Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Январ, 2025   |   12 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:34
Шом
17:18
Хуфтон
18:37
Bismillah
12 Январ, 2025, 12 Ражаб, 1446

Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

15.03.2018   4241   17 min.
Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони


Давлат тузилмаси ва давлат чегаралари дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оғишмай риоя этиш, жамиятдаги миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, тинчлик ва осойишталик – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг ҳамда мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим шартларидан ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати мамлакатнинг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, иқтисодий ва мудофаа салоҳиятини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш тизимида алоҳида ўрин тутади. 

Шу билан бирга, Миллий хавфсизлик хизматининг мақоми, вазифалари ва ваколатлари доирасини аниқ белгилаб берувчи қонун ҳужжати яратилмай туриб, унга миллий хавфсизликни таъминлашнинг барча жиҳатлари юклатилгани ушбу идоранинг давлат органлари фаолиятининг барча соҳаларига асоссиз аралашувига шарт-шароит яратиб берди. 

Мамлакатни ривожлантиришнинг ҳозирги босқичидаги устувор йўналишлар, давлат ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини ислоҳ қилиш борасидаги вазифаларни самарали амалга ошириш давлат хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатдан янги тизимини шакллантиришни тақозо этади. 

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифаларига мувофиқ: 

1. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати сифатида қайта ташкил этилсин. 

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган этиб белгилансин. 

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (бундан буён Хизмат деб юритилади) фаолиятини ташкил этишнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин: 

Хизматнинг махсус ваколатли давлат хавфсизлик органи сифатидаги ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва фаолият йўналишларини аниқ белгилаб берувчи мустаҳкам қонунчилик базасини яратиш; 

бугунги кундаги хавф-хатарлар ва таҳдидларга қарши курашишнинг таъсирчан шакл ҳамда услубларини жорий этиш; 

юзага келаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий вазиятни инобатга олган ҳолда давлат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги вазифаларни бажаришда мавжуд куч ҳамда воситалардан самарали фойдаланиш имконини берувчи ташкилий тузилмани шакллантириш; 

Хизмат фаолиятини давлат хавфсизлигини таъминлаш ишларининг шакл ва услублари, шунингдек, Хизмат ҳарбий хизматчиларининг идоравий мансублиги ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлишини истисно этувчи конспирация тамойили асосида ташкил этиш; 

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оғишмай риоя этилишини кафолатлайдиган таъсирчан механизмларни жорий қилиш; 

Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини муносиб ҳимоя қилишга қодир, ҳар томонлама етук ва ватанпарвар ёшларни Хизматга жалб этишга қаратилган кадрларни танлаш ва тайёрлашнинг мутлақо янги тизимини яратиш; 

меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, уй-жой ва маиший шарт-шароитларни яхшилаш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш орқали Хизмат ҳарбий хизматчиларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш. 

3. Хизматнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин: 

Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилишни таъминлаш, мазкур соҳада қонунийлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш; 

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовузларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш; 

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш; 

Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари ва мудофаа-саноат мажмуасини давлат хавфсизлигига хавф-хатарлар ҳамда таҳдидлардан ҳимоя қилиш, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича стратегик ташаббусларни амалга оширишда иштирок этиш; 

терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш; 

давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш; 

иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва ахборот соҳаларида давлат хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси халқининг тарихий-маданий ва бой маънавий меросини ҳимоя қилиш; 

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупция ҳолатларига қарши курашиш; 

телекоммуникация ва транспорт соҳасида давлат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларни юзага келтирувчи омилларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга барҳам бериш; 

Хизмат тергов қилиш ваколатига кирувчи жиноят ишлари бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки тергов олиб бориш ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш; 

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат сирлари сақланиши, махсус алоқа хавфсизлигининг таъминланиши ҳамда ахборотларни криптографик ҳимоя қилишни ташкил этиш устидан назоратни амалга ошириш; 

давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берадиган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш; 

Хизматнинг жанговар ва сафарбарлик тайёргарлиги ҳолатини такомиллаштириш ва сақлаб туриш, куч ва воситаларни фавқулодда вазиятлар юзага келган ҳамда ҳарбий ҳолат жорий қилингандаги ҳаракатларга тайёрлаш. 

4. 2018 йил 1 апрелдан қуйидаги функциялар: 

Ўзбекистон Республикасининг ўта муҳим ва тоифаланган объектларида қўриқлашнинг техник воситаларини лойиҳалаш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича ишларни бажаришга рухсат бериш – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига; 

режимли мудофаа объектларини лойиҳалаш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш учун лицензия талабгорларига рухсат этилганлиги ҳақида маълумотнома бериш – Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига ўтказилсин. 

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги 
ПФ–5308-сон “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига мазкур Фармон қоидаларидан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳасини қайта ишлаш тавсия этилсин. 

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Хизмат билан биргаликда бир ой муддатда 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари учун арзон уй-жойларни қуриш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг байроғи ва эмблемаси намуналари 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин. 

Белгилансинки, байроқ ва эмблемадан фойдаланиш тартиби Хизмат раиси томонидан тасдиқланади. 

8. Хизмат икки ой муддатда: 

Хизмат фаолиятини ташкил этиш; 

Хизматнинг таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш; 

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини қўриқлаш тизимининг самарадорлигини оширишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари лойиҳаларини киритсин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Хизмат ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин. 

10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Махмудов зиммасига юклансин. 



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 14 март 

 
* * *

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 мартдаги
 
ПФ-5379-сон Фармонига

 

1-илова
 
Ўзбекистон Республикаси
Давлат хавфсизлик хизмати байроғининг
 
ТАВСИФИ
 


Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати байроғи барқарорлик, матонат, содиқлик, фидоийлик ва мардликни ифода этувчи 
тўқ кўк рангли тўғри бурчакли мато кўринишига эга. 

Байроқ марказида геральдик белги – Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг эмблемаси тасвирланган. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати байроғининг узунлиги – 250 см, эни – 125 см. 

* * *
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 мартдаги
 
ПФ-5379-сон Фармонига
 
2-илова
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати
 
эмблемаси – геральдик белги
 
ТАВСИФИ

Геральдик белги – Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати эмблемаси тўқ кўк рангли айлана тасмаси бўлган кумуш ранг доирадан иборат. 

Айлана тасманинг юқори қисмида оқ рангли бош ҳарфлар билан лотин алифбосида: «O’ZBEKISTON RESPUBLIKASI», пастки қисмида: «DAVLAT XAVFSIZLIK XIZMATI» деб ёзилган. Ушбу ёзувлар ҳурлик маъносини англатувчи саккиз қиррали иккита юлдуз билан ажратилган. 

Доира марказида давлат ва жамиятни ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш рамзини англатувчи, пастки қисми чўзилган, юқори бурчаклари кесилган учбурчак кўринишига эга қалқон тасвирланган. Қалқон юзаси кумуш рангда. Қалқоннинг марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербидан қалқоннинг камбар ҳошияларига қадар қуёш нурларини ифодаловчи тўғри чизиқлар тортилган. 

Қалқоннинг кесилган икки юқори ва пастки бурчакларида шахс, жамият ва давлат манфаатлари муҳофазасини англатувчи учта халқа тасвирланган. 

Қалқон ортида симметрия ўқи бўйича тиғи пастга йўналтирилган қилич жойлашган. Қилич куч, шаън, адолат, жасорат ва ҳушёрликни англатади. 

Қилич кумуш рангда. Қилич дастаги еттита халқадан иборат бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятининг асосий тамойилларини англатади. 

Қалқон ва қилич ортида симметрик равишда икки томонга ҳилпираётган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг қалқон ва қилич ортида жойлашуви конституциявий тузум, суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва давлат манфаатларининг ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимояланганлигини англатади. 

* * *
 
“Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига
 
ШАРҲ

Мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичида стратегик вазифалар ва энг муҳим ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши нафақат давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятини ҳам такомиллаштиришни талаб этади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматини ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатиб берди. 

Давлат раҳбари томонидан Конституция ва қонун нормаларига оғишмай риоя этилишини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тамойилини сўзсиз амалга ошириш, бошқа органларнинг функцияларини бажариш ва такрорлаш ҳолатларига йўл қўймаслик вазифалари қўйилган эди. 

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон хавф-хатар ва таҳдидларга самарали тарзда қарши курашишга қодир махсус хизматнинг замонавий қиёфасини белгилаган ҳолда, давлат хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимига асос солди. 

Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати этиб қайта ташкил қилинди. Идоранинг номидан “миллий хавфсизлик” тушунчасининг чиқарилиши унинг ваколатлари асоссиз тарзда кенгайишига шарт-шароит яратган омилларни бартараф этиш зарурати билан боғлиқ. Чунки локал миқёсдаги ҳар қандай муаммо миллий хавфсизликка таҳдид сифатида кўрилиши мумкин эди. Мазкур ўзгартириш ушбу идоранинг диққат-эътиборини давлат аҳамиятига эга реал таҳдидларга қаратади. “Давлат хавфсизлиги” атамаси хавфсизликни таъминлаш доирасини аниқ белгилайди ва мазкур соҳадаги фаолият йўналишларини ажратиб беради. 

Фармон билан Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган этиб белгиланди. 

Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятини ташкил этишнинг устувор йўналишлари белгиланди. 

Биринчидан, 
мазкур идоранинг мақоми, ваколатлари ва фаолият йўналишларини белгилаган ҳолда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш назарда тутилмоқда. 26 йил олдин қабул қилинган Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисидаги амалдаги низом фаолиятни самарали ташкил этишга имкон бермайди ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида юз берган муҳим ўзгаришларни акс эттирмайди. 

Иккинчидан, бугунги кундаги хавф-хатар ва таҳдидларга қарши курашишнинг таъсирчан шакллари ҳамда услубларини жорий этиш, шу мақсадда идоранинг самарали ташкилий тузилмасини шакллантириш зарурлиги белгиланди. 

Учинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оғишмай риоя этишнинг алоҳида муҳим аҳамияти таъкидланди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Давлат хавфсизлик хизмати томонидан инсон ҳуқуқлари қонуний кафолатларининг қатъий таъминланишига устувор аҳамият берилади. 

Тўртинчидан, кадрларни танлаш ва тайёрлашнинг мутлақо янги тизими ташкил этилади, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилади. Мазкур чоралар Давлат хавфсизлик хизматига ҳар томонлама ривожланган ва ватанпарвар ёшларни жалб этишга имкон беради. Шу ўринда идора вакилларининг ҳарбий хизматчи сифатидаги мақоми кўрсатиб ўтилди, мазкур ҳолат уларга нисбатан ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ барча чеклов ва мажбуриятлар татбиқ этилишини англатади. 

Бешинчидан,
 Давлат хавфсизлик хизмати ўз фаолиятини идора ишининг шакллари ва услублари ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг идоравий мансублиги ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлишини истисно этадиган конспирация тамойиллари асосида ташкил этиши белгиланди. Бу давлат хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини бажаришда мавжуд куч ва воситалардан самарали фойдаланишни таъминлайди. 

Ўзига хос бўлмаган вазифа ва функцияларни истисно қилиш мақсадида Миллий хавфсизлик хизмати ваколатида бўлган айрим рухсат берувчи ваколатлар 2018 йил 1 апрелдан бошқа идораларга ўтказилади ёки тугатилади. 

Фармон билан Давлат хавфсизлик хизматининг байроғи ва эмблемаси намуналари тасдиқланди. 

Идоравий рамзларнинг таъсис этилиши ҳарбий хизматчиларнинг жанговор руҳини оширишга ҳамда уларни давлат хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини бажаришга сафарбар этишга хизмат қилади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонида давлат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этишга қаратилган қатор топшириқлар мавжуд. Шу муносабат билан: 

идора фаолиятини ташкил этиш, унинг таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш ва Давлат чегарасини қўриқлаш тизимининг самарадорлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларини ишлаб чиқиш; 

2018-2022 йилларда Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари учун арзон уй-жойларни қуриш дастурини ишлаб чиқиш назарда тутилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони тарихий аҳамиятга эга бўлиб, давлат хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатдан янги тизимини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратди. 

Давлат раҳбарининг мазкур қарорини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ҳамда ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш тизимининг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилишини таъминлайди.
 
 
Манба: http://www.uza.uz
 
 
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Дунё тарихидаги энг яхши уммат

9.01.2025   6192   10 min.
Дунё тарихидаги энг яхши уммат

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳеч шубҳа йўқки, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларига сабаб бўлган ҳодисалардан тортиб ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ўлимларигача бўлган даврда бўлиб ўтган ҳодисалар Ислом учун, мусулмон уммати учун мисли кўрилмаган мусибат бўлди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ўртасида бўлиниш юз берди. Ўша пайтгача бир тану бир жон бўлиб, бутун дунёга Ислом нурини таратиб келаётган, бутун инсониятга хайру баракани улашиб келган дунё тарихидаги энг яхши уммат ичида дарз пайдо бўлди. Авваллари бу уммат вакиллари ихтилоф нималигини билмас эдилар. Вақти келиб, улар аввал иккига, кейинроқ учга бўлиниб ихтилоф қилдилар. Худди ўша машъум ҳодисалар туфайли бошланган бу бўлинишлар секин-аста давом этиб, мусулмон умматининг соғлом танаси ичидан турли-туман тоифалар чиқди. Шийъа, рофиза, хавориж ва шунга ўхшаш бошқа ҳар хил тоифаларнинг келиб чиқиши айнан ана шу ҳодисалардан бошланган эди.

Мазкур ҳодисалар туфайли мусулмон уммати аввал ҳоким шахс ҳақидаги баъзи мулоҳазалар билан баҳс бошлаган бўлса, охири келиб иймон ва куфр борасида баҳс қиладиган, бир-бирини куфр­га кетганликда айблайдиган даражага етди.

Ушбу ҳодисалар, аввало, фитначиларнинг ҳазрати Усмонга у киши ишга қўйган баъзи волийлар ҳақида шикоят қилишлари билан бошланган эди. Охири келиб хорижийлар ўзларига мухолиф бўлганларни, ҳатто ҳазрати Алийдек зотни кофирликда айблай бошлашди. Табиийки, қарши томондан ҳам ўзига яраша жавоб бўлди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати ичида бир-бирининг қонини ўзи учун ҳалол билиш ва бир-бирини ўлдиришни раво кўриш бошланди.

Биринчи марта фитначилар ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қонлари ва молларини ўзларига ҳалол ҳисоблаб, у кишини ўлдириб, молларини талашди. Ана шу нобакорлик оқибатида ишлар ривож топиб, «Туя ҳодисаси»да, «Сиффин»да бир неча ўн минглаб киши ҳалок бўлди. Хорижийлар билан бўлган алоҳида ҳодисаларни қўшадиган бўлсак, бу ҳисоб яна ҳам ортади.

Бир тану бир жон бўлиб, дунё халқларини бирин-кетин бандаларнинг бандаларга сиғинишидан Аллоҳнинг ибодатига, нотўғри динларнинг жабридан Исломнинг адолатига, дунё торлигидан охират кенглигига, жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқараётган уммат бир-бирини Роббига ибодат қилишдан чиқариш, бир-бирига жабр қилиш, Исломнинг кенглигидан ихтилоф торлигига, Ислом нуридан жаҳолат зулматига ўта бошлади.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон умматининг гули, етакчи кучи бўлмиш саҳобаи киромларнинг кўпчилиги нобуд бўлдилар. Уларнинг маънавий кучларига футур етди.

Ушбу ҳодисалар туфайли мусулмон уммати бошига тушган мусибатларни бирма-бир санаб чиқиш ниҳоятда оғир иш. Шунинг учун бу борада гапни қисқа қилганимиз маъқул.

Энди ижозатингиз билан мазкур ҳодисаларга баҳо бериш ҳақида бир неча оғиз сўз.

Бу ҳодисалар бўлиб турган вақтларнинг ўзидаёқ уларга баҳо бериш бошланган. Унда ҳар бир томон ўзини ҳақ, ўзгани ноҳақ деб билган. Тарафкашлик бўлиб турган жойда бундан бошқа нарса бўлиши мумкин ҳам эмас. Аммо мазкур ҳодисаларга баҳо бериш улар бўлиб ўтганидан кейин ниҳоятда авж олгани кутилмаган ҳол. Ушбу ҳодисалар бўлиб ўтгандан кейин турли сабабларга кўра уларни баҳолаш, «ким нима қилган-у, ким нима қилмаган, аслида нима қилиш керак эди», каби мавзуларда мунозаралар қизиб кетган. Бу борада ҳар ким ўша тўпалонлар юз берган вақтдаги ҳар бир ҳаракат ва саканот, ҳар бир оғиз гап ва сўздан ўз фикрини қўллашга, ўзганинг фикрини рад қилишга далил излаган. Тарафкашлик ва низо оловида қизиб кетиб, далил топа олмай қолган пайтларда ўзидан қўшиб юборишлар бўлмаганига эса ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Тарафкашлик авж олган жойда ҳар ким ўзининг ҳақ эканини исбот қилишга уриниб, ўзида бўлмаган яхши сифатларни бемалол даъво қилганидек, ўзида бўлган салбий сифатларни тараддудсиз инкор этади. Шу билан бир вақтда, қарши тарафнинг барча яхшиликларини инкор этган ҳолда, барча ёмонликларни унга ағдаради. Мана шу жараёнда нима бўлса бўлади.

Ислом уммати ёлғон нима эканини билмас эди. Аммо фитначилар ўз қилмишларини хаспўш­лаш, одамларни ортларидан эргаштириш мақсадида бу уммат ичига «ёлғон» деган иллатни олиб киришди. Жумладан, улар: «Бизга Алийдан хат келди» «Бизга Оишадан хат келди», «Бизга фалончидан хабар келди» «У дебди», «Бу дебди» деган ёлғонларни ҳам тарқатишган эди.

Фитначилар мазкур машъум ҳодисалар ўтиб кетганидан кейин ҳам ўз тарафини олиб, ўзгани танқид қилишда давом этаверишди. Бу нарсалар аста-секин авж ола бошлади. Тарафкашликда учига чиққан томонлар эса ўз гапларини тасдиқлаш учун оят ва ҳадисларни ноҳақ таъвил қилганлари етмагандек, ёлғонлар тўқиб, ҳатто уларга ҳадис сифатини беришгача етиб боришди.

Аммо масъул кишилар, уламолар бу нобакорликни дарҳол бўғиб ташлаш йўлига ўтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга оид барча ривоятлар яхшилаб ҳимоя қилинди. Ҳадисларнинг даражаларини аниқлашнинг мустаҳкам қоидалари ишлаб чиқилди. Бу борада фитначиларнинг фитнаси ўтмади.

Аммо тарихчилар келтирган ривоятларга бу қадар эътибор қаратилмади, чунки тарих ҳақидаги ривоятлар дин ва эътиқод масалалари бўйича ривоятлар аҳамиятига эга эмас, деган ўй бор эди. Ўша пайтларда бўлиб ўтган ҳодисалар ҳақидаги ривоятлар тўпланди. Аммо уларни саралаш ва яроқсизини ташлаб юбориш ишлари қилинмади. Бу нарса айниқса ҳукмдорлик учун ўзаро кураш олиб борган тоифаларга қўл келди. Улар турли асоссиз ривоятлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш билан бирга, етмай қолган жойларига ўзларидан қўшиб юборишди.

Аста-секин саҳобаи киромларга тил теккизиш бошланди. Тил теккан саҳобийнинг тарафдорлари ўзига яраша жавоб беришди. Ҳар ким ўзи эргашган шахсни улуғлашга ўтди.

Айниқса, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳақларида бунга ўхшаш гап-сўзлар кўп учрайди. Баъзи ғулувга кетган тоифалар у зотни илоҳлик даражасигача кўтарган бўлишса, хорижийларга ўхшаш кимсалар: «Куфрга кетди», дейишган.

Яна бошқа бир тоифалар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг тарафларини олиш мақсадида у зотни мазлум қилиб кўрсатишга уриниб, бош­қа бир нечта катта саҳобаларни эса кофирга чиқариб қўйишган.

Бу масалаларга бағишланган мажлислар, жанжаллар бўлди, китоблар ёзилди, хутбалар ўқилди. Нима бўлса бўлди, лекин ихтилоф кўпайиб бораверди.

Ниҳоят, мусулмонлар жумҳури – аҳли сунна вал жа­моа бу масалада ижмоъ ила энг адолатли ва сўнгги нуқтани қўйди: орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда ҳазрати Алий ва у зотнинг та­рафдорлари ҳақ бўлганлар. Улар ҳақида бошқача гап бўлиши мумкин эмас. Бунга далил ва ҳужжатлар етарли. Уларнинг энг ишончли ва кучлиси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислардир. Хусусан, Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ва Зул Садяйнининг ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақидаги, келажакда бўладиган фитналар ҳақидаги ҳадислари фикримизга далил бўла олади.

Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларнинг айбдорлари Ибн Сабаъ бошлиқ фитначилар ва хорижийлардир, барча қилинган гуноҳлар уларнинг бўйнида. Улар ҳақида бошқа гап бўлиши мумкин эмас.

Фитначилар асосан Миср, Басра ва Куфада тухум қўйиб, урчиб кетишди. Фитнанинг бош қароргоҳи Миср эди. Унинг Ислом жамиятининг марказидан узоқда жойлашгани, у ерда ҳақиқий уламоларнинг, хусусан, саҳобаларнинг кам бўлгани ва бошқа шунга ўхшаш омиллар фитначиларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини авом халққа етказишларига катта имкон берар эди.

Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда фитначиларга ҳам, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга ҳам қўшилмаган, балки у зотга талаб қўйиб, талаби бажарилгандагина байъат қилишларини айт­ган тоифа ҳам бор эди. Уларнинг гаплари ва қилган ишлари «Туя» ва «Сиффин» ҳодисаларидан ҳаммамизга маълум. Ушбу тоифанинг машҳур шахслари сифатида Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Муовия ибн Абу Суфён ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумни эслаш мумкин. Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари уларни: «Хато таъвил ва ижтиҳод қилганлар», деб баҳолайди. Улар ҳақоратланмайдилар, ёмонланмайдилар. Балки саҳобий бўл­ганлар бошқа саҳобаи киромлар билан бир қаторда кўрилади.

Уламоларимиз ва мусулмонлар жумҳури бу ишда ғоятда талабчан бўлгани сабабли бу ҳақда ҳар бир мусулмон шахс эътиқод қилиши лозим бўлган нарсани ақийда китобларимизга битиб ҳам қўйганлар.

Жумладан, аҳли сунна вал жамоанинг энг маш­ҳур ақийда китобларидан бири бўлмиш «Ақийдаи Таҳовийя»да қуйидагилар айтилади:

«Биз уларнинг ҳаммалари ҳақида яхшилик билан: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», деймиз (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло бизнинг қўлларимизни ўз вақтида бўлиб ўтган фитнадан асраган. Биз Аллоҳдан тилларимизни ҳам мазкур фитнадан сақлашини сўраймиз».

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди

Мақолалар