Вилоят ҳокимлигида махсус қидирувдаги фуқаролар ва уларнинг яқин қариндошлари билан вилоятда амалга оширилаётган ишлар масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. “Зарафшон” нашри билдиришича, йиғилишни вилоят ҳокими Т.Жўраев бошқарди.
– Бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ва бошқа бир қатор эзгу ишлардан барчангиз хабардорсиз, – деди вилоят ҳокими. – Мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларга Президентимиз бошчилигида барҳам берилмоқда. Вилоятимизда ҳам аҳоли муаммоларини ҳал этиш, уларнинг янада фаровон ҳаёт кечириши учун барча шароитларни яратиш борасида қамровли ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу юртда ҳар бир фуқаронинг яхши яшашга ҳақи бор. Афсуски, эришилаётган шундай ютуқлар, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етмай, турли адашган оқимлар сафига қўшилиб, ўзга юртда юрган, тўғри йўлдан адашган фуқароларимиз ҳам бор. Бунинг энг катта сабаби ишсизликдир. Ишсиз бўлган инсон пул топишнинг бошқа йўлларини излайди ва бундан ғаразли ниятли кимсалар фойдаланиб қолади. Шундай фуқароларимизни қайтаришга, тўғри йўлга солишга барчамиз масъулмиз. Мен махсус ҳисобда турувчиларнинг яқинларига мурожаат қилмоқчиман. Агар улар билан алоқангиз бўлса, айтинг, қайтишсин. Вилоят ҳокими сифатида ваъда бераман, ҳеч бирини қамамаймиз. Президентимизнинг топшириғи бу. Уларни тўғри йўлга соламиз, иш билан таъминлаймиз, уйи бўлмаса, бу борада ҳам ёрдам берамиз.
Таъкидланишича, вилоятда 1 минг 749 нафар шундай фуқаронинг 1 минг 625 нафари кейинги бир ярим йил давомида ички ишлар идоралари махсус ҳисобидан чиқарилган. Қолган 124 нафари турли хорижий давлатларда қолмоқда.
– Махсус ҳисобдан чиқарилган фуқароларга амалий ёрдам берилмоқда, – дейди миллий хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи У.Мирзааҳмедов. – Тадбиркорлик қилишни истаганларига банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди. Кам таъминланганларига моддий ёрдам кўрсатилди, ишсизларининг бандлиги таъминланди. Саломатлигини тиклаш ва даволанишлари учун шароит яратилди.
Шунингдек, йиғилишда вилоят прокурори Ф.Зуфаров, жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов сўзга чиқиб, адашган, ўзга юртда қочиб юрганлар хатти-ҳаракатларининг ҳуқуқий оқибатлари, ўз ихтиёрлари билан қайтишса, уларга бериладиган қонуний енгилликлар ҳақида тўхталди.
Хусусан, ўз ихтиёри билан қайтиб келганлар билан суҳбат олиб борилиб, профилактик чоралар кўрилиши, содир этган жиноятига ҳуқуқий баҳо берилиши, адашганлиги тасдиқланса, ўз қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлса, уларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жавобгарлик белгиланиб, қонуний енгиллик татбиқ этилиши, уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашишида кўмак берилиши таъкидланди.
Махсус ҳисобда турган ва қидирувда бўлган 12 нафар фуқаронинг жинояти тегишли идоралар томонидан ўрганиб чиқилиб, уларни юртига қайтариш юзасидан чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Йиғилишга таклиф этилган мана шундай фуқароларнинг яқинлари ҳам сўзга чиқиб, бу имконият учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Тадбир давомида турли адашган оқимларга кириб, тақдири аянчли якунланган ва ўзга юртда хору зор бўлиб юрган кимсалар ҳақида ҳикоя қилувчи "Адашганлар" номли фильм намойиш этилди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати
1. Диний ибодатларни бажариш
1.1. Намозларни ўз вақтида ўқиш. Ибодатлар ичида энг афзали – вақтида ўқилган фарз намози саналади.
1.2. Рўза тутиш. Қазо ва нафл рўзаларни тутиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш кунидаги рўза қийинчиликсиз топиладиган ғанимат (ўлжа)дир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
1.3. Қуръон ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръонга қараб тиловат қилишдир”, деганлар. Қуръонни ёддан ўқишдан кўра, унга қараб ўқиш афзалдир. Чунки Қуръонга қараш ҳам ибодатдир.
1.4. Таҳажжуд намозларини ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
1.5. Дуо ва зикрни кўпайтириш. “...Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз” (Жума сураси, 10-оят).
2. Оилага яхшилик қилиш
2.1. Ота-онага яхшилик қилиш. Ўз вақтида ўқилган фарз намоздан кейин энг афзал амал бу – ота-она хизматида бўлиш саналади. Зеро, “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро сураси, 23‑оят).
2.2. Фарзанд ва аҳли аёлга хурсандчилик улашиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
3. Илм олиш, китоб ўқиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, деганлар.
4. Тафаккурга вақт ажратиш
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бир соат тафаккур қилиш бир кечани бедор ўтказишдан яхшидир”.
5. Муҳтожларга ёрдам бериш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради” (Имом Муслим ривояти).
6. Силаи раҳм қилиш
Дам олиш кунлари қавм-қариндошлар ҳолидан ҳеч бўлмаса телефон орқали бўлсада хабар олиш учун қулай фурсат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, силаи раҳм қилсин (қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин)” (Имом Бухорий, имом Термизий ривояти).
7. Спорт билан шуғулланиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар.
8. Дўст ва яқинлар ҳолидан хабар олиш
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Қайсики мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб зиёрат қилса, то кеч киргунича унга етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кеч кирганида зиёрат қилса, то тонг отгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Унга жаннатда бир боғ бўлади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Термизий ривояти).
Дам олиш кунларингиз хайрли ва баракали ўтсин!
Даврон НУРМУҲАММАД