frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Нафл намозларини ўқиш тартибини биласизми?

15.03.2018   158422   5 min.
Нафл намозларини ўқиш тартибини биласизми?

Кундузги нафл намозларини тўрт ракатдан, кечқурунги нафлларни эса икки ракатдан ўқиш суннат амаллардандир. Қиём туришга қодир бўлатуриб ўтирган ҳолда нафл намозлари ўқиш жо-из, лекин савобнинг ярмига эришади. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай ҳам намоз ўқиганлар деб ўқиса, ҳам намознинг ҳам суннатга амал қилганнинг савобига эришади. Аммо тик туриб ўқишга қодир бўлмаган кишининг ажри тик туриб ўқи-ган кишининг ажри билан баробар бўлади. Ўтириб ўқийдиган ки-ши агар узри бўлмаса, бошқа намозлардаги ташаҳҳуд ўқиётган ки-шидек чап оёғи устига ўтириб, ўнг оёғини тик қилади. Нафл ўқиш-га киришган кишининг намози агар икки ракатни тўлиқ тугатмай туриб бузилса, унинг қазосини ўқиъб қўйиши вожиб бўлади. 

Шундай вақтлар борки, унда нафл намозларини ўқиш макруҳи таҳримий, яъни ҳаромга яқин макруҳ ҳисобланади. Қуйидаги ҳол-ларда нафл намозларини ўқиш макруҳ саналади: 

  • Субҳ вақти киргандан то бомдод ўқилгунга қадар нафл намозларини ўқиш мутлақ макруҳи таҳримийдир. Фақат
  • субҳнинг икки ракат суннатини ўқишга рухсат бор, холос. 
  • Бомдод ўқилгандан то қуёш чиққунга қадар нафл намозлари-ни ўқиш ҳам макруҳдир. Бу фурсатда умуман нафл намозлари ўқилмайди, гарчи намозхон бомдоднинг ёлғиз суннатини қазо қилган бўлса ҳам. Чунки субҳ суннатининг ёлғиз ўзини ўқий олма-ган киши кейин қазосини ўқимайди. Агар фарзини қўшиб қазо қилганида эди, қуёш найза бўйи кўтарилгач, иккисининг қазосини ўқиган бўлар эди. Бунинг масаласи юқорида ўтди. 
  • Қуёш чиқиб то бир найза миқдори кўтарилгунча ҳам нафл намозларини ўқиш макруҳдир. Қуёш тақрибан ярим соат чамасида бир найза миқдорида кўтарилади. 
  • Қуёш тиккага келгандан то заволга оққунча вақт оралиғида ҳам намоз ўқиш мутлақ жоиз эмас. 
  • Аср намозидан то шом намозини ўқиб бўлгунга қадар ҳам нафл намозларини ўқиш макруҳдир. 
  • Имом хутба ўқиш учун минбарга чиққан вақтда ҳам намоз ўқиш жоиз эмас. Имом хоҳ жума хутбасига чиққан бўлсин, хоҳ ёмғир талаб қилинаётгандаги хутба бўлсин, хоҳ бошқаси бўлсин, барибир ўша фурсатда намоз ўқиш дуруст эмас. (Изоҳ: бизнинг диёрларда имом жума кунлари аввал ваъз қилади ва сўнг жума намозидан олдин хутба ўқиш учун минбарга чиқади. Намоз ўқиш жоиз бўлмаган вақт шу имом минбарга кўтарилган фурсатдир. Аммо имом хутбадан олдин маъруза қилаётган бўлса, масжидга келган намозхон имом турган хонадан бошқа ўринда таҳийятул масжид намозини ўқиб олиши дуруст бўлади. Умуман, имом хутба қилаётганида намоз ўқиш тортишувли масала, чунки бу ҳақда ҳар хил ривоятлар бор. Ҳанафий мазҳабида имом минбарга чиққанидан кейин намоз ўқиш ҳаром. У хутбани бошлаганда эса, саломга алик олиш, акса урганга яхши тилак айтиш, Қуръон ўқиш ва шунга ўх-шаган нарсалар ҳам мутлақо мумкин бўлмайди). 
  • Муаззин фарз намозига такбир айтаётганда ҳам нафл намози ўқиш макруҳдир. Фақат бомдод намозида суннатни ўқиб, фарзга етиб олишига ишонса, шу суннатни такбир айтилаётган вақтда ҳам ўқиш жоиз бўлади. Шунда суннатни имомдан узоқроқ ерда ёки бошқа хонада ўқиб олади. Муҳими, суннатни ўқиб олиб, фарзга етиб олса бўлди. 
  • Масжидда ҳайит намозидан олдин ҳам, кейин ҳам нафл намо-зи ўқиш макруҳ. 
  • Ҳожилар Арафотда пешин билан асрни пешин вақтида жамлаб ўқишади, бу жамъи тақдим, дейилади. Шу пайтда икки жам қилинаётган намоз ўртасида ҳам нафл намозларни, ҳатто пешин-нинг суннатларини ҳам ўқиш макруҳдир. Муздалифада эса шом билан хуфтонни ҳожилар хуфтон вақтида жамлаб ўқишади. Бу жамъи таъхир, дейилади. Шу икки жам қилинаётган намознинг ўртасида ҳам, гарчи шомнинг суннатини бўлса-да, ўқиш макруҳдир. 
  • Фарз намозларидан бирортасининг вақти тор бўлиб қолса ҳам, нафлларни ўқиш макруҳ ҳисобланади. 
  • Хоҳ олди, хоҳ орқа ҳожатларини мажбуран ушлаб туриб намоз ўқиш макруҳдир. Шунингдек, қорин дам бўлганда ҳам елни мажбуран ушлаб ўқилган намоз макруҳ ҳисобланади. 
  • Худди шунингдек, яна хушуъни кетказадиган ҳар қандай муҳим иш ҳозир бўлгандаги ўқилган намозлар макруҳ бўлади. Ниҳоятда оч қолган ёки чанқаган кишига овқат ёки сув олиб ке-линса, ўз нафсини қондириб олиб, кейин намозга туриши керак. Яна қаттиқ чарчаган киши ҳам бироз дам олиб, сўнг намоз ўқиши мақсадга мувофиқ бўлади. 

Агар шу юқорида эслаб ўтилган вақтларда нафл намозлар ўқил-са, макруҳи таҳрима билан адо топади. Ким ушбу пайтларда намоз-ни бошлаб қўйса, уни бузиб намоз ўқиш макруҳ ёки ҳаром бўлма-ган бошқа вақтларда ўқиши маъқулдир.

 

“Мўминнинг меърожи” китобидан 

ЎМИ Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар
Мақолалар

МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ ВА УНИ НИҚОБ ҚИЛГАН МАНФУР СИЁСАТ: ШАҲИДЛИК МАСАЛАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

26.08.2026   19441   8 min.
МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ ВА УНИ НИҚОБ ҚИЛГАН МАНФУР СИЁСАТ: ШАҲИДЛИК МАСАЛАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.

“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.

Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.

Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!

Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.

Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.

Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.

Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:

1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.

2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.

Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.

Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.

Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).

Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).

Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:

⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.

⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.

⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.

⏺ Ғарқ бўлганлар.

⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).

⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.

⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.

⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.

⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.

⏺ Жума кечаси вафот топганлар.

⏺ Сил касалидан ўлганлар.

⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.

⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.

⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.

⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.

⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.

⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.

⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.

⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.

⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.

⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.

⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.

⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.

⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.

⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.

⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.

⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.

⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.

⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.

⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.

Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА