнинг ўзи ҳеч қандай фойда келтирмайди. Бу ҳаммага маълум ҳақиқат» («Адаб ал-ихтилаф», 178-бет).


Салафи солиҳларнинг тутган йўли

17. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Баъзи шогирдлар ўттиз йил давомида ўқитувчиларининг дарсларида қатнашган» («Адаб ал-ихтилаф», 171-бет).

18. Шунчаки бир неча дарсларга қатнашиш (бугунги кунда одатий ҳолга айланган) «мулозама» – қатъиятлилик ҳисобланмайди («Маолим иршодия»даги изоҳлар, 177-бет).

19. Ҳанафий фақиҳи Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ баён қилади: «Илмга мунтазам мурожаат қилмасдан, доимий изланиш ва устозсиз эришиб бўлмайди» («Адаб ал-ихтилаф», 172-бет).

20. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ўз даврида машҳур бўлган ва омма томонидан қабул қилинган ҳар бир таниқли олимнинг ўз даврида мурожаат қиладиган устозлари бўлган» («Адаб ал-ихтилаф», 176-бет).

21. Илм йўлидаги сафарлар.

Бу ерда муҳокама қилинадиган асосий жиҳат, салафларнинг илм йўлида сарсон-саргардонликда ўтказган узоқ муддатларидир:

1). Имом Боқий ибн Маҳлад раҳимаҳуллоҳ илм излаб икки марта сафарга чиқдилар. Уларнинг биринчиси 14 йил, иккинчиси эса 20 йил давом этди («Сафоҳат мин сабрил улама», 60-бет).

2). Имом Ибн Манда раҳимаҳуллоҳ 45 йилни уйларидан узоқда ўтказдилар («Сафоҳат мин сабрил улама», 65-бет).

3). Имом Яъқуб ибн Суфён Фасави раҳимаҳуллоҳ: «Мен 35 йилдан бери сафардаман», деганлар («Сафоҳат», 61-бет).

22. Дунё кезиб илм излаган олимлар

Толиби илмлар сафарлари чоғида бирорта олим бўлган ҳеч бир шаҳар, қишлоқ ёки шаҳарчани эътибордан четда қолдиришмаган.

1). Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ҳақида бундай ёзадилар: «Муснад»ини тузишдан олдин бутун (Ислом) дунёсини уч марта кезган («Саид ал-Касир»; «Сафаҳат мин сабрил улама», 54-бет) .

2). Ибн Муқрий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Шарқдан ғарбга тўрт марта сафар қилдим ва ўн марта Байтул Мақдисни зиёрат қилдим» («Сафоҳат мин сабрил улама», 64-бет).

23. Фақат битта устоз эмас!

Салафлар ҳеч қачон бир-икки устоз билан чекланишмаган. Уларнинг муаллимлари баъзан минглаб ададни ташкил қилган.

1). Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: «Мен 1080 устоздан ҳадис ёздим», деганлар («Ҳадю ас-сарий», 670-бет).

2). Имом Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Тахминан 2 мингдан ортиқ устоздан ҳадис ёзиб олдим» («Тазкиратул-хуффоз», 3-жилд, 921-бет).

3). Ибн Манда раҳимаҳуллоҳнинг 1700 нафар устози бор эди («Тазкиратул-хуффоз», 3-жилд, 1032-бет).

4). Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ 4 минг устоздан илм олган («Тазкиратул-ҳуффоз», 1-жилд, 276-бет).

5). Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг биргина тобеъинлардан 4 минг нафар устози борлиги хабарларда келган (Ибн Ҳажар Ҳайсамий «Ал-Хайратул-ҳисон»; «Асорул-ҳадис», 176-бет).

6). Ҳофиз Ироқий раҳимаҳуллоҳ Имом Қосим ибн Довуд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ҳақида ёзади: «У зот: «6 минг шайхдан ҳадис ёздим», дедилар («Сафоҳат»га изоҳ, 64-бет).

24. Замонамизнинг беқиёс муҳаддиси Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ «Адабул ихтилоф» китобида алоҳида таъкидлаб бундай ёзади: «Улар (уламолар) устози бўлмаган кишига ҳеч қачон эътибор бермаганлар ва бундай кишини ҳатто у билан гаплашишга ҳам лойиқ кўрмаганлар, чунки у хато қилишга мойил эди».

25. Абу Жаъфар Довудий ўз даврининг нуфузли уламоларининг фикрига эътироз билдирганда, улар бундай жавоб бердилар: «Овозингизни ўчиринг! Сизинг устозинг йўқ!» («Адаб ал-ихтилаф», 164-бет).

26. Шайх Аввома раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ҳар бир инсоннинг насл-насаби бор. Талаба ўз билими учун ўқитувчиларидан олинадиган насл-насабга ҳам муҳтож. Ўқитувчиси бўлмаган киши, кимлиги бетайин ва насл-насаби номаълум одам кабидир. Унинг ҳеч қандай қадри ҳам, вазни ҳам йўқ» («Олтин қўлланма», Англия, 8-бет; «Маъолим иршодия», 160-бет ва «Адаб ал-ихтилаф», 164-бет).


Хатоларнинг келиб чиқиш сабаби

27. Муҳаммад ибн Сирин, Ҳакам ибн Атийя ва Воқий ибн ал-Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ сингари имомлар Бани Исроилнинг адашиб кетишларига асосий сабаб ота-боболаридан қолган китоблардир, деганлар («Тақйид ал-илм», 61-бет).

28. Дарҳақиқат, илмларнинг жамланиши ҳам одамларнинг уламолар дарсларига кам қатнаша бошлагани сабаб бўлгани учун Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Илм илмли кишиларнинг оғзидан чиққанида улуғ эди. Лекин у китобларга кўчганида нури (илоҳий нури) йўқолди» («Тақйид ул-илм», 64-бет).

Бошқа ривоятда бундай дейилади: «...китобларга кирганида, унга ҳуқуқи бўлмаганлар унга йўл олишди!» («Сунани Доримий», 467-ҳадис).


Эслатма! Юқорида келитирилган икки иқтибосдан мақсад китобларни ўзбошимча ўрганиш нотўғри эканини исботлаш ва китобларни билимдон устоз ҳамроҳлигида ўрганиш кераклигини тушунтиришдир.

29. Шайх Муҳаммад Аввома айтади: «Олимлардан илм олмаган, уларнинг ҳузурида узоқ вақт бўлмаган, одатларини ўзлаштира олмайдиган одамдан қандай ҳурмат кутиш мумкин? Бундай одам олимларнинг қадрини қандай тан олади? Шунинг учун, бундай одамларнинг олимларни танқид қилиши ажабланарли ҳолат эмас! Кимки уламолар мажлисларига қатнашса, ҳақиқатдан ҳам уларни ҳурмат қила бошлаши кафолатланади» («Адаб ал-ихтилоф», 172-бет; «Маъолим иршодия», 172-бет).

30. Аллома Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Кимки илмни фақат китобдан олган бўлса, ўзгаларни йўлдан оздирувчилардан бўлибди» («Фатво Ҳадисия»; «Адаб ал-ихтилаф», 165-бет).

31. Имом аш-Шотибий раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Суннатга қарши бўлган аксарият бузуқ тоифа ва гуруҳларнинг ҳеч қачон тайинли устози бўлмаган («Адаб ал-ихтилаф», 176-бет).

32. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Эй биродарим! Ушбу олтита асоссиз ҳаргиз билимга эга бўлмайсиз: Сабаб, истак, қашшоқлик, саргардонлик, муаллим ва узоқ муддат устоз назорати остида ўтказилган машғулотлар» («Адаб ал-ихтилоф», 162-бет; «Маъолим Иршодия», 174-бет).


Хулоса

33. Бугунги кунда айрим одамларнинг диний илмларни мустақил равишда ўрганиши урф бўлмоқда. Энг ёмони, баъзилар ҳеч қандай устоз ёки соҳадаги малакали мутахассиснинг назоратисиз «фатво» ёки «мақола»ларини ўқиб олиб, ўзича илм тарқатмоқда.

Аллоҳ таоло муҳтарам устозларимизнинг умрини зиёда қилсин, уларнинг илмидан фойдаланишимизга тавфиқ ато этсин.

 

Даврон Нурмуҳаммад
«Ҳилол» журнали 5 (62) сон

Мақолалар