Тамаки маҳсулотлари нафақат ўпка саратони ва юрак-қон тизими билан боғлиқ муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади, балки эшитиш қобилиятининг йўқолиш хавфини ҳам орттиради. Бу ҳақда Nicotine and Tobacco Research журналида чоп этилган мақолада айтилади. Тадқиқотлар натижасида тамаки истеъмол қилувчилар чекмайдиганларга нисбатан 1,6 баробар кўпроқ эшитиш қобилиятини йўқотиши аниқланди. Мутахассислар Япониянинг 20-64 ёш оралиғидаги 50 мингдан зиёд аҳолисининг маълумотларини таҳлил қилишди. Тадқиқот бошланганда, уларнинг ҳеч бирида эшитиш билан боғлиқ муаммолар бўлмаган. Охирги 8 йил мобайнида мутахассислар вақти-вақти билан тадқиқот иштирокчиларининг чекиш-чекмасликларини, агар чексалар қанча миқдорда чекишларини аниқлаб бордилар. Бундан ташқари, уларнинг эшитиш қобилияти ҳам текшириб борилди. Натижалар кашандаларнинг эшитиш қобилияти кўпроқ азият чекканини кўрсатди. Тадқиқот мобайнида мутахассислар жинс, ёш, вазн каби кўрсаткичларга ҳам эътибор қаратдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Cавол: Саждаи саҳв қилиш учун салом беришда бир томонга салом бериладими ёки икки томонгами?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳар иккиси ҳам тўғри. Яъни намозхон саждаи саҳв қилишда бир томонга салом берса ҳам, икки томонга салом берса ҳам тўғри иш қилган бўлади. Чунки фуқаҳоларимиз ҳар икки ҳолатни саҳиҳ — тўғри деб фатво беришган. Айрим фуқаҳолар ёлғиз намоз ўқиётган киши – икки томонга салом бериши, имом эса – бир томонга салом бериши яхшидир, деганлар. Чунки имом икки томонга салом берса, эргашувчиларнинг баъзиси намоз тугалланди деб ўйлаб намозга зид ҳатти-ҳаракат содир этиши мумкин, дейишган (“Дурарул ҳуккам” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.