Тавба намози
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис эшитсам, Аллоҳ менга ундан Ўзи хоҳлаганича нафъ берадиган одам эдим. У зотнинг саҳобаларидан бири менга ҳадис айтса, мен ундан (гапи тўғрилигига) қасам ичишни талаб қилар эдим. Агар у қасам ичса (гапини) тасдиқ қилар эдим. Ҳолат шу бўлдики, менга Абу Бакр бир ҳадис айтди. Зотан у содиқдир: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: қайси бир одам гуноҳ қилиб қўйиб, сўнгра туриб, таҳорат қилиб намоз ўқиса, кейин Аллоҳга истиғфор айтса, албатта, Аллоҳ уни мағфират қилади», деганларини эшитдим. Сўнгра у зот: «Улар қачон фаҳш иш қилсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, Аллоҳни эсларлар ва гуноҳларига истиғфор айтурлар» оятини қироат қилдилар», деди»
Имом Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Аслида тавба намозсиз ҳам хоҳлаган пайтда бўлиши матлуб. Лекин намоз ила бўлгани кучли ва қабули осондир. Намоз мўминнинг силоҳи, дейилгани ҳам шундан. Мўмин киши намоз ёрдамида ҳар қандай қийин нарсага ҳам осонлик билан эриша олади. Ожиз банда гуноҳ иш қилиб қўйса, иймони уни дарҳол тавбага чорлаши зарур. Қилиб қўйган гуноҳининг афсусида қолган мўмин инсон дарҳол таҳорат қилиб тавба намози нияти ила икки ракат намоз ўқиб олишга ўтмоғи лозим. У гуноҳига надомат қилиб, намозида чин қалбдан тавба қилиб, Аллоҳга роз айтиб, иккинчи бу гуноҳни қайта қилмасликка қатъий аҳд қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳини мағфират қилади.
Аввобийн намози
Бу намоз шом намозидан кейин ўқилади ва олти ракат бўлади. Аввал тўрт, кейин икки ракат ёки икки ракатдан қилиб ўқилади. Аллоҳ таоло Исро сурасида «Албатта, У зот аввобийнларни мағфират қилувчидир», деган (25-оят).
Имом Табароний Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Ким шомдан кейин олти ракат ўқиса, гуноҳлари мағфират қилинур, агар денгизнинг кўпигича бўлса ҳам», дейилган.
“Мўминнинг меърожи” китобидан олинди
ЎМИ Матбуот хизмати
Дунё илм-фан ривожида Ислом маърифати ва маданиятининг ўрни беқиёсдир. Кўплаб алломалар ва уламоларнинг маънавий-илмий асарлари ўз давридан ҳозирги вақтгача аҳамиятини йўқотмасдан илм-фан тараққиётига муҳим манба сифатида эътироф этиб келинмоқда. Умумжаҳон эъзозлаган олимлар ва уламолар Боғдод, Дамашқ, Самарканд, Бухоро, Гранада ва Триполи каби шаҳарларда яшаб ижод қилганлар. Улар: Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замаҳшарий каби уламолар динимиз ривожига ҳисса қўшган. Аббосийлар давридан бошлаб Триполи шаҳри мана бир неча асрдирки илм-фан маркази бўлиб қолмоқда. Фотимийлар даврида эса Триполи шаҳри пойтахт бўлди. Ҳалифа Ибн Аммор Триполини илм марказига айлантирди ва ўз даврининг энг йирик кутубхоналаридан бири очилди. Манбаларга кўра унда юз минг жилд китоб мавжуд эди. Унинг даврида олимлар, уламолар ва ёзувчилар улуғланган. Уларга ғамхўрлик қилинган ва алоҳида ҳалифа эътирофида бўлишган.
Ҳозирги кунда ҳам Триполида нуфузли халқаро ташкилотлар, университетлар, кутубхоналар ва илмий тадқиқот марказлари фаолият юритиб келмоқда. Шаҳар уламолар, олимлар, тадқиқотчилар ва талабалар билан гавжум. Пойтахтнинг ўзида 100 дан кўп нуфузли университетлар мавжуд. Триполи университети эса ўзида ҳам диний ва дунёвий илмларни жамлагани билан бошқа университетлардан ажралиб туради. Ушбу даргоҳ “200 нуфузли Ислом университетлари” рўйхатига киритилган. Триполи университети 1957 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда 70 000 дан ортиқ талабалар бу даргоҳда таълим олиб келишмоқда. У турли йўналишдаги 20 та коллежни бирлаштиради. Исломшунослик, Илоҳият, Фиқҳ, Ҳуқуқшунослик, Тиббиёт, Хорижий тиллар ва Иқтисодиёт каби факультетлардан ташкил топган. Триполи университети динимиз қадриятлари доирасида ривожланишни ва илмий тадқиқотларни қўлловчи таълим муассасасидир. Университетнинг мақсади талабаларга Ислом дини ва ахкомлари асосида илмий ва ахлоқий таълим бериш ва турли дунёвий билимларни ўргатишдир. Триполи университетининг ўзига ҳос жихати шундаки ҳар бир талаба молиявий саводхонлик ва тадбиркорликни ўрганиши шарт. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи талабалар университет томонидан рағбатлантирилади.
Исломшунослик йўналиши талабалари ўқув дастури давомида Қурони каримни тўлиқ ёд олиши, шариат асосларини ўрганиши, Ислом тарихи, Ҳадис илми, Мерос тақсимоти, оғзаки ва ёзма нутқ санъати каби фанларни ўзлаштириши талаб қилинади. Исломнинг соф фитратини намойиш этиш, илм олиш ва уни улашиш ушбу йўналиш факультетининг мақсадидир. Адашган оқимлар ва экстремистик қарашдаги гуруҳларни Қурон ва ҳадис орқали эзгу йўлга чорлаш уларнинг вазифасидир.
Триполи университетида 3450 та илмий нашр фаолият кўрсатади. Уларда талабаларнинг илмий ишлари, амалиёт ва тадқиқотлар натижалари келтирилган. Мисол тариқасида, “Ислом таълимини ўрганишда Қуръони Каримнинг таъсири”, Aҳмад Aбдул Салам Aбу Мозириқнинг “Иршод ал-Ҳирон” китоби ҳақида, Шайх Aбу Aбдуллоҳ Муҳаммад бин Aли ал-Хорубийнинг “Риёд ал-Aзҳар” ва “Сирлар хазинаси”нинг лингвистик талқини каби илмий изланишлар ва мақолалар нашрлар орқали кенг оммага бериб борилади.
Шоҳруҳ УБАЙДУЛЛОҲ