Миллий тарихини ўрганган, ундан тўғри хулосалар чиқарган авлод улуғ ишларга қодир бўлади. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбияси, маънавияти, маърифати давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Буюк аждодларимиз, хусусан, жадид боболаримиз илгари сурган умидбахш ғоялар, уларнинг орзу-интилишлари, шак-шубҳасиз, бугун Янги Ўзбекистонимизда ўз аксини топаётгани айни ҳақиқатдир.
Давлатимиз раҳбари раислигида 2023 йилнинг 22 декабрида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида мамлакатимиз маънавий-маърифий ҳаёти билан боғлиқ янги истиқболли ташаббуслар ўртага ташланди. Жумладан, Президентимиз маънавият ва маърифат, таълим-тарбия масаласи бугун сув ва ҳаводек зарурлигини таъкидладилар.
Бугун чиндан ҳам мураккаб бир даврда яшамоқдамиз. Ижтимоий тармоқлар орқали эркимиз, мустақиллигимизга нисбатан айтилаётган алжирашлар, маънавий таҳдидлар, ахборотлар кураши, биздан уйғоқ бўлишимизни, жасорат кўрсатишимизни талаб этмоқда. Зотан, ким Ватан ва халқ келажаги ҳақида журъат билан сўз айтар экан, барчасининг моҳиятида жадид маърифатпарварлари пешвоси Маҳмудҳўжа Беҳбудийнинг “Ҳақ олинур, лекин берилмас!” деган улуғвор ғояси мужассам.
Албатта, давлатимиз раҳбари куюнчаклик билан айтган ушбу сўзлари бутун жамиятимизни, миллионлаб қалбларни уйғотиб юборди десак муболаға бўлмайди. “Тарихдан маълум: Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби Ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”.
Ҳа, бугунги кунда бизга ижтимоий ахлоқ, маънавият, маърифат, фидойилик ва юксак ватанпарварлик ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Зотан, ҳар қандай юксак иқтисодий ва маърифатли жамият асосида, аввало, инсон камолоти, ахлоқи ва тарбияси туради.
Биз бу каби маънавий, маърифий жасоратни жадид боболаримизнинг шижоати, улар ёзиб қолдирган ўлмас асарлардан, ғоялардан олишимиз мумкин. Шунинг учун ёшларимиз жадид адабиётини, маънавияти ва маърифатини кўпроқ ўқишлари, уларда кўтарилган ғоя ва мақсадларни ўз ҳаётларига дастуриламал қилиб олишлари лозим.
Айнан миллий ғоя – ижтимоий, маънавий зарурат, у жамиятга янгича руҳ, шижоат бағишлайди. Миллий ғоя бирдамлик, фидойилик, ватанпарварлик билан амалга ошади.
Демак, бугун нафақат иқтисодий, балки тарбиявий, маънавий-маърифий, мафкуравий соҳаларда ҳам рақобатга тайёр бўлишимиз керак.
Давлатимиз раҳбари: “Азизларим, тарбияси издан чиққан нопок кимсалардан огоҳ бўлайлик! Фарзандаларимизни уларнинг бузғунчи таъсиридан асрайлик! Келажагимизни ёвуз кучлар қўлига бериб қўйишга асло ҳаққимиз йўқ. Агар барчамиз биргаликда қатъий ҳаракат қилсак, жамиятимизда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлашга, албатта, қодирмиз. Янги Ўзбекистонда қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар бўлиши шарт. Ва, албатта, шундай бўлади.” Албатта, киши ўзининг собит фикри, бой дунёқарашига эга бўлса, уни эзгу йўлдан адаштириб бўлмайди. Жамиятда соғлом муҳитни қарор топтириш учун, аввало, ёшларимизни ҳар томонлама юксак салоҳиятли этиб тарбияламоғимиз лозим.
Сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада ҳам катта ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг ташаббуси билан ҳаж квотаси йилдан-йилга ортиб бормоқда. Умра зиёратига бўлган чекловлар эса бутунлай олиб ташланди. Демак, улуғ зиёратларни амалга ошириб келган юртдошларимиз маънавият, маърифат тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка, эзгуликка бошлаши керак. Афсуски, бу ҳақиқатни ҳамма ҳам тушуниб етганларича йўқ. Зиёрат баҳона ўзини кўз-кўз қилиш, манманликка берилиш каби ҳунук ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Булар, албатта, барчамизни ўйлантириши, ташвишга солиши керак.
Зотан, умра ибодати суннат амал бўлиб, илм олиш орқали юрт тараққиётига ҳисса қўшишликни ҳам англатади. Илм эгаллаш эса муқаддас динимизда энг улуғ амаллардан бири. Бугун Ватанимиз, халқимиз биздан, ёшларимиздан кутаётган биринчи илинж ҳам мукаммал, чуқур илм олишдир.
Муҳаммадзакий ҲОМИДОВ,
Қува тумани “Акбаробод” масжиди
имом ноиби
Саудия Арабистонида хизмат сафарида бўлиб турган Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ва муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларидаги делегация Макка шаҳридаги меҳмонхонада зиёратчиларимиз учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Соҳа раҳбарлари билан мулоқотда бўлган юртдошларимиз муборак амалларни бекаму кўст адо этиш учун қилинган шароитлардан бениҳоя мамнунликларини изҳор этиб, мана шундай эзгу ишларга раҳнамолик қилаётган муҳтарам Президентимиз ва мутасаддилардан чексиз миннатдор эканларини билдирдилар.
Ҳақиқатан, ҳамюртларимиз учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Мазкур меҳмонхонанинг фойелари кенг бўлиб, қулай ўриндиқлар жойлаштирилган ва зиёратчи ўз хонасига кўтарилмоқчи бўлса, етарли ададда лифтлар ишламоқда. Шу жойнинг ўзидан ишчи гуруҳ вакиллари зиёратчиларимиз талаб-истакларига доимо ҳозиржавоб бўлишмоқда.
Ҳар бир хонада ювиниш хонаси мавжудлиги, совуткич, музлаткич, стол-стул, журнал столи, телефон, телевизор ва замонавий мебеллар билан жиҳозланганини таъкидлаш керак. Шунингдек, қибла кўрсаткичи, жойнамоз, Қуръони карим ва телевизор ҳам мавжуд.
Бир неча юз кишилик ошхонада ибодатга қувват бўладиган уч маҳал лазиз таомлар, сархил мевалар, салатлар, ширинликлару шарбатлар тортиқ қилинмоқда.
Меҳмонхонада тиббиёт хонаси ва ишчи гуруҳи штаби ташкил этилган бўлиб, малакали шифокорлар ва тажрибали мутахассислар узлуксиз зиёратчилар хизматида бўлмоқда. Ҳарами шарифга 24 соат давомида автобус қатновлари йўлга қўйилган.
Мана шундай саъй-ҳаракатлар юртимиздаги “Инсон қадри – улуғ”, деган юксак тамойил фуқароларимиз дунёнинг қайси бурчагида бўлса ҳам амалда эканини яққол намоён этади. Шу боис ҳам муқаддас заминларда улуғ ибодат учун яратилган қулайлик, эътибор ва эҳтиромдан бениҳоя руҳланган зиёратчиларимиз муҳтарам Президентимизга самимий ташаккурларини етказишни соҳа раҳбарларидан илтимос қилдилар.
Муфтий ҳазратлари зиёратчиларимиз билан бирга пешин намозини адо этиб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги, ҳаж ва умра ибодатлари бардавом бўлиши ва бу борада давлатимиз Раҳбарининг олиб бораётган ишларига хайру барака сўраб дуолар қилдилар.