frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Нубувват хонадонида тарбия топган тобеин

12.03.2018   10387   5 min.
Нубувват хонадонида тарбия топган тобеин

Ичида Ҳасан Басрийдек олим бўлган қавм

қандай қилиб залолатга юз тутсин?! 

(Маслама ибн Абдулмалик) 

Суюнчи хабарини келтирган хабарчи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Умму Салама розияллоҳу анҳога чўриси “Ҳайранинг” кўзи ёригани ва ўғил кўргани ҳақидаги хушхабарни етказди.

Мўминларнинг онаси Умму Салама розияллоҳу анҳони бу хушхабардан қалблари сурурга тўлди. Зудлик билан Ҳайранинг оиласига одам юбордилар. Чақалоқ ва унинг онаси туғруқдан кейинги кунларини нубувват хонадонида ўтказишларини хоҳладилар. Чунки Ҳайра Умму Салама розияллоҳу анҳо учун ниҳоятда қадрли ва азиз эди.

Куп ўтмай, Ҳайра боласини кўтариб кириб келди. Умму Салама розияллоҳу анҳонинг кўзлари болага тушиши билан меҳрлари жўшиб кетди. Гўдак ниҳоятда чиройли, истарали бўлиб, кўрган инсонни кўзларини қувонтирар, қалбини асир этар эди.

Сўнг Умму Салама розияллоҳу анҳо:

– Унга исм кўйдингми? – деб сўрадилар.

– Йўқ, эй онажон, унга ўзингиз истаган исмни қўйишингиз учун бу ишни сизга қолдирдим, – деди.

Умму Салама розияллоҳу анҳо:

– Унинг исмини Аллоҳдан барака сўраб, Ҳасан қўямиз, – дедилар.

Сўнг, уни қўлларига олиб ҳаққига яхши дуолар қилдилар.

Ҳасаннинг туғилишидаги хурсандчилик фақат мўминларнинг онаси Умму Салама розияллоҳу анҳонинг уйларидагина чекланиб қолмай, балки буюк саҳобий, ваҳий котиби Зайд ибн Собит  розияллоҳу анҳунинг хонадонини ҳам қамраб олган эди. Чунки чақалоқнинг отаси Ясор, Зайд ибн Собит  розияллоҳу анҳунинг қули эди.

Ҳасан ибн Ясор (кейинчалик у Ҳасан Басрий бўлиб танилди) нубувват хонадонида ўсиб улғайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Умму Салама куняси билан маъруф бўлган, Ҳинд бинти Суҳайл розияллоҳу анҳонинг бағриларида тарбияланди. Умму Салама розияллоҳу анҳо араб аёллари ичида энг оқила, мурувватли ва қатъиятлиси эдилар. Шунингдек, Мўминларнинг оналари ичида энг олимаси ҳам эдилар. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг кўп ҳадис ривоят қилганлар. Ривоят қилган ҳадисларининг сони уч юз саксон еттитадан ошиқ эди. Бундан ташқари, жоҳилият даврида ўқиш-ёзишни биладиган жуда озчиликни ташкил қилган аёллардан бири эдилар.

Кўпинча Ҳайра уй юмушлари билан ташқарига чиққан вақтда эмизикли чақалоғининг қорни очиб йиғлар эди. Кунларнинг бирида гўдак каттиқ йиғлай бошлади. Мўминларнинг онаси Умму Салама розияллоҳу анҳо уни бағриларига олиб, овута бошладилар. Онаси келгунича  тинчлантирмоқчи бўлиб кўкракларини унинг оғзига солдилар. Болага меҳрлари жўшиб кетганидан муборак кўкракларига сут кела бошлади. Насибаси улуғ чақалоқ мўминларнинг онасини тўйиб эмгач, тинчланиб ухлаб қолди.

Шу воқеа сабаб, Умму Салама розияллоҳу анҳо Ҳасанга икки жиҳатдан она бўлдилар. Бири хар бир мўминга она бўлишлари, иккинчиси унга сут она бўлишлари…

Мўминлар оналарининг ўзаро мустаҳкам алоқалари ва уйларининг бир-бирига яқинлиги бу иқболи баланд болага Исломдаги шонли аёлларнинг уйларига тез – тез бориб туриш ва буюк мураббияларнинг гўзал ахлоқлари билан хулқланиш имконини берди. У ўзининг қувноқ, серғайрат ва тетик ҳаракатлари билан нубувват хонадонини бахту қувончга тўлдирар эди.

Ҳасан нубувватнинг хушбўй ифори билан муаттар бўлган, унинг ёрқин нури билан чароғон хонадонда ўсиб-улғаяр, мўминларнинг оналарининг уйларидаги тотли чашмалардан тўйиб – тўйиб сув ичар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидаги буюк саҳобалар қўлларида сабоқ олар эди.

У Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абу Мусо Ашъарий, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Анас ибн Молик, Жобир ибн Абдуллоҳ (Аллоҳ улардан рози бўлсин) каби фақиҳ саҳобалардан ҳадислар ривоят қилди. Саҳобалар ичида мўминларнинг амири Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга муҳаббати ўзгача эди. Чунки у зотдаги динда  қатъият ва сабот билан туриш, ибодатларни мукаммал тарзда адо этиш, дунё ва унинг зебу зийнатларидан воз кечиб, тақводорликни маҳкам тутиш каби хислатлари уни қойил қолдирган эди. Қолаверса, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ёрқин сўзлаш латофати, етук ҳикмати, қисқа иборалардаги жамловчи сўзлари ва қалбларни титратувчи ваъз-насиҳатлари уни сеҳрлаган эди. У Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг тақводорлик ва ибодатда мустахкам туришлари каби хулқларини ўзига ғоя қилиб олди. Шунингдек, у зотнинг фасоҳат ила баён этишлари, нотиқлик услубларини ҳам ўзлаштирди.

 

Давоми бор... 

Манбалар асосида

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди

имом-хатиби Авазхўжа БАҲРОМОВ тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Network News Pakistan”: 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди

13.08.2026   61750   2 min.
“Network News Pakistan”: 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди

Покистоннинг “Network News Pakistan” электрон нашри “Ўзбекистон туризми ўсиш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади” сарлавҳали ахборот мақолани эълон қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.

 Унда Бутунжаҳон саёҳат ва туризм кенгашининг (World Travel & Tourism Council – WTTC) “Саёҳат ва туризмнинг 2026 йилга қадар иқтисодий таъсирини ўрганиш” ҳисоботига кўра, 2025 йилда Марказий Осиё дунёнинг энг тез ривожланаётган сайёҳлик минтақасига айлангани таъкидланган.

“WTTC ўз тадқиқотларини дунёни 13 та йирик минтақага бўлган ҳолда олиб боради. 2025 йил якунларига кўра, Марказий Осиё туризм соҳасини ривожлантиришнинг бир нечта асосий кўрсаткичлари бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади. Шу билан бирга, Ўзбекистон бу кўрсаткичларнинг барчаси бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчига айланди”, – дейилган манбада.

 Нашрда қайд этилишича, 2025 йилда туризмнинг Марказий Осиё ялпи ички маҳсулотига қўшган умумий ҳиссаси 17,7 фоизга, соҳанинг бевосита ҳиссаси эса 19,6 фоизга ошган. Минтақада туристик хизматлар экспорти (visitor exports) йил давомида 26,4 фоизга ўсиб, 9,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Минтақадаги туристик хизматлар экспорти умумий ҳажмининг деярли ярми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, 2025 йилда Ўзбекистонга 4,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида туристик хизматларни экспорт қилган. WTTC маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди.

 “Умуман олганда, бу кўрсаткичлар туризмнинг минтақавий характерга эга эканини англатади. Марказий Осиё аҳолиси кўпинча ўз минтақаси ичида саёҳат қилади”, – дейилади мақолада.

“Network News Pakistan” WТТC прогнозига таяниб ёзишича, 2036 йилга бориб туризм соҳасининг Марказий Осиё иқтисодиётига қўшадиган умумий ҳиссаси 29,7 миллиард АҚШ долларига етади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари