Солиҳ Муррий ҳикоя қилади: “Бир куни олдимга Молик ибн Динор келди ва: “Эй Солиҳ, бизни Абу Жаҳийрнинг олдига олиб боринг, ҳаққимизга дуо қилсинлар!” деди. Мен унга: “Қуёш чиқиб бўлди, Абу Жаҳийр уйларига кириб кетсалар, келган бирорта одамнинг олдига чиқмайдилар” дедим. У кишининг уйлари Басрадаги энг узоқ уй эди. Саҳро эса у кишининг қўшниси эди. Ҳовлилари олдида қудуқ, челак, тошлар ва масжид бор эди. Моликка: “Эртага бомдодни ўқибоқ, эрта тонгда йўлга тушамиз. Уйларига кириб кетишларидан олдин масжидда ўтирганларида етиб борамиз” дедим.
Эртаси куни бомдодни ўқиб бўлганимда, Муҳаммад ибн Восеъ келиб қолди. Салом берди ва ўтирди. Ундан: “Сизни бу ерга қандай мақсад келтирди?” деб сўрадим. У: “Эй Абу Абдуллоҳ, мен билан Абу Жаҳийрнинг олдиларига борасизми, ҳаққимизга дуо қилардилар?” деди. “Молик ибн Динорга ваъда бериб қўйгандим. Ҳозир келади, бирга борамиз” дедим. Гапимни тугатмасимдан Собит Буноний келиб қолди. Салом берди ва ўтирди. Ундан: “Эй Абу Муҳаммад, сизни бу ерга қандай мақсад келтирди?” деб сўрадим. У: “Мени Абу Жаҳийрнинг олдиларига олиб борасизми, ҳаққимизга дуо қилардилар?” деди. Мен унга: “Бу икковлари ҳам (яъни Ҳабиб Ажамий ҳам ўша ерда экан ва Муҳаммад ибн Восеъ) сизникидек мақсадда бу ерга келишган. Моликка ваъда бериб қўйгандим. Ҳозир келса, туриб, бирга борамиз” дедим. Гапимни тугатмасимдан туриб Молик келди.
Бешовлон (Молик ибн Динор, Муҳаммад ибн Восеъ, Ҳабийб Ажамий, Собит Буноний ва Солиҳ Муррий) ўрнимиздан туриб, йўлга тушдик. Ўша пайтларда Басрада улардан кўра афзалроқ киши йўқ эди. Саҳро тарафга йўл олдик. Ҳар гал кўкаламзор боғлар ёнидан ўтганимизда Молик: “Эй Абу Муҳаммад, шу ерларда намоз ўқигин. Токи намоз ўқиган жойларинг эртага сенинг фойдангга гувоҳлик берсин” деди. Шу тарзда йўлда намоз ўқиб бордик. Зуҳо пайти ҳам келди. Ҳаво иссиқ эди. Йўл эса узоқ.
Биз Абу Жаҳийрнинг манзилига етиб келдик. Келсак, уйларига кириб кетган эканлар. Киришга изн сўрадик. Девор ортидан бир аёл бизга жавоб қилди. Биз аёлнинг юзини кўрмадик. Аёл биздан: “Нима хоҳлайсизлар?” деб сўради. “Шайхни” дедик. Шунда аёл: “У кишини пешинга чиққанларида топасизлар инша Аллоҳ” деди. Бир-биримизга: “Қаерга борамиз? Пешингача қаерда турамиз?” дедик-да, у кишининг масжидларига бордик.
Биттамиз намоз ўқишга, биттамиз Қуръон ўқишга, биттамиз Аллоҳ таолони зикр қилишга киришдик. Ваниҳоят пешин вақти ҳам бўлди. Масжид олдидаги қудуқ ёнига чиқдик. Сувидан ичдик, таҳорат олдик ва яна масжидга кирдик. Намоз ўқидик. Шу пайт масжидга Абу Жаҳийр кириб келдилар. Кўзлари ожиз, юзларидан нур таралиб турган бир киши. Намозга азон айтилди. У киши меҳробга келиб турдилар. Саккиз ракат намоз ўқидилар. Ўндан ортиқ қўшнилари ҳам масжидга кириб келишди. Кейин биз билан пешинни ўқидилар. Намоздан сўнг бир соат Аллоҳ таолони зикр қилиб ўтирдилар. Кейин туриб саккиз ракат намоз ўқидилар. Сўнгра бизга юзландилар.
Муҳаммад ибн Восеъ туриб бориб, у кишига салом берди. У зот уни қутладилар ва саломига алик олдилар. Кейин ундан: “Аллоҳ сенга раҳм қилсин, кимсан?” деб сўрадилар. “Мен Муҳаммад ибн Восеъман” деди. “Басра аҳли “Энг обид инсон” деб биладиган киши сенмисан? Аллоҳ таолодан яхшилигингни сатр қилишини сўрамайсанми?” дедилар. Муҳаммад сукут қилди ва ўтирди.
Кейин Собит Буноний туриб бориб, у кишига салом берди. У зот унинг саломига алик олдилар. Кейин ундан: “Аллоҳ сенга раҳм қилсин, кимсан?” деб сўрадилар. “Мен Собитман” деди. “Абу Муҳаммадми?” деб сўрадилар. У “Ҳа” деди. У зот уни қутладилар ва “Басра аҳли “Энг кўп намоз ўқийдиган инсон” деб биладиган киши сенмисан? Аллоҳ таолодан яхшилигингни сатр қилишини сўрамайсанми?” дедилар. Собит сукут қилди ва ўтирди.
Кейин Ҳабиб Абу Муҳаммад туриб бориб, у кишига салом берди. У зот унинг саломига алик олдилар. Кейин ундан: “Аллоҳ сенга раҳм қилсин, кимсан?” деб сўрадилар. “Мен Ҳабибман” деди. “Абу Муҳаммадми?” деб сўрадилар. У “Ҳа” деди. У зот уни қутладилар ва “Басра аҳли “Дуоси ижобат бўладиган инсон” деб биладиган киши сенмисан? Аллоҳ таолодан яхшилигингни сатр қилишини сўрамайсанми?” дедилар. Собит сукут қилди ва ўтирди.
Кейин Молик туриб бориб, у кишига салом берди. У зот унинг саломига алик олдилар. Кейин ундан: “Аллоҳ сенга раҳм қилсин, кимсан?” деб сўрадилар. “Мен Моликман” деди. “Абу Яҳёми?” деб сўрадилар. У “Ҳа” деди. У зот “Бай, бай! Басра аҳли “Энг зоҳид инсон” деб биладиган киши сенмисан? Аллоҳ таолодан яхшилигингни сатр қилишини сўрамайсанми?” дедилар. Молик сукут қилди ва ўтирди.
Кейин мен туриб бориб, у кишига салом бердим. Саломимга алик олдилар. “Аллоҳ сенга раҳм қилсин, кимсан?” деб сўрадилар. “Мен Солиҳман” дедим. “Қорими?” дедилар. Мен: “Ҳа” дедим. Шунда у зот қўлларини кўтариб: “Менинг олдимга сизларни жам қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Мен Аллоҳ таолодан сизларни олдимга жам қилишини сўрардим. Эй Солиҳ, албатта, мен сенинг қироатингга муштоқман” дедилар.
Муҳаммад ибн Восеъ у кишига: “Эй Абу Жаҳийр, биз сизнинг олдингизга ҳаққимизга дуо қилсангиз деб келган эдик” деди. У киши қўлларини кўтардилар, биз ҳам кўтардик. Бизнинг ҳаққимизга узоқ дуо қилдилар.
Кейин “Эй Солиҳ, ўқи!” дедилар. Ўқишни бошладим. Аллоҳ таоло менга олдин ўзимда сезмаган бир овозни ато этди. Ундай овозни ўзимдан бошқадан эшитмаган эдим.
أَصْحَابُ الْجَنَّةِ يَوْمَئِذٍ خَيْرٌ مُّسْتَقَرّاً وَأَحْسَنُ مَقِيلاً
“Ўша кунда жаннат эгаларининг қароргоҳлари ва оромгоҳлар ғоят яхшидир”.
وَيَوْمَ تَشَقَّقُ السَّمَاء بِالْغَمَامِ وَنُزِّلَ الْمَلَائِكَةُ تَنزِيلاً
“У кунда булутли осмон ёрилиб, фаришталар бўлак-бўлак тушурилурлар”.
الْمُلْكُ يَوْمَئِذٍ الْحَقُّ لِلرَّحْمَنِ
“У кунда ҳукмронлик Роҳманга ҳақ бўлур” (Фурқон сураси, 24-26-оятлар).
Оят шу ерга етганда, у киши жуда ҳам баланд овозда бақирдилар. Ўзларини ерга уриб, ҳушларидан кетдилар. Биз у кишини ўлиб қолдилар деб ўйлаб, қимирлатиб кўрдик ва устларидан сув қуйдик. У зот ҳушларига келдилар. Кўринишларидан худди вафот этган одамдек қимир этмасдилар. Бироз ўтиб, менга: “Эй Солиҳ, ўқи! Мен сенинг қироатингга тўймадим” дедилар. Мен:
وَقَدِمْنَا إِلَى مَا عَمِلُوا مِنْ عَمَلٍ فَجَعَلْنَاهُ هَبَاء مَّنثُوراً
“Ва қилган амалига келиб, уларни тўзон каби сочиб юборурмиз”. (Кофирларнинг бу дунёда қилган баъзи бир яхши амаларидан умидлари бўлиши мумкин. Аммо иймон бўлмаганидан кейин у ишлар ҳеч фойда бера олмайди. Қиёмат куни Аллоҳ таоло у амалларни ҳам тўзон каби сочиб юборади.) (Фурқон сураси, 23-оят) оятини ўқидим.
Аллоҳга қасамки, оятни тугатмасимдан туриб, у киши вафот этдилар. Аллоҳ раҳматига олсин! Биз у кишини олдингидек ҳушларидан кетдилар деб ўйлаб, қимирлатиб кўрдик. Қарасак, жонлари узилиб бўлган экан.
Уйларидаги аёлнинг олдига бориб: “Эй аёл!” дедик. “Нима истайсизлар?” деб сўради. Биз: “Албатта, Абу Жаҳийр раҳимаҳуллоҳга Қуръон ўқиб берилди. У зот уни тинглаб туриб, вафот этдилар” дедик. Аёл: “Бу ҳайрон бўладиган нарса эмас. Лекин менга айтингларчи, орангизда Солиҳ қори борми?” деб сўради. “Уни танийсанми?” дедик. “Уни ҳеч кўрмаганман” деди аёл. “Унда нега сўраяпсан?” дедик. Аёл: “Абу Жаҳийр раҳимаҳуллоҳ: “Албатта, мен Солиҳ Муррийнинг қироатига муштоқман. Ҳой аёл, сен билиб қўйгингки, агар мен унинг қироатини тингласам, вафот этаман” деганларини кўп эшитганман.
Сизлар келиб: “У киши Қуръонни тинглаб, вафот этдилар” деганингизда, мен ўйладимки, “Агар у киши Қуръонни тинглаб, вафот этган бўлсалар, айнан, Солиҳнинг қироатини эшитиб, вафоти этган бўлсалар керак” деб ўйладим” дея жавоб берди.
Кейин аёл: “У кишининг дуоларини ижобат қилган, сўраганларини берган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Ҳой сизлар! Албатта, Абу Жаҳийр “Эй Роббим! Ишимни одамлардан яшир!” деб кўп дуо қилардилар. Мана бу у кишини ювиладиган сўри, кафанлари, пахталари, сувга қўшиладиган хушбўйликлар, ёғ, идиш, кўмир – барчаси тайёрлаб қўйилган. У зот уларни ҳар куни янгилаб қўярдилар. Бу нарсаларни сотиб олишинглар шарт эмас. Мана булар эса қабр кавлаш учун занбил, белкурак ва болға. Бизнинг атрофимиздаги уйларда қўшниларимиз бир киши-икки киши бўлиб яшашади. Уларга хабар беринглар, келишсин. Устознинг қабрларини шу ҳовлиларида қазишади. Сизлар у кишини ювишга киришасизлар. Кейин қабрга қўясизлар” деди.
Биз бу ишларнинг ҳаммасини қилдик. ювдик, сўрига ётқиздик. Йигирма киши атрофидаги қўшнилари тўпланишди. Устознинг ҳовлиларида қабр қазишди. Устозни ювиб бўлганимиздан сўнг кафанларини келтирдик, кафанга ўрадик, яна сўрига ётқизиб қўйдик. Қабрларини ҳам қазиб бўлинган эди. Уйларидан ҳовлига олиб чиқдик. Муҳаммад ибн Восеъ жанозада имомлик қилди. Кейин устозни дафн этдик. Ҳалиги аёлнинг юзини асло кўрмадик, йиғлаганини эшитмадик, маҳзунликни ифода қиладиган бирорта аломат, сезгини ҳис қилмадик. Дафн қилиб бўлгач, барчамиз тарқалдик.
Шу воқеадан кейин қачон Муҳаммад ибн Сулаймон Ҳошимийга йўлиқиб қолсам, у менга: “Эй Солиҳ, менга Абу Жаҳийр ҳақларида гапириб бер” дер эди. Мен гапириб берардим, у эса соқоли нам бўлгунча йиғларди”.
Абу Исҳоқ Саълабийнинг “Қотла-л-Қуръан” номли
асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.
Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:
“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.
“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.
Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.
Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.
Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.
Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.
Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.
Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.
Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.
Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари
Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:
الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ
1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.
جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ
2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.
عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ
3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.
Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ
1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.
الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ
2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.
Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.
Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.
Бидъатнинг турлари.
“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).
Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).
Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ
“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси