Соғлом одам кунига ўрта ҳисобда 2 литр сув ичиши дуруст. Бу шифокорларнинг тавсияси. Мия ҳужайраларидан тортиб вужудимиздаги барча аъзолар сув ила ҳаёт. Кўп сув ичсак, танамизнинг сув йўқотишини (дегидрация) олдини олган бўламиз.
Кофеинсиз (шарбатлар, чой) ҳамда тузга бой бўлмаган ичимликлар сув ўрнини босиши мумкин.
Кофеинли ичимликлар (аччиқ қора чой, қаҳва) танада сув йўқотилишига сабаб бўлгани учун, ортидан сув ичиб юборилгани маъқул.
Сувнинг вужудимизга фойдалари:
-Вужуддаги ҳароратни мўътадиллаштиради.
-Жигар ва буйраклардаги заҳарли моддаларни ювиб кетади.
- Вужудни жароҳатлардан асрайди.
- Ҳужайра ва тўқималарнинг бир-бирига яқинлашишини таъминлайди.
- Тери ҳужайраларининг соғлом кўринишига ёрдам беради.
Вояга етган инсоннинг танасида 40-50 литр сув бўлади. Қоннинг 83%, тўқималарнинг 75%, миянинг 74%, суяклар таркибининг 22%и сувдан иборат. Танадаги сувнинг 20%и йўқотилса, инсон ўлади.
Етарли миқдорда сув ичилмаса:
- Мия секинлашиб, одам дангасалашади.
- Қон қуюлади.
- Қабзият юз беради.
- Пешоб сарғайиб кетади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Дунёда шундай ишлар борки, Аллоҳ таолога суюкли бўлади. Улардан бири кўнгилни шод этиш ҳисобланади.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таолога фарз ибодатлардан кейин энг мақбул иш – мусулмон кишининг кўнглига сурур (хурсандчилик) етказишдир”.
Дарҳақиқат, ўзга кишининг кўнглини олиш, уни хурсанд қилиш хайрли амаллардандир. Ҳазрати Алишер Навоий:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай, дея бежиз айтмаган.
Мусулмоннинг кўнглига озор бериш эса, хунук ишлардандир. Бу ҳақда халқимизда: “Дилозордан Худо безор”, деган нақл бор.
Аллоҳ таоло барчамизни ўзгаларга озор беришдан сақлаб, Аллоҳ таолога суюкли бўлган ишларни қилишга муваффақ айласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг
Қашқадарё вилоят вакиллиги ходими