Улуғ мутафаккир, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий мажмуаси зиёрати чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу масканни замон талабларига мос реконструкция қилиш ҳамда унинг атрофида сайёҳлар учун барча хизмат турларини қамраб олувчи меҳмонхона ва инфратузилма объектлари қуриш лойиҳалари билан танишиб, уларни сифатли амалга ошириш учун мутасаддиларга топшириқлар берди.
- Буюк алломаларимизнинг ислом маданиятини равнақ топтиришга қўшган бетакрор ҳиссаси тўғрисида сўз кетганда, энг аввало, ҳақли равишда мусулмон оламида “муҳаддислар султони” дея улкан шуҳрат қозонган Имом Бухорий бобомизнинг муборак номи тилга олинади, - деди Президент.
Маълумки, зиёратгоҳга туташ ҳудудда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бунёд этилмоқда.
- Бу мажмуа нафақат мамлакатимиз халқи, балки бутун ислом дунёси учун қадрли ҳисобланади, - деди Президент.
ЎзА хабарига кўра, марказнинг маънавий-маърифий ишини ташкил қилиш, унинг илмий-назарий концепциясини яратиш ва ана шу асосда ўқув дастурлари ва қўлланмалар ишлаб чиқиш, Имом Бухорий асарлари тадқиқотига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами юртимизда миллий ғурур ва фидойилик рамзи сифатида алоҳида ўрин тутади. Бу кун Ватан ҳимояси йўлида ҳалоллик ва жасурлик кўрсатган барча фуқароларни қадрлаш, уларнинг ҳиссасини эътироф этиш кунидир.
Ватан ҳимоячилари нафақат ҳарбийлар, балки мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган барча инсонлардир. Улар соғлом, барқарор жамият қуриш йўлида фаолият олиб бораётган, эртанги куннинг тинчлиги учун меҳнат қилаётган ва бошқаларга намуна бўлаётган кишилардир.
Ҳар бир киши ватанпарварликни ўз оиласидан, маҳалласидан бошлаши лозим. Отинойилар, устозлар ва зиёлилар ёш авлодга Ватанга бўлган муҳаббатни, уни ҳимоя қилиш масъулиятини ёшликдан ўргатмоғи керак. Чунки келажак авлоднинг маънавияти ва иродаси Ватан мустақиллигини янада мустаҳкамлайди.
Бугунги кунда ёшлар ҳарбий билимлар билан бирга ахлоқий ва маънавий тарбияга ҳам катта аҳамият бериши керак. Шу йўл билан улар Ватанга фидойилик билан хизмат қилишга тайёр, шижоатли ва баркамол шахслар бўлиб етишади.
14 январь куни нафақат байрам, балки Ватанга садоқат ва масъулиятни эслатувчи муҳим сана бўлиб, ҳар биримизга миллий ифтихор ҳиссини уйғотади. Тинчликнинг қадрини билиш, уни асраш ва келажак авлодга соғлом юрт қолдириш барчамиз учун муқаддас бурчдир.
Ризвон Баҳрамова,
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси