Касби тумани Касби қишлоғидаги каттагина майдонни эгаллаган Султон Мир Ҳайдар зиёратгоҳи юртимиздаги қадимий масканлардан. Эътиборлиси, мазкур зиёратгоҳда кўплаб тарихий обидалар қаторида бўйи 1 метр, эни 89 сантиметр, оғирлиги 2 тоннага яқин сандиққа ўхшаш кулранг мармар тош ҳам сақланади. Темурийлар даврига хос, ўз даврининг энг моҳир сангтарошлари томонидан ишлов берилган ва машҳур хаттотларнинг жимжимадор ёзувлари чекилган бу қабртош нуфузли одамга тегишли экани кўриниб турибди.
Дарҳақиқат, шундай. Ёзилишича, “Бу қабр Амир Аъзам Амир Саййид Бараканинг ўғли марҳум ва мағфур Амир Саййид Шамсиддин Ҳайдарникидир”. Қабртошнинг жануб томонида эса “Саййидлар Султони, иззат ва каромат манбаи Амир Саййид Шамсиддин Ҳайдар ал-Ҳусайни ан-Насафий шаввал ойининг йигирманчи жумъа куни (ҳижрий) 877 (милодий 1473) йилда вафот этди”, деган битиклар мавжуд. Қабртошдаги матнга кўра, Амир Саййид Шамсиддин Ҳайдар Соҳибқирон Амир Темурнинг пири Саййид Бараканинг ўғлидир.
Манбалардан маълумки, Амир Аъзам Саййид Барака пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг авлодларидан бўлган. У ҳукмдор буйруғи билан Маккадан Балхга вақф ишлари бўйича келади. Аммо Балх ҳукмдори Амир Ҳусайн унга нисбатан яхши муомалада бўлмайди. Шундан сўнг Саййид Барака Термизга бориб, шу ерда яшаб қолади. Ана шу вақтда Соҳибқирон Амир Темур Термизга боради ва у зот билан учрашади. Бу учрашувда Саййид Барака Соҳибқирон Амир Темурга байроқ ва ноғора беради. Бу салтанат, шоҳлик белгиси эди. Бу ҳақда Шарафиддин Али Яздий ўзининг “Зафарнома” асарида: “Ҳазрат Соҳибқирон Бева (Термиздан 20 километр узоқликдаги қишлоқ) мавзеъидаким, Термиздин уч йиғоч бери эрди, тушти, ул ерда ҳазрат олийжаноб, нақобаттоб, муртазои Аъзам, Акрам, Саййид Баракаким, Макканинг шарифларидин эрди ва ул маҳалда ер юзининг содотлариға акрам ва ашрафи эрди, ул ерда ҳазрат Соҳибқирон қошига табла ва аламким, салтанатнинг аломати турур, ўзи била келтуруб, пешкаш қилди ва муборак тилини очиб шаҳаншоҳлик муждасин берди”, деб ёзади.
Биламизки, Соҳибқирон Амир Темур ҳар ишда кенгаш, маслаҳатга алоҳида эътибор қаратган. Шамсуддин Мир Кулол Фахурий, Зайниддин Абу Бакр Тайободий, Бобо Сангу, Хожа Боязид, Шоҳ Неъматуллоҳ валий Кирмоний, Хожа Исҳоқ Хутталоний, Мавлоно Туркий, Фазлуллоҳ Хуруфий каби пиру устозлари қаторида Сайид Бараканинг ҳам қимматли маслаҳатларига доим риоя этган. Соҳибқирон Амир Темур бу пирларидан мактублар олиб турган, уларни ўз юришларида бирга олиб юрган ҳамда уларнинг дуоларидан илҳомланган. Ана шу пирлар орасида Саййид Барака Соҳибқирон Амир Темур ҳаётида муҳим ўрин тутган. Бу ҳақда Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида шундай ёзади:
“Муқаддам шариф (Амир Темур) саййидни бағоят азиз тутиб, анчаким шарт таъзим турур, сидқ ва ихлосдин бажой келдурди. Ул ҳазрат Соҳибқирон (Амир Темур) била дўстлиқ қилиб андоқ бўлдиким, муддати ҳаётида давлат белгиси андин айрилмади ва вафот бўлғондин сўнг иккаласи бир ерда ёттилар”.
Манбаларда қайд этилишича, Амир Аъзам Саййид Барака Самарқанд ва Андхўйда яшаган, 1404 йилда вафот этган ва Андхўй вилоятида дафн қилинган. Амир Темурнинг васиятига кўра, Шоҳруҳ Мирзо Саййид Бараканинг хокини Самарқандга олиб келади ва Амир Темур мақбарасида дафн қилади.
Мана шундай мақомга эга бўлган Амир Аъзам Саййид Бараканинг ўғли Амир Шамсиддин Мир Ҳайдар ҳисобланади. Юқорида тилга олганимиз - қабртошдаги битиклар Амир Шамсиддин Мир Ҳайдар ҳақидадир.
Ҳазрати Амир Саййид Шамсиддин Ҳайдар қабртошида битилган ҳижрий 877 (милодий 1473) йил Мовароуннаҳрда Амир Темур ўғли Мироншоҳнинг набираси Султон Аҳмад Мирзо ҳукмронлик қилган йилларга тўғри келади. Темурийлар томонидан қўйилган бу қабртош Амир Аъзам Саййид Барака ва унинг ўғлига нисбатан кўрсатилган эҳтиромни англатиши билан бирга у бугунги кунда бизга Амир Саййид Шамсиддин Ҳайдарнинг ким эканлигидан дарак берувчи ноёб тарихий ёдгорлик ҳамдир.
Руҳиддин АКБАРОВ , “Қашкадарё” нашри
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Муқаддас динимизнинг иккинчи манбаси бўлган Суннатда ҳам ватан тушунчаси ва унга бўлган муҳаббат борасида талайгина ҳадислар келган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтаётиб Мадина кўчаларини кўрган вақтларида туяларини тезлатардилар. (От, хачир каби) уловда бўлсалар, уни ниқтардилар”.
Абу Абдуллоҳ айтади: «Ҳорис Ибн Умайр Ҳумайднинг “Уловни уни (Мадинани) севганларидан ниқтардилар” ривоятини зиёда қилган» (Имом Бухорий ривояти).
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз ҳажини адо қилса, аҳлига қайтишга шошилсин. Чунки шундай қилиши ажрини кўпайтиради”, дедилар» (Имом Дорақутний, Ҳоким ва Байҳақий ривояти).
Шарҳ: Аллома Муновий[1] раҳматуллоҳи алайҳ “Файзул Қодир” китобида ҳадисни қуйидагича шарҳлаган: “(Ватанга) шошилиш – мустаҳаб. “Аҳл”дан мурод эса ватандир, гарчи у ерда аҳли (оиласи) бўлмаса-да, келиши билан дўстлари, аҳлларига сурур бағишлагани учун “шундай қилиши ажрини кўпайтиради”. Ватанда истиқомат қилишда бошқа жойга қараганда ибодатга (оид) вазифаларни бажариш осон бўлади. Бу Ислом асосларидан бири бўлган ҳаж борасида шундай дейилган бўлса, бошқа, айниқса, мустаҳаб (араб. – “севилган”, “ёқтирилган”) – шаръий амал; уни бажарган киши савоб олади, бажармаган киши гуноҳкор бўлмайди) ва мубоҳ (араб. – “умумий”, “ихтиёрий” иш-ҳаракат) – шариат томонидан мукаллаф кишига қилиш ёки қилмаслик ихтиёри тенг берилган амал) сафарларда (ўз ватанига шошилиши биринчи навбатда) талаб қилинади. Мана шу ҳадисдан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Маккани қўшни тутиш макруҳ (араб. – “рад этилган”, “қораланган”, “номақбул”) шариат ҳукмларидан бири. Қатъиян тақиқланмаган, бироқ номақбул ҳисобланган ва рад этилган амал. Макруҳ икки хил бўлади, деган ҳукмни олганлар”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафар азобнинг бир бўлагидир. Сизларни таом, шароб ва уйқудан тўсади. Қай бирингизнинг сафардан мақсади ҳосил бўлса, аҳлига шошилсин”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кишининг: ота, мусофир ва мазлумнинг дуоси ижобат қилинади”, дедилар» (Имом Табароний ривояти).
Шарҳ: Аллома Муновий раҳматуллоҳи алайҳ “Файзул Қодир” китобида ёзади: “Уч кишининг: отанинг фарзандга, мусофирнинг ва мазлумнинг золимга қилган дуоси ижобат бўлади. Сафар ватандан узоқ, ғурбатда бўлиш, машаққатларни бошдан кечириш сабабли қалбда синиқлик пайдо қилади. Синиқлик дуо ижобат бўлишининг энг катта сабабларидан бири. Мазлум эса ночордир”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга меванинг аввали келтирилар эди. Шунда у зот: “Аллоҳумма барик лана фи мадинатина ва фи самарина ва фи муддина ва фи соъина барокатан маъа барока” дуосини айтардилар. Сўнгра уни ҳозир бўлган болаларнинг энг ёшига берардилар» (Муслим ривояти).
Дуонинг таржимаси: “Аллоҳим! Бизнинг шаҳримизга, мевамизга, муддимизга ва соъимизга барака устига барака бер“. (Муд ва соъ – ҳажм ўлчов бирликлари).
"Исломда ватан тушунчаси" китобидан
[1] Аллома Муновий. Тўлиқ исми: Зайнуддин Муҳаммад Абдуррауф ибн Тожулорифин ибн Али Зайнул Обидин Ҳаддодий Муновий Қоҳирий. Милодий 1545, ҳижрий 952 йилда туғилган. Милодий 1622, ҳижрий 1031 йилда Қоҳирада вафот этган. Қомусий олимлардан. Аллома Муновий парҳезкор, кам овқат, кам уйқу зотлардан эди. 80га яқин китоб муаллифи. Ёзган китоблари: “Кунузул ҳақоиқ” (ҳадис ҳақида), “Файзул Қодир шарҳу жомеис сағир” ва бошқалар.