Баҳорнинг шоҳ таомларидан бўлмиш – сумалакни ҳамма суйиб истеъмол қилади. Чунки у ўз таркибида бир қанча дармондориларни, инсон жисмига қувват бахш этадиган хусусиятларни мужассам этган. Қолаверса, кўклам боши “илик узилди” палла эканини ҳисобга олиб, жисмонан тетик, бардам, серғайрат, бақувват ва соғлом бўлиш учун халқимиз азал-азалдан сумалак қилишга одатланган. Бу тадбир доимо ўзининг ижобий самарасини бериб келган.
Аммо кейинги пайтларда тўқчилик, фаровонлик, моддий тарафдан кенг-мўлчилик сабабли неъматларга нисбатан ношукурчилик ва исрофгарчилик ҳолатлари авжига чиққани ҳам айни ҳақиқат. Бу салбий ҳолатни зиёфат, тўй-томоша, маърака-маросим ва бошқа тадбирларда ҳам кўриш мумкин. Сумалак ва унга тегишли жараёнлар-да мазкур салбий ҳолатлардан холи эмас.
Биринчидан, диний саводсизлик туфайли сумалакни муқаддас таом сифатида ардоқлаш ва уни тайёрлаш жараёнини ибодат даражасига кўтариш ёки мазкур ҳолатни илоҳийлаштириш ҳолатлари ҳам бор. Шунинг учун бўлса керак, сумалакнинг пайдо бўлиш тарихи тўғрисида ҳар хил тўқима хабар ва “ҳадис”лар тарқалган. Шундай воқеалардан бири – сумалак аслида “семалак”, яъни “уч фаришта” деб аталиб, уни Фотима онамиз розияллоҳу анҳо ўғиллари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумолар учун тайёрлаб бергани ҳақидадир. Она уйда ҳеч вақо йўқлиги боис ўчоққа ўт ёқиб, қозонга сув солиб, уни қайнатиш жараёнида кавлаб турган. Ва ўғилларини тинчлантириш учун қозондан шақур-шуқур товуш чиқиб турсин, деб бир неча тошни ҳам ташлаган. Бу жараён ярим тунгача давом этиб, алал-оқибат ҳар иккала ўғил чарчаб ухлаб қолади. Она ҳам толиқиб уйқуга кетади. Шу пайт осмондан учта фаришта тушиб, қозонга сумалак учун ишлатиладиган барча масаллиқларни солиб, уни тайёрлашган. Эрта тонгда эса она-болалар уйғонган ва қозондаги тайёр сумалакни истеъмол қилишган.
Ҳеч қандай ҳадис ёки асос билан далилланмаган мазкур ривоят аслида тўқима бўлиб, амалда сумалак барча таомлар каби оддийгина баҳорий таомдир. Унинг бошқа таомлардан ҳеч қандай муқаддаслик ва устунлик жиҳати йўқ. Чунки унинг таркибида мавжуд хусусиятлар бошқа таомларда ҳам бор.
Иккинчидан, сумалакни тайёрлаш жараёнида ўзига хос талаблар, масалан, аёл-қизларнинг узрли бўлмасликлари, сумалакка маълум ададдаги тошларни ташлаш ва уни кавлаш жараёнида бўладиган ҳар хил эътиқодий адашишлар (алоҳида ният қилиш, шу пайтда қилинган ниятларнинг рўёбга чиқиши, орзу-ҳавасларнинг амалга ошиши, турмушга чиқмаган қизлар бўлса, бахти очилиши, бефарзандларнинг бола кўриши, аразлашиб қолганларнинг ярашиши, сумалакнинг устки қисмида қандайдир сурат, шакл ва ёзувларнинг пайдо бўлиши, яна булардан ташқари қанчадан-қанча бидъат-хурофотлар), ҳаттоки сумалакка қараб туриб фол очиш ҳолатлари ҳам пайдо бўлаётгани ниҳоятда ачинарлидир. Аслида ният рўёбга чиқиши учун қайсидир таомга тош ташлашда ҳеч қандай мантиқ йўқ. Бу таом тагига олмаслиги учун қилинадиган бир амал, холос. Ахир, умри давомида бирор қозонга тош ташламаган, бироқ кўплаб нияти рўёбга чиққан кишилар жуда кўп.
Учинчидан, сумалак тайёрлаш жараёнида кўп одам йиғилиши натижасида эса зиёфат, ўйин-кулги, исрофгарчилик, дабдабавозлик, шунингдек, бу борада кимўзарга ўйнаш ҳам авжланиб бормоқда. Баъзи ҳолларда эса бепарволик, лоқайдлик туфайли ёнғин ҳодисалари содир бўлаётгани ва қанчадан-қанча моддий зарарларни келтириб чиқараётгани-да ҳеч кимга сир эмас. Баъзан қаров йўқлиги боис ёш болаларнинг сумалак қайнаб турган қозонга тушиб кетгани ҳақида ҳам эшитиб қоламиз.
Тўртинчи – энг ачинарлиси ва энг ёмони эса “Сумалак баҳона – дийдор ғанимат” қабилида иш кўрадиган, қоронғида топишадиган маънавий кўрлар учун бу тадбирлар айни муддао бўлмоқда. Кекса онахонлар сумалак тайёрлаш, эркаклар ўтин ёриш ва ўчоққа ўт қалаш билан овора бўлиб турганларида, уларнинг ўғил-қизлари қоронғи, пана жойларда бир-бирларининг пинжига кириб, кўнгилхушлик билан машғул бўладилар.
Албатта, бундай фурсатдан “унумли” фойдаланадиган яна бир тоифа кишилар борки, уларнинг ҳар қандай зиёфат, йиғин, тадбир ёки ўтиришлардан асосий кўзлаган мақсадлари ягона. У ҳам бўлса, ўртага пул ташлаб, маст қилувчи ичимликларни сотиб олиб, кайфу сафо билан овора бўлишдир. Албатта, бундай ичимликлар ўзининг ишини қилмай қўймайди. Жанжал-тўполон, кўнгилхиралик юзага келади.
Мақсадимиз – барчанинг севимли таоми бўлган сумалакни қоралаш эмас, балки у баҳона содир этилаётган бедодлик, одобсизлик, маънавиятсизлик, иймонсизлик ва миллийлигимиз, ор-номусимизга мутлақо тўғри келмайдиган бидъат-хурофотлар, содир этилаётган ҳодисалар ҳақида эслатиб қўйишдир. Шундай экан, сумалак тайёрлаш жараёнига ҳам ота-боболаримиз каби ёндашайлик: бу маросим тўс-тўполон, кайф-сафо билан эмас, аҳиллик, иноқлик билан ўтсин. Ҳар хил хурофий урф-одатларни татбиқ этмайлик. Исрофдан тийилайлик.
Исҳоқжон БЕГМАТОВ, “Қашкадарё” нашри
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ