Динимиз – гўзаллик дини. Шу боисдан шариатимиз гўзалликни улуғлайди ва банданинг барча нарсаси – сўзлаган сўзи, бажарган амали, кийган кийими... ҳамма-ҳаммаси ўзига муносиб равишда унга зийнат бўлишига тарғиб этади.
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «… إِنَّ اللَّهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْجَمَالَ …»
(رواه مسلم)
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «… Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради…» дедилар (Муслим ривояти).
Айниқса, инсоннинг ахлоқий ва эстетик жиҳатларнинг уйғунлашуви динимизнинг асосий талабларидан бири саналади. Буни Жалолиддин Румий ҳазратлари “Ё аслинг каби кўрингил, ё кўринганинг каби бўл”, дея жуда ҳам чиройли тушунтирган.
Рус донишмандларидан бири айтган эди: “Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши керак – қиёфаси, кийими, қалби ва тафаккури” Ушбу фраза бугунги кунимизда ҳам долзарблигини йўқотмаган. Боз устига унинг тўлиқ баёни Исломда ўз ифодасини топган. Қуръони каримда инсонга ўзига қараб юриш, гуноҳга бошловчи хаёлларга берилмаслик, қалбини зикруллоҳ билан поклаб юриш, танасини ва кийимларини ҳам озода қилиб юриш амр этилган. Юқорида айтганимиздек, ҳадиси шарифда “Аллоҳ гўзалдир, У гўзалликни севади”, деб марҳамат қилинган.
Бироқ айрим инсонларда бу иккиси – зоҳиридаги ва ботинидаги гўзаллиги бир-бирига мувофиқ эмас. Улардан бири руҳининг гўзаллигига оро бериб, ташқи қиёфасига эътибор қилмайди, бошқаси эса бунинг аксини қилиб танасини безайди ва қалбини унутади.
Унутмаслик керакки, инсон гўзаллигини белгилайдиган ана шу икки омилнинг табиати ҳар хил бўлади. Ҳатто бир-бирига қарама-қарши келиши ҳам мумкин. Чунки уларнинг ҳар бирининг ўзига хос қиймати ва ноёб хусусияти бор. Агар ботиний гўзаллик инсоннинг маънавиятини бойитиб, ахлоқини юксалтириб, вазминликка, сабр-тоқатга ўргатса; мусулмон кишининг ташқи кўриниши жуссасига ярашаган покиза кийими, очиқ чеҳраси атрофдагиларда нафақат унинг ўзига нисбатан, балки динимизга нисбатан ҳам қизиқиш ва ҳурмат уйғотади. Ислом динида айнан ахлоқий ва эстетик гўзалликнинг уйғунлиги бутун гўзаллик саналади. Буни Абул Ахвас ал-Жашамийдан ривоят қилинган ушуб ҳадис тасдифлайди:
“Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эски, йиртиқ-ямоқ кийиб юрган ҳолимда дучлашиб қолдим. Мени бу ҳолда кўрган Расул алайҳиссаломнинг раҳми келиб моддий аҳволим билан қизиқдилар. Мен жуда ҳам бой одам эканимни айтдим. “Сенинг бойлигинг нималардан иборат?” деб сўрадилар”, у зот. “Аллоҳ таоло менга ато қилган туя ва қўйнинг сон -саноғи йўқ”, деб жавоб бердим. Шунда Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ҳолда Аллоҳ таолонинг сенга берган неъматларини кўрсатиб кийинган”, дея маслаҳат бердилар” (Имом Термизий, Имом Аҳмад, Имом Насоий ривояти).
Ботиний ва зоҳирий гўзаллик тимсоли сифатида имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳни ҳам келтириш мумкин. Ана шу буюк олим ташқи қиёфасига ҳам жиддий эътибор қаратган. У зот узун соқолли кўркам одам бўлган, ҳар доим чиройли кийинган, салласини ҳам чиройли ўраган, овози жуда ҳам ёқимли бўлган, ҳар доим муаттар ҳид таратадиган хушбўйликлар сепиб юрган, ўша хушбўйликларнинг ҳидиданоқ у зотнинг келаётганини билиб олиш мумкин бўлган.
Шундай қилиб, динимиз инсонларга чиройли кийинишни тақиқламайди, аксинча, шунга даъват этади. Аммо бунда ҳаддан ошилса кибрга кетиб қолади.
يَا بَنِي آدَمَ خُذُواْ زِينَتَكُمْ عِندَ كُلِّ مَسْجِدٍ وكُلُواْ وَاشْرَبُواْ وَلاَ تُسْرِفُواْ إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
“Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас. (Ўтган ояти каримада келганидек, кийимсиз ҳолда ибодат-тавоф қилиш ёхуд жанда, ямоқ-ясқоқ кийим билан бажариш ибодат фазли ва савобини зиёда этмайди. Лекин табиати бузуқ кишилар бузуқ диндорликка уринадилар, тақвони жулдур кийимлар ила ҳосил бўладиган этиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Аллоҳ таоло эса, энгил-бошда ҳаддан ошиб фахр ва ғурурга кетишни қоралаганидек, унинг паст ва табиатсиз ҳолда истеъмол қилинишини ҳам қоралайди)” (Аъроф сурасининг 31-ояти).
Динимизда худди жавоҳирга ўхшаб бегона нигоҳлардан тўсилган аёл гўзаллигига алоҳида эътибор қаратилади. Фақат уйдагина унинг ёрқинлиги ва улуғворлиги яққол кўзга ташланиб туради ҳамда унинг безаниши турмуш ўртоғига хотиржамлик бағишлайди. Ўзига оро бериб, чиройли ва озода кийимларини кийиб, эрини очиқ чеҳра билан кутиб олиш – Аллоҳ таоло муслималарга амр этган ёқимли юмушлардан биридир.
Дамин ЖУМАҚУЛ
ЎМИ Матбуот хизмати
Бир савдогар бой одам ошқозон-ичак касаллигидан азоб чекиб, кўп муолажа олган, бир неча марта жарроҳлик амалиётини ҳам ўтказган эди. Турли хил муолажалардан сўнг ҳам аҳволи ўнгланмади. Бир куни бу ташвишлардан жуда зерикиб кетди ва машинасига ўтириб боши оққан томонга қараб кетди. Йўл-йўлакай, Нил дарёси бўйида жойлашган кичик бир қишлоқча ёнида тўхтади. Узоқдан бир деҳқонни кўриб қолди. Деҳқон эса ерга тўшалган тупроқда ўтириб, бир нима ейиш билан банд эди. Бой одам машинасидан тушиб, деҳқоннинг овқат еяётганини кузата бошлади.
Деҳқон уни кўриб қолиб: "Меҳмон бўлинг, овқатдан енг, чой ичинг!" деб чақирди. Бой одам ўзининг овқат ея олмаслигини тушунтирмоқчи бўлди, аммо деҳқон унинг баҳонасига қарамай, уни таклиф қилишда давом этди. Ахири бой одам ерга тўшалган жойга ўтирди. Унинг олдига овқат тўла патнис қўйилди. Унда бутун помидорлар, бодринг, кўкатлар, салат барги, пиширилган бедана тухумлари, нон ва кўмирда қайнатилган чой бор эди.
Бой одам деҳқонни хафа қилмаслик учун бир дона помидорни олиб оғзига солмоқчи бўлди. Деҳқон унга: "Бисмиллоҳ" деб егин, деди. Бой "бисмиллоҳ"ни айтиб помидорни оғзига солди. Бироқ зум ўтмай қорнида қаттиқ оғриқ пайдо бўлиб, ерга йиқилди. Деҳқон қўрққанидан оиласи билан уни уйига олиб кириб, ётоқхонага ётқизишди. Бой одам ўзининг дори-дармонларини олиб, оғриқни босишга уриниш билан овора бўлди.
Шу кеча деҳқон уйидаги намозхонада қоим бўлиб, бой одам учун Аллоҳдан шифо сўраб, тинмай дуо қилди. Саҳарга яқин, бой одам деҳқоннинг “Аллоҳим, эчкининг ҳаққи билан!” деб қўлларини дуога очганини кўриб қолди. Ҳайратда қолган бой, деҳқондан сўради: "Бу "эчкининг ҳаққи" нима дегани?".
Деҳқон шундай жавоб берди: "Бу Аллоҳ билан менинг орамдаги бир сир".
Бой одам деҳқондан бу сирни очишни сўради ва ҳоли жонига қўймаганидан кейин деҳқон ҳикоя қила бошлади: "Ёшлигимда ишчи бўлиб ишлардим, олган маошимни тўплаб, уйланиш учун сақлардим. Уйланишим учун менга 100 жунайҳ миқдорида маблағ зарур эди. Бир куни қўшнимнинг қизи икки эгизак бола туғиб, онаси вафот этиб қолди. Қўшнимнинг боши қотган, болаларни эмизадиган она керак. Аммо қишлоқда эса, ўзини боласига қўшиб яна икки болани эмизадиган аёл йўқ. Болаларнинг очликдан йиғлашлари менга эшитилган сари юрак-бағрим эзилиб кетади. Шундан кейин мен тўйим учун йиғиб юрган 35 жунайҳ пулни олиб, бозорга бордим. Болалар учун кийим-кечак ва уй учун керакли буюмлар сотиб олдим ва қўшнимга сездирмай нарсаларни унинг ҳовлисига киритиб қўйдим. Қўшним нарсаларни кўриб хурсанд бўлди, аммо яна бу билан қўшнимнинг муаммоси ҳал бўлмаслигини билар эдим.
Бир кеча тушимда бир шайх келиб: "Қўшнингнинг ҳовлисига эчки боғла", деди.
Эрталаб туриб, қолган пулимга янги болалаган эчки сотиб олдим. Қўшнимнинг ҳовлисига олиб кириб боғладим. Шундан кейин қўшнимнинг уйида болаларнинг чинқираб йиғлаган овози тинди. Қўшним эса ҳар куни “Эчкини олиб келган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!” деб дуо қилар эди. Мен учун бу эчки Аллоҳ билан орамдаги бир сир бўлиб қолди. Ҳар қачон шу дуо билан Аллоҳдан сўрасам, Аллоҳ қабул қилади. Бу кеча эчкининг ҳаққи билан сенга шифо сўраб Аллоҳга дуо қилдим. Иншааллоҳ, Аллоҳ сенга шифо беради, деди. Бой одам деҳқоннинг ҳакоясини эшитдию, аммо унга унчалик эътибор қилмади.
Лекин шу воқеадан кейин яна бир марта шифокорнинг ҳузурига таҳлил учун борганида шифокорнинг хулосасини эшитиб ҳайратдан қотиб қолди. Чунки унга бир неча йиллардан бери оғриқ азобини бериб келаётган ошқозон ва ичакларидаги дардидан асар ҳам қолмаган эди.
Бой одам бу гапни эшитгач, шошилганча деҳқоннинг ҳузурига борди ва унинг қўлларини ўпиб миннатдорчилик билдирди ва унга ҳам шундай савобли ишлар қилишни ўргатишини сўради. Деҳқон эса уни қишлоқ бўйлаб олиб юриб, фақир ва муҳтожларнинг уйларини кўрсатди ва ҳар бир фақирнинг уйини олдида бир тўхтаб, унга: "Аллоҳ билан савдо қил!" деди. Бой одам: - Қандай қилиб Аллоҳ билан савдо қилиш мумкин? деб сўради. Шунда деҳқон: "Аллоҳ билан савдо қилишнинг йўллари кўп. Энг муҳими ихлос бўлсин. Шунда бир оғиз ширин сўзинг ҳам садақа ҳисобида бўлади".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ