Давлат тузилмаси ва давлат чегаралари дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оғишмай риоя этиш, жамиятдаги миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, тинчлик ва осойишталик – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг ҳамда мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим шартларидан ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати мамлакатнинг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, иқтисодий ва мудофаа салоҳиятини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш тизимида алоҳида ўрин тутади.
Шу билан бирга, Миллий хавфсизлик хизматининг мақоми, вазифалари ва ваколатлари доирасини аниқ белгилаб берувчи қонун ҳужжати яратилмай туриб, унга миллий хавфсизликни таъминлашнинг барча жиҳатлари юклатилгани ушбу идоранинг давлат органлари фаолиятининг барча соҳаларига асоссиз аралашувига шарт-шароит яратиб берди.
Мамлакатни ривожлантиришнинг ҳозирги босқичидаги устувор йўналишлар, давлат ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини ислоҳ қилиш борасидаги вазифаларни самарали амалга ошириш давлат хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатдан янги тизимини шакллантиришни тақозо этади.
Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифаларига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати сифатида қайта ташкил этилсин.
Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган этиб белгилансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (бундан буён Хизмат деб юритилади) фаолиятини ташкил этишнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
Хизматнинг махсус ваколатли давлат хавфсизлик органи сифатидаги ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва фаолият йўналишларини аниқ белгилаб берувчи мустаҳкам қонунчилик базасини яратиш;
бугунги кундаги хавф-хатарлар ва таҳдидларга қарши курашишнинг таъсирчан шакл ҳамда услубларини жорий этиш;
юзага келаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий вазиятни инобатга олган ҳолда давлат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги вазифаларни бажаришда мавжуд куч ҳамда воситалардан самарали фойдаланиш имконини берувчи ташкилий тузилмани шакллантириш;
Хизмат фаолиятини давлат хавфсизлигини таъминлаш ишларининг шакл ва услублари, шунингдек, Хизмат ҳарбий хизматчиларининг идоравий мансублиги ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлишини истисно этувчи конспирация тамойили асосида ташкил этиш;
фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оғишмай риоя этилишини кафолатлайдиган таъсирчан механизмларни жорий қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини муносиб ҳимоя қилишга қодир, ҳар томонлама етук ва ватанпарвар ёшларни Хизматга жалб этишга қаратилган кадрларни танлаш ва тайёрлашнинг мутлақо янги тизимини яратиш;
меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, уй-жой ва маиший шарт-шароитларни яхшилаш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш орқали Хизмат ҳарбий хизматчиларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш.
3. Хизматнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилишни таъминлаш, мазкур соҳада қонунийлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш;
Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовузларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари ва мудофаа-саноат мажмуасини давлат хавфсизлигига хавф-хатарлар ҳамда таҳдидлардан ҳимоя қилиш, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича стратегик ташаббусларни амалга оширишда иштирок этиш;
терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш;
давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш;
иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва ахборот соҳаларида давлат хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси халқининг тарихий-маданий ва бой маънавий меросини ҳимоя қилиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупция ҳолатларига қарши курашиш;
телекоммуникация ва транспорт соҳасида давлат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларни юзага келтирувчи омилларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга барҳам бериш;
Хизмат тергов қилиш ваколатига кирувчи жиноят ишлари бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки тергов олиб бориш ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат сирлари сақланиши, махсус алоқа хавфсизлигининг таъминланиши ҳамда ахборотларни криптографик ҳимоя қилишни ташкил этиш устидан назоратни амалга ошириш;
давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берадиган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш;
Хизматнинг жанговар ва сафарбарлик тайёргарлиги ҳолатини такомиллаштириш ва сақлаб туриш, куч ва воситаларни фавқулодда вазиятлар юзага келган ҳамда ҳарбий ҳолат жорий қилингандаги ҳаракатларга тайёрлаш.
4. 2018 йил 1 апрелдан қуйидаги функциялар:
Ўзбекистон Республикасининг ўта муҳим ва тоифаланган объектларида қўриқлашнинг техник воситаларини лойиҳалаш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича ишларни бажаришга рухсат бериш – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига;
режимли мудофаа объектларини лойиҳалаш, қуриш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш учун лицензия талабгорларига рухсат этилганлиги ҳақида маълумотнома бериш – Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига ўтказилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги
ПФ–5308-сон “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига мазкур Фармон қоидаларидан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳасини қайта ишлаш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Хизмат билан биргаликда бир ой муддатда 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий хизматчилари учун арзон уй-жойларни қуриш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг байроғи ва эмблемаси намуналари 1 ва 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, байроқ ва эмблемадан фойдаланиш тартиби Хизмат раиси томонидан тасдиқланади.
8. Хизмат икки ой муддатда:
Хизмат фаолиятини ташкил этиш;
Хизматнинг таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини қўриқлаш тизимининг самарадорлигини оширишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари лойиҳаларини киритсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Хизмат ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2018 йил 14 март
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан