Исмлари Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулуззо ибн Рабоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Қарат Қураший Адавий розияллоҳу анҳу. Тарихчилар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни Бани Адий уруғидан экани ҳамда Макка шаҳрида, “Фил йили”дан 13 йил ўтгандан сўнг туғилганини таъкидлайдилар. Халифаликлари ўн йил давом этди (634-644 й). Ҳадис китоблари ва тарихий манбаларда “Абу Ҳафс” ва “Форуқ” деган кунялари бўлгани қайд этилади. Умар розияллоҳу анҳу новча, жуссадор, оппоқ, икки яноқлари қизил одам бўлганлар. Умар ибн Хаттоб (р.а.) 23/645 йилнинг 27-зулҳижжа чоршанба куни, 63 ёшида, Муғийра ибн Шуъбанинг қули Феруз Абу Луълуъ томонидан бомдод намози пайтида етказилган жароҳат туфайли вафот этдилар. Жанозалари масжидда ўқилди, Суҳайб Румий имом бўлдилар. Қабрлари муборак “Равза”да, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва Абу Бакр (р.а) нинг ёнларида жойлашган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Савол: Фазилатли ой ва кунларда нафл рўзалар тутиб тураман. Баъзида шундай ҳолат бўладики, бомдодга турганимда саҳарлик вақти чиқиб кетган бўлади, лекин мен шу куни бемалол рўза тутишга кучим етади. Шу вақтда рўзага ният қилиб олсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа, нафл рўзалар учун саҳарлик вақти чиқиб кетган бўлса ҳам, ҳатто кун ярмига етмагунча ният қилиб олиш мумкин, фақат саҳарлик вақти чиққандан кейин рўзани бузувчи амаллардан бирортасини ҳам қилмаган бўлиши шарт.
Демак, сиз ҳам уйғонганда саҳарлик вақти чиқиб кетган бўлса ҳам, ҳеч нарса еб-ичмасдан нафл рўзани ният қилиб олсангиз бўлади.
Аслида рўза тутишни ният қилиш вақтлари иккига бўлинади.
Биринчиси, қазо рўза, каффорат ва маълум бир кунни тайин қилмаган назр рўзаларни тутишда саҳарлик вақти чиқмасдан туриб ният қилиш шарт бўлади. Саҳарлик вақти чиққандан кейин қилган нияти ҳисобга ўтмайди.
Иккинчиси, Рамазон рўзаси, нафл ва муайян кунда тутиш назр қилинган рўзаларни шаръий наҳорнинг ярмига етмагунича ният қилиб олиш мумкин. Шарт шуки, ният қилгунча рўзани бузадиган ҳеч қандай иш қилмаган бўлиши керак. Масалан, саҳарлик вақти чиққандан кейин бирор нима еб ёки бирор қултум сув ичиб қўйган бўлса, рўзага ният қила олмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази