Аллоҳ таолонинг улуғ инояти ила Ўзбекистон халқининг ихлосу-муҳаббатлари остида ўтаётган Республика Қуръон мусобақаси энг қизғин паллага кириб бормоқда. Бугунги кунда вилоятларимизда мусобақанинг иккинчи, вилоят босқичи ўтказилиб, қироат моҳирлари аниқланмоқда. Пойтахтимизда ҳам туманларида энг яхши деб топилган ҳофизи Қуръонлар мусобақанинг Тошкент шаҳар босқичида иштирок этадилар. Ғолибларни эса Республика босқичи кутмоқда.
18-19 Март кунлари Пойтахтимизнинг “Наврўз” тантаналар саройида ўтказиладиган Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Тошкент шаҳар босқичига азиз Қуръон шайдоларини таклиф этамиз.
Эркаклар ўртасидаги мусобақа: 18-Март, соат 9-00 да;
Аёллар ўртасида: 19-Март, соат 9-00 да бошланади.
Мусобақага кириш бепул бўлиб, таклифнома ёки ҳужжат талаб қилинмайди.
Ўхшаши йўқ, тенги йўқ, оламлар ичра янг яхши каломни эшитишга ошиқинг азизлар.
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати
"Макка бўлмаганида сени ташлаб кетмас эдим!!!"
Мадина! Сенга йиллар талпингандик, соғингандик, сени ҳажрингдан кўз ёшларимизни тўккандик. Сени севмаган мўмин борми дунёда, сенга интилмаган муслим борми дунёда.
Сени гоҳо тушларимизда кўрардик, бу тушлардан ҳеч-ҳеч уйғонгимиз келмасди, сени нега яхши кўрамиз, сени нега юракдан севамиз!?
Чунки сенда энг яхши кўрганимиз, суюклигимиз, соғинганимиз, сени шарафлантирган Расулуллоҳ алайҳиссалом борлар!
Чунки сенда биз дунёга келмасимиздан туриб бизни соғинган, бизни яхши кўрган Зот бордир.
Чунки сенда, охирга нафасларида ҳам "умматим, умматим" дея ғариб умматларини ҳолидан ташвишланган Зот бордир.
Яна сенда, агар Расулуллоҳ алайҳиссалом айтган бўлсалар мен ҳаммасига ишондим дея Сиддиқ мақомини топган Зот бордир, Расулуллоҳ алайҳиссаломни амакиси иймонга келишини яхши кўрган, Расулуллоҳ сут ичганларида чанқоғи босилган Абу Бакр розияллоҳу анҳу бордир.
Яна сенда, юрган кўчасидан шайтон қочган, сўзларини Қуръон тасдиқлаган, "Умар хато гапирди" дея олган Амирул мўминийн бордир.
Яна сенда фаришталар ҳаё қилган Зуннурайн Ҳазрати Усмон, вафоти Расулуллоҳни кўзларини ёшлатган ўғли Иброҳим, қизлари Умму Кулсум, Руқайя, Фотима, Азвожу мутоҳҳарот оналаримизни ва яна ўн минга яқин саҳобани бағрига олган Жаннатул Бақеъ бордир.
Бизни яхши кўрадиган, биз уни яхши кўрадиган, Саййиди шуҳада Ҳазрати Ҳамзани бағрига олган Уҳуд тоғи бордир.
Яна сенда, тақво асосида барпо қилинган, унда ўқилган икки ракаат намозга умрани савоби бериладиган Масжидил Қубо бордир.
Сендаги фазилатларни санасам тугамайди. Сенда саҳобаларни излари бордир, Расулимизни ҳидлари бордир.
Аллоҳга ҳамд бўлсинки, ошиқ маҳбубига етганидек сени висолингга етдик, суюклигимиз живорига келдик, яхши кўрганларимиз бўйларига тўйдик.
Сендан ҳеч кетгим келмайди, Мадина!
Чунки, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки Мадинада вафот эта олса, унда вафот этсин. Чунки, унда вафот этган кишини шафоат қиламан” дедилар” (Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан Имом Термизий ривояти).
Мадина! Макка бўлмаганида сени ташлаб кетмас эдим!!!
ТИИ “Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчиси Адҳам Юсупов