2022-2023 ўқув йилида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини 76 нафар талаба битирмоқда. Шундан 10 нафари аёл-қизлар ҳисобланади. Битирувчилар бакалавр даражасини олишлари учун диплом мавзуларини танлаб, йил давомида кичик илмий тадқиқот олиб боришди.
Битирув малакавий иши ҳимоялари кундузги таълим йўналиши 4-курс талабалари учун бўйича шу йил 12-24 июнь кунлари ўтказилади. Шунингдек, кундузги таълим шакли 4-курс талабалари учун “Умумкасбий фанлар – араб тили” ва “Ихтисослик фанлари – ақоид ва фиқҳ” бўйича якуний аттестация синовлари 6-9 июнь кунлари бўлиб ўтади.
Ақоид ва фиҳқий фанлар, Ҳадис ва ислом тарихи фанлари, Тиллар, Таҳфизул Қуръон ва Ижтимоий фанлар кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан ўз йўналишларига оид тавсия этилган мавзулар бўйича талабалар битирув диплом ишларини бажарди.
Бу ҳақда институт проректори Соатмурод домла Примов ва Илмий тадқиқот бўлими бошлиғи Маъмуржон Эркаев томонидан 4-курс талабаларининг Битирув диплом ишларига бағишланган йиғилишда айтиб ўтилди. Унда, шунингдек, битирув диплом ишларининг ҳолати, расмийлаштирилиши, олд ҳимоя натижалари ва ҳулосалар, эълон қилинган илмий мақолалар каби масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўтган солиҳ зотлар жамоат билан намоз ўқиёлмай қолсалар, бир-бирларига таъзия изҳор қилишар экан. Шундай зотлардан бири Ҳотамул Асом айтади: “Мен жамоатга улгурмай қолдим, шунда менга Абу Исҳоқ Бухорийнинг бир ўзи таъзия билдирди. Агарда ўғлим ўлиб қолса минглаб одамлар таъзия изҳор қилишади. Бунинг сабаби одамлар наздида дин мусибати дунё мусибатларидан кўра арзимас саналганидандир”.
Бугунги кунда орамизда қанчалаб одамлар жамоат намозларини ўтказиб юборадилар, жиддий эътибор қаратмайдилар. Баъзида иш, ғам-ташвишларнинг кўплигини баҳона қиламиз, тўғрими?! Яна кўплар туни билан ухламасдан, бомдод намозига яқин ухлаб қолишлари ҳам бор гап.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Зимистонда масжидлар сари одим ташловчиларга қиёмат кунидаги тамомий нурнинг хушхабарини беринглар”[1] деганларини наҳот эшитмагансиз?!
Шайтон сизнинг устингиздан ғалабага эришиб, намозда хотиржамлигингизни кетказишига имкон берманг!
Омир ибн Абдуллоҳ ўлим тўшагида ётганларида азон овозини эшитиб: “Мени қўлимдан тутинглар”, дедилар. Омир ибн Абдуллоҳга “Ахир сиз бетобсиз-ку”, дейишганида: “Аллоҳнинг чақириғини эшитиб туриб, унга риоя қилмайманми”, дедилар. Кейин у кишини қўлидан ушлаб турғизишди. Масжидда имом билан шом намозининг бир ракатини ўқидилар ва жон таслим қилдилар.
Яна бир мисол: Суфён ибн Уяйна азон айтилишидан илгари намозга боришга иштиёқманд бўлганлар ва доим: “Намозга азон айтилмагунича масжидга келиб турмайдиган ёмон қул бўлма. Чунки ёмон қул чақирмагунингча келмайди”, дер эдилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатлашиб ўтирардик, у зот ҳам биз билан гаплашиб ўтирардилар. Борди-ю, намоз вақти кириб қолса, бир-биримизни танимагандай бўлиб олардик”[2].
Шукрки, орамизда масжидда биринчи сафга жойлашиш учун ғайрат қилувчилар кўпайиб бормоқда. Набий алайҳиссалом: “Агарда одамлар азонда ва биринчи сафда нималар борлигини билишса эди, унга эришиш учун қуръа ташлашдан бошқа чора бўлмаса, албатта, қуръа ташлаган бўлардилар”, деганлар.
Саид ибн Мусайяб айтади: “Мен эллик йилдан бери бирор марта биринчи такбирни ўтказиб юбормаганман. Эллик йилдан буён намозда бирорта кишининг бошининг орқасига қараган эмасман”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти.
[2] Мурсал ҳадис. Ироқийнинг “Иҳё”га ёзган тахрижига қаранг (1, 205).