Аллоҳ таоло инсон ҳаётига зарур бўлган барча нарсаларни, шу жумладан, унинг умрини, вақтини белгилаб, ҳисоблаб чегараси, қадр-қиймати билан яратди. Бу ҳақда Қуръони каримда хабар бериб шундай дейди: «Унинг даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир» (Раъд, 8 ).
Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар биримиз ўзимизга берилган вақтдан унумли фойдаланишга интилишимиз лозим экан. Улуғ аждодларимиз, буюк олимларимиз вақтларига жуда қизғанчиқ бўлишган. Зеро, улар инсон учун берилган вақтни чегарали ва қиймати юқори эканлигини яхши билишган ва шунга мувофиқ амал қилишган. Буюк олим Ҳасан Басрий (р.ҳ) айтадилар: «Мен бир қавмни кўрдим, сизларга қараганда ўз вақтларига дирҳаму динорлардан ҳам кўра муҳаббатли эди, яъни умр вақтларининг ҳар бир дақиқасини ғанимат билишар ва умрни фойдали амалларга, дунё ободлигига сарфлашарди».
Умар ибн Абдулазиз (р.ҳ) айтади: «Кеча ва кундуз сенинг жисмингда ўз ишини кўрсатяпти, демак, сен ҳам уларни ғанимат бил ва фойдаланиб қол».
Баъзи донишмандлар: «Манфурликнинг аломати вақтни зое қилишдир», деб таъкидлашган. Айрим олимлар эса: «Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесад , яъни умринг беҳуда кечади»- деб таъкидлашган.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳаётлари, сўзлари, амаллари, ибодатлари, умматларига ғамхўрликлари, меҳр-муҳаббатлари, башоратлари орқали вақт-фурсат бебаҳо илоҳий неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: «Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни ғанимат билинг» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ҳадиси шариф маъно ва мазмунига кўра, ҳар биримиз бойлик ва саломатликни ёшлик, ўспиринлик дамларини, кексалик келишидан олдин ғанимат билишимиз жуда муҳимлиги уқтирилади.
Имом Ҳасан Басрий (р.ҳ.) ўз ҳикматларининг бирида бундай деб марҳамат қилганлар: «Ҳар куни тонг ёришганда Аллоҳ томонидан бир жарчи: «Эй Одам боласи! Мен янги кунман, сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан яхши амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен то қиёмат кунига қадар қайта келмайман», деб жар солади».
Динимизнинг таълимотларида ҳам вақтнинг қадр-қиймати юқори бўлгани учун ҳам субҳ вақтида уйғонишга чақирилади. Бу ҳақдаги одоб-ахлоқларимиз талабига кўра, кўп ухлаш хосиятли эмас. Беш соатдан саккиз соатгача бўлган уйқу энг афзалидир. Зеро, донишмандлар кўп гапириш, кўп ейиш қатори кўп ухлашдан ҳам қайтаришган. Хабарларда келишича, «Тонгда ухлаш ризқни камайтиради». Ғайратли, шижоатли бўлишлик, лоқайдлик ва бепарволикдан узоқда бўлиш зарур. Чунки, ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло Ўз бандалари орасида ғайратлисини яхши кўради» (Табароний ривояти).
Атаев Муслим
Тарих фанлари номзоди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво бўлими ходими
ЎМИ Матбуот хизмати
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.