Аллоҳ таоло инсон ҳаётига зарур бўлган барча нарсаларни, шу жумладан, унинг умрини, вақтини белгилаб, ҳисоблаб чегараси, қадр-қиймати билан яратди. Бу ҳақда Қуръони каримда хабар бериб шундай дейди: «Унинг даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир» (Раъд, 8 ).
Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар биримиз ўзимизга берилган вақтдан унумли фойдаланишга интилишимиз лозим экан. Улуғ аждодларимиз, буюк олимларимиз вақтларига жуда қизғанчиқ бўлишган. Зеро, улар инсон учун берилган вақтни чегарали ва қиймати юқори эканлигини яхши билишган ва шунга мувофиқ амал қилишган. Буюк олим Ҳасан Басрий (р.ҳ) айтадилар: «Мен бир қавмни кўрдим, сизларга қараганда ўз вақтларига дирҳаму динорлардан ҳам кўра муҳаббатли эди, яъни умр вақтларининг ҳар бир дақиқасини ғанимат билишар ва умрни фойдали амалларга, дунё ободлигига сарфлашарди».
Умар ибн Абдулазиз (р.ҳ) айтади: «Кеча ва кундуз сенинг жисмингда ўз ишини кўрсатяпти, демак, сен ҳам уларни ғанимат бил ва фойдаланиб қол».
Баъзи донишмандлар: «Манфурликнинг аломати вақтни зое қилишдир», деб таъкидлашган. Айрим олимлар эса: «Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесад , яъни умринг беҳуда кечади»- деб таъкидлашган.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳаётлари, сўзлари, амаллари, ибодатлари, умматларига ғамхўрликлари, меҳр-муҳаббатлари, башоратлари орқали вақт-фурсат бебаҳо илоҳий неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: «Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни ғанимат билинг» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ҳадиси шариф маъно ва мазмунига кўра, ҳар биримиз бойлик ва саломатликни ёшлик, ўспиринлик дамларини, кексалик келишидан олдин ғанимат билишимиз жуда муҳимлиги уқтирилади.
Имом Ҳасан Басрий (р.ҳ.) ўз ҳикматларининг бирида бундай деб марҳамат қилганлар: «Ҳар куни тонг ёришганда Аллоҳ томонидан бир жарчи: «Эй Одам боласи! Мен янги кунман, сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан яхши амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен то қиёмат кунига қадар қайта келмайман», деб жар солади».
Динимизнинг таълимотларида ҳам вақтнинг қадр-қиймати юқори бўлгани учун ҳам субҳ вақтида уйғонишга чақирилади. Бу ҳақдаги одоб-ахлоқларимиз талабига кўра, кўп ухлаш хосиятли эмас. Беш соатдан саккиз соатгача бўлган уйқу энг афзалидир. Зеро, донишмандлар кўп гапириш, кўп ейиш қатори кўп ухлашдан ҳам қайтаришган. Хабарларда келишича, «Тонгда ухлаш ризқни камайтиради». Ғайратли, шижоатли бўлишлик, лоқайдлик ва бепарволикдан узоқда бўлиш зарур. Чунки, ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло Ўз бандалари орасида ғайратлисини яхши кўради» (Табароний ривояти).
Атаев Муслим
Тарих фанлари номзоди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво бўлими ходими
ЎМИ Матбуот хизмати
Махлуқотлар ичида энг мукаррам зот қилиб яратилган инсоннинг энг гўзал хулқларидан бири исрофдан сақланиш, Аллоҳ ўзига ризқ қилиб берган берган неъматларни ўринсиз, беҳуда сарфламасликдир. Бу фазилат ҳар биримизнинг эзгу одатларимиздан бирига айланса, шубҳасиз, ҳаётимиздаги жуда кўп муаммоларнинг энг мақбул ечимини топган бўлар эдик.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг яқиндагина эълон қилинган мурожаатини ўқиб, бунга яна бир карра амин бўлдим ва беихтиёр бунда роппа роса бир юз ўн йил муқаддам, яъни 1915 йилда таниқли адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Тўй” шеърини эсладим. Унда, жумладан, қуйидаги мисралар бор:
Қилди бу вақт бизда жавлон тўй,
Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй.
Бир-биридан ошурдилар тўйни,
Топди равнақ ғайрат ила боён тўй.
Беш кун ўтмай тўйни сўнгидин
Кетибон мулклар боис фиғон тўй.
Боён тўйиға ерлилар қараб,
Этди сарф токи тандаги жон тўй...
Минг таассуфлар бўлсинки, бу ҳолатлар бугунги кунимизда ҳам давом этмоқда. Энг ачинарлиси, йилдан йилга тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотираси, ҳаж ва умрага бориб-келувчиларни кутиб олишга бағишланган йиғинлар тури янада кўпайиб, сарф-харажати ошса-ошяптики, камаймаяпти. Абдулла Қодирий бобомиз таъкидлаганларидек, “Боён тўйиға ерлилар қараб, Этди сарф токи тандаги жон тўй” бўлмоқда. Кўпинча, бор-будини сарфлаб, тўй қилган кишидан шу кунгача нечта китоб ўқиб чиққанлиги ёки фарзандларига қайси китобларни олиб берганлигини сўрасанг, жавоб бера олмайди. Уйида фарзандлари китоб ўқиши, вазифа тайёрлаши учун шароит ҳам яратиб берилмаган. Айримлар билан суҳбатлашсангиз, мактаб учун зарур бўлган дафтар-қалам кабиларнинг нархи ошиб кетганидан, китоблар қимматлигидан нолийди, лекин қизининг бир кунлик тўй либосига, ўнлаб машиналар саф тортган никоҳ кортежига, дабдабали тўй базмига ғинг демай миллионларни сарфлаб юборишга тайёр.
Йиллар давомида, кўпинча, хорижда ишлаб топганини ана шундай беҳуда, бу дунё учун ҳам, охират учун ҳам ҳеч қандай манфаат келтирмайдиган ишларга сарфлаб юборади-да, қарзларини узиш учун яна четга отланади ёки умуман ўша ердан туриб, тўйни “молиялаштиради”, минг орзу-ҳаваслар билан қилган тўйида ўзи иштирок этмайди. Тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчиликлар замиридаги энг катта муаммолардан яна бири айрим оилада фарзандлар вояга етиши билан уларни ўқитиб олим қилиш учун эмас, балки пул топиш учун хорижга жўнатишдир.
Бугун бундай ёшларимизнинг кўпчилиги бирор соҳани танлаб, чуқур ва ҳар тарафлама билим олиш учун ўқиш ўрнига хорижда касбсиз-ҳунарсиз кимларнингдир қўлига қарам бўлиб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Мурожаатда “...бир-биридан ўтиб тушадиган, кимўзарга, риёга, исрофга тўла ишлар халқимизнинг жиддий муаммоларидан бири бўлиб келмоқда” дея таъкидланишдан мақсад тўй-маъракаларимизнинг худди ана шу жиҳатларига эътибор қаратишдир.
Мурожаатда таъкидланган яна бир жиҳат диққатимни ўзига тортди: “Шу ўринда, зиёлилар, ёши кекса отахону онахонлар, нуронийларга айтар сўзимиз, келинг, биргаликда юртимиз аҳолисига, айниқса, юқоридаги каби исрофгарчилик ва дабдаба қилаётганларга тушунтириш ишларини кўпайтирайлик, бу каби иллатларга биргаликда барҳам берайлик. Аллоҳ таоло ато этган мол-дунёни исроф қилиш – катта гуноҳ, эканини уқтирайлик! Бунинг ўрнига топганларимизни савобли ишларга сарфлаб, бева-бечора, ночор, муҳтожларга ёрдам берайлик, ана шунда улкан савобга эга бўламиз, иншоааллоҳ!” – дейилади унда.
Дарҳақиқат, бу муаммоларни ҳал этиш бир-икки кишининг қўлидан келадиган иш эмас. Унга барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, бир тан, бир жон бўлиб киришишимиз, ёшларимизга бугунги хатти-ҳаракатлари, куч-ғайратлари, билимларини бир-икки кунлик тўй-томоша учун маблағ топиш, сўнг ҳамманинг “ҳавасини келтирадиган” тўй учун эмас, балки келажакда ўзининг бировга муҳтож бўлиб қолмаслиги учун интилишга қаратишлари зарурлигини уқтиришимиз керак.
Шу ўринда Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги “Ҳотами Той” ҳақидаги ҳикояти эсга тушади. Унда айтилишича, ўзининг ўта сахийлиги билан донг таратган Ҳотами Тойдан: “Сиз ўзингиздан ҳам ҳимматлироқ кишини кўрганмисиз?” – деб сўрашибди. Шунда у бир куни юз туя ва ҳисобсиз қўй-қўзиларни сўйиб, элни чорлаб, жуда катта зиёфат уюштирганини, орада бироз нафас ростлаш учун кўчага чиққанини ва елкасида бир боғ ўтин, қўлида ҳасса билан ҳар қадамда бир нафас ростлаб келаётган қарияни кўрганини айтади. Ўзининг унга: “Ўзингни бунча қийнаб нима қиласан. Эшитмадингми, бугун Ҳотами Той жуда катта базм уюштириб, бутун элни чорлаб, зиёфат бермоқда. Ташла ўтинингни, кир, сен ҳам бу зиёфатдан баҳраманд бўл!” – деганини айтади. Шунда қариянинг жавобини тингланг:
...К-эй солибон ҳирс аёғингға банд,
Озу тамаъ бўйнуга боғлаб каманд.
Водийи ғайратға қадам урмағон,
Кунгури ҳимматға алам урмағон.
Сен доғи чеккил бу тикан меҳнатин,
Тортмағил Ҳотами Той миннатин.
Бир дирам олмоқ чекибон даст ранж,
Яхшироқ андинки биров берса ганж...
Демак, ҳақиқий ҳиммат кимгадир қарам бўлиш, кимлардандир ниманингдир илинжида яшаш эмас, балки ўз кучи, ғайрати, билими билан ҳаётдаги орзу-мақсадларига эришишдир. Шу ўринда орзу-мақсадларнинг ҳам қандай бўлишига эътибор қаратиш зарур.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, тўй-томоша, турли тадбир ва маъракаларни эл кўзига, “одамлар нима дейди” учун ташкил қилиш эмас, балки, ортиқча сарф-харажатларсиз, дабдабаларсиз ўтказиш, ортиб қолган маблағни ўзининг, фарзандларининг илм олишлари учун сарфлашни мақсад қилиш айни муддао бўлар эди. Чунки Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади...» дедилар».
Демак, биз нимани ният қилиб, ишга киришсак, шубҳасиз, ўша мақсадимиз амалга ошади. Ҳотами Той бировларнинг миннатли таомидан кўра, ўз меҳнати билан топган бир дирҳамни афзал кўрган ана шу ўтинчи чолни ўзидан кўра ҳимматлироқ ҳисоблаган экан. Албатта, ҳар бир жамиятда бўлгани каби бизнинг орамизда ҳам у ёки бу сабаб туфайли соғлом кишилар билан бирга имконияти чекланган кишилар борлиги айни ҳақиқат. Бироқ кўриб турибмизки, бундай кишиларнинг ҳаммаси ҳам кимларгадир муҳтож бўлиб яшашни эмас, ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда билим олиш, касб-ҳунарга эга бўлиш ва ўз эҳтиёжларини ўзи қондиришни афзал кўрмоқдалар. Аксинча, баъзида тўрт мучаси соғлом кишилар камбағалликни ўзига “имтиёз” санаб, тинимсиз равишда турли идораларга “шикоятлар” ёғдирмоқдалар. Мурожаатда таъкидланган хайру саховатни амалга оширишда бундай “имтиёз” эгалари эмас, ҳақиқатан ҳам шунга муҳтож оилаларни излаб топиш ва “оталиққа олиб, уларнинг фарзандларини ўқув курсларида ўқитиши, касб-ҳунарга ўргатиши ва доимий даромадга эга бўлишига кўмаклашиш” зарур. Ҳа, айни кўмаклашиш, яъни уларни хайру саховатга ўргатиб, кимларнингдир елкасига юклаб қўйиш эмас, балки келажакда тўғри йўл топиб олишлари учун моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш керак.
Албатта, ҳар бир ҳудудда ўзига тўқ, бой-бадавлат кишилар бор. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, юртимизда яратилаётган шарт-шароитлар натижасида бундай оилаларнинг сони ошиб бормоқда. Уларнинг кўпчилиги хайру саховатли инсонлар эканлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Мурожаатдан кўзланган яна бир хайрли мақсад шуки, имом-хатибларимиз ўз ҳудудларидаги ана шундай саховатпеша инсонларни яхши танишади ва билишади. Шунинг учун уларни ўз ҳисобларидан ёшларимизнинг илм олишларига кўмаклашиш, бунинг учун мактабларимизни зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланишига ҳам ўз ҳиссасини қўшишга чақириш ҳам савобди ишлардан биридир.
Мурожаатда таъкидланган яна бир жиҳат биз имом-хатиблар учун жуда муҳим эканлигини эътироф этиш керак деб, ўйлайман. Унда “имом-хатиблар томонидан тўй-маърака маросимлардаги исрофгарчилик, умра зиёратидан қайтгандан кейин ҳар хил хўжакўрсин маросимлари уюштиришдек иллатларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ишларини амалга ошириш” белгилаб қўйилган. Бу вазифани амалга оширишда, аввало, ҳар бир имом-хатибнинг ўзи шахсий намуна кўрсатиши, ўзлари қилаётган, шунингдек, масжидлар ҳудудида ўзлари иштирок этаётган тўй-маросимларини ортиқча дабдабаларсиз, исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўтказилишига эришиши керак. Шундан кейин тарғибот олиб борилса, кўнгилдагидек бўлади. Акс ҳолда халқ орасида турли миш-мишлар, фитналар авж олиши ва натижада қош қўяман деб, кўз чиқариши ҳам ҳеч гап эмас.
Сўзимга якун ясар эканман, Адий ибн Ҳотам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни эслашни лозим топдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Яримта хурмо (ни инфоқ қилиб) бўлса ҳам, дўзахдан сақланинглар”, (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ ҳар биримизни хайру саховатли бандаларидан қилсин!
Алишер домла НАИМОВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари