Давлатимиз раҳбари жорий йил 2 мартда Навоий вилояти фаоллари билан учрашувда тўй ва маросимлардаги турли дабдабабозлик ҳамда исрофгарчилик қаттиқ танқид қилган эди. Учрашувда ихчам ва камхарж намунали тўйлар ташкил этиш анъанасини Навоий вилояти бошлаб бериш таклифи кўпчиликка маъқул тушди.
Жумладан, вилоятнинг Қизилтепа туманида тадбиркор Нуриддин Ҳабибов фарзанди Амриддин Раззоқовнинг никоҳ тўйини 120 кишидан иборат қариндош-уруғ ва дўст-ёрлар даврасида ўтказди. Камхарж ва ихчам маросимнинг афзаллиги кўп эканлигини тўй эгаси амалий ишларида намоён этди.
Хусусан, Наврўз байрами олдидан тумандаги махсус мактаб-интернатнинг ўғил-қизларига сайл ташкил этиб, зарур-ўқув қуроллари олиб берди.
ЎзА хабарига кўра, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари келин-куёвга Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларга саёҳат қилиш учун сертификат ҳамда китоблар жамламасини совға қилди.
Навбатдаги намунали тўй Кармана туманида бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами юртимизда миллий ғурур ва фидойилик рамзи сифатида алоҳида ўрин тутади. Бу кун Ватан ҳимояси йўлида ҳалоллик ва жасурлик кўрсатган барча фуқароларни қадрлаш, уларнинг ҳиссасини эътироф этиш кунидир.
Ватан ҳимоячилари нафақат ҳарбийлар, балки мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган барча инсонлардир. Улар соғлом, барқарор жамият қуриш йўлида фаолият олиб бораётган, эртанги куннинг тинчлиги учун меҳнат қилаётган ва бошқаларга намуна бўлаётган кишилардир.
Ҳар бир киши ватанпарварликни ўз оиласидан, маҳалласидан бошлаши лозим. Отинойилар, устозлар ва зиёлилар ёш авлодга Ватанга бўлган муҳаббатни, уни ҳимоя қилиш масъулиятини ёшликдан ўргатмоғи керак. Чунки келажак авлоднинг маънавияти ва иродаси Ватан мустақиллигини янада мустаҳкамлайди.
Бугунги кунда ёшлар ҳарбий билимлар билан бирга ахлоқий ва маънавий тарбияга ҳам катта аҳамият бериши керак. Шу йўл билан улар Ватанга фидойилик билан хизмат қилишга тайёр, шижоатли ва баркамол шахслар бўлиб етишади.
14 январь куни нафақат байрам, балки Ватанга садоқат ва масъулиятни эслатувчи муҳим сана бўлиб, ҳар биримизга миллий ифтихор ҳиссини уйғотади. Тинчликнинг қадрини билиш, уни асраш ва келажак авлодга соғлом юрт қолдириш барчамиз учун муқаддас бурчдир.
Ризвон Баҳрамова,
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси